Қайднома

Қидирув

Муҳаммад Салоҳ: «Ҳаттоки ресторанга ҳам боролмадим…»

Муҳаммад Салоҳ: «Ҳаттоки ресторанга ҳам боролмадим…»

  15.09.2018 06:14
  0
  2271
Муҳаммад Салоҳ: «Ҳаттоки ресторанга ҳам боролмадим…»

«ЛИВЕРПУЛЬ» ЕТАКЧИСИ ЖЧ-2018 ВАҚТИДА МИСРЛИКЛАРГА ГРОЗНИЙДА ЯРАТИЛГАН ШАРОИТЛАР ХУСУСИДА ОШКОРА ГАПИРДИ

Миср футболи юлдузи Муҳаммад Салоҳ Россия мундиали чоғи мамлакат футбол раҳбариятининг ишидан асло қониқмаган кўринади. Ҳар ҳолда, у бу борада очиқ-ойдин гапира бошлади.

Қизиқ, Чеченистонда «Ливерпуль» ҳужумчисига айнан нима ёқмаганди? Грознийда у ва Миср термаси қандай ноқулайликларга дуч келган?

Ўзи ЖЧ ўйинлари давом этаётган кунлар ҳам Салоҳ маҳаллий раҳбарларнинг жамоа базасига тез-тез бош суқишларидан зада бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалганди.

Эмишки, Чеченистон президенти ташрифи сабаб, футболчининг уйқусини ҳам бузишган...

- Шахсан мен ҳимоя ишларини кучайтиришни сўрадим. Бунда  фақат ўзим эмас, Миср термасининг барча футболчилари хавфсизлигини ўйладим. Гап шундаки, жаҳон чемпионати давом этаётган бир паллада бизни жуда кўп безовта қилишди.

Қолаверса, 2 марта ресторанга бормоқчи бўлдим, аммо рухсат беришмади: «Йўқ, хавфсизлик нуқтаи назаридан ташқарига чиқишингиз мумкин эмас». Шунингдек, ҳар қадамда одамлар қуршовида қолдим..., — деди Салоҳ The Guardian нашрига берган интервьюсида.

Футболчи бундан ташқари, турли меҳмонлар билан кўришиш, гаплашишдан чарчаганини алоҳида таъкидлади. Умуман олганда, у Миср футбол федерациясига қарши чинакамига жанг бошлаган кўринади. Хабарингиз бўлса, мундиалдан олдин ҳам ҳужумчи ва федерация ўртасида тушунмовчилик юзага келганди.

Яъни раҳбарлар Салоҳнинг ўзини хабардор қилмай туриб, унинг суратини Миср термаси самолётида акс эттиришгани можарога йўл очганди. Турнирдан кейин эса федерация масъуллари мамлакат футболининг биринчи рақамли юлдузи мактубларига жавоб бермай қўйишибди.

Мо бу ҳақда «Твиттер»даги саҳифасида араб тилида ёзди. Хуллас, АПЛ-2017|2018нинг бош голеадори Миср термаси атрофидаги воқеалардан мутлақо норози. Бунда Грознийда рўй берган воқеалар ўрни ҳам бор, албатта.

Хўш, Чеченистон пойтахтида Салоҳ билан айнан нима юз берган? «Жамоамиз учун айнан Грознийни танлашганидан манмунман. Бу ерда ҳаммаси зўр», — деганди ҳужумчи июнь ойи бошида Чеченистон заминига қадам қўйгач. Мо Миср термасининг биринчи машғулотида жароҳат туфайли қатнашмаган бўлсада, «Ахмат-Арена»да кўриниш берди.

У стадионга Рамзан Қодиров ва Магомед Даудов ҳамроҳлигида кирди. Умуман, ўша куни аренада нақ 8 минг мухлис тўпланди. «Миср термаси ва «Ливерпуль» бош юлдузи Муҳаммад Салоҳ билан йўлакка чиққанимизда, трибуналарда кучли ҳайририқ кўтарилди. Биз стадионга The Local меҳмонхонасидан стадионгача боришда бирга бўлдик.

Салоҳ Чеченистонда уни шунчалик севишлари ва ҳурмат қилишларини кўриб, қувониш баробарида роса ҳаяжонланди», — деб ёзганди республика раҳбари «Вконтакте» тармоғида. Мисрликлар ЖЧда омадсиз иштирок этишди, ҳа, Салоҳнинг ўзи 2та гол урди, аммо жамоасининг лоақал 1 очко ололмай, гуруҳ босқичидан кейин ортга қайтгани - унинг учун яққол хафагарчилик.

Лекин бу ҳол Чеченистон ҳукуматини асло қизиқтирмасди. ЖЧ ўрталарига келиб, деярли ҳар куни Салоҳга боғлиқ янги-янги хабарлар тарқалди.

22 июнь. Чеченистон президенти Рамзан Қодиров мисрлик футболчига республика фахрий фуқароси унвонини бериш ҳақида фармон чиқарганини маълум қилди.

«Миср термаси шарафига ташкиллаштирилган тантанали кечада Салоҳга фармон нусхаси ҳамда кўкрак нишонини топширдим. Футболчи бу унвонга муносиб!» — деди Қодиров. Мисрликлар ўша вақтга қадар Уругвай ва Россия термаларига ютқазишганди.

23 июнь. Американинг CNN канали футболчи Чеченистонда Миср термаси ва шахсан ўз атрофида бўлаётган воқеалардан норози эканлиги ҳақида хабар тар-қатди: «Салоҳ ҳаддан ортиқ шовқин-сурон ва оломон кўплигидан ўйинларга хотиржам тайёрланолмаяпти.

Шунингдек, унга машҳурлигидан сиёсий мақсадлар йўлида фойдаланишаётгани ёқмаяпти. Мисрлик ҳужумчи футболга дахли йўқ масалалар билан шуғулланишни истамайди, қолаверса, ҳар қандай кишининг сиёсий сиймосини юксалтириш йўлида хизмат қилишга мутлақо қарши».

25 июнь. Чеченистон республикаси Миллий сиёсат, ташқи алоқалар ва ахборот вазири Жамбулат Умаров АҚШ ОАВ хабарига жавобан дадил гапирди: «Ҳаммаси сафсата, ёлғон. Биз учун севимли футболчининг қандай кўтаринки кайфиятда ишлаётганини шахсан ўзим кўрдим.

У бундай эътироз билдириши мумкин эмас. Америкаликлар Салоҳ ҳақида «Ливерпуль» клубига яқин, бироқ номаълум манбага таянган ҳолда хабар тарқатиб, унинг ҳуқуқларини бузишди. Оддий айтганда, CNN машҳур футболчи ҳуқуқларини қўпол тарзда бузди».

25 июнь. Миср термаси матбуот котиби Усама Исмоил ҳам шу куниёқ барчасини инкор этди: «Салоҳ машғулотлар базасида жамоадошлари билан хотиржам шуғулланмоқда.

У барча ўйинларда жамоа билан бирга бўлди ва делегация раҳбариятига ҳеч нимадан шикоят қилгани йўқ. Ҳар ҳолда, ноқулайлик борасида бир оғиз гап эшитмадик. Очиғи, CNN ушбу маълумотни қаердан олганини билмайман, ҳайронман...».

27 июнь. Ниҳоят, Чеченистон раҳбари ҳам баёнот берди. Табиийки, у ҳам Салоҳ ўзини жуда яхши ҳис этаётганини таъкидлади: «Миср термасини муносиб кутиб олдик. Ҳеч қандай эътироз йўқ, аксинча, жамоа вакиллари фақат миннатдорчилик изҳор қилишяпти, яхши муносабатдан ҳайратда эканликларини яширишмаяпти.

Муҳаммад Салоҳнинг Рамзан Ахматович туфайли кетмоқчи эканлиги хусусидаги гап-сўзларга келсак, буларнинг бари душманларимиз тарқатган бўҳтон...». Салоҳнинг ўзи ўша куни Саудия Арабистони термасига қарши кечган учрашувда гол урди, аммо ўйиндан кейинги матбуот анжуманида кўриниш бергани йўқ.

Ваҳоланки, энг яхши футболчилардан бири сифатида анжуманда иштирок этиши керак эди. Хуллас, у Россиядан Грознийда ноқулайликлар қуршовида қолгани хусусидаги хабарларга изоҳ бермай қайтганди. Мана, Салоҳ, 28 август куни шундай қилди...

ЯНА ЎША МОЖАРО

Салоҳ баҳорда Vodafone компанияси билан шартнома тузганди. Келишувга кўра, алоқа оператори мижозларга махсус Mo Salah World тарифини ҳавола этган ҳамда Салоҳ томонидан урилган 1та гол учун мисрлик ҳар бир абонентга 11 дақиқа қўшимча вақт бериш мажбуриятини олганди.

Миср футбол федерацияси Салоҳ суратини терма жамоа самолётида яна бир алоқа оператори - WE бренди билан ёнма-ён акс эттиргач, жиддий можаро юзага келди. Узоқ тортишувлардан кейин мамлакат спорт вазирининг шахсан ўзи масалага аралашди ҳамда самолётдан Салоҳ тасвири олиб ташланди.

Миср матбуоти, жумладан, Egypt Today нашрида ёзилишича, Салоҳ ҳаттоки, ЖЧ-2018 гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган Саудия Арабистони термасига қарши ўйинда майдонга тушишдан бош тортган экан.

Футболчининг шахсий агенти яқинда «Твиттер»да қуйидагича шарҳ қолдирди: «Йўқ, мижозим Миср терма жамоасида ўйнашга тайёр. Фақат миллий федерация унинг имидж ҳуқуқларини бузмасликка кафолат берса, бас. Бошқа ҳеч қандай талаб йўқ. Бироқ масъуллар бу ҳақдаги мактубларимизни жавобсиз қолдиришяпти...».

Мисрликларни олдинда Африка кубоги-2019 саралаш босқичи ўйинлари кутиб турибди: жамоа Свазиленд ва Нигер термалари билан 2 мартадан ўйнаши керак. Шундай вақтда федерациянинг асосий футболчи билан муносабатларни яхшилашга уринмаётгани янги бош мураббий Хавьер Агиррега сира маъқул эмас.

Боз устига, федерация вакиллари Салоҳга онаси воситасида таҳдид солишгача боришди. «Муҳаммад Салоҳга бир нарсани эслатиб қўймоқчиман: унинг онаси ҳамон Мисрда яшамоқда. Ўзи хорижда кўнгли тусаган ишни қилаверсин - хоҳиши.

Ўйлайманки, кўпчилик нимани назарда тутаётганимни тушунди...» - бу Миср футбол федерацияси директорлар кенгаши раиси Холид Латифнинг «Твиттер» орқали билдирган муносабати. Мамлакат футбол раҳбариятининг яна бир вакили олдинроқ ижтимоий тармоққа терма жамоа футболчилари суратини жойлаштириб, Салоҳга нисбатан «тўнғиз» иборасини ишлатганди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz