Қайднома

Қидирув

Рафаэль Варан: «Бизнинг жамоа - шавқатсиз»

Рафаэль Варан: «Бизнинг жамоа - шавқатсиз»

  06.09.2018 06:17
  0
  629
Рафаэль Варан: «Бизнинг жамоа - шавқатсиз»

Франция терма жамоаси ва Мадриднинг «Реал» клуби ҳимоячиси Рафаэль Варан L’Equipe нашрига берган интервьюсида жамоаси чиройли футболдан кўра рақибларини яксон қилишга кўпроқ эътибор қаратишини таъкидлади.

«ФРАНЦУЗЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК КАМ ЭМАС»

- Сиз - жаҳон чемпионисиз. Ушбу муваффақият кўламини ҳис қиляпсизми?

- Финал арафасида йигитларга айтгандим: «Биз тарихга киришимиз мумкин!». Нима деяётганимни билардим, аммо аслида ҳаммаси қандай кечишини тахмин қилолмасдим. Францияга қайтганимизда шок ҳолатига тушдик. Буни сўз билан таърифлаш мушкул. Автобусда кетаётганимизда, худди биз туфайли мамлакатда ҳаёт тўхтаб қолгандек туюлди. Буни ақлдан озиш деса ҳам бўлаверади. Испанияда бир неча марта чемпионликни нишонлаганман, у ерда ҳам катта байрам қилинади, аммо Париждаги воқеалар ўзгача кечди. Гўёки томирларимизга бахтиёрлик қони югурганди.

- 1998 йили кичкина болакай эдингиз. ЖЧ-2018даги ғалаба йигирма йил аввалги муваффақият каби аҳамият касб этадими?

- Ўша ғалабалар, француз футболидаги завқ-шавқ оғушида улғайдик. Тушунаман, эндиликда биз ҳақимизда кўпроқ гапиришади, бизни намуна қилиб кўрсатишади. Хоҳлаймизми-йўқми, ёш авлодга таъсир ўтказамиз. Қачонлардир Зизуга ҳавас қилгандик, энди эса биз ибрат бўламиз.

- Ким учундир намуна бўлиш оғирлик қилмайдими?

- Асло. Бундай масъулият ҳатто ёқимли ҳам.

- Термадаги ўйинчилар французларни бир неча марта ватанпарварликка чақиришди... Кўрсатма шундай бўлганмиди?

- Йўқ, бу бизнинг умумий бурчимиз. Кўпчилигимиз хориж клубларида ўйнаймиз ва тўпланганимизда, французларнинг етарли даражада ватанпарвар эмаслиги хусусида турлича фикрлар янграйди! Майли, бу мавзуга ортиқча тўхталмоқчимасман. Ахир биз Францияни севамиз. Аммо сўнгги пайтларда халқимиз бунга шубҳа билан қарай бошлади. Демакки, вазият аслида қандайлиги, ватанпарварлик қандай бўлишини ўйинимиз орқали кўрсатишимиз талаб этиларди.

- ЖЧ бошланишидан аввал ҳам, турнир давомида ҳам Франция термасининг янги авлод ўйинчиларида нафсоният кучли эканини кўпчилик таъкидлади. Бу фикрлар нечоғли ҳақиқатга яқин?

- Ахир барчамиз Европанинг энг яхши жамоаларида ўйнаймиз. Ютуқларга кўникиб қолганмиз - ғалаба руҳи ҳам шундан. Қайсидир турнирни «Ҳаммасини ўша ерда кўрамиз» қабилидаги фикр билан ўтказиш бизга ёт. Ҳозирги таркибдагиларнинг барчаси қачонлардир ёшлар ўртасидаги мусобақаларда ютқазган, сўнгра Евро-2016 финали бой берилди. Шунда ҳамма ўз-ўзига савол берди: «Қачондир бирорта соврин ютамизми?!». Биз муваффақият сари кўп йил меҳнат қилдик. Бу ҳолат термага Дешам келганидан сўнг бошланганди.

- Ушбу мураббийнинг ғалабадаги улуши қандай?

- Энг асосийси, у футболчилар психологияси, ишга ёндашувини ўзгартирди. Биринчи ўринга жамоа манфаатлари қўйилди.

«ДАНИЯ АНТИФУТБОЛ КЎРСАТДИ»

- Аммо термангизда шубҳалар борлиги сезилди. Хўш, турнир бошида, дастлабки учрашувдан сўнг якунда чемпионлик қўлга киритилишига ишончингиз комилмиди?

- Бунга заррача шубҳа қилмагандим. Ваҳоланки, биринчи ўйиндан сўнг, дарҳақиқат, иккиланиб қолгандик. Чемпионатни ютиш ниятимиз бор, аммо буни қай тариқа амалга оширишни билмасдик. Иштиёқ ва тайёргарлик бор, лекин режани амалга ошириш йўлида нимадир етишмасди. Перуга қарши баҳс ҳақиқат фурсатига айланди. Шундан сўнг жамоамиз ўзгарди.

- Қайси маънода?

- Ўша куни, ниҳоят, ўз футболимизни намойиш этдик. Ва турнир якунига қадар шу зайл тўп сурдик. Ҳа, Дания билан ўйинни қайсидир маънода антифутболга қиёслаш мумкин, аммо вазият шуни тақозо этганди. Бу муҳиммас, биз тўғри йўлдан кетаётганимизни тушуниб турардик.

- Франция термаси нима сабабдан ўз ўйинини аввалроқ топиб олмади? Дейлик, бир йил, ярим йил ёки чемпионат бошланишига бир ой қолганда...

- Термага қисқа муддатга келамиз. Ўзаро тушуниб ўйнаш, бир-биримизни билиш учун вақт керак. Дастлабки ўйин қайсидир маънода фойдали бўлди ва турнирда ғолиб чиқишни истасак, ўйинни бироз кучайтиришимиз кераклигини тушундик. Агар ҳамма ўзи учун тўп сурса, ниятга етиб бўлмайди. Перуга қарши баҳсда жиддий суҳбат ўтказилди. Поль, Уго, Блэз (Погба, Льорис, Матюиди - таҳририят) фикр билдиришди. Бунга қадар биринчи ўйинда бизга нима етишмаганини мураббий билан таҳлил қилдик. Якунда умумий хулоса шундай бўлди: ҳамма интилди, аммо бу кам - жамоа учун жонни фидо қилиш керак.

- Погба, Гризманн, Мбаппе ва бошқа юлдузларни ўйинларини ўзгартиришга кўндириш қандай уддаланди?

- Тўғри, ўзини яхши кўриш, ўз фикрига содиқлик бор нарса. Аммо буларнинг баридан воз кечиш керак ва улар шундай қилишди ҳам. Биз чиройли бўлиб кўриниш учун тўпланмагандик. Агар жамоа манфаати йўлида бутун учрашувни тўпсиз югуриш билан ўтказишга тўғри келса, розимиз! Ҳамма кўнди: керакми - демак керак. Бошқа томондан, термамиз анчадан буён етакчи қидираётганди. Эвра кетганидан сўнг «Етакчи йўқ, етакчи йўқ!» деб қайта-қайта таъкидлашганини эшитдим. Аммо ҳаммаси жойида бўлса, мунтазам ғалаба қозонсак, етакчига на ҳожат? Австралия билан ўйинни ҳисобга олмаганда, қолган барча учрашувларда жамоамиз нималарга қодирлигини кўрсатди. Ажойиб жамоада барча етакчи ҳисобланади. Етакчи бўлиш нима дегани? Бу - барча сингари сифатли ҳаракат қилиш.

- Юлдузлар учун ўз хоҳишига қарши бориш осон эмас.

- Юлдузлар турлича бўлишади. Ҳеч ким мажбурланмади. Поль - жамоавий ўйинчи, Антуан ҳам. Вақти келганда Погбага шундай дедим: «Мана бундай ҳаракат қилиш лозим. Бошқача тўп сурсанг, атрофдагилар олдида кулгига қолишинг аниқ». Гризманнга келсак, у қандай ўйнашни биларди, вазиятга мослашиши шарт эмасди. Биз жамоадаги ролларни тақсимладик, бу ҳақиқий коллектив иши эди.

- Яъни муваффақиятни футболчиларнинг ўзлари белгилашдими?

- Ҳа, айрим вазиятларда ҳаммаси мураббийга эмас, балки жамоа чиқарадиган қарорга боғлиқ бўлиб қолди.

«ЧИРОЙ МУҲИМ ЭМАС!»

- Бошқа томондан, футболда жозибали ўйин, услуб кабилар ҳам бор. Бу борада Бельгия ва Хорватия термалари устунроқ кўринишди...

- Майли. Клубларимизда чиройли ўйнаймиз, суперфутбол кўрсатамиз. Жаҳон чемпионатида эса натижа муҳим, рақибни таслим қилиш керак. Дарҳақиқат, Россияда кўрсатган ўйинимиз жуда чиройли эмасди.

- Демак, тан олдингиз!

- Мана, қаранг! (Медалига ишора қилди). Наҳотки, шу ҳақиқий жозиба бўлмаса?! Ўйинимиз чиройлими ёки йўқ, аҳамиятсиз. Асосийси - жамоа манфаати.

- Наҳотки, чиройли кўринишни хоҳламасангиз?

- Қўйсангиз-чи, бўрттирманг! Услубимиз унчалик ёмон эмасди. Биз шафқатсиз терма бўлдик. Ҳа, шафқатсиз! Финалда хорватларга қарши худди шундай тўп сурдик.

- Франция термаси шундай прагматик футбол кўрсатишда давом этадими?

- Нега энди шундай бўлмасин? Бизга ёқди. Австралияга қарши кечган дастлабки баҳсда, жамоамизда кўплаб иқтидорли йигитлар тўпланганидан келиб чиқиб, айнан чиройли ўйнамоқчи бўлдик, лекин ўхшамади. Шундагина сермаҳсул, тезкор футбол кўрсатиш кераклигини тушундик. Умуман, буни уддаладик. Аслида эса, жамоамиз ҳар қандай услубда ўйнашга қодир. Футболчиларимиз серқирра.

- Ҳар бир футбол авлоди ўзининг ёрқин вакилига эга. Платини, Зидан... Ҳозирги жамоанинг юзи ким?

- Жамоа фотосуратини кўринг. Барча ҳамиша бирга. Бизнинг авлод шиори: ҳаммаси жамоа учун. Биз - яхлит организммиз. Индивидуалчилар йўқ. Бугунги терманинг кучи шунда. Айни ёндашувни сақлаб қолиш даркор.

- Буни уддалаш қийинмикан?

- Осон бўлмайди. Мадридда шунга ўхшаш ҳолатни бошдан кечирганман. Жамоа ҳақида ўйлашга, шахсий манфаатларни унутишга тўғри келади. Бунинг учун эришилган ютуқлардан ҳаволанмаслик, ҳаммаси олдинда экани ҳақида ўйлаш керак бўлади.

Фаолиятни якунлагандан кейин шундай фикр юритилаверади: умуман, мен ёмон ўйнамадим (кулади). Чемпионлар Лигасида зафар қучганимизда, Зизу бизга нима деганини биласизми? «Баракалла! Ҳаммаси ажойиб. Аммо хурсандчилик қилдикми - етарли. Олдинда янги марралар кутмоқда».

«МБАППЕГА ТАВСИЯМ: ЎЗЛИГИНИ ЙЎҚОТМАСИН»

- Евро-2016ни жароҳат туфайли ўтказиб юборгандингиз. Жуда афсуслангандирсиз?

- Даҳшат. Бошқалар фожиага йўймасликлари мумкиндир, аммо мен учун бу финиш эди. Сабоқ олдим, ўзгардим. Эндиликда башорат қилмайман, бугунги куним билан яшайман. Ўша турнирга катта умидлар боғлагандим, шу боис жуда афсуслангандим.

- Бугунги кунда майдонда бошқача кўриняпсиз, шерикларингизни бошқаряпсиз, обрўйингиз ҳам ошган...

- Авваллари Рамос сингари ўйнаш учун тажовузкорликни оширишим, айрим жиҳатлар бўйича кучайишим лозимлигини уқтиришарди. Ҳамма мени ўзгартиришга уринарди. Аммо ўз услубим бор. Ва ЖЧ-2018да ўзлигимни сақлаб қолиш имкониятини тақдим этишди.

- Бир сафар «Олтин тўп» бош мақсад бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлагандингиз. Нега?

- Чунки футбол - жамоавий ўйин. Уни болалигимдан шундай қабул қиламан. «Олтин тўп» эса бир кишини бошқасидан устун қўйиш дегани. Албатта, қачонлардир бу совринни қўлга киритишга йўқ демайман (кулади). Аммо ушбу мукофотга эга бўлмаслик умрингиз беҳуда ўтганини англатмайди.

- Мбаппе сиз учун энг иқтидорли ўйинчими?

- Кўплаб даҳо футболчиларни танийман. Аммо шундай навқирон ёшдаги ўйинчидан биринчи марта суперфутбол кўряпман. Одатда, миллионлар ўйинидаги суперменлар бу мақомга 25, 30 ёшда эришадилар.

Мбаппе эса ҳали 20га ҳам тўлмаган. У ҳаммасини жуда тез бажаради. Ўйиндан олдин тактика ҳақида гаплашсангиз, сўзингизни тугатмасингиздан ҳаммасини тушуниб бўлади. Юксак иқтидор соҳиби, ақлли, ёшига хос бўлмаган етук шахс.

- Унга қандай маслаҳат берасиз?

- Термада қандай вазият юз беришидан қатъи назар, ўйин услубини йўқотмасин. Вақт ўтгани сари унинг роли ўсиб бораверади - аммо худбинликдан йироқ юрсин. Жамоа манфаати унинг учун биринчи ўринга чиқиши лозим.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz