Қайднома

Қидирув

«Сенсация» манбаи ёхуд миллий кубок турнирларининг энг «ғалати» финаллари

«Сенсация» манбаи ёхуд миллий кубок турнирларининг энг «ғалати» финаллари

  12.09.2018 00:23
  0
  977
«Сенсация» манбаи ёхуд миллий кубок турнирларининг энг «ғалати» финаллари

Германия кубогининг амалдаги соҳиби - «Айнтрахт» навбатдаги турнирнинг илк раундидаёқ курашдан четга чиқди.

Қаранг, биллур совринни «Бавария»ни «сенсацион» тарзда енгиш асносида қўлга киритган Франкфурт жамоаси кўпчиликка нотаниш «Ульм» қаршилигини енголмади. Умуман олганда, Европадаги миллий кубок турнирлари доимо шов-шувли натижалар тақдим этиши билан ҳам қизиқ.

Мисол учун, Россия кубоги-2017|2018 финалида «Тосно» ва «Авангард» клублари ўйнашини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Яқин тарихга назар солсак, бу каби «ғалати» финаллар етарлича кўзга ташланади.

Германия кубоги - 2003|2004: «Вердер» - «Алемания» (иккинчи дивизион) - 3:2. «Вердер» - чемпион, «Алемания» - УЕФА кубоги саралаши «плей-офф» босқичида! Бу гап ҳозир қулоққа жуда ғалати эшитилади, тўғрими? Лекин факт  ўзгармайди: вақтида (узоқ тарихда ҳам эмас) реал воқеа шундай бўлганди.

Бугун эса Ахен жамоаси Германия ҳудудий лигасида «изғимоқда». Айтиш ўринли, «Алемания» ўша финалдан 10 йилча олдин ҳам мамлакат футболида чакки ўрин тутмасди. Мавсум-2003|2004га келсак, у жамоа учун чинакам юксалиш даврига айланиши керак эди. Бироқ ахенликларга ҳар икки йўналишда атиги бир қадам етишмайди.

Аниқроқ айтсак, жамоанинг иккинчи Бундеслигадан юқорига сакрашига 1тагина очко камлик қилади, биллур соврин учун курашни яна 30 дақиқа узайтириш учун эса 1тагина гол... Лекин еврокубок йўлланмаси «Алемания»нинг катта ҳажмдаги меҳнати ва жасорати учун муносиб мукофот бўлади - ҳам моддий, ҳам маънавий томондан.

Чунончи, «Вердер» ўша мавсум «олтин дубл»га эришгани учун кубок турнири учун ажратилган еврочипта финалчига насиб этади. Диққатга сазовор томони, «картошка қўнғизлари» халқаро майдонда ҳам катта шов-шув кўтаришганди.

Дейлик, гуруҳ босқичида «Зенит»дек рақибни ортда қолдиришади. Хуллас, улар УЕФА кубогидаги иштирокдан маънавий озуқа олишдан ташқари, бинойидек мукофот пулига эга чиқишган.

Англия кубоги - 2007|2008. «Портсмут» - «Кардифф Сити» (иккинчи дивизион) - 1:0. Англия кубоги расман сайёрамиздаги энг қадимий футбол турнири саналади. Анъаналар нуқтаи назаридан эса, бу энг консерватив мусобақадир. Мисол учун, ҳал қилувчи ўйин фақат «Уэмбли»да ўтказилади. Лекин турнир қаҳрамонлари рўйхатининг анъаналарга унча дахли йўқ.

Хусусан, Харри Реднапп томонидан тузилган «Портсмут» ҳам ғолиблар қаторига қўшилган. Эътиборлиси, портсмутликлар «кучли тўртлик»нинг узоқ давом этган «гегемония»сига барҳам беришганди. Лекин ўша мавсумнинг бош «сенсация»чиси сифатида финалчи - «Кардифф Сити» эътироф этилади.

Биринчидан, у АПЛ иштирокчиси эмасди, иккинчидан, Англия ташқарисидан эди! Хуллас, Чемпионшипда 12-ўринни эгаллаган Уэльс вакилидан ҳеч ким бундай «сурбет»лик кутмаганди. «Кардифф Сити» мўъжазгина Честаунда атиги 2420 мухлис кўз ўнгида старт олиб, Лондонда ҳақиқий «аншлаг» кузатилган ўйинда финиш маррасини босиб ўтади.

Қизиқ, лекин факт: айнан «Портсмут» - «Кардифф» финалида кубок турнирининг янги «Уэмбли»даги тарихида мухлислар ташрифи бўйича рекорд натижа қайд этилганди - ўйинни 89874 киши бевосита кузатиб борган. Фақат шуниси борки, бу мухлислар эҳтиросларни жунбушга келтирадиган футбол томошасига гувоҳ бўлишмаган.

Чунки икки жамоа ҳам ўта эҳтиёткор ва ёпиқ ўйин услубига таянганди. Ҳаммасини эса «Кардифф»нинг финляндиялик кипери Петер Энкельман хатоси ҳал қилган. У вазиятлардан бирида тўпни шунчаки, Нванкво Кану оёқлари остига ташлаб берганди...

Дарвоқе, орадан 2 йил ўтиб, «Портсмут» яна финалга йўл олди, аммо бу сафар «заиф» томон сифатида ўйнаб, «Челси»га айнан 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

Испания кубоги-2002|2003. «Рекреативо» - «Мальорка» - 0:3. Ҳа, Испанияда ҳам катта клублар вақти-вақти билан миллий кубокка бефарқ қарашади. Мисол учун, «Барселона» 15 йилча олдин турнирдан биринчи раунддаёқ «учиб» кетганди.

Провинция жамоаси - «Новельда» тарихи ва «Барса» дарвозасига 3та гол урган Мадригаль фаолиятида 2002 йилнинг 13 сентябридан кўра, ажойиброқ кун бўлмаса керак. Қизиғи, йирик «сенсация» билан бошланган ўша мусобақа худди шу руҳда хотима топган.

Андалусиянинг мўъжазгина шаҳри - Уэльва шарафини ҳимоя қилувчи «Рекреативо» тарихда Примерода «жон» сақлаш учун курашувчилар гуруҳидан финалга чиққан иккинчи клуб бўлганди (ишонмаслигингиз мумкин, аммо уэльваликлар учун мўъжизавий даврдан 3 йилча олдин ...«Атлетико» жадвалнинг «қора» чизиғида бора туриб, кубок финалига йўл олганди).

Бироқ ҳал қилувчи баҳсга келиб, «Рекре»нинг жасорати тугаган. «Мартинес Валеро» (Эльче) стадионида ўтказилган финалда аутсайдер клуб «Мальорка» олдида мутлақо ожиз қолганди.

Вальтер Пандиани ва Самуэль Это~О («дубль»)нинг голлари оролликларга иккинчи биллур сов-ринни тақдим этган. Айтиш жоиз, ўша зафар «Мальорка» учун ҳозирга қадар охиргиси бўлиб турибди.

Франция кубоги-2011|2012. «Лион» - «Кевийи» (учинчи дивизион) - 1:0. Эҳтиросли французлар футболдаги бундай «романтик-комик» сценарийларни ҳам жуда қадрлашади. Ҳар ҳолда, бу мамлакат кубок турнирида кутилмаган натижалар тез-тез қайд этилади.

Тўғри, одатга кўра, барчаси заиф томон учун аламли тугайди, лекин бу воқеа аҳамиятини заррача пасайтирмайди. Диққат қилинг, охирги чорак асрнинг ўзида Франция кубогида қуйи дивизион вакилининг чўққи сари интилиши 10 марта (!)ча кузатилди. Шундай ажабтовур юришлардан бири иккинчи лига иштирокчисининг тўлақонли зафарига уланди.

Яъни 2009 йили биллур соврин қуйи дивизион номидан қатнашган «Генгам»­га насиб этди. Лекин у анча жиддий ва таниқли жамоа, дейлик, генгамликлар элитага қайтишганидан ке-йин ҳам кубок турнирида ғалаба қозонишни уддалашди. Атиги 22 минг аҳолиси бор шаҳарчада тузилган «Кевийи»нинг жасорати эса мутлақо бошқа масала.

Ҳа, ушбу қадимий клуб тарихида яна бир финал бор, аммо у узоқ ўтмиш - 1927 йили кузатилган. Шунинг учун бўлса керак, мавсум-2011|2012да «Кевийи» томонидан қайд этилган натижа бутун Францияни ҳайрат кўчасига етаклади.

Қаранг, Юқори Нормандиянинг ушбу яримпрофессионал жамоаси «Стад де Франс»даги ўйинга чиқишгача нақ 9та раунд (!)ни матонат билан босиб ўтди. «Кевийи» бу йўлда хусусан, «Марсель» ва «Ренн» каби номдор рақибларни четга сурди.

Табиийки, бу қаҳрамонликка мукофот тариқасида сиғими 76 мингга тенг Париж аренасининг катта қисми финалда айнан «Кевийи»ни чин юракдан қўллаб-қувватлади. Бироқ жамоанинг яна бир мўъжиза кўрсатишга кучи етгани йўқ. Ваҳоланки, унда имконият бор эди. Кичиккина.

Гап шундаки, иккинчи бўлим ўрталарида Антони Лауп кам сонли қарши ҳужумларнинг бирида тўп билан «Лион» дарвозаси тўсинини нишонга олди. Бироқ адолат юзасидан айтиш керак, ҳаттоки, қўшимча бўлимлар ҳам фаворитга нисбатан ноҳақлик ҳисобланарди.

Зеро, «Лион» ўз услубида ўйнаб, аутсайдерни жарима майдончасига «қамаб» қўйганди. Хуллас, минимал ҳисоб - шунчаки, вазият тақозоси. Айтганча, финалдан сўнг «Кевийи» турнирнинг энг яхши нопрофессионал иштирокчиси сифатида махсус соврин олганди.

Франция кубоги-2017|2018. «ПСЖ» - «Ле Эрбье» (учинчи дивизион) - 2:0. Франция кубогида 4 йилдан буён финалчи алмашмоқда, аммо ғолиб ўзгармаяпти. «ПСЖ» бу вақт оралиғидаги ҳал қилувчи баҳсларда 2 марта олий  дивизион вакилига қарши ўйнади, қолган 2та финалда Париж гранди рақиби сифатида иккинчи ва учинчи лига иштирокчиси гавдаланди.

Қисқаси, ҳар 4та финалдан кейин кубок пойтахтда қолди. Умуман олганда, охирги мавсумда финал жуфтлиги кучи тенг эмас, шунчаки, ақл бовар қилмас даражада фарқли бўлиши 1 март куни қуръа ташлаш маросимидан кейиноқ ойдинлашганди.

Ҳа, Франция кубоги ярим финалида ҳаттоки, иккинчи ҳам эмас, учинчи дивизион вакилларининг ўзаро тўқнаш келишлари имкони бор. Эҳтимолки, Франция бу борада футболи тараққий этган мамлакатлар орасида ягонадир. Хуллас, финал йўлида ўз майдонида «Шамбли»ни енгган «Ле Эрбье» пойтахтдаги муҳташам аренада ўйнашдек нодир имкониятни қўлга киритди.

Боз устига, чинакам буюкларга қарши тўп суришдек бахтга сазовор бўлди. Зеро, «Ле Эрбье» футболчилари Дани Алвеш, Эдинсон Кавани, Килиан Мбаппе, Анхель ди Мариядек моҳир усталар билан олишишди. Эҳтимолки, Париж шу куни ўз меҳрини «ПСЖ»дан орттириб, камтарин меҳмонларга ҳам улашгандир.

Оддий айтганда, ҳал қилувчи баҳснинг натижаси «Ле Эрбье» учун иккинчи масалага айланди. Чунончи, финалда ўйнашнинг ўзи жамоа вакиллари учун чинакам мукофот, бир умрлик ёқимли хотира бўлди.

Айтиш мумкинки, учинчи дивизион иштирокчиси 0:2 ҳисобига қарамай, майдондан мағрур ҳолда чиқиб кетди. Ахир мағлуб жамоа сардорига кубокни боши узра баланд кўтариш имконини бериш - унутилмас воқеа. Бу ҳам французча илтифотнинг битта намунаси...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz