Қайднома

Қидирув

АПЛда ака-укага айланган бегоналар

АПЛда ака-укага айланган бегоналар

  27.08.2018 06:37
  0
  685
АПЛда ака-укага айланган бегоналар

Аслида, қадрдон ака-ука бўлмаган, турли мамлакатлардан ташриф буюрган икки футболчининг бутун фаолиятини ёнма-ён ўтказганига мисолларни кўп кўрганмисиз?

Ўтган мавсум Англия Премьер-лигасини тарк этиб, эндиликда ямайкалик мураббий Даррен Мур бошчилигида Чемпионшип «миссия»сига тайёргарлик кўраётган «Вест Бромвич»да шундай ўйинчилар бор.

Тўғри, элитадан тушиб кетганидан сўнг жамоа таркибини кўпчилик тарк этади, аммо 2000 йилдан буён елкама-елка тўп сураётган икки футболчи барча масъулиятни ўз зиммасига олишига шубҳа йўқ.

Гап шотландиялик Жеймс Моррисон ҳамда Шимолий ирландиялик Кристофер Брант ҳақида бормоқда.

33 ёшли Брант ва 32 ёшли Моррисон илк бора узоқ 2001 йилда танишишган. Ўшанда Шимолий ирландиялик ёш футболчи Шотландиянинг «Рейнжерс» клубидан тушган таклифни рад этиб, «Мидлсбро» академияси тизимидан жой олган.

У пайтлар ушбу муассасада Моррисон футболдаги билимларини бойитаётганди. Эҳтимол, ўша кезлари Жимми («Вест Бром»да уни эркалаб шундай чақиришади) халқаро аренада мутлақо ўзга давлат шаънини ҳимоя қилишни хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

Дўстларнинг йўллари бир муддат айро тушди - «Риверсайд»да Брантнинг иқтидори шубҳа остига олиниб, уни «Шеффилд Юнайтед»га қўйиб юборишди, Моррисон эса қадрдон клуби билан профессионал шартнома имзолаб, 17 ёшида АПЛ баҳсларида қатнаша бошлади.

Шунга қарамай, тақдир дўстона муносабатларни эъзозлайдиган икки футболчининг ёнма-ён тўп суришини хоҳлади - 2007 йилнинг ёзида «Вест Бромвич» уларга шундай имкониятни тақдим этди.

7 август куни Моррисон ушбу клуб сафига қўшилган бўлса, бир ҳафтадан сўнг унга ажойиб сюрприз тақдим этишди - Шимолий Ирландия миллий термасидаги фаолиятини бошлаган дўсти Крис Брант «Альбион» билан 4 йиллик шартнома имзолади.

Брант ҳамда Моррисон илк мавсумдаёқ ўзаро мусобақалашишни бошлаб юборишди - ҳар иккиси Чемпионшипда тўрттадан гол уриб, жамоалари билан Премьер-лига йўлланмасини қўлга киритишди.

Моррисоннинг бу борада тажрибаси бўлса, Брант учун илк маротаба олий дивизион эшиклари очилганди. Шу боис ирланд «Вест Бром» мухлисларининг меҳрини қозониш учун бор кучи билан ҳаракат қилди.

Бу клуб Чемпионшипга тушиб кетган пайтларда ҳам дўстлар биргаликда элитага қайтишга астойдил интилишди. Ва буни амалда уддалашди - айнан британиялик етакчиларнинг ақлли ўйини эвазига «Альбион» 8 мавсум АПЛ­да «жон» сақлашни уддалади. Қаҳрамонларимиз турли позицияларда ўйнаб, рақиблар дарвозасини ишғол қилишди, мухлисларни хушнуд этишди.

Шимолий Ирландия термаси етакчиси ҳисобланган Брант ўзининг даст­лабки ва катта эҳтимол билан сўнгги Европа чемпионатида ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум бўлди - Кристофернинг жиддий жароҳати Франция яшил майдонларида ўтказилган баҳсларда қатнашиш имконини бермади.

Моррисоннинг бу борада ишлари нисбатан яхшироқ - Шотландия миллий жамоаси қитъа чемпионати йўлланмасига яқин ҳам келолмади.

Агар икки дўстнинг халқаро ареналардаги иштирокларига яна бироз тўхталадиган бўлсак, ўзига хос параллель кўзга ташланиши муқаррар - Крис ва Жеймснинг термада урилган голлари сони бўйича тенглик сақланиб турибди, ҳар иккиси 3 мартадан рақиблар дарвозасини ишғол қилишган.

Ўтган мавсум «Вест Бромвич» АПЛ­ни тарк этди. Моррисон ҳамда Брант эса иккинчи уйларига айланиб қолган клубда қолишни маъқул кўришди.

Моррисон эркин агент мақомига эга бўлиб, тақдирига ойдинлик киритишга тайёрланаётган бир пайтда, Брант жиддий жароҳат туфайли 10 ойни майдондан ташқарида ўтказган шеригини клуб билан янги шартнома имзолашга кўндирди. Жорий йилнинг баҳорида жамоа бош мураббийлигига тайинланган Даррен Мур агар Жеймс жисмоний ҳолати яхшилигини исботласа, келишув муддати узайтирилишини таъкидлади.

«У қийин даврни бошдан кечирди. Уни анчадан буён биламан ва кейинчалик ҳам сафимизда қолса, хурсанд бўламан», - деди Брант интервьюларининг бирида. Охир-оқибат Жеймс жамоа билан янги битим тузди - катта эҳтимол билан декабрь ойи ўрталарида 34 ёшни қаршилайдиган Крис ҳам бу борада дўстининг ортидан боради.

Брантнинг туғишган ака-укалари йўқ, Моррисон эса ушбу камчиликни сездирмасликни уддалади - икковлон 17 йилдан буён дўстона алоқаларни сақлаб туришибди. Улар «Вест Бромвич»да ким узоқроқ қолиши бўйича ҳазил ҳам қилишади.

Ўтган йили клуб расмий каналига интервью берган Брант ҳам юзида табассум билан шу ҳақда гапирганди. Ҳа, бу футболчилар «Вест Бром» яна туманли ўлка олий дивизионига қайт­магунча тинчимайдилар.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz