Қайднома

Қидирув

Лука Модрич: «Мадридда қоламан»

Лука Модрич: «Мадридда қоламан»

  05.09.2018 06:13
  0
  581
Лука Модрич: «Мадридда қоламан»

УЕФА ўтган мавсумнинг энг яхшиларини тақдирлаш ва ЕЧЛ қуръа ташлаш маросимидан кейин мавсумнинг энг яхши футболчиси, «Кумуш футболка» соҳиби Лука Модрич одатга кўра, махсус интервью берди.

- Лука, табрикларимизни қабул қилинг! Йил сиз учун дарҳақиқат, фантастик тарзда кечди. Аввалига ЕЧЛда ғолиб чиқдингиз, кейин Хорватия терма жамоаси билан ЖЧ финалида майдонга тушдингиз.

Бугун эса мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилдингиз. Айтингчи, қандай даврда турганингизни тўлиқ англаяпсизми? Ютуқлар аҳамияти қай даражада?

- Раҳмат. Яхши савол. Ҳаммаси жуда тез юз берди: ЧЛда зафар, Россия мундиалида тарихий натижа. Ажойиб! Ҳайратланарли! Ҳозир ғоят мағрур ва мамнунман. Ҳа, фаолиятимдаги энг яхши мавсумни ўтказдим.

Орзу қилганимдан кўра, кўпроқ совринларга эришдим. Афсуски, жаҳон футбол тожини қўлга киритолмадим. Лекин юз берган воқеалардан унутилмас завқ олдим. Ҳозир шу ҳузурбахш ҳиссиётлар оғушидаман. Таҳлилга кейинроқ киришаман.

- Ушбу муваффақиятлар учун айнан кимнинг олдида кўпроқ қарздорсиз?

- Отамдан беҳад миннатдорман. Мени илк машғулотга айнан у олиб борганди. Ҳеч қачон таслим бўлмаслик, ортга чекинмасликни ҳам отамдан ўрганганман.

- Роналду «Реал»дан кетгач, зиммангизга улкан масъулият тушди, энди кўпроқ гол уришингиз талаб этилади. Бу фикрга қандай қарайсиз?

- Роналду «Мадрид»да ўйнаган даврда ҳам ўзига яраша масъулият ва мажбуриятларим йўқ эмасди. Эҳтимол, энди улар кўпайгандир... Бироқ бу шахсан ўзимга ёқади, жавобгарликдан қочадиганлар тоифасидан эмасман.

- Ҳаётингиз силлиқ кечмаганини биламиз. Шунга қарамай, барча қийинчиликларни енгиб, қитъанинг энг яхши ўйинчиси даражасига кўтарилдингиз. Ўзингизни мураккаб фаолият йўлига эга футболчиларга  намуна сифатида кўрсата оласизми?

- Бундай саволларга жавоб қайтариш осон эмас. Ўз ҳақимда гапиришни хуш кўрмайман. Намуна бўла олиш-олмаслигимни бошқалар айтишсин, тамом.

- Бутун ёз бўйи бошқа жамоага ўтишингиз хусусида миш-мишлар тингани йўқ. Мадридда қолишга қатъий қарор қилдингизми?

- «Реал»да бахтиёрман. Нафақат бахтиёр, балки ўта бахтлиман! Буюк жамоада ўйнашнинг ўзиёқ - буюк саодат! Ҳеч нарса ўзгармайди, Мадридда қолишим аниқ.

- Қай бири қийинроқ - ЧЛда 4 марта ғолиб чиқишми ёки ЖЧда кумуш медаль ютиш?

- Иккиси ҳам мушкул вазифа. Ҳа, клуб футболининг энг нуфузли турнирида шунча совринга эга бўлиш фантастикадек туюлади. Аммо бу - «Реал»! Хорватия термасининг аввалги авлоди 1998 йили мамлакатни футбол харитасига олиб кирганди. Бундан яхши хабардор эдик ва муваффақиятни такрорлаш хусусида ўйлардик. Кўриб турганингиздек, буни такрорлаш мумкин экан.

- УЕФА президенти - словениялик, Европанинг энг яхши футболчиси - Хорватия вакили. Ҳудуд учун ҳавас қилишга арзийдиган натижа!

- Тўғри, жуда ажойиб натижа. Чеферин ўз вазифасини аъло даражада уддаламоқда. Менга унинг қўлидан нуфузли совринни қабул қилиб олиш ғоят мароқли. Ўйлайманки, Чеферин ҳам мени тақдирлашдан ҳузурланди.

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz