Қайднома

Қидирув

Роберт Левандовски: «Бавария» менга ишонмай қўйганини сезгандим...».

Роберт Левандовски: «Бавария» менга ишонмай қўйганини сезгандим...».

  02.09.2018 06:13
  0
  716
Роберт Левандовски: «Бавария» менга ишонмай қўйганини сезгандим...».

Мюнхен жамоасининг польшалик голеадори анчадан буён матбуот вакиллари билан мулоқот қилмай қўйганди. Хўш нега? Роберт яқинда Sport Bild мухбирининг интервью ҳақидаги илтимосига ниҳоят, ижобий жавоб берди ва маълум муддат «аразлашиб» юргани сабабига ҳам тўхталди.

- Роберт, бир неча ой давомида бирор марта интервью бермадингиз. Ҳаттоки, Германия суперкубоги учун ўйинда «хет-трик»ка эришганингиздан кейин ҳам сукут сақладингиз.  Нима учун?

- Ҳа, Германияда апрель ойидан буён ОАВ вакиллари билан гаплашмаётгандим. Польшага борганимда эса, фақат миллий терма жамоамиз ҳақида фикр билдирдим. Гап шундаки, ўтган мавсум охирида атрофимда носоғлом вазият юзага келганди.

Хусусан, ҳеч қандай қўллаб-қувватланишни ҳис қилганим йўқ. Бу вақтда клубимиз мухлислари эмас, экспертлар гуруҳи танқидлари остида қолдим.

Афсуски, шундай мураккаб ҳолатда жамоатчилик ҳам, «Бавария» ҳам томошабин ролини бажарди. Ваҳоланки, ноўрин ва мутлақо нотўғри фикрларни ҳам кўп эшитдим, ўқидим. Ўзим эса уларга изоҳ беришни истамадим. Энди сукут сақламоқчи эмасман.

- Демак, клуб раҳбарияти қўллаб-қувватламаганидан ранжигансиз...

- Апрель ва май ойларида гўёки, ҳамма менга қарши эди. Клуб ҳимоя қилишни истамагач, ўзимни ёлғиздек ҳис эта бошладим. 2-3та муҳим ўйинда гол уролмаганимдан кейин ҳамма мендан юз ўгиргандек бўлди. Ҳаттоки, раҳбарлар ҳам жим туришди...

- Очиғи, ўзингиз қандай муносабат кутган эдингиз?

- Агар зиммамдаги вазифаларни аъло даражада уддаласам, тушунарлики, ишлар рисоладагидек давом этади. Бироқ бордию, омадсизлик кузатилса, Левандовскини дарров ёлғиз айбдорга чиқариб қўйишади. Ҳар ҳолда, мавсум охирида шундай ўй-хаёл менга сира тинчлик бермай қўйди.

Биласиз, анчадан буён Бундеслигада тўп суряпман, хусусан, «Бавария» сафига қўшилганимга 4 йил бўлди. Гол уролмаганим учун танқид қилишса, чидайман. Лекин бор куч-қувват билан ўйнамаганимни таъкидлашса, ўзимни қўярга жой тополмайман.

- Боз устига, кўпинча майдонда жароҳат билан ҳаракатланишга мажбур бўлгансиз...

- Ҳа, 2017 йили елкам шикастланганида 5 ҳафта даволанишим лозим эди. Бироқ атиги 5 кундан кейиноқ майдонга тушишимга тўғри келганди. Ўтган мавсум эса нақ 7 ой давомида тиззам қийнади, муолажага муҳтож эдим.

Ҳаттоки, ўнг оёқда зарба йўллашнинг иложи йўқ эди. Шу сабаб, машғулотларда бундай қилмасдим, фақат ўйин пайти кучли оғриқ билан бўлсада, тепардим, барибир. Назаримда, рақиблар эмас, ўз танамга қарши кўпроқ курашдим...

Дейлик, машғулотлар ва ўйинлардан кўра, физиотерапевт ҳузурида кўпроқ вақт ўтказдим. Қисқаси, бу муаммо менга ҳам жисмоний, ҳам руҳий томондан катта мушкулот туғдирди. Шунга қарамай, майдонда ҳар доим 100 фоиз куч билан ишладим - бунга шубҳаланиш ярамайди.

- Айниқса, «Левандовски муҳим баҳсларда гол уролмайди» қабилидаги гап-сўзлар оғир ботгандир...

- Ҳа, шундай. Зеро, бу масалада очиқ нишонга айланиб қолгандим. Чунончи, ҳисобимда бирор гол йўқ эди. Бироқ ОАВда йиғи-сиғи қиладиганлар тоифасидан эмасман. Бундан кўра, барчасини майдонда исботлашни маъқул кўраман.

- Яна қайси дашномлардан зада бўлгандингиз?

- Баъзан шунчаки, кулгули фикр­лар ҳам янгради. Мисол учун, фақат ўзимни ўйлашим ва жамоага қарши эканлигим ҳақида... Бундай беъмани гапларни 3-4 марта эшитсанг, беихтиёр ўйга толасан: «Ҳамма шундай фикрда экан, бу ерда қолишингдан нима маъно бор?»

Қисқаси, ўз-ўзидан, беихтиёр жамоадан кетиш варианти устида ўйлай бошладим. Шу паллада ЖЧ-2018 старт олди ва ўта мураккаб вазиятга тушиб қолдим. Шахсан мен учун ўта қийин ҳолат. Ахийри, бош­қа жамоалар таклифларига назар солишдан ўзга чора тополмадим.

- Энди барчаси ортда қолди. Айтингчи, хориж клубларига ўтиш ниятидан батамом воз кечдингизми ёки бу масалага кейинроқ қайтасиз?

- Ҳозир 30 ёшдаман. Муҳими, «Бавария»га нечоғли кераклигимни яхши биламан. Шартномам эса 3 йилдан кейин тугайди. Ишонч билан айтаман: ҳеч қачон клубга қарши чиқмайман. Оддий айтганда, эндиликда хориж клублари мени мутлақо қизиқтирмайди.

- Таниқли агент Пини Захави билан ҳамкорлик қила бошладингиз. У май ойи охирларида «Бавария» кетишни хоҳлаётганингиздан хабардор эканлигини айтганди. Бу ҳам ўта дарғазаб ҳолатда бўлганингизни англатади...

- Бу масалада  Пини билан маслаҳатлашиб олдик. Очиғи, ўша пайт Мюнхенда ўзимни ноқулай ҳис этаётгандим, жамоа менга ишонмай қўйгандек туюлганди. Шундан ке­йин кетиш ҳақида оғиз очишга тўғри келди.

- Захави билан келишувингиз 31 август куни тугайди. У билан ҳамкорликни давом эттирасизми ёки...?

- Бирга ишлайверамиз, лекин бу Пини менга бошқа жамоа сафига ўтишда кўмаклашишини англатмайди асло. Футбол агенти учун бошқа юмушлар етарли.

- Айни пайт қандай кайфиятдасиз?

- Нико Ковач билан бафуржа гаплашиб олдик. Ўйлайманки, у мени нима ташвишга солаётганини тушунди. Муҳими, жамоадошларим билан яхши муносабатдаман, бу борада на мен ва на уларда эътироз бор.

- Матбуотда ёзилганидек, бош мураббий билан иккинчи мулоқотдан кейингина бошқа жамоага ўтиш фикридан бутунлай воз кечганингиз ростми?

- Ковач жамоа қандай услубда ўйнаши ва унда менинг вазифам нималардан иборатлигини батафсил тушунтирди. Қисқаси, мураббийнинг режаси маъқул тушгач, обдон ўйлаб кўриб, кетиш вариантидан воз кечдим.

Тан оламан, мендан ҳам қандайдир хатолик ўтди. Ахир робот эмасман-ку.

- Карл-Хайнц Румменигге ва Ули Хёнесс билан ўзаро муносабатингиз қандай?

- Улар билан ҳали гаплашишга улгурмадим. Лекин тез орада кўришсак керак. Ўртадаги барча тушунмовчиликларга ойдинлик киритилишидан умидворман, ҳар ҳолда, эркакларга хос мулоқот қилиш тарафдориман. Ҳаммасини очиқ-ойдин, дангал ва борича айтишга ўрганганман.

Афсуски, охирги пайтлар тез-тез орқаворотдан билдирилган фикрларни эшитишимга тўғри келди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, дилимдагини тилимга чиқараман, қўғирчоқ эмасман. Эҳтимолки, бу характерим кимларгадир муаммо туғдирар...

- Энг муҳими, қалбингиз яна «Бавария» билан...

- Мухлислар мени қанчалик ҳурмат қилишларини яхши биламан - бунга Мюнхен кўчаларида кўп бора гувоҳ бўлганман. Ҳар қадамда одамлар ёнимга келиб, самимий оҳангда ёқимли гаплар айтишади.

Бир неча кун олдин оддий мухлис автомобилимга яқинлашиб, шундай деди: «Роберт, интернет ва кўчадаги гап-сўзларга парво қилма, билиб қўй, биз доимо сен томондамиз». «Альянц Арена»да «МЮ»га қарши кечган баҳсда ҳам самимий меҳрни яққол ҳис этдим.

Шундан кейин умумий ҳолатга бош­қача қарай бошладим: «Мухлислар мени шу ерда кўришни истайдилар».

- Ҳасан Салихамижич эса сизни дунёнинг энг яхши ҳужумчиси сифатида эътироф этди...

- Бундай мақтовларни эшитиш жуда ёқимли. Клуб мени сотиб юбориш ҳақида ўйламаганини билиш ҳам. Мана, «Бавария»га кераклигимга тўлиқ ишонч ҳосил қилдим. Дейлик, клуб музокара бошлаш у ёқда турсин, ҳаттоки, бунга уриниш учун ҳам имкон бермади. Бу жамоанинг салобати ва буюклигидан нишонадир.

- Ёзги таътил пайти ўзингизда кучли иштиёқни қайта уйғотишда қийналмадингизми?

- Йўқ, аксинча. Ҳа, мавсум финиши омадсиз бўлди: ЧЛ ярим финалида «Реал» дарвозасига бирорта гол уролмадим, миллий кубокни бой бердик. Устига-устак, ЖЧда ҳам гол қувончини туйганим йўқ.

Мана шу омиллар мени янада кўпроқ ишлаш, тер тўкишга ундади. Умуман, юксалиш йўлида имконият даражасидан кўпроқ меҳнат қилишга ҳам тайёрман.

- Хўш, сизнингча, «Бавария» янги мавсумда қандай натижаларга эришиши мумкин?

- Бу масалада сукут сақлашга одатланганман. Кўпинча аввалига ҳаммаси рисоладагидек кетади. Лекин кутилмаган жароҳатлар, карточкалар ёки қулай вазиятлардан фойдаланолмаслик режани пучга чиқаради. Мисол учун, ЧЛнинг навбатдаги ғолиби хусусида фақат апрель ойидагина фикр билдириш мумкин.

Ҳозир эса Артуро Видаль ўрнини тўлдириш осон эмаслигини аниқ айта оламан, холос. Зеро, унга ўхшаган ўйинчилар жуда кам. Видаль доимо керакли лаҳзада керакли жойда пайдо бўладиган футболчилар сирасидан.

- 4 йилдан буён Мюнхендасиз. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Мюнхен мен учун йилнинг катта қисмида бошпана бўладиган шаҳардир. Бу ерда эркин юраман. Осойишта, ораста шаҳар, маҳаллий аҳоли шахсий ҳаётимни ҳурмат қилади. Тўғри, айрим мауммоларга дуч келдим.

Бироқ бунга Мюнхен ёки аҳолининг дахли йўқ. Асосийси, ҳамон клуб билан биргаман, демак, келажагим шу шаҳарда. Оддий айтганда, қалбим ҳамон Бавария ўлкасига тегишли...

Содиқ СОБИР  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz