Қайднома

Қидирув

1994 йили Ўзбекистонни чемпион қилган терма жамоа бошидан ўтган қийинчиликлар

1994 йили Ўзбекистонни чемпион қилган терма жамоа бошидан ўтган қийинчиликлар

  11.09.2018 06:33
  0
  2688
1994 йили Ўзбекистонни чемпион қилган терма жамоа бошидан ўтган қийинчиликлар

Осиё ўйинлари-2018да Ўзбекистон футболчилари иштирокни якунлашган бир паллада 1994 йили мазкур мусобақа чемпионлигини нишонлаган термамизнинг таркиби қандай саралангани ҳақида суҳбатлашсак.

Афсуски, айнан ўша тарихий ютуқни такрорлаш вакилларимизга насиб қилмади.

Сўзимиз муқаддимасида шуни таъкидламоқчиманки, ўшанда якуний таркиб сафарга чиқишга яқин аниқ бўлганди. Камида иккита позицияда рақобат кучли эканлиги боис, мураббийлар Осиё ўйинларига кимни олиб кетиш бўйича якуний қарорга келишда қийналдилар. Ўшанда термага киролмаганлар орасида Рустам Абдуллаев ва Рустам Забиров ҳам бўлишган.

Шунингдек, саралаш жараёни бошланишидан бир ярим ой аввал оёғидан жиддий жароҳатланган Александр Тихоновнинг ҳам қитъа мусобақасида қатнашиши сўроқ остида эди. Аммо ушбу футболчи Хиросимадаги турнирга бориб, жамоанинг асосий ўйинчиларидан бирига айланган.

Бошқа томондан, Степан Атояннинг ҳам Осиё ўйинларидаги иштироки аниқ бўлмаган, аслида ҳам у тикланишга улгурмай, барча учрашувларни захира ўриндиғидан кузатганди.

Мавриди келганда эслатиб ўтсам: ўшанда Хиросимага 17 футболчи, 2 мураббий ва бир шифокордан (массажчи ҳам) иборат таркиб борганди.

Тиббиёт ходими Анатолий Туриковнинг айтишича, танлашдан аввал унга савол беришган:

- Массажчиликни ҳам эплайсизми?

- Албатта.

Айнан шу жавоб унинг тақдирини белгилаган. Ҳам шифокор, ҳам массажчини олиб кетиш у пайтлардаги ЎФФ учун ортиқча харажат ҳисобланган.

Умуман, Ўзбекистон термасининг 1994 йилги Осиё ўйинларида қатнашиши сўроқ остида эди. Мамлакатнинг спорт бўйича раҳбарлари футболчиларнинг медаллар олиш учун имкониятларига шубҳа билан қараб, улар давлат бюджетидан эмас, балки федерация ҳисобидан боришлари керак, дея таъкидлашган.

Ўша пайтга келиб, қайта шаклланган ЎФФ ҳисобида бор-йўғи 14 минг доллар бор эди, холос. Бир спортчининг Хиросимада яшаши 700 долларга тушарди. Демакки, маблағ фақат 20 кишини таъминлашга етарди. Шу боис ҳам футбол термаси делегациясидан 17 ўйинчи, 2 мураббий ва бир шифокор-массажчи ўрин эгаллашди.

Осиё ўйинлари-1994 билан боғлиқ яна бир воқеа либосларга бориб тақалади. Кимларнингдир ёдидан кўтарилгандир, аммо Ўзбекистон термаси ушбу мусобақадаги БАРЧА етти ўйинни БИР ХИЛ - кўк рангли экипировкада ўтказган.

Таъкидлаш жоиз, ўтган асрнинг 90-йилларида миллий жамоамиз ягона формага эга эмасди. Терма оқ, кўк, сариқ, яшил ва ҳаттоки, қизил рангдаги либосда майдонга тушган. Хиросимадаги турнирга таркиб йиғишдан аввал ЎФФ мутасаддилари омборда махсус футболкалар йўқлигини ошкор этишди.

Умуман йўқ эди. Ўшандаёқ функционерлар тезкор равишда Дмитрий Шелочковга либос ТИКИШ бўйича буюртма беришди. Шелочков бугунги кунда ҳам унчалик катта бўлмаган тикувчилик фабрикаси хўжайини ҳисобланади. Албатта, ўша кезлари Тошкентда «Абу-Саҳий» бозори бўлганида, масала ечими мутлақо ўзгача кўриниш олармиди?!

Бироқ 1994 йили чеварларга мурожаат этиш маъқулроқ кўрингач, Шелочков қисқа муддатда бир хил комплектдаги - кўк рангли футболкаларни термамизга тақдим этишга улгурган.

Шунда ҳам, либослар фақат майдон ўйинчиларига аталганди. Дарвозабонлар Хиросимага ўз футболкаларида боришган. Мисол учун, Юрий Шейкин бутун турнирни Голландиянинг «НЕК Ниймиген» клубидаги ҳамкасбининг свитерда ўтказган.

Аниқроғи, ўша йилнинг августида Голландиянинг икки жамоаси - «НЕК» ва «Витесс» Мустақиллик кубогида қатнашиш учун Тошкентга келишганди. Ўзбекистон термаси ушбу турнир финалини «НЕК» клубига қарши ўтказган, Шейкин мазкур учрашув сўнгида рақиб посбони билан либосини алмаштирганди.

Шундай қилиб, Шелочков кўк футболкаларни тикди. Омбордан ФИФА семинарларининг биридан сўнг қолган оқ шортлар ва гетралар топилди. Комплект тўлиқ бўлди. Шелочков тиккан либосларда фақат рақамлар битилганди. Хиросимада эса агар футболчилар фамилияси ҳам футболкага битилмаса, ўйинларга қўйилмаслиги аниқ бўлди.

20 йил давомида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг асосий фигураларидан бирига айланган Роман Исаевич Ицковнинг эслашича, либосларга фамилияларни ёзиш учун вақт жуда оз бўлган - атиги бир кун.

Боз устига, ушбу сана Японияда дам олиш кунига тўғри келганди. Аммо Япония ва Ўзбекистон дўстлик жамияти вакиллари кўмагида бўш кунлари буюртмаларни бажарадиган бир фирма хўжайинини топишди.

Шу тариқа турнир бошланишига бир неча соат қолганда Ўзбекистон термаси, ниҳоят, формаларнинг тўлиқ комплектига эга бўлди. Бироқ шу комплект ҳам битта бўлиб, буёғига бўлажак рақибларнинг кўк либосда ўйнамасликларига умид қилиш қолганди. Шундай ҳам бўлди. Барча рақибларнинг бош-қа тусдаги футболкаларда тўп суришлари ЎФФни муаммолардан асради.

Осиё ўйинлари-1994 ҳақидаги учинчи ҳикоямиз таркибга кирмаганларга бағишланади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Хиросимага борган жамоа 17 футболчидан иборат бўлган, ваҳоланки, «заявка»га 20 нафар ўйинчини олиш мумкин эди. Такрорлайман - ЎФФнинг ўшанда пули камлик қилган.

Ҳа, ўша йиллари термада таркибга кириш учун жиддий рақобат ҳукмронлик қилганини бугун ширин хотиралар билан ёдга олаверамиз. Масалан, Владикавказнинг «Алания» таркибида тўп сурган Геннадий Денисов таркибдан тушиб қолган.

Ваҳоланки, у ҳам чап қанот, ҳам марказий ҳимояда ўйнай оларди. Аммо терма жамоа бош мураббий Рустам Акрамов мудофаа марказини Фарҳод Магометов, Андрей Фёдоровга ишониб, захира варианти сифатида Улуғбек Рўзимовни танлаган. Чап қанотда эса Александр Тихонов фойдалироқ кўринган.

Ярим ҳимояга, мисол учун, Нўъмон Ҳасанов олинмаган. Ушбу футболчи 1994 йилнинг апрелида ўтказилган Марказий Осиё кубоги баҳсларида, гарчи захирадан тушса ҳам, мунтазам ўйнаганди. Ҳасановнинг дриблинги ва сўнгги пасни аниқ бериши уни бошқалардан ажратиб турарди.

У ярим ҳимоя марказида қанчалик самара келтирса, чапда ҳам шундай тўп сурарди. Аммо Акрамов якунда марказга Миржалол Қосимовни, чап қанотга Сергей Лебедевни танлади. Ҳар икки футболчи Осиё ўйинларини юқори даражада ўтказишди, Ҳасанов эса «заявка»нинг қисқалигидан ачиниш билан чекланди.

Энг қизиқ ҳолат ҳужумчи танлаш вақтида юзага келди. 1994 йилги Ўзбекистон чемпионати тўпурари Равшан Бозоров, гарчи миллий биринчиликнинг сўнгги мавсумида 26та гол урган бўлсада, терма таркибига кирмади.

Айтишларича, Осиё ўйинлари ўтказилишидан бир ой аввал, Тошкентда ташкил этилган Мустақиллик кубоги финал баҳсидан сўнг Бозоров ва Акрамовнинг ораларига совуқчилик тушган. Оқибатда, Бозоров термадан четда қолди.

Шунга қарамай, Хиросимада бошқа форвардлар - Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Шуҳрат Мақсудов ҳамда Рустам Дўрмонов ўзларини кўрсатишди. Уларнинг барчаси ОЎ-1994да жамоа муваффақиятига муносиб улуш қўшдилар.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, якуний натижадан келиб чиқсак, футболчилар танлови тўғри бўлган, ушбу мавзуга тўхталишдан мақсадимиз эса ўша даврда термадаги рақобат қанчалик кучли бўлганини кўрсатишдан иборат эди. Бинобарин, бош жамоа таркибига киритилмаганлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин: мисол учун, Павел Бугало, Олег Шацких.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий термаси учун яқин орадаги расмий мусобақа БААда ўтказиладиган Осиё кубоги саналади. Гуруҳдаги рақибларимиздан бири Япония мазкур турнирга тайёргарлик режаларини ошкор қилди: Жанубий ва Шимолий Америка жамоалари, шунингдек, Янги Зеландияга қарши ўз майдонида 7та ўртоқлик ўйини ўтказади.

Япония ҳозирда янги мураббий, аввалги йили олимпия термасини бошқарган Хажиме Мориясу қўл остида тараддуд кўрмоқда. Ушбу мутахассис сўнгги 20 йилдан сўнг Япониянинг миллий ва олимпия термаларида бир вақтнинг ўзида ишлайдиган даст-лабки мураббийга айланади. Сўнгги маротаба ушбу икки жамоани «уйғунлаштирувчи» вазифасини Филипп Труссье бажарганди.

Мориясу Осиё кубогида ҳам футболчи (1992 йил), ҳам мураббий (агар ОК-2019да зафар қучса) сифатида ғалаба қозонган биринчи шахс бўлиб тарихга кириши мумкин. Ўз навбатида, ушбу терманинг барча 7та назорат ўйини ўтказиш режаси Мориясу миллий жамоага бош мураббий этиб тайинланишидан аввал тасдиқланганди.

Алишер НИКИМБАЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz