Қайднома

Қидирув

«Юлдуз ёқиш» устаси – Леонарду Жардим

«Юлдуз ёқиш» устаси – Леонарду Жардим

  02.09.2018 06:47
  0
  672
«Юлдуз ёқиш» устаси – Леонарду Жардим

Тақдир тақозосига кўра, Венесуэлада дунёга келган, лекин асли португалиялик Леонарду Жардим кашфиётчи мутахассислар сирасидан - 4 йилдан бери Монако князлигида футбол юлдузларини «ёқиш» билан овора.

Энди бу мураббий россиялик мухлислар эътиборини ҳам ўзига қаратиб олди. Боиси, ЖЧ-2018да мезбонлар терма жамоасининг энг фаол ўйинчиларидан бири - Александр Головин «Монако» таркибида тўп сурадиган бўлди.

Демак, Россия футболида янги юлдуз нур сочишига умид қилиш учун асослар етарли. Ҳар ҳолда, Леонарду етти ўлчаб, бир кесадиган мураббий - нима қилаётганини яхши билади.

ВЕНЕСУЭЛА

Ўтган асрнинг 60-70-йилларида европалик фуқароларнинг иш қидириб Жанубий Америкага йўл олишлари одат тусини олганди. Антонио Жардим ва Мария Моника Нуньеш жуфтлиги ҳам Мадейра оролининг Санта-Круш шаҳарчасидан олис Венесуэлага йўл олишди.

Атиги 30000 кишилик шаҳарчадан 400000 аҳолиси бўлган Барселонага мослашиш осон бўлмади. Лекин тез орада муаммолар бартараф этилиб, оилада тўнғич фарзанд дунёга келди. Унга Леонарду номини беришди.

Орадан 3 йил ўтгач, Жардимлар Мадейрага қайтишди. Мусофирчиликда жамғарилган маблағ Санта-Крушда мўъжазгина қаҳвахона очиш учун етарли бўлди.

Леонарду болалигидан тўп билан улғайди. Оёқда тепиш зерикарли туюлган пайтларда снарядни қўл билан ўйнарди. Болакай ҳар икки спорт турига бирдек қизиқарди. «Мадейра» гандбол жамоаси мураббийи Дуарте Фрейташ ўз шогирди хусусида шундай деганди: «Отасининг қаҳвахонасида бокал артиб юрганида Леонарду 8 ёшли болакай эди».

Таажжубки, аксарият тенгдошлари футболчиликни орзу қилиб юрганларида, Леонарду ота-онасига мураббийлик касбига орзуманд эканини маълум қилди!

Мухлис сифатида у аввал онасининг тоғаси хуш кўрадиган «Маритиму»га меҳр қўйганди. Аммо кейинчалик ота-онанинг таъсири кучлилик қилиб, у ҳам «Спортинг» шайдосига айланди.

Бир куни «шерлар» ўйинини телевизор орқали томоша қилар экан, 15 ёшли Леонарду жиддий оҳангда шундай деди: «Мана кўрасизлар, яқинда мен шу жамоага устозлик қиламан!»

ГАНДБОЛ ВА АЁЛЛАР ФУТБОЛИ

Мақсадни амалга оширишга аҳд қилган ўсмир асосий эътиборини дарсликларга бахш этди ва Мадейрадаги жисмоний тарбия университетини муваффақиятли тамомлади, мураббийлик курсларининг барча босқичларидан ўтди.

Шу тариқа 1998 йилда 24 ёшли йигит УЕФАнинг «А» тоифасидаги лицензиясини қўлга киритган энг ёш португалиялик мураббийга айланди. Янги мутахассис сифатида тажриба тўплашни эса бир вақтнинг ўзида бир неча жойда ишлаш орқали тезлаштирди: у 10-12 ёшдаги футболчиларга ва параллель равишда гандболчиларга устозлик қилди.

Қўшимчасига, уларга қулайлик яратиш мақсадида уйма-уй элтиб қўйиш учун шахсий машинасини ҳам аямади. Ёш мутахассис аёллар футболида ҳам ўз билимини синовдан ўтказишга улгурди:

«Аёлларни бошқариш жуда қийин вазифа экан. Лекин меҳнатларим зое кетмади: касбимни тўлароқ тушунадиган, тўғри қарорларни қабул қилишда хатога йўл қўймайдиган бўлдим».

«КАМАША»ДАН «БРАГА»ГАЧА

Жардимнинг катта футболдаги дебюти асрлар алмашуви даврига тўғри келди - 2000 йилда у Мадейранинг «Камаша» жамоаси бош мураббийига ёрдамчи этиб тайинланди. 3 йилдан кейин эса бош мураббий ўрнини эгаллади ва илк мавсумдаёқ жамоани 4-дивизиондан учинчисига олиб чиқди.

2008|2009 йиллар мавсумида ёш мутахассис яна шов-шув кўтариб, 3-лига вакили «Шавиш»ни бир поғона юқори лигага кўтарди.

Боз устига, у «Бейра Мар»га ўтиб кетганига қарамасдан, «Шавиш» зафарли одимини давом эттирди ва ўз тарихида биринчи марта Португалия кубоги финалига етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда жамоа қудратли «Порту»дан енгилди - 1:2.

2009 йилда Жардимни таклиф этган «Бейра Мар» эса малакали мутахассис ғайрати эвазига элитага кўтарилишни мўлжаллаганди. Леонарду мутасаддилар ишончини оқлади - жамоа тўплар нисбатига кўра «Портимоненси»дан ўзиб, 2-ўринни банд этди ва Примера аъзосига айланди.

Жардим яна ярим йил жамоага устозлик қилди, «Бенфика»дан ижарага олинган Ян Облак билан танишди. Бироқ кетма-кет қайд этилган мағлубиятлар туфайли раҳбарият билан келиша олмай, ишсиз қолди.

Ота-онасининг ҳикояларига кўра, Леонардунинг «Бейра Мар»и уларнинг «Спортинг»и билан куч синашган кезларда эр-хотин ўта ноқулай вазиятга тушиб қолишган экан: «Қайси жамоани қўллаб-қувватлашга бошимиз қотиб қолганди, бир ёқда - фарзандимиз, иккинчисида - суюкли «Спортинг»! Хайриятки, учрашув жанговар дуранг - 1:1 натижаси билан ниҳоясига етди».

Хуллас, Жардим устозлик қилган ҳар бир жамоа унинг учун бебаҳо тажриба мактаби вазифасини ўтади. Лекин 2011|2012 йиллар мавсумида у бошқарган «Брага» мураббийга сезиларли муваффақият келтирди - Португалия чемпионатининг бронза медалларига сазовор бўлди ва ЕЧЛнинг саралаш босқичига йўлланма олди.

Аммо мураббий нуфузли мусобақага Грециянинг «Олимпиакос» клуби бош мураббийи сифатида борди - ўзига хос ўжар табиати яна унга панд бериб, «Брага»ни муддатидан аввал тарк этишга мажбур бўлди.

ЁШЛАРГА МУНОСАБАТИ

Жардимнинг эллинлар юртидаги фаолияти ҳам узоққа чўзилмади - раҳбарият асов мутахассиснинг инжиқликларини кўтара олмади. Ваҳоланки, ярим йиллик давр ичида «Олимпиакос» энг яқин таъқибчисидан 10 очкога ўзиб кетган, танҳо пешқадам бўлиб турганди.

Аммо айнан шу жамоада Леонарду ўзидаги ўта ноёб фазилат - юлдузларни кашф этиш қобилиятини пайқади. Жумладан, 21 ёшли Манолас тез орада «Рома» таркибидан жой олиб, «Барселона» дарвозасига ҳал қилувчи голни урган ва Каталония грандининг ғолиблик умидини пучга чиқарганди.

Кейин мураббий чорак аср муқаддам берган ваъдасига кўра, «Спор-  тинг»ни қабул қилди ва Седрик Суареш, Виллиам Карвалью ва Адриэн Силва каби юлдузларни кашф этди. Айнан шу футболчилар Португалиянинг ўз тарихида илк маротаба Европа чемпиони бўлишида асосий ролларни ижро этишди.

Шу сабабли, 2014 йилнинг ёзида Леонарду «Монако»ни қабул қилганида, монегасклар Фалькаони «МЮ»га ижарага бериб юборишгани ҳам, Хамес Родригесни «Реал»га пуллашгани ҳам уни хавотирга солмади. Чунки мураббий учун порлоқ юлдузларга мослашишдан кўра, ғунча юлдузларни ёқиш осонроқ ва қизиқарлироқ эди.

ЗУМРАД СОҲИЛ МАРВАРИДЛАРИ

Албатта, ҳозирда номи тилларда достон бўлиб улгурган ноёб жавоҳирлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмади - Жардимнинг «Монако»даги фаолияти жиддий қийинчиликлар билан бошланди. Жамоа стартдаги 5 учрашувда бор-йўғи 4 очко тўплаб, жадвал тубига тушиб кетди.

Табиийки, Клаудио Раньери бошчилигидаги мавсумни 2-ўринда якунлаган «Монако»дан мутасаддилар янги мураббий раҳбарлигида чемпионликни кутишганди. Омадсизликдан ўзини йўқотиб қўймаган португалиялик мутахассис аста-секин вазиятни ўнглашга киришди, шогирдларини руҳлантириш учун керакли сўзларни топа олди.

Кейин таркибдаги тактик ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, қанот ҳужумчиси Дирар қанот ҳимоя чизиғига ўтди, Фабинью эса ўнг қанот ҳимоясидан таянч ҳудудига йўл олди. Шу тариқа «Монако» қаторасига икки мавсумни совриндор учликда якунлади, учинчи уринишда ниҳоят, 17 йилдан бери армон бўлиб келаётган шоҳсупа забт этилди!

ЕЧЛда ҳам монегасклар муносиб тўп суришди - агар Буффон аталмиш қўрғон бўлмаганида, Жардимнинг жангчилари финалга чиқишарди.

Мазкур муваффақиятлардан ке-йин Леонардунинг ёрқин юлдузлари овозаси бутун дунёга тарқалди. Тан олайлик, 4 йил ичида Мбаппе, Лемар, Бернарду Силва, Менди ва Фабинью сингари ноёб иқтидор соҳиблари князликлар ғазнасини 500 млн. евродан кўпроққа бойитишди.

Албатта, бу масалада трансфер бозоридаги жадал ривожланишнинг ҳам ўзига яраша ўрни йўқ эмас. Лекин бу омил Жардимнинг кашфиётчилик қобилиятига соя сола олмайди.

Айнан шу сабабли, россиялик мухлислар Александр Головиннинг «Монако» сафида майдонга тушишини сабр-сизлик билан кутмоқдалар. Головинда юлдузликка яраша лаёқат мавжуд, бунга биз мундиалда амин бўлдик. Жардим эса, «юлдуз ёқиш» устаси!

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА

Леонарду Жардим. 1974 йилнинг 1 августида Венесуэланинг Барселона шаҳрида туғилган. 2014 йилнинг 10 июнидан «Монако» бош мураббийи. «Камаша», «Шавеш», «Бейра-Мар», «Брага», «Олимпиакос» ва «Спортинг» (Лиссабон) жамоаларини бошқарган.

2012|2013 йиллар мавсумида Греция чемпионлиги ва Греция кубогини қўлга киритган, Франциянинг 2016|2017 йиллар мавсуми чемпиони.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz