Қайднома

Қидирув

Тоқатнинг охирги давраси

Тоқатнинг охирги давраси

  22.08.2018 06:39
  0
  1156
Тоқатнинг охирги давраси

Ушбу мулоҳазалар Қурбон ҳайити арафасида қоғозда туширилди. Кўпчилик эҳсон тараддудида елиб-югурмоқда. Кўнгилларда ўзгача фараҳ. Эзгу сўз ва амаллар билан дилларга қувонч улашиш истаги қалбларимизни мунаввар айлайди.

Беихтиёр «Ҳайитингиз муборак!» - деган хуш тилак лабларимиздан учади. Хўш, шундай шукуҳли дамларда мавзуни қандай танлаш ва уни қайси оҳангда ёритмоқ лозим? Очиғи, шу саволга оқилона жавоб излашнинг ўзиёқ анча-мунча вақтимизни ўғирлади.

Ахийри, барибир, кўнгилдагиларни ёздик. Бошқача йўлдан боролмадик. Зеро, кўнгилдаги гапларни ҳар доим ҳам кўмиб бўлмайди. Айниқса, Суперлига баҳслари билан боғлиқ мулоҳазаларни, чунки қайсидир мухлис кун келиб, дангал сўрайди:

«Нима учун шу жиҳатга эътибор қаратмадингиз Ана шунда ортда қолган ва атайлаб кўз юмилган мавзулар қалбни қийнайди. Шунинг учун газетамизнинг мазкур сонини ҳайит куни ўқишингизни билсак-да, бор гапни ёзишдан ўзимизни тиймадик...

Бор гап шуки, Ҳасан Рўзиевнинг «Металлург» - «Қизилқум» ўйинида йўл қўйган хатолари аксарият мухлислар кайфияти яна бузди. Ўйлаб ўйинг охирига етолмайсан киши. Нималар бўляпти ўзи? Ҳақиқий аҳвол шуми? Унда бу ҳолат нега аввалроқ кўзга ташланмаган?

Йўқ, Ҳасан Рўзиев анойи ҳакамлардан эмас. Уни савиясизликда айблаш ноўрин. Савол туғилади: унда нега кўр-кўрона хатоларга йўл қўйди? Ҳакамлар иши билан алоқадор четлатишларга наҳотки, беписанд қараган бўлса?!

Ҳакам ўз ҳамкасбларига нисбатан қўлланилган шунча чора-тадбирлардан сўнг ҳам, хато қилишдан ва бунинг натижасида жазоланишдан чўчимадими, демак, муаммонинг илдизи анча чуқур. Назаримизда гап Ҳасан Рўзиевда эмас, балки майдон ташқарисидаги таъсир кучларида.

Бир вақтлар айрим футболчилар «Ўйнаш учун рақибдан енгилишга ва шу орқали пул топишга мажбурмиз» қабилида зиддиятли сўзларни айтардилар. Ўшанда «Ундан кўра, футбол ўйнамагани маъқул» ва «Футболсиз ҳаётини тасаввур қилолмаса, нима қилсин?» дейдиганлар ўртасида кескин баҳс борганди. Бундай руҳдаги мунозараларда ҳакамлик қилиш осонми?!

Албатта, осон эмас. Шу маънода Ҳасан Рўзиевга осон тутмаймиз асло. Балки у ҳам икки ўт орасида қовурилгандир. Нима бўлганда ҳам, кимлар учундир зарур саналган ишни амалга оширди. Ҳар ҳолда, «Металлург» ҳакам кўмаги билан 3 очко олди. Қўқонда «ўлдирилган» «Металлург» охир-оқибат, Нўъмон Ҳасанов жамоасини кучли олтиликдан нари сурди.

Шу тариқа нишонида «Пахтакор» турган «Металлург» ва «Қўқон-1912» ўртасидаги кураш Шота Арваладзе шогирдлари фойдасига ҳал бўлди.  Мухлисларнинг алам ва аччиқ, кесатиқларга тўла саволлари босиб-босиб келаверади:

«Пахтакор» Бекобод клубидан олган очколарга шунчалик муҳтожми?», «Якунловчи босқичда ҳам «Металлург» «темирйўлчилар»га жиддий қаршилик кўрсатиб, «шерлар» қошида бош эгадими?», «Омон Ғофуров шу мақсад йўлида Регламентга ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурдими?», «Майдон ташқарисидаги бизга номаълум кучлар Суперлига баҳсларига таъсир ўтказаётгани чиндан ҳам, ростми?», «Тарихи шонли «Пахтакор» шундай «ўйин»ларга муносибми?» Хуллас, саволлар бисёр. Жавоблар эса саволлар бағрида яшириниб ётибди...

Ўйлаб қарасак, ҳаммаси «Пахта-кор»нинг бизни қувонтирган ва ҳозир ҳам ҳурматимизга сазовор шонли тарихига бориб тақалмоқда. Тарихан пойдевори мустаҳкам жамоа ҳозирга келиб, бир неча клубни яхши футболчилар билан таъминлади. Ғалати сиртқи курашда «Бунёдкор» ва «Насаф» «синди».

Ижара асосида футболчи олган клубларнинг эса «Пахтакор» олдида тили қисиқ. Фақат «Қўқон-1912»гина тушунарсиз монополиядан бироз норози. Ҳа, шонли анъаналари таъсирида Суперлигада аста-секин «шерлар» монополияси илдиз отмоқда.

Умуман олганда, «Насаф» футболчиларини таркибига чорлаб, ўз тарбияланувчиларини бошқа жамоаларга ижара шарти асосида юборган «Пахтакор»нинг трансфер сиёсати хусусида жиддий хулосалар керак, чоғи. Мақсад муайян клубдаги молиявий қийинчиликлардан фойдаланиб қолишми ёки бу ўринда бошқа манфаатдорлик ҳам бор?

Илк босқич якунида пойтахтдаги йирик мағлубият Рўзиқул Бердиев онгу шуурида қандай кечинмалар уйғотгани унинг ўзига аён. Тушунамиз, йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларга бирдан ечим топиш мушкул. Эҳтимол, шу сабаб Миржалол Қосимов андиша билан ҳакамларга инсоф тилади, холос.

Афсуски, таниқли мутахассиснинг гапини назарга илишмади ва андишанинг оти қўрқоқ аталди. Ҳамиджон Актамов эса бунга тоқат қилолмади. Унинг талаби билан Ҳасан Рўзиев жазоланди. Эрта-индин рефери яна майдонга қайтади. Унгача  Суперлиганинг супердавраси авж паллага киради.

Ишқилиб, бу босқич ҳам ҳакамлар ёки баъзи футболчилар ва мураббийлар «ўйин»ига айланиб кетмасин-да. Мутасаддиларга ҳам қийин: профилактик ишлар ва жазолар иш бермаса, улар нима қилишсин?! Ахир савияли ҳакамлар сони кам ва рақобардош ёш авлод ҳозирча шаклланиб улгурмади.

Мулоҳазаларимизни якунлар эканмиз, газетамиз ва футболнинг ашаддий мухлиси Дониёрбек қўнғироқ қилиб, Шота Арвеладзенинг хорижлик ҳакамлар ҳақидаги сўзларига ЎФА ва ПФЛ муносабат билдирмаганидан ҳайронлигини таъкидлади. Кўриниб турибдики, футболимиздаги ҳар бир ҳолат мухлислар эътиборида.

Улар ҳар қайси жиҳатни ўзларига хос адолат тарозисида ўлчашмоқда. Футболимизга дахлдор барча-барча шуни эсдан чиқармаса, бас! Ҳайит куни учун шунинг ўзи етарли, бизнингча. Яна бир бор ҳайитингиз муборак! Дарвоқе, шайланиб турайлик, олимпиячиларимиз Индонезияда алоҳида ҳайитлик ҳозирлаётган бўлсалар, ажабмас...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz