Қайднома

Қидирув

Етакчилик маҳсули ёки Муминжонов ва Алибоевлар ой лауреатлари!!!

Етакчилик маҳсули ёки Муминжонов ва Алибоевлар ой лауреатлари!!!

  09.09.2018 20:21
  0
  627
Етакчилик маҳсули ёки Муминжонов ва Алибоевлар ой лауреатлари!!!

«ИнтерФутбол» ойнинг энг яхшиларини аниқлашда давом этади. Демак, ёзнинг сўнгги 31 кунлигига назар ташласак, Pepsi Суперлигада 3та тур ўтказилди. Қолаверса, Ўзбекистон терма жамоаси Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида қатнашди. Ички чемпионатда навбатдаги «олтин очколар»ни ўз ҳисобига ёзиб қўйган «Навбаҳор» иккинчи босқични пешқадам сифатида бошлайдиган бўлди. Шунингдек, юқори олтиликда қолиш пойгасида «Металлург» бошқа рақобатчиларидан устунроқ чиқди. Қитъа мусобақасида эса гуруҳ ва 1|8 финал босқичини муваффақиятли босиб ўтган термамиз Сон Хюн Мин етакчилигидаги Жанубий Кореяга ютқазишди. Август ойи лауреатларини аниқлашда айнан мана шу ўйинларда ўзини ижобий томондан кўрсатган футболчилар ва шогирдлари билан мақтовга лойиқ натижаларга эришган мураббийлар номига мурожаат этдик.

Осиё ўйинлари-2018нинг футбол мусобақаларида Ўзбекистон термаси фаворитлар қаторида тилга олинганди. Дарҳақиқат, вакилларимиз шунга мос ўйин кўрсатиб, гуруҳда юз фоизлик натижа қайд этишди. 1|8 финалда ҳам Гонконг жамоаси мағлубиятга учратилгач, кейинги рақиб эски танишларимиз - Жанубий Корея термаси бўлди. Муросасиз кечган ўйинда ҳамюртларимиз имкониятни бой беришди. Шунга қарамай, йигитлар борларини бериб ўйнашди. Айниқса, «Локомотив» ярим ҳимоячиси Икром Алибоевнинг ўйини алоҳида мақтовга сазовор. У Осиё ўйинларида 5та учрашувда тўп суриб, 5та гол урди ва 2та самарали узатма муаллифига айланди. Демак, август ойи лауреатлари рўйхатида биринчи ўринни айнан шу футболчи эгаллади.

Pepsi Суперлига-2018 иккинчи босқичини пешқадам сифатида бошлайдиган «Навбаҳор» ёзнинг сўнгги ойида «Бухоро»ни енгиб, мухлисларини хурсанд қилди. Наманган жамоаси сафида ўзини ижобий томондан кўрсатаётган орасида Жаҳонгир Меҳмоновни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Айнан шу футболчи бу сафар рейтингнинг иккинчи поғонасига лойиқ кўрилди. Маҳоратли ҳимоячи ҳақиқий етакчиларга хос тарзда мудофаа чизиғи мустаҳкамлигини таъминлаб, ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишни ҳам унутмаяпти. Албатта, Меҳмонов ҳал қилувчи босқичда ҳам «лочинлар»га кўп ёрдам беришига ишонамиз.

Август ойини сермаҳсул ўтказганлардан бири - «Металлург» вингери Ислом Исоқжонов. Ёзнинг сўнгги 31 кунлигида 3та учрашувда майдонга тушган ярим ҳимоячи 166 дақиқа тўп сурди ва ўз ҳисобига 4та гол ва битта ассист ёздириб қўйди. Асосийси, унинг голлари бекободликлар учун якунда муҳим аҳамият касб этиб, «Металлург» кучли олтиликда қолиш вазифасини уддалади. Шуни инобатга олган ҳолда, Исоқжоновни ҳам лауреатлар рўйхатига киритишни мақсадга мувофиқ деб билдик.

Шу ўринда, августда Суперлигада ажойиб ўйин намойиш этган Жасур Ҳасанов (АГМК), Исмоил Гонсалвеш («Пахтакор»), Сардор Мирзаев («Локомотив»), Осиё ўйинларида ўзидан ёрқин таассурот қолдирган Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»), Одил Ҳамробеков («Насаф»), Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912») каби футболчиларни ҳам эътироф этиш даркор.

Энди ойнинг энг яхши мураббийларидан ташкил топган учлик билан таништирамиз.

Юқорида таъкидлаганимиздек, юқори олтиликдаги рақибларидан очко олиш бўйича ижобий натижага эришган «Навбаҳор» иккинчи босқични пешқадам сифатида бошлайдиган бўлди. Ушбу муваффақиятнинг қўлга киритилишида, албатта, Илҳом Мўминжоновнинг ҳиссаси катта. Шу боис, август лауреатлари рейтингида биринчи ўринни айнан «лочинлар» устози эгаллади. Тўғри, наманганликлар августда ўтказилган иккита учрашувда ютқазишди, аммо мазкур баҳсларнинг аҳамиятсиз эканлигини инобатга олсак, буни йўқотиш сифатида қабул қилмаса ҳам бўлаверади. Муҳими, «Навбаҳор» юқори олтиликдан жойини кафолатлаган «Бухоро»ни ўз майдонида енгди (2:0). Энди Мўминжонов бошчилигидаги жамоани янада жиддий синов кутмоқда. Кўрайлик-чи, бу жамоа ҳал қилувчи босқичда ҳам рақибларини таслим эта олармикан?!

Суперлиганинг бугунги кундаги форматидан келиб чиқсак, дастлабки босқичда кучли олтиликка кириш ҳам қаҳрамонликка тенглаштирилиши мумкин. Демак, ушбу масъулиятли вазифани уддалаган «Металлург» ва жамоа устози Андрей Шипилов ҳам назардан четда қолмаслиги лозим: мураббийлар рўйхатида 2-поғонани айнан шу мутахассис эгаллади. Сўнгги паллада 6-ўрин «Қўқон-1912»га бой берилиши ҳеч гап эмасди. Аммо АГМК майдонига сафар уюштирган бекободликлар муросасиз беллашувда «камбэк» қайд этиб, Олмалиқдан уч очко билан қайтишди. Энди Шипилов бошчилигидаги жамоадан кучлилар сафига тасодифан кириб қолмаганини исботлаш талаб этилади.

Учинчи ўринда - «Локомотив» бош мураббийи Андрей Фёдоров. «Темирйўлчилар» ёзнинг сўнгги ойида ўтказилган 3та учрашувда 4та «олтин очко» жамғаришди. Натижада «Локо» Суперлига биринчи босқич якунларига кўра, 18 очко билан иккинчи поғонани эгаллади. Умуман, чемпионликка асосий даъвогарлардан бири бўлган бу жамоанинг имкониятлари анча ошди. Эришилган ютуқларда эса Фёдоровнинг ҳиссаси катта, албатта. Кейинги ўйинларда «темирйўлчилар»га рақиблик қиладиган ҳар қандай жамоа қийинчиликка учраши табиий.

Августда ютуққа эришган мураббийлар ҳақида сўз борганда, «Нефтчи» устози Баҳром Ҳайдаровнинг хизматларини эътироф этиш даркор. Эътибор беринг, жорий мавсумни ўта муваффақиятсиз тарзда бошлаган Фарғона жамоаси биринчи босқичнинг охирги 3та турида 2та ғалаба ва бир дуранг қайд этди. Ваҳоланки, рақиблар анойи эмасди: «Навбаҳор», «Локомотив», «Қўқон-1912». Бу ютуқлар учун ҳал қилувчи босқични муваффақиятли тарзда бошлашга туртки бўлса, ажабмас. Шунингдек, қисқа муддатда АГМК ўйинини ижобий томонга ўзгартирган Бахтиёр Ашурматов ҳам август ойи лауреатлари сафидан жой эгаллашга лойиқ эди. Аммо якунда унинг бошқа клублардаги ҳамкасблари эришган ютуқлар салмоқлироқ бўлиб чиқди.

 

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

Т|р       Футболчи        Ўйин    Дақиқа Гол      Ассист

1. Икром Алибоев       6          550       5          2

2. Жаҳонгир Меҳмонов           2          180       1          -

3. Ислом Исоқжонов   3          166       4          1

Изоҳ: Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.

 

ФУТБОЛЧИЛАР

Январь

1. Одил Ҳамробеков («Насаф»)

2. Жасур Яхшибоев («Пахтакор»)

3. Акром Комилов («Бунёдкор»)

Февраль

1. Игнатий Нестеров («Локомотив»)

2. Игорь Голбан («Насаф»)

3. Икром Алибоев («Локомотив»)

Март

1. Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»)

2. Ботирали Эргашев («Навбаҳор»)

3. Суҳроб Нуруллоев («Металлург»)

Апрель

1. Элдор Суюнов («Пахтакор»)

2. Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор»)

3. Арслонмурот Аманов («Бухоро»)

Май

1. Азиз Турғунбоев («Навбаҳор»)

2. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

3. Сардор Собирхўжаев («Бунёдкор»)

Июнь

Лауреатлар аниқланмаган.

Июль

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор»)

3. Дарко Станоевич («Навбаҳор»)

Август

1. Икром Алибоев («Локомотив»)

2. Жаҳонгир Меҳмонов («Навбаҳор»)

3. Ислом Исоқжонов («Металлург»)

 

МУРАББИЙЛАР

Январь

1. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-23 т.ж.)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Февраль

Лауреатлар аниқланмаган.

Март

1. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

2. Андрей Шипилов («Металлург»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Апрель

1. Улуғбек Бақоев («Бухоро»)

2. Сергей Лушан («Сўғдиёна»)

3. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

Май

1. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

Июнь

Лауреатлар аниқланмаган.

Июль

1. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Август

1. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

2. Андрей Шипилов («Металлург»)

3. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

 

УМУМИЙ НАТИЖА

Мураббийлар

1. Илҳом Мўминжонов - 12 очко

2. Миржалол Қосимов - 11 очко

3. Андрей Шипилов - 6 очко

4-5. Равшан Ҳайдаров - 5 очко

4-5. Улуғбек Бақоев - 5 очко

6-7. Шота Арвеладзе - 4 очко

6-7. Андрей Фёдоров - 4 очко

8-9. Рўзиқул Бердиев - 3 очко

8-9. Сергей Лушан - 3 очко

 

Умумий натижа

Футболчилар

1-2. Жавлон Иброҳимов - 6 очко

1-2. Икром Алибоев - 6 очко

3-8. Одил Ҳамробеков - 5 очко

3-8. Игнатий Нестеров - 5 очко

3-8. Хуршид Ғиёсов - 5 очко

3-8. Элдор Суюнов - 5 очко

3-8. Азиз Турғунбоев - 5 очко

3-8. Марат Бикмаев - 5 очко

9-13. Жасур Яхшибоев - 3 очко

9-13. Игорь Голбан - 3 очко

9-13. Ботирали Эргашев - 3 очко

9-13. Жалолиддин Машарипов - 3 очко

9-13. Жаҳонгир Меҳмонов - 3 очко

14-19. Акром Комилов - 1 очко

14-19. Суҳроб Нуруллоев - 1 очко

14-19. Арслонмурот Аманов - 1 очко

14-19. Сардор Собирхўжаев - 1 очко

14-19. Дарко Станоевич - 1 очко

14-19. Ислом Исоқжонов - 1 очко

 

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

 

Ўткир УМАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz