Қайднома

Қидирув

Евротур: Етакчилардан шахдам одим

Евротур: Етакчилардан шахдам одим

  06.09.2018 17:00
  0
  606
Евротур: Етакчилардан шахдам одим

Навбатдаги дам олиш оқшомларида Европа майдонларидаги баҳслар кутилмаган натижаларсиз ўтди. Англияда пешқадамлар ғалабали серияни давом эттиришди, Испанияда эса «Реал» ва «Барселона». Ниҳоят, Милан грандлари дастлабки зафарларини нишонладилар, Роналду эса «А» сериядаги голлари ҳисобини оча олмади.

Англия. «Қуруқ» серия якунланди

АПЛнинг 4-тури «Лестер» - «Ливерпуль» қарама-қаршилиги билан бошланди. Зафарга эришган тақдирда «тулкилар» пешқадамга етиб олишарди. Меҳмонлар эса янги мавсумда ҳали гол ўтказиб юборишмаганди. Ёзда муваффақиятли келишувлар эвазига таркибини кучайтирган «Ливерпуль» баҳсни фаол бошлади ва танаффусга 2 тўп устунлиги билан йўл олди. Голларни Садио Мане ҳамда Роберто Фирминолар амалга оширдилар. Жеймс Милнер ўз ҳисобига навбатдаги самарали узатмани расмийлаштириб, бу борада афсонавий Дэвид Бекхэм билан тенглашиб олди. Улар АПЛ рейтингида 7-поғонада боришмоқда. Қаторасига 4-ғалабани нишонлаган «қизиллар» 1990 йилдаги натижани такрорлаб, пешқадамликни давом эттиришмоқда. Танаффусдан кейин жамоа ягона хатога йўл қўйди ва мезбонлар фарқни қисқартиришди.

«Челси» ва «Уотфорд» ҳам навбатдаги 3 очкони қўлга киритишди. Лондонликлар устунлиги 72-дақиқада голга айланди - Педро олисдан йўллаган зарбаси билан «Борнмут» дарвозабонини доғда қолдирди. 85-дақиқада Эден Азар ўз номини таблога ёздирди. Бельгиялик футболчи ҳар бир ўйинни гол ёки самарали узатма билан тугатмоқда. Меҳмонлар «Стэмфорд Бриж»да дастлабки мағлубиятни тан олишди. Ўз майдонида «Тоттенхэм»ни қабул қилган «Уотфорд» иродали ғалабага эришди (2:1) ва ғолибона юришини давом эттирмоқда. Шунингдек, «МЮ» ва «Арсенал» ҳам бу турни ғалаба билан якунлашди. «Тўпчилар» Кардифф сафаридан, «Қизил иблислар» эса Бёрнлидан 3 очко билан қайтишди. Амалдаги чемпион - «Манчестер Сити» бу турда қийинчилик билан бўлсада «Ньюкасл»ни маҳв этди.

Испания. Куртуанинг омадсиз дебюти

Жамоаларнинг еврокубок турнирларидаги иштироки боис, Ла Лиганинг 3-тури 31 августда бошланди. Жумладан, «Вильярреал» ўз уйида «Жирона»ни қабул қилиб, кутилмаганда имкониятни бой берди - 0:1. Учрашувдаги ягона гол меҳмонлар вакили Кристиан Стуани ҳисобига ёзилди. Эртасига Тибо Куртуа «Сантьяго Бернабеу»да ўз дебютини нишонлади. Лекин дебют бельгиялик посбон учун омадсиз бўлди - Мадридга ташриф буюрган «Леганес» якунда маҳв этилган бўлсада (4:1), Тибони ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди. Амалдаги чемпион - «Барселона» эса дебютант - «Уэска»ни аяб ўтирмади - 8:2. Эътиборлиси, меҳмонлар номдор рақибга муносиб қаршилик кўрсатишди, ҳатто ҳисобни очишга ҳам улгуришди. Аммо майдон эгалари 2-бўлимда яққол устунликка эришиб, рақибни яна 5та гол билан жазолашди.

«Атлетико» «Сельта» майдонига сафар уюштириб, Вигодан қуруқ қайтди - учрашув ўрталарида урилган 2 гол мезбонларга 3 очко келтирди.

Италия. Ёлғиз «Юве» йўқотишсиз

«А» сериянинг дастлабки 3 туридан кейин фақат «Ювентус» 100 фоизли натижа билан бормоқда. Чемпион бу гал Пармада меҳмон бўлиб, сафардан камтарона (2:1), лекин муҳим ғалаба билан қайтди. Манжукич 2-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Матюидининг аниқ зарбаси ўйин тақдирини ҳал қилди. Қизиғи, мухлислари интиқлик билан кутган Роналду учинчи уринишда ҳам гол ура олмади. Эҳтимол, португалиялик «ўзга сайёра» вакили навбатдаги турда ўзини кўрсатишга муваффақ бўлар? Келаси якшанба оқшомида «Ювентус» Туринда «Сассуоло»ни қабул қилади.

Ниҳоят, Миланнинг икки номдор жамоаси ҳам бу турда ғалабага эришдилар. «Россонери» «Сан-Сиро»да «Рома»ни енгди - 2:1. Тенг курашлар остида кечган баҳсда Кессиенинг голига «бўрилар» тез орада жавоб беришганди, аммо Кутроненинг сўнгги лаҳзалардаги аниқ зарбаси зафарни таъминлади. «Интер» эса Болоньядан йирик (3:0) ғалаба билан қайтди. Айниқса, 2-бўлимни Спаллетти шогирдлари уюшқоқлик билан ўтказиб, рақибни 3 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишди. Дастлабки икки беллашувни муваффақиятли ўтказган «Наполи» кутилмаганда «Сампдория»га имкониятни бой берди - 0:3. Генуяликлар ҳужумчиси Грегоре Дефрелнинг «дубл»и номдор рақибни гангитиб қўйган бўлса, ажабмас. Ҳар ҳолда, меҳмонлар мувозанатни тиклай олишмади. Танаффусдан кейин эса майдон эгаларининг 35 ёшли фахрийси Фабио Квальярелла рақиб дарвозасига тескари турган ҳолда тўпни товони билан дарвозага йўллади.

Германия. «Герта»дан шиддатли старт

«Бавария»нинг илк турдан етакчи бўлиб олиши ҳеч кимни ажаблантирмаган бўлса, «Герта» берлинлик мухлисларга ёқимли сюрприз туҳфа этди. Стартдаги камтарин ғалабадан (1:0) кейин жамоа Гельзенкирхенда «Шальке» устидан ишончли тарзда зафар қучди. Сафардаги муваффақиятнинг эътиборли жиҳати шундаки, мезбонлар ҳисобни очиш учун 100 фоизли имкониятдан фойдалана олишмади. Қўшимчасига, ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. 16-дақиқада «Шальке» дарвозасини забт этган Ондрей Дуда сўнгги сонияларда яна бир марта рақиб посбонини ранжитди.

Ўтган мавсумни муваффақиятли ўтказган «Байер» ҳозирча бирорта очкога эриша олгани йўқ. Бу гал жамоа ўз майдонида дебютант - «Вольфсбург»дан енгилди. Натижада «бўрилар» етакчи учликдан, «доришунослар» эса жадвал тубидан жой олишди.

Бундеслига гранди бу турда ҳам рақиб дарвозасини 3 марта ишғол этди. Лекин старт беллашувидан фарқли ўлароқ, ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олди.

Франция. «Монако»нинг аламли мағлубияти

Биринчи дивизионнинг навбатдаги тури ҳам амалдаги вице-чемпион - «Монако» учун омадсиз кечди. Бу сафар князлик клуби ўз уйида «Марсел»дан аламли мағлубиятни қабул қилди. Азалий рақиблар баҳси муросасиз тарзда ўтиб, кескин вазиятларга бой бўлди. Ҳисоб эса танаффус арафасида меҳмонлар томонидан очилди. 2-бўлим мезбонлар фаоллиги билан бошланиб, Фалькаонинг тиришқоқлиги эвазига улар олдинга чиқиб олишди. Аввалига Радамелнинг кучли зарбасидан сўнг дарвозабон қайтарган тўпни Тилеманс голга айлантирди, кейин Фалькао ўз жамоасини олдинга олиб чиқди. Аммо ғалабани ушлаб қолишнинг иложи бўлмади - Товен ва Жерменнинг аниқ зарбалари меҳмонларга 3 очко тақдим этди.

«ПСЖ» эса қўшни чемпионатлар грандларидан ибрат олган ҳолда зафарли юришини давом эттирди. Бу гал Томас Тухель шогирдлари дебютант «Ним»ни синовдан ўтказишди. Беллашув кескин тарзда ўтиб, мухлисларга 6та гол ҳадя этди. Эътиборлиси, мезбонлар икки тўп фарқини йўққа чиқара олдилар. Лекин Мбаппе ва Каванининг голлари жавобсиз қолди - 2:4.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz