Қайднома

Қидирув

12та жамоа 17 нафар «бош» ёхуд Суперлига мураббийлари кўрсаткичига назар

12та жамоа 17 нафар «бош» ёхуд Суперлига мураббийлари кўрсаткичига назар

  13.09.2018 00:25
  0
  1152
12та жамоа 17 нафар «бош» ёхуд Суперлига мураббийлари кўрсаткичига назар

Бу йил Суперлигада 12та жамоа иштирок этаётган бўлса, уларни биринчи босқичда жами 17 нафар мураббий  майдонга бошлаб тушди. 3 нафари хорижлик мутахассис - Шота Арвеладзе, Виктор Кумиков ва Сергей Лушан (терма жамоамиз собиқ ҳимоячиси Россия фуқароси ҳисобланади).

Эътиборли жиҳати, сўнгги йилларда жамоаларда мураббийларни алмаштириш ҳолати анча камайганини кўриш мумкин. Дейлик, 2017 йилги мавсум якуни бўйича айтсак, атиги 3та жамоа - «Металлург», «Сўғдиёна» ва «Нефтчи»да янги мураббий фаолият бошлади.

Қизиғи, биринчи босқич давомида айнан «Сўғдиёна» ва «Нефтчи»да яна ўзгариш кузатилди. 5-турдан сўнг жиззахликлар бош мураббий Александр Мочиновни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига Сергей Лушанни тайинлашди.

Фарғона шаҳри жамоасида эса, дастлабки турларда бош мураббий масаласида тушунарсиз ҳолат ҳукмронлик қилди. Чунончи, мавсум учун тақдим қилинган «заявка»да Сергей Ковшов бош мураббий сифатида кўрсатилганди. 1-тур ўйини қайдномасида ҳам унинг исм-шарифи қайд этилди. Лекин 2-турдан эътиборан «Нефтчи» бош мураббий сифатида Баҳром Ҳайдаров кўрсатилди.

Фарғоналиклар 6-тур доирасида «Бухоро»ни қабул қилиб, мағлубиятга учрашгач, Ҳайдаров ҳам ўйин қайдномаларида «кўринмай» қолди. Аниқроқ айтсак, 7-10-турлар оралиғида қайдномада мураббий Абдумалик Ҳакимов имзоси кўзга ташланди.

Ниҳоят, 11-тур арафасида «Нефтчи» раҳбарияти Баҳром Ҳайдаров жамоа бош мураббийи лавозимига тайинлангани расман эълон қилди.

Қисқаси, статистика маълумотлар ўйиннинг расмий ҳужжати сифатида тан олинадиган қайднома бўйича юритилиши боис, 4та учрашув натижаларини Абдумалик Ҳакимов ҳисобига ёзишга мажбурмиз.

«Сўғдиёна» ва «Нефтчи»дан ташқари, 6-тур якунлангач, амалдаги чемпион «Локомотив»да ҳам бош мураббий ўзгарди. Яъни Андрей Микляев ўз ўрнини Андрей Фёдоровга бўшатиб берди.

13-турдан сўнг эса, Олмалиқ шаҳри жамоасида ҳам истеъфо кузатилди: россиялик мутахассис Виктор Кумиков ўз хоҳишига кўра, ишдан бўшади ва унинг ўрнини Бахтиёр Ашурматов эгаллади.

Бу ўзгаришлар кимга қандай наф келтирганини мураббийларнинг умумий статистикасига қараб ҳам билиб олиш мумкин.

АРВЕЛАДЗЕ ВА АКТАМОВ

Айни пайт Суперлига жамоаларини бошқараётган аксарият мураббийлар вақтида Ўзбекистон миллий чемпионати юқори лигасида майдонга тушишган. Фақат икки киши бундан мустасно: «Пахтакор» устози Шота Арвеладзе ва «Қизилқум» йўлбошчиси Ҳамиджон Актамов.

Грузиялик машҳур собиқ футболчи фаолияти давомида кўп мамлакатларда тўп сурган, фақат юртимизда эмас. Актамов ҳам футболчи сифатида фаолият юритган, лекин олий лига ўйинларида майдонга тушмаган. Аниқроқ айтсак, у 2012 йил биринчи лигада Навоий шаҳри шарафини ҳимоя қилган «Южанин» жамоаси рўйхатига киритилганди.

Эътиборлиси, Актамов ўша вақт 34 ёшда бўлган. Эслатма, 2012 йили биринчи лига икки босқичли тизимда ўтказилганди. «Южанин» илк бос-қичда «Ғарб» минтақасида иштирок этиб, 2-ўринни эгаллаган.

Иккинчи босқичга келиб, жамоа ўз номини ўзгартиради - «Зарафшон». Хуллас, навоийликлар ўша мавсум 6-ўринни эгаллашган. Афсуски, ҳужумчи сифатида кўрсатилган Ҳамиджон Актамовнинг нечта ўйинда майдонга тушгани хусусида аниқ маълумот йўқ.

АМПЛУАЛАР БЎЙИЧА

Суперлигадаги бош мураббийлар орасида 4 нафардан собиқ ҳимоячи (Андрей Фёдоров, Андрей Шипилов, Бахтиёр Ашурматов ва Сергей Лушан), ярим ҳимоячи (Миржалол Қосимов, Нўъмон Ҳасанов, Рўзиқул Бердиев ва Баҳром Ҳайдаров) ҳамда ҳужумчи (Шота Арвеладзе, Илҳом Мўминжонов, Улуғбек Бақоев ва Ҳамиджон Актамов) бор.

Агар йил бошидаги ҳолат бўйича айтсак, мураббийлар рамзий жамоасида дарвозабон ҳам жой олади. Зеро, АГМКнинг собиқ устози Виктор Кумиков футболчилик фаолиятида айнан дарвозабон сифатида ўйнаган.

Истеъфога чиққан қолган мураббийларга тўхталсак, улар орасида собиқ ҳимоялар кўп: Сергей Ковшов, Андрей Микляев ва Абдумалик Ҳакимов. «Сўғдиёна»да омадсизликка юз тутган Александр Мочинов эса вақтида ҳужумчи ролини бажарган.

ТЕРМА ЖАМОА ВА ОЛИЙ ЛИГА

Элит лигамизда майдонга тушмаган Ҳамиджон Актамовдан ташқари, Рўзиқул Бердиев ва Андрей Шипиловга ҳам миллий жамоамиз либосини кийиш насиб этмаган. Қолган 8 нафар бош мураббий Ўзбекистон терма жамоасида ўзига яраша статистикага эга:

Миржалол Қосимов - 66та ўйин, 30та гол

Андрей Фёдоров - 65та ўйин, 6та гол

Улуғбек Бақоев - 54та ўйин, 14та гол

Бахтиёр Ашурматов - 54та ўйин, 1та гол

Сергей Лушан - 28та ўйин, 1та гол

Нўъмон Ҳасанов - 25та ўйин, 5та гол

Баҳром Ҳайдаров - 5та ўйин, 1та гол

Илҳом Мўминжонов - 3та ўйин

Навбатдаги статистика 10 нафар мураббийнинг Ўзбекистон чемпионати олий лигасида қайд этган кўрсаткичлари хусусида. Ўйинлар сони бўйича «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев ва «Қўқон-1912» бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов бошқаларга нисбатан анча олдинда. Улар элит лигамизда 400 мартадан кўп майдонга тушган футболчилар рўйхатидан жой олишган.

Бердиев профессионал фаолиятини 1993 йили «Янгиер»да бошлаган, кейин маълум муддат Сирдарё вилоятининг яна бир жамоаси - «Гулистон»да тўп сурган. Лекин фаолиятининг асосий қисми «Насаф»да ўтган.

Узоқ вақт давомида воҳанинг бош жамоасида сардор ролини бажарган Бердиев олий лига доирасидаги жами 408та ўйинда қатнашган. Қўқон клуби устозининг олий лигадаги фаолияти 1992 йили бошланган. Ҳасанов бунга қадар собиқ иттифоқ чемпионатида ҳам майдонга тушишга улгурганди.

Хуллас, Қўқон футболи тарбияланувчиси олий лигада кўплаб жамоалар шарафини нақ 402та ўйинда ҳимоя қилган. Кетма-кетлик бўйича санасак, Ҳасанов «Пахтакор», МҲСК, «Дўстлик», «Насаф», «Қўқон-1912», «Трактор», «Шўртан», «Сўғдиёна» ва «Локомотив» клублари либосини кийган.

Ўйинлар сони борасида кейинги ўринда Бахтиёр Ашурматов бормоқда. АГМК устози фаолияти давомида МҲСК, «Пахтакор», «Дўстлик», «Бунёдкор», «Хоразм» ва «Локомотив» жамоалари таркибида жами 280 марта майдонга тушган. «Нефтчи» бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров натижаси ҳам чакки эмас.

«Насаф», «Нефтчи», «Андижон», «Шўртан» ва «Олмалиқ» клубларида ўйнаган Ҳайдаров айниқса, Қарши шаҳри жамоасида яхши кўрсаткичлар қайд этган. «Навбаҳор» устози Илҳом Мўминжонов ҳисобида олий лига белгисидаги 228та ўйин бор. «Бунёдкор» бош мураббийи Миржалол Қосимов эса Ўзбекистон чемпионати юқори лигасида 208 марта майдонга тушган.

«Пахтакор» ва «Машъал» таркибида тўп сурган маҳоратли ярим ҳимоячи айни пайт Суперлига бош мураббийлари сардори ва ёши энг каттаси бўлиб турибди. «Металлург»да бош мураббий сифатида дебют қилган Андрей Шипилов ҳисобида 196та ўйин бор. У фаолияти давомида «Трактор», «Чирчиқ», «Гулистон», «Андижон», «Навбаҳор» ва «Дўстлик» жамоалари сафида кўриниш берганди.

«Бухоро» бош мураббийи Улуғбек Бақоев ҳисобида олий лигага мансуб ўйинлар сони 191тага тенг. Фаолиятини «Бухоро»да бошлаган Улуғбек кейинчалик «Андижон», «Бунёдкор», «Динамо» ва «Навбаҳор» сафида ҳам майдонга тушган.

«Локомотив» устози Андрей Фёдоров 1992-1997 йиллар оралиғида олий лигада ўйнаган. Унинг «Нефтчи»даги статистикаси - 138та ўйин. Олий лигада энг кам ўйин ўтказган мураббий - Сергей Лушан. Фаолиятининг катта қисмини Россияда олиб борган собиқ ҳимоячи 2007 йилга келибгина миллий чемпионатимиз элит лигасида майдонга тушган.

Яъни пойтахтда янги ташкил этилган «Қурувчи» («Бунёдкор») таркибида фаолият юритган ҳимоячи 2007-2008 йилларда 28та ўйинда қатнашган. Тўғри, Сергей Иванович Россияга йўл олишидан аввал Бекобод шаҳрининг «Маъданчи» жамоасида ҳам тўп сурган, лекин асосан биринчи лигада.

Алоҳида эътиборга олинг, биз фақат Ўзбекистон миллий чемпионати олий лигасидаги кўрсаткичларни келтирдик. Суперлигада ишлаётган аксарият бош мураббийлар эса футболчилик фаолияти давомида хориж клубларида ҳам тўп суришган.

Бу рўйхатдаги 4 нафар мураббий (Рўзиқул Бердиев, Ҳамиджон Актамов, Баҳром Ҳайдаров ва Илҳом Мўминжонов)гина юртимиздан ташқарида ўйнамаган.

СУПЕРЛИГА-2018: БОШ МУРАББИЙЛАР СТАТИСТИКАСИ

Бош мураббийлар

Жамоаси

Туғ.санаси

Ў

Ю

Д

М

Т-н

О

Очко %да

Зах.нат

Шота Арвеладзе

Пахтакор

22.02.1973

22

14

5

3

36-12

47

71,21

4

Миржалол Қосимов

Бунёдкор

17.09.1970

22

12

4

6

35-26

40

60,61

5

Илҳом Мўминжонов

Навбаҳор

21.01.1979

22

11

4

7

29-18

37

56,06

5

Андрей Фёдоров

Локомотив

10.04.1971

16

10

5

1

29-14

35

72,92

4

Андрей Шипилов

Металлург

23.03.1971

22

9

6

7

24-29

33

50

3

Улуғбек Бақоев

Бухоро

28.11.1978

22

10

2

10

23-28

32

48,48

2

Нўъмон Ҳасанов

Қўқон-1912

10.02.1971

22

7

7

8

21-20

28

42,42

3

Рўзиқул Бердиев

Насаф

22.10.1971

22

6

8

8

21-28

26

39,39

3

ҲамиджонАктамов

Қизилқум

10.10.1977

22

7

2

13

20-29

23

34,85

2

Сергей Лушан

Сўғдиёна

24.06.1973

17

4

4

9

16-22

16

31,37

2

БахтиёрАшурматов

АГМК

25.03.1976

9

4

1

4

15-12

13

48,15

1

Виктор Кумиков

АГМК

12.05.1963

13

3

4

6

11-16

13

33,33

3

Баҳром Ҳайдаров

Нефтчи

04.03.1978

17

2

6

9

10-22

12

23,53

2

Андрей Микляев

Локомотив

07.09.1967

6

1

2

3

6-7

5

27,78

0

Абдумалик Ҳакимов

Нефтчи

13.12.1978

4

0

2

2

2-6

2

16,67

1

Александр Мочинов

Сўғдиёна

06.05.1976

5

0

1

4

1-10

1

6,67

1

Сергей Ковшов

Нефтчи

07.08.1960

1

0

1

0

0-0

1

33,33

0

Бахтиёр  ШИРИНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz