Қайднома

Қидирув

Изланса Эктор Купер, термамиз бўлади супер

Изланса Эктор Купер, термамиз бўлади супер

  12.09.2018 06:43
  0
  3835
Изланса Эктор Купер, термамиз бўлади супер

Эктор Купер олдида терма жамоамиз миқёсида ҳал қилиниши зарур муаммолар бисёр. Бу беихтиёр улуғ ижодкор Абдулла Қодирийнинг ХХ аср 20-йилларидаги руҳий ҳолатини ёдга солади.

Буюк ёзувчи «Ўтган кунлар» романида «Халқимизнинг ҳозирги аҳволи қандай ва унга муносиб лидер - йўлбошчи борми?» қабилидаги улкан саволга жавоб излаганди.

Роман воқеаларидан маълумки, катта авлод вакили Юсуфбек ҳожи ва унинг ўрнини эгаллаши зарур ҳисобланган Отабек лидерлик миссиясини бажаришолмайди. Асар якунида донишманд Юсуфбек ҳожи  узлатга чекинади, жасоратли Отабек эса юрт ҳимояси йўлида мардларча ҳалок бўлади.

Халқимиз учун қадрли ушбу  образлар хусусида муаллиф чиқарган яширин хулоса шу қадар қайғули ва ҳасратлидир. Ҳар икки образ Туркистон тимсоли - суюкли Кумушни фожиадан асраб қололмайди. Чунончи, донишмандлик ва жасурлик лидерлик эмас, албатта...

Аргентиналик мутахассис қўл остида ҳам, ҳеч шубҳасиз, ватанпарвар ва маҳоратли футболчилар жамланишган. Бироқ уларнинг қайси бири келажакда терма жамоамиз лидери даражасига кўтарилади? Одил Аҳмедов янги етакчига қандай муносабатда бўлади, уни қўллаб-қувватлайдими?

Бирдан порлаб, етуклик палласини бошидан кечираётган Сервер Жепаровга ижобий маънода рақобат туғдиргани Одилнинг эсидами? У кўз ўнгимизда ўз вақтини кутди ва аста-секин бош жамоамиз лидери мақомига эришди. Энди эса эстафета таёқчасини кимгадир топшириши керак.

Тўғри, бу мавзу муҳокамаси айримлар учун эртароқдай туюлиши мумкин. Лекин вақт кутиб турмайди ва янги етакчи ўз-ўзидан туғилиб қолмайди. Назаримизда, Эктор Куперни ҳозир айни шу муаммо қийнамоқда. У Миср терма жамоасида Муҳаммад Салоҳ салоҳиятига таянгани аниқ. Ҳаттоки, Салоҳ «Челси»да порлаш имконини тополмаган вақтларда ҳам унга катта ишонч билан қараганди.

«Ливерпуль» юлдузининг оптимал ёши ва ҳавас қиларли функционал ҳолати эса, Эктор Купер ғоялари тантанасини таъминлади. Энди мураббий шу ишни Ўзбекистон миллий жамоасида амалга ошириш зарурлигини жуда яхши тушуниб турибди.

Таъкидлаш жоиз, Миср термаси муҳитида етилган вазият Эктор Купер футбол фалсафаси учун жуда мос тушиб, унга ЖЧ-2018 эшикларини очди. Асосий факт шуки, аргентиналик мутахассис Миср футболининг 28 йиллик орзусини рўёбга чиқарди. Тақдирни қарангки, у терма жамоамизда ҳам худди шундай муддатга дуч келмоқда.

Ҳа, ЖЧ-2022 вақти Хиросимадаги машҳур ғалабамизга роппа-роса 28 йил тўлади. Ҳар қанча ғашлик қилмайлик, балки тақдир унинг зиммасига яна шундай саодатли миссия юклагандир. Мазкур улуғ вазифани уддалаш учун эса, Купер аввало, келажак лидерини аниқлаши даркор.

Фикримизча, бу масалани ҳал этиш бизда бир мунча қийин кечиши турган гап. Таъкидлаганимиздек, Миср терма жамоасида вазият ва энг муҳими, Муҳаммад Салоҳ феномени Эктор Купер учун тайёр эди. Бизда эса анча чигаллик ҳукмрон. Гарчи Одил Аҳмедовнинг шашту-шижоати ҳамон мухлисларни қувонтирсада, функционал ҳолати энди унинг хоҳишларига аввалгидек бўйсинавермайди.

Афсусланарли, аммо тан олиш зарур саналган бу факт мураббийга ҳам аён, албатта. Очиғи, шу руҳда мулоҳаза ёзиш бизга осон эмас. Лекин нима қилиш керак, тараққиёт орзусида бор ҳақиқатни айтиш ва унинг олдида бош эгишга мажбурмиз. Ишончимиз комилки, Одил мард йигит, маҳоратли футболчи ва бизни тўғри тушунади.

Зеро, гап ЖЧ-2022 орзусию, унга қайси лидер бошчилигида етишиш ҳақида бормоқда. Янги етакчини топиш ва оёққа қўйишда Эктор Куперга энг яқин кўмакчи ҳам айнан Одил Аҳмедов ҳисобланади.

ЖЧ-86да собиқ иттифоқ термасининг яққол лидери Игорь Беланов бўлсада, Валерий Лобановский жамоа кайфиятини бошқаришда тажрибали Олег Блохинга суянганди. Бугун Эктор Купердан ҳам шундай оқилона йўл тутиш талаб этилади.

Бизнингча, у янги етакчи танлаш борасида ҳозирча Отабек Шукуровга умид боғламоқда. Балки келажакда унга Одил Ҳамробеков ва Икром Алибоев рақобат туғдиришар. Ҳар ҳолда, бизнинг тахминий мулоҳазаларимиз шундай. Воқеалар ривожи қандай тус олишини эса вақт кўрсатади.

Ҳозирча Эктор Купер терма жамоамиздаги ишини алифбони ўрганаётган биринчи синф уқувчиси каби бошлади. Бу каби кескин хулосанинг сабаби шуки, у Сурия терма жамоасига қарши кечган ўйинда юксак талабларга аввал жавоб беролмаган, бундай кейин ҳам ишончни оқлашлари даргумон футболчиларни бошланғич таркибга қўйди.

Йўқ, Жавлон Иброҳимов, Ҳусниддин Ғофуров, Иван Нагаев каби футболчилардаги ўзига хос истеъдодни ҳеч ким инкор этмайди. Захирадан майдонга тушган Сардор Собирхўжаев, Сардор Мирзаев ва Санъат Шихов ҳам ўз клубларида муносиб тўп суришади.

Фақат бу футболчилар терма жамоа муҳитига шу вақтга қадар мослашиб кетишолмаган, яъни аввалроқ уларнинг бор имконлари кўзга ташланиб, мутахассислар ва мухлисларга маълум бўлиб улгурган.

Эктор Купер эса синаб кўриш шарт бўлмаган футболчиларни жамоага чорлади. Ҳар ҳолда, ЖЧ-2022 йўлланмасини кўзлаган мураббий бугун 30 ёшдан ҳатлаган футболчиларни хизматидан кенг фойдаланмайди. Ўртоқлик учрашувлари воситасида футболчиларни синаш ва таркибни шакллантириш эмас, балки оптимал ўйин вариантини техник-тактик жиҳатдан тоблаш муҳимроқ.

Шундоқ ҳам Рўзиқул Бердиев ва Темур Кападзе раҳбарлигида ўтказилган ўртоқлик учрашувлари самараси ҳавога учди. Ўша ўйинларда Рўзиқул Бердиев ва Темур Кападзе қандай мақсадларни кўзлашган, нималарни режалаштиришган - буларнинг барчаси Эктор Купер учун аҳамиятсиз. Футболчиларимиз ҳам ўша баҳслардан тегишли хулоса чиқаришмаган, чоғи. Осиё ўйинлари чорак финали ва Сурия термасига қарши кечган «ўртоқлик» буни исботлади.

Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, футболимиз муҳитидаги норози кайфиятни зийраклик билан илғаган Эктор Купер ҳам ҳозирча мўъжиза кутмаслигимизни таъкидлашдан чарчамаяпти. Сезяпсизми, ҳаттоки, кўпни кўрган аргентиналик ҳам чўчимоқда. Ҳолбуки, ортга йўл йўқ ва мўъжизага ишонмай футбол ўйнаш маъносиздир.

Муҳтарам мухлис! Эктор Купер тўтиқуш каби ҳар қанча такрорламасин, биз мўъжиза рўй беришига ишонайлик. Унутмайликки, мўъжизага ишонмаслик умидсизлик даракчисидир. «Темир тирноқ» исландлар дарвозасига 6та жавобсиз гол уриш мўъжиза эмасми? 2 ойча муқаддам Исландия термасининг шу қадар йирик ҳисобда мағлубиятга учраши тасаввурга сиғармиди?!

Энди эса Швейцария термаси шу ишни осонгина амалга оширди. Европа Миллатлар лигасининг Евро-2020га йўлланма берадиган авангард бўғинида шундай натижа қайд этилиши дарҳақиқат, мўъжиза!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz