Қайднома

Қидирув

Давид Сильва меҳрибон ота...

Давид Сильва меҳрибон ота...

  05.09.2018 11:07
  0
  472
Давид Сильва меҳрибон ота...

Испаниялик Давид Сильва АПЛнинг 2-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» - «Хаддерсфилд» ўйини олдидан майдонга ўғли - Матеони кўтариб тушди ва кейин урган голини унга бағишлади. Гап шундаки, кичик Сильванинг жиддий хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмишига сал қолганди. Муҳими, у ҳозир соғ-саломат ва Давид мутлақо бахтиёр ота. Sport24.ru сайтининг қуйида мақоласи шу ҳақда.

Ўзи нима бўлганди?

Ҳаммаси ўтган йилнинг декабрь ойида бошланди: Давид Сильва ўғилчали бўлди. Матео 32 ёшли испаннинг тўнғич фарзандидир. Бироқ футболчининг турмуш ўртоғи Жессика Суарес ҳомиладорликнинг 6-ойидаёқ шошилинч тарз-да шифохонага ётганди. Қисқаси, Матео муддатидан анча аввал туғилди. Шундан кейин Испания клиникаси врачлари нақ 6 ой давомида чақалоқ ҳаёти учун кураш олиб боришди. Шу оралиқда Матеонинг нафас олиши, яъни юрагининг уриши турли тиббий аппаратлар воситасида таъминланди. Диққатга савозор жиҳати, Сильва оилавий муаммоларига қарамай, шартнома бўйича «Манчестер Сити» олдидаги мажбуриятларини тўлиқ адо этди - деярли ҳар бир ўйинда асосий таркибда майдонга тушди, голлар урди, уларга ассистентлик қилди ва жамоадошлари билан бирга ҳақли равишда Англия чемпиони мақомини олди. Бироқ ғалабани нишонлаш тадбирларида қатнашгани йўқ. Чунки охирги ўйин тугагани ҳамоно шифохонага - Матео ва Жессика ёнига йўл олганди. Умуман, Сильва ҳаётининг энг оғир дамларида «Манчестер Сити»нинг фаол қўллаб-қувватлашини яққол ҳис қилди. Хосеп Гвардиола ўйиндан аввалги кўрсатмаларда ҳаттоки, йигитлар олдига алоҳида талаб қўярди: «Бугун Давид, Жессика ва Матео учун ҳам ғалаба қозонишимиз шарт. Бошқа гап йўқ!» Муҳими, май ойида «Сити» лагерига илк ёқимли хабар келди: «Матео яшайди, унга шифохонадан жавоб беришди, демак, чақалоқ тўлақонли ҳаётга қайтди...». Табиийки, ўша кунлар Давид Сильвадан бахтиёр киши йўқ эди. У аввало, Яратганга шукрона айтди, кейин шифокорларга чексиз миннатдорчилик йўллади. «Давид — шунчаки, қаҳрамон. Унга кўп бора такрорладим: «Ўзингни қийнама, 2 ҳафталик таътил олишинг мумкин. Сени муаммосиз қўйиб юборамиз, ахир барчасини кўриб, тушуниб турибмиз. Оила футболдан муҳимроқ, албатта». Бироқ Давид ҳар сафар жамоа олдида мажбурияти борлигини айтиб, таътилга чиқишдан бош тортди»  — бу Хосеп Гвардиоланинг сўзлари.

Нега айнан энди эслашди?

Чунки Сильва АПЛнинг 2-тур учрашувига Матео билан бирга тушди. Шифокорлар чақалоқнинг яшаб кетишига сабабчи бўлишди, улар шунинг баробарида Сильвани тўлақонли футбол ҳаётига қайтаришди. Мана, испаниялик ярим ҳимоячи ва ўғлининг суратлари ўйиннинг асосий лавҳаларига айланди. Ваҳоланки, «Манчестер Сити» шу куни қойилмақом шоу уюштириб, «Хаддерсфилд»ни мутлақо «эзиб ташлади» - 6:1. Қарангки, шундай ёрқин ғалаба ҳам иккинчи даражали масала бўлиб қолди. Кун қаҳрамонлари - ота-бола Сильвалар. Дейлик, «шаҳарликлар» мухлислари уларни тик турган ҳолда, узоқ олқишладилар Ўйиндан кейин эса «Манчестер Сити» футболчилари фақат Сильвалар ҳақида гапиришди. Мисол учун, 2та голга ассистентлик қилган франциялик магистр Бенжамин Менди «Твит-тер»даги шахсий саҳифасида шундай ёзди: «Ҳа, 6:1... Ҳа, битта самарали узатма менда, балки кўпроғи... Ҳа, Кун (Серхио Агуэро)да 3та гол... Лекин буларнинг барчаси аҳамиятсиз. Ўйин қаҳрамони ўша бола, барибир! Бунда отасини назарда тутмаяпман».

Эътиборлиси, Сильванинг ўзи майдонда шунчаки эмас, балки идеал даражада тўп сурди. Яна бир факт шуки, бу унинг учун АПЛдаги юбилей - 250-ўйин эди. 32 ёшли Давид шу тариқа Англия чемпионатида бундай кўрсаткичга эришган испаниялик 4-футболчи бўлди. Демак, испан ярим ҳимоячиси олдида 3 нафар ҳамюрти бор: Сеск Фабрегас («Арсенал», «Челси») - 344та ўйин, Пепе Рейна («Ливерпуль») - 285та ўйин ва Микель Артета («Эвертон», «Арсенал») - 285та ўйин. Айтганча, Давид юбилей ўйи-нини ажойиб кўрсаткичлар билан безади: заргарона узатмалар ва гол. Ҳа, у энди фақат мухлислар эмас, балки Матео учун ҳам ўйнайди-да...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz