Қайднома

Қидирув

Фред: «Оила аъзоларим туфайли Манчестердаман»

Фред: «Оила аъзоларим туфайли Манчестердаман»

  12.09.2018 06:15
  0
  655
Фред: «Оила аъзоларим туфайли Манчестердаман»

Июнь ойида «Манчес­тер Юнайтед» Донецкнинг «Шахтёр» клуби ярим ҳимоячиси Федерико Родригес де Паула Сантос ёки оддий қилиб айтганда, Фредни 52 миллион фунт стерлингга сотиб олди.

Яқинда ушбу футболчи United We Stand нашрига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Белу-Оризонтидаги болалигингиз ҳақида гапириб берсангиз.

- Болалигим ажойиб ўтган. Оддий, камтар оиладанман. Бобом билан бувим бизга ёрдам беришарди. Ота-онам эрта саҳар ишга кетишарди. Мени эса бобом билан бувимга қолдиришарди. Кечқурун уйга олиб кетишган.

Оилани боқиш учун икковлари ҳам ишлашга мажбур эдилар. Ўсиб-улғайган жойимда дўстларим кўп бўлган. Ўша вақтларни соғинаман.

- Қайси жамоага мухлислик қилгансиз?

- Белу-Оризонтининг «Атлетико Минейро» клубига. Бу халқ жамоаси, фақат бир марта, 1970 йили Бразилия чемпиони бўлган. 2013 йили эса Либертадорес кубогида зафар қучиб, Жанубий Америка чемпионлигини нишонлаганмиз.

Клубнинг икки стадиони бор - «Минейран» ва «Индепенденсия». Бу ареналарда 2014 йилги жаҳон чемпионати ўйинлари ўтказилган. Клубимизнинг асосий рақиби «Крузейро» ҳисобланади.

Бу икки жамоа тўқнаш келганда пайдо бўладиган атмосферани сўз билан таърифлаш қийин. Ҳар ҳафта отам билан ўйинларга борардим, у футболнинг катта фанати. Менинг қаҳрамонларим футболчилар эмас, оила аъзоларим бўлган. Айнан улар туфайли Манчестердаман.

Шаҳрим катталиги бўйича Бразилияда учинчи ўринда туради. Бизда мамлакатдаги энг машҳур таом - тропейрони тайёрлашади. Айниқса, стадионларда. «Минейран»даги тропейрони барчасидан яхши кўраман.

- Нима учун «Атлетико Минейро» эмас, «Порту-Алегри»га ўтгансиз? Ахир «Порту-Алегри» унчалик кучли бўлмаган.

- Шартномам йўқлиги туфайли клубсиз қолгандим. «Атлетико Минейро»да ўйнаш орзум эди. Афсуски, ушалмади. Роналдиньонинг акаси ташкил қилган «Порту-Алегри» клуби таклиф билан чиқди. У ерда мени нима кутаётганини билмасдим.

Бу жамоа иккита гигант - «Гремио» ва «Интернасионал» ўйнайдиган катта шаҳарнинг кичик вакилидир. Олдинлари шаҳримдан четга чиқмагандим. Онамга агар мен билан бирга борса, таклифга кўнишимни айтдим.

У рози бўлди ва ишидан воз кечди. Умуман олганда, онам мен учун кўп нарсадан воз кечган. Унинг ёнимдалиги менга кўп ёрдам берди. Иккинчи дивизионда яхши ўйнадим ва тез орада «Интернасионал»га ўтдим.

- Ўз исмингизни қандай талқин қиласиз?

- Фреджи!

- Украина сизни нимаси билан кўпроқ ҳайрон қолдирди?

- Жуда қийналганман. Украинанинг урф-одати Бразилияникидан тубдан фарқ қилади. Лекин «Шахтёр»да 12 нафар бразилиялик тўп сурарди. Улар жамоага мослашишимда ёрдам беришган. Мураббийимиз руминиялик Луческу португал тилини биларди.

Шу боис ҳам русчани ўрганишимга ҳожат қолмаган. Футболдан ташқаридаги ҳаёт осон ўтмаган. Супермаркетга кирсам, ҳеч нима сотиб ололмасдим. Урф-одат ва иқлим мутлақо бошқача. Донецкка боргунимга қадар қорни умуман кўрмагандим.

- Нима учун бразилиялик футболчилар Украинага кўп ташриф буюришади?

- Орзуимиз амалга ошиши учун ёшлигимиздаёқ мамлакатни тарк этамиз. Украина биз учун трамплин вазифасини ўтайди. «Шахтёр» эса ЕЧЛда мунтазам ўйнайдиган жамоа. Боз устига, Европа футболига мослашамиз. Мана, мен ҳам «Шахтёр»да фаолият олиб борган Фернандиньо, Виллиан ва Дуглас Коста сингари Англияда ўйнаяпман.

- «Юнайтед» қизиқиш билдираётганини эшитиб, ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Жамоа ҳақида нималарни билардингиз?

- «МЮ» Англияда кўплаб совринларни ютган жаҳоннинг буюк клубларидан биридир. Моуриньо ўз жамоасида кўрмоқчилигини эшитганимда, жуда хурсанд бўлдим. Шундай буюк клубда ўйнаш истаги уй­ғонди. «Манчестер Юнайтед» сафида муваффақият қозониб, совринлар ютмоқчиман.

- Бошқа жамоалардан ҳам таклифлар тушганмиди?

- Англия ва Европанинг айрим клубларидан таклифлар олдим. Мисол учун, «Манчестер Сити» ёки «ПСЖ»га ўтишим мумкин эди. Лекин «Юнайтед»ни танладим. Бир пайтлари «Арсенал»да ўйнаган агентим Жилберту Силва билан маслаҳатлашиб, шу қарорга келдим.

У «Манчестер Юнайтед»нинг буюк клублигини айтди. Дўстларим ва қариндошларим билан суҳбатлашдим. Уларга «МЮ»ни танлаганимни айтганимда, қувонишди. Шунингдек, Хитой клубларидан ҳам таклифлар бўлганди.

- Қайси чизиқда ўйнашни хуш кўрасиз?

- Менга ҳужумкор таянч ярим ҳимоячиси сифатида ўйнаш ёқади.

- Сизнинг позициянгизда ўйнайдиган футболчилардан энг кучлилари қайсилар?

- Модрич, Погба. Улар ўта кучлилар. Ҳар иккиси ҳам жаҳон чемпионати финалида ўйнади.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz