Қайднома

Қидирув

Дидье Дешам: «Мбаппе – ўта ақлли футболчи»

Дидье Дешам: «Мбаппе – ўта ақлли футболчи»

  23.08.2018 06:13
  0
  551
Дидье Дешам: «Мбаппе – ўта ақлли футболчи»

Жаҳон чемпионатидек йирик турнирда ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида зафар қучган саноқли инсонлардан бири Дидье Дешам Франциянинг L~Equipe нашрига берган интервьюсида Поль Погба нечоғли ўзгаргани ва ЖЧ финалида Н~Голе Кантени нима учун алмаштиргани ҳақида гапириб берди.

Жаҳон футболи бош совринини ютган мураббий шунингдек, Килиан Мбаппени алоҳида мақтади: «У жуда-жуда камтар йигит ва ўта ақлли футболчи».

«ШУНЧАКИ, ҲАММАДАН ЯХШИРОҚ ЎЙНАДИК...»

- Мундиал арафасида терма жамоангиз ҳимоя чизиғида катта муаммолар бордек туюлганди. Турнир давомида эса бошқача таассурот уйғонди - орқа чизиқ рисоладагидек кўринди, лекин ҳужумда камчиликлар кўзга ташланди.

Айтингчи, кўпчиликка таниш бўлмаган, жиддий синовларда тобланмаган икки ёш ҳимоячи - Павар ва Эрнандесга таркибдан жой беришингизга нима туртки бўлди?

- Улар асосий таркибга ҳақли равишда киришди. Албатта, бу йигитларни чиройли кўзлари учун олган эмасдим. Павар ва Эрнандеснинг рақобатчиларидан фарқли услубда, ўзгача тезкор ўйнашларига эътибор қаратдим. Жамоамиз айнан шундай ижрочиларга эҳтиёж сезаётганди.

Кейинчалик иккиси ҳам мен кутган даражада тўп сурди ва уларни алмаштиришдан маъно кўрмадим. Муҳими, Павар ва Эрнандес ҳимояга барқарорлик олиб киришди, бунинг таъсирида марказий зона футболчилари ҳам ишончлироқ ўйнай бошладилар.

- Ёрдамчингиз Ги Стефан Авс-тралия термаси билан ўйиндан кейинги нутқингизни ҳайрат билан айтиб берди...

- Ҳа, ўшанда 45 дақиқа тинмай гапиргандим. Ҳамма-ҳамма ўз «насиба»сини олди. Айниқса, ҳужумчиларни асло аямадим. Чунончи, бундай ўйин билан ҳеч нарсага эришолмаслигимиз тайин эди.

Футболчи нечоғли юқори маҳоратга эга бўлмасин, агар хаёлини бошқа ёққа бурса, ҳеч нарсага ярамайди. Хайриятки, шогирдларим мени тушунишди, худбинлик иллатини бир четга сура олишди. Шундан кейин жамоа руҳияти ижобий томонга ўзгарди.

- ЖЧдаги зафардан сўнг Рафаэль Варан терма жамоа аъзоларини совуққон қотилларга қиёслади...

- О! Қандай таърифлаш ҳамманинг ўз ихтиёрида. Савияли футболнинг биринчи шарти - эффект! Биз айнан юксак эффектли ўйин намойиш этдик.

- Хўш, услуб масаласи-чи?

- Ким кучли бўлса, ўша ғалаба қозонади. Мен учун энг муҳими, рақибга имкон борича кўпроқ муаммо туғдириш. Лекин баъзан кўпроқ тўпсиз ҳаракатланиш талаб этиладиган ўйинлар учрайди. Жамоа бу вазифани ҳам аъло даражада уддалаши шарт. Дастлабки дақиқилардан ҳимоявий услубга таяниш кўрсатмаси мавжуд эмас. Фақат рақиб шунга мажбурлаши мумкин.

Умуман, бизни ҳимоявий ўйинга катта эътибор қаратганликда айблашлари кулгули. Қаранг, Франция термаси турнирда жами 14та гол урди, шундан 4тасини финалда. «Плей-офф» босқичларида эса рақиблар дарвозасини 11 марта ишғол қилдик!

Мисол учун, Испания термаси 2010 йили атиги 8та гол билан чемпионлик тахтига кўтарилганди. Хуллас, ким нима деса, майли, муҳими, жамоам ҳаммадан яхшироқ ўйнади!

«КИЙИНИШ ХОНАСИГА КИР...»

- Бошида танқидлардан роса асабийлашгандирсиз...

- Хаёлим ўзга дунё ўйлари билан банд эди. Шу боис, салбий баҳоларни умуман сезмадим. Оддий айтганда, жамоамиз ҳақида нима дейишаётгани ва ёзишаётганини билишга эҳтиёжим йўқ эди. Ўзи Евро-2016дан кейин шундай бўлиб қолдим. Чунки улар чегарадан чиқиб кетишганди.

- Қандай чегара, кимлар...?

- Ҳаттоки, шахсий ҳаётимга бурун суқишди. Бу жуда хижолатли ҳолат.

- Эрик Кантона баёнотини назарда тутяпсизми?

- Биргина шуни эмас...

-Ҳа, бу йил ҳам сизни кўп муҳокама қилишди. Жумладан, Кристоф Дюгарри...

- Бундай ёндашув ортиқча-да. Ахир ҳар бир ишда ўзига яраша меъёр бор. Йўқ, танқидга қарши эмасман, унингсиз иложи борми? Аммо ҳеч қачон мезонни унутмаслик керак.

- Қизиқ, финалдан сўнг дейлик, Зидан сизга SMS шаклида табрик жўнатдими?

- Ҳа. Мен сал олдинроқ уни ЕЧЛдаги учинчи ғалабаси билан қутлагандим.

- 1998 йилги кўплаб жаҳон чемпионлари 15 июль оқшоми Москвада кўриниш беришди.

- Ажойиб кеча - самимий, чинакам дўстлар дийдорлашуви. Лиза (Лизаразю), Кристиан Карамбё, Лоран Блан, Лилиан Тюрам, Марсель Десайи... Дейлик, Марсель мен учун ака қатори. «Кийиниш хонасига кир», десам, у иккиланди: «Қандай бўларкин, ноқулай-да». Лекин қатъий туриб олдим ва йигитлар Десайини кўриб, роса хурсанд бўлишди.

Жан-Пьер Папен ташрифи ҳам жамоа руҳиятини кўтарди. Албатта, ҳасадгўйлар ҳам доимо ҳозиру-нозир. Менимча, улар ҳозир аввалгидан кўпроқ. Қаранг, ёзишларига қараганда, Лоран Блан ҳанузгача тинчланолмаётган экан. Ғирт бемаънилик! Ахир Блан кимдир уни алмаштиришини яхши тушунган-ку. Мен бўлмасам, бошқаси келарди...

«Н~ГОЛО КАНТЕ – ЮЛДУЗ ЁҒДУСИ»

- Погба ҳақида нима дея оласиз? У тамоман ўзгача инсонга айланди...

- Ҳа, анча жиддийлашди, хотиржам йигит бўлиб қолди. У аввало, терма жамоага нима учун келганини чуқур ҳис этди. Натижада зиммасидаги вазифаларни аъло даражада уддалади.

- Гризманн айни керакли пайт суръатни оширишини айтганди ва амалда ўз сўзи устидан чиқди.

- Антуан терма жамоа ихтиёрига узоқ давом этган мавсумдан кейин толиққан ҳолда келганди ва ўзини тиклаши учун вақт керак эди. Муҳими, у қўшимча куч топа олди.

- Мбаппедан шундай шиддатли ўйин кутганмидингиз?

- У шахсан мени ҳайрон қолдиргани йўқ. Ҳа, футболчининг 19 ёшда шундай мартабага эришиши ва тенгсиз мақомини олиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса саналади.

Айтишим керак, Килиан - ўта ақлли футболчи! У мусобақа давомида ажойиб гап айтганди: «Йўқ, бу жамоа карнайи бўлишга ожизман». Ноёб иқтидор, шунинг баробарида жуда камтар йигит. Килиан ҳамиша ўз ўрнини билади.

- Финалда Н~Голо Канте билан нима юз берди?

- Билмадим. Балки саломатлиги талаб даражасида бўлмагандир. Чунки финалдан 2 кун аввал ҳам ҳаракатлари унча қовушмаганди. Кантени бундай тушкун ҳолатда жуда кам кўрганман.

- Балки унга ортиқча «ёниш» халақит бергандир. Ҳар ҳолда, финал...

- Буни Н~Голонинг ўзидан сўраш керак. Лекин у сирларини достон қилишни ёқтирмайди. Умуман, Канте - ёрқин ёғду! Шоҳсупага кўтарилишимизда бу йигитнинг ҳиссаси жуда катта.

Майдонни тарк этаётганида, ундан оҳиста сўрадим: «Н~Голо, бирор ҳодиса юз бердими? Балки чарчагандирсан...» Шунда мулойимгина шивирлади: «Йўқ, ҳаммаси жойида, устоз!» Феноменал йигит - уни ҳамма севади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz