Қайднома

Қидирув

Франциянинг «саёқ» суперкубоги сайри: Канададан Хитойгача

Франциянинг «саёқ» суперкубоги сайри: Канададан Хитойгача

  23.08.2018 05:15
  0
  792
Франциянинг «саёқ» суперкубоги сайри: Канададан Хитойгача

«ПСЖ» ва «Монако» клублари бу сафар мамлакат суперкубоги тақдирига Хитойнинг Шенжен шаҳрида ойдинлик киритди. Айтиш жоиз, французлар янги мавсумни очиб берувчи ўйин мамлакат ташқарисида ўтишини одат тусига олиб киришган.

Дейлик, Хитой бу йил Франция суперкубогига иккинчи марта ўз бағрини очди. 2014 йили «ПСЖ» Пекинда жойлашган «Пролетария» аренасида «Генгам»ни 2:0 ҳисобида енгганди.

Хўш, «саёқ» суперкубок яна қайси юртларда меҳмон бўлган? «ССФ» шу ҳақда алоҳида маълумот тақдим этишни лозим кўрди.

2009 йил 25 июнь. Монреаль (Канада)

«Бордо» - «Генгам» - 2:0 (1:0)

«Олимпия» стадиони. 34000 томошабин.

Голлар: Кавенаги (39), Менегаццо (90).

Француз тили оммалашган Канададаги учрашув мухлисларни унча қизиқтирмаганди. Ҳар ҳолда, америкача футболга ўхшаб кетадиган маҳаллий ўйин вақти 65 минг атрофида одам йиғадиган «Олимпия» стадиони (Олимпиада-76нинг бош аренаси)га «Бордо» ва «Генгам» тўқнашувини кўриш учун атиги 34 минг киши ташриф буюради.

Ўша вақт «Бордо» анча кучли эди ва суперкубок ўйинида амалдаги чемпион сифатида қатнашганди. Ҳисобни очган аргентиналик Фернандо Кавенаги клуб футболидаги охирги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказади. Чунончи, у кейинчалик мавсум доирасидаги 20та ўйинда атиги 3та гол уради ва чемпионат тугагач, ижара келишуви асосида «Мальорка»га юборилади.

2010 йил 28 июль. Радес (Тунис)

«Марсель» - «ПСЖ» - 0:0

Пен. бўйича - 5:4

«Олимпик же Радес - 7 ноябрь» стадиони. 57000 томошабин.

Бир йилдан кейин Франция суперкубоги Африкага йўл олади - 1956 йили мустақилликка эришган мамлакатнинг собиқ колонияси Тунисга. Ўйин учун сиғими 65 мингга тенг «7 ноябрь» стадиони танланади ва арена деярли тўлади.

Дарвоқе, Тунисда 2010 йилнинг декабрида халқ намойишлари бошланган ва ҳаммаси кейинги йилнинг 14 январида мамлакат президенти Бен Алининг қочиб кетиши билан тугаганди. Ушбу воқеа шарафига арена номини «14 январь», дея ўзгартиришади, кейинчалик у «Олимпия» иборасини олади.

Тунис термаси ўз ўйинларини айнан шу стадионда ўтказишини таъкидлаш ўринли. Французча ўйинга келсак, майдонда жанговар кураш боради, бироқ 57 минг мухлис асосий вақтда бирорта гол кўрмайди. Тўғри, пенальтилар серияси драматик тус олиб, якунда омад амалдаги чемпион - «Марсел»га кулиб боқади.

2011 йил 27 июль. Танжир (Марокаш)

«Лилль» - «Марсель» - 4:5 (1:0)

«Стад де Танжир» стадиони. 33900 томошабин.

Голлар: Бальмон (9), Э.Азар (57), М.Соу (72), Баша (90+2) - А.Айю (71, 90-пен., 90+5-пен.), Жорель (85), Реми (87).

Марокашликлар эса кейинги йили «Марсель» ва «Лилль» ижросида чинакам триллер кўришади. Бунда жанубликларга яна 11 метрлик жарима зарбасини бажариш санъати қўл келади. «Лилль» ўйинга чемпион ва кубок соҳиби сифатида киришганди, «Марсель» эса вице-чемпион мақомида.

«Доглар» таркибида ёш Эден Азар порлайди ва «Лилль» айнан унинг саъй-ҳаракатлари (гол ва самарали узатма) эвазига 71-дақиқада 2:0, 85-дақиқада эса 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олади, бироқ жамоа вакиллари кейинчалик Андре Айюни тўхтатиб қололмайдилар.

Хуллас, «Марсель» сафида дебютини нишонлаган африкалик ҳужумчи 2та пенальтини аниқ амалга ошириб, ўйин қаҳрамонига айланади. Марокаш ҳам Франциянинг Африкадаги собиқ колонияларидан бири эканлигини эслатиш жоиз.

2012 йил 28 июль. Нью-Жерси (АҚШ)

«Монпелье» - «Лион» - 2:2 (1:1)

Пен. бўйича - 2:4

«Ред Булл Арена» стадиони. 15100 томошабин.

Голлар: Утака (27), Э.Эррера (56-пен.) - Гомис (44), Бриан (77).

2012 йили Trophe des Champions илк марта француз тили оммалашмаган ҳудудда меҳмон бўлади. Лига 1 раҳбарларини АҚШнинг улкан бозори қизиқтирганди. Бироқ сиғими 25 мингга тенг «Ред Булл Арена» атиги 60 фоиз тўлади, холос. Бу сафар ҳам мамлакат чемпиони («Монпелье») ютқазади, фақат унинг рақиби анча омадли ва кучли эди.

Умуман, чемпион жамоа икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олади, аммо устунликни сақлаб қололмайди, боз устига, пенальтилар сериясида 2та зарба кўкка совурилади. Натижада америкаликлар суперкубокнинг «Лион» вакилларига топширилишини кузатишади.

2013 йил 3 август. Либервилль (Габон)

«ПСЖ» - «Бордо» - 2:1 (0:1)

«Стад д~Ангонже» стадиони. 34600 томошабин.

Голлар: Онгенда (81), Алекс (90+3) - Севе (21).

«ПСЖ» мамлакат суперкубогини ютиш борасида ажойиб серияни Габон пойтахти - Либервиллда бошлаганди. Рақиб жамоа ўйин арафасида 4 нафар асосий ўйинчиси (Шейк Диабате, Абду Траоре, Жюльен Фобер ва Давид Белльон)ни жароҳат туфайли йўқотган бўлсада, парижликларга чинакамига қаршилик кўрсатади.

Дарвоқе, Златан Ибрагимович томонидан 80-дақиқада урилган гол инобатга олинмайди. Бу вазиятда бельгиялик рефери Жером Нзоло ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этишда яққол хатога йўл қўйганди.

Шундай бўлсада, «ПСЖ» кейинги дақиқадаёқ ҳисобни тенглаштиради. Ибра бу сафар Эрвин Онгенда голига ассистентлик қилади. Охирги лаҳзада эса Алекс суперкубокни парижликлар томон батамом «юмалатган» гол муаллифига айланади.

2014 йил 2 август. Пекин (Хитой)

«ПСЖ» - «Генгам» - 2:0 (2:0)

«Пролетария» стадиони. 39700 томошабин.

Голлар: Ибрагимович (9, 20-пен.).

Яна бир истиқболли бозорга бош суқиш ҳаракати. 66 минг мухлисга мўлжалланган «Пролетария» аренасида деярли 40 минг киши «ПСЖ»нинг тезкор голлари гувоҳи бўлади. Аслида «Генгам» ўйин давомида рақиб дарвозаси томон кўпроқ зарба йўллайди, бироқ самарасиз. Қолаверса, жамоа етакчиларидан бири Мустафо Ятабаре 32-дақиқада ҳаттоки, пенальтидан ҳам фойдаланолмайди.

2015 йил 1 август. Монреаль (Канада)

«ПСЖ» - «Лион» - 2:0 (2:0)

«Стад Сапуто» стадиони. 20000 томошабин.

Голлар: Орье (11), Кавани (17).

Яна тезкор 2та гол, фарқи шуки, бу сафар Ибра эмас, Серж Орье ва Эдинсон Кавани ўзларини кўрсатишади. Умуман, Франция суперкубогида «интрига» пасайгани мухлислар қизиқишига таъсир қилмай қолмайди.

Тўғри, Канададаги иккинчи ўйин учун мўъжаз арена - «Стад Сапуто» танланганди. Ибрагимович, Кавани ва Тьяго Сильва каби машҳурлар ўйнашлари боисми, бу стадион тўлади, аммо 20 минг мухлис суперкубок баҳси учун оз-да, барибир...

2016 йил 6 август. Клагенфурт (Австрия)

«ПСЖ» - «Лион» - 4:1 (3:0)

«Вертезе» стадиони. 31000 томошабин.

Голлар: Пасторе (9), Лукас Моура (19), Бен-Арфа (34), Курзава (54) - Толиссо (87).

Парижликлар бу сафар тезкор 2та гол билан чекланиб қолмай, 54-дақиқага қадар ҳисобни «Лион» учун аянчли ҳолатга келтириб қўйишди - 4:0. Айтиш жоиз, Франция кубоги анчадан буён илк марта Европада қолганди, бироқ мезбон сифатида кичиккина Клагенфурт шаҳри танланди. Тўғри, Автриянинг бу шаҳарчаси аҳолиси 100 минг кишига етмасада, арена тўлди, ҳисоб.

2017 йил 29 июль. Танжир (Марокаш)

«Монако» - «ПСЖ» - 1:2 (1:0)

«Стад де Танжир» стадиони. 43700 томошабин.

Голлар: Сидибе (30) – Дани Алвеш (51), Рабьо (63).

«ПСЖ» бир йилча олдин анча қийналди. Ҳар ҳолда, Килиан Мбаппе «Монако» таркибида эди ва у ўта фаоллиги билан ажралиб турди. Бироқ Париж клуби иккинчи бўлимда урган голлари эвазига франциялик мухлисларга яхши таниш бўлган Танжирдаги стадиондан ҳам суперкубок билан қайтди.

2018 йил 4 август. Шенжен (Хитой)

«ПСЖ» - «МОНАКО» - 4:0 (2:0)

«Шенжен Универсиада» стадиони. 41237 томошабин.

Голлар: ди Мария (33, 90), Н~Кунку (40), Веа (67).

Шенжен - Хитой жанубидаги Гуандун провинциясининг энг йирик шаҳри (аҳолиси 10 миллиондан кўп). Ҳа, парижликлар суперкубокдаги кетма-кет 6-ғалабани шундай катта ва «тиқилинч» шаҳарда нишонлашди.

Айтганча, Франция сперкубоги учун ўйин  2009 йилга қадар ҳам бир марта Европа ташқарисида ташкилаштирилган. 1987 йилнинг 21 январь куни «Бордо» ва «ПСЖ» клублари Пуанта-Питр (Гваделупа)да ўзаро куч синашган ва бордоликлар жаҳон ва Европа чемпиони - Лилиан Тюрам туғилган макондан нуфузли соврин билан қайтишган.

Ж.БОБОХОНОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz