Қайднома

Қидирув

Бугуни рақибимиз ҳақида ёки Купер учун илк синов

Бугуни рақибимиз ҳақида ёки Купер учун илк синов

  06.09.2018 15:57
  0
  647
Бугуни рақибимиз ҳақида ёки  Купер учун илк синов

6 сентябрь куни Тошкентда Эктор Купернинг Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи ролидаги дебютини кузатамиз. Шу куни бош жамоамизга ОФК миқёсида тобора юксалиб бораётган Сурия термаси рақиб вазифасини бажаради. Эсингиздан чиқмагандир, сурияликлар ЖЧ-2018 саралашининг финал раундида биз билан битта гуруҳда ўйнаб, якунда 3-ўринни эгаллашганди. Тўғри, жамоа «плей-офф» ўйинларида Австралия термаси тўсиғидан ўтолмади, аммо футбол жамоатчилигида жуда яхши таассурот уйғотди.

Сурия терма жамоаси

Лақаби: «қизил бургутлар»

Бош мураббий: Бернд Штанге (Германия)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи:  Мосаб Балхуз (81та)

Энг кўп гол урган футболчи:Ража Рафе (32та)

Биринчи учрашуви: Туркия - 0:7 (Анқара, Туркия; 1949 йил 20 ноябрь)

Энг йирик ғалабалари: Мальдив ор. - 12:0 (Дамашқ, Сурия; 1997 йил 4 июнь), Мальдив ор. - 12:0 (Дамашқ, Сурия; 1997 йил 7 июнь), Филиппин - 12:0 (Алеппо, Сурия; 2001 йил 30 апрель)

Энг йирик мағлубиятлари:Греция - 0:8 (Афина, Греция; 1949 йил 25 ноябрь), Миср - 0:8 (Александрия, Миср; 1951 йил 12 октябрь)

 

Аслида умумий ҳолда олганда, Сурия термаси Осиёнинг кучли жамоалари қаторига кирмайди. Шунга қарамай, қадим Шом юрти вакиллари футбол бобида халқаро майдонларда ҳам ўзига хос натижаларни қайд этишган. Дейлик, сурияликлар илк марта 1958 йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида қатнашишган. Эътиборлиси, мундиал квалификациясида ўз омадини синаб кўрган Осиёнинг илк вакилларидан бири айнан Сурия термасидир. ЖЧ-66 саралашида эса «қизил бургутлар» ўша вақт ОФК таркибида бўлган Исроил термаси билан бирга Европа минтақасида ўйнашлари лозим эди. Бироқ Сурия жамоаси якунда мундиалга нисбатан «бойкот» эълон қилган  Африка ва Осиё термалари қаторидан жой олади. Ўшанда осиёликлар ҳам, африкаликлар ҳам жаҳон чемпионати йўлланмалари тақсимотидан норози бўлишганди.

Сурия термаси 1986 йилги жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин келганди.  Бироқ ироқликларга ютқазиб қўйиб, яхшигина имкониятни кўкка совурган. Сурияликларнинг Осиё миқёсидаги натижаларига келсак, улар Осиё чемпионати финал босқичида 4 мартагина иштирок этишган. Охирги марта ОК-2011да кўриниш беришганди. Бироқ ўшанда ҳам бўлажак рақибимиз гуруҳ босқичидан ўтолмади. Дарвоқе, сурияликлар ЖЧ-2014 саралашида дисквалификация туфайли иштирок этмаганди. Ўшанда жамоа Сурия фуқаролигини тўлиқ расмийлаштирмаган Жорж Муродни майдонга туширгани учун жазога тортилганди. Чунончи, бу футболчи олдин Швеция ёшлар термаси сафида ўйнаганди. Айтиш жоиз, Сурия термаси 2012 йили Ғарбий Осиё чемпионати финалида Ироқ жамоасини мағлуб этиб, ўзининг дастлабки кубогини қўлга киритган. Айни пайт жамоани Осиё футболи билимдони, германиялик машҳур мутахассис Бернд Штанге бошқармоқда.

Ж.Бобохонов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz