Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон терма жамоасининг Эктор Купергача бошидан ўтказганлари

Ўзбекистон терма жамоасининг Эктор Купергача бошидан ўтказганлари

  18.09.2018 06:43
  0
  607
Ўзбекистон терма жамоасининг Эктор Купергача бошидан ўтказганлари

6 сентябрь куни миллий терма жамоамиз ўзининг янги бош мураббийи - аргентиналик Эктор Купер бошқаруви остида илк бора майдонга тушди. Айтиш мумкинки, мазкур учрашув билан кейинги тўрт йилликка тезлик-ла кириб кетамиз. Бу ўйинни мухлислар анчадан бери кутишганди.

Мана шундай янгиликларга бой кунларда футболимизнинг келажагига назар ташлаш баробарида, Купергача бўлган давр ҳам бирдек хаёлимиздан ўтади...

***

Футболимизда янги давр бошланмоқда: ҳар тўрт йилда шу бўлар такрор, дея навбатдаги карвон йўлга тушишини кузатиб турар эканмиз, олдинги карвонларимизнинг бирортаси ҳам ниятига етолмаганини эслаб, кейинги манзилга етиш йўлларини яна ва яна қидираверамиз.

Мозийга назар ташлаб, шу нарсага гувоҳ бўлдимки, бизнинг терма жамоамизни ҳеч бир ЖЧ саралашларида бир бош мураббий бошидан охиригача бош-қармаган экан. Ҳаттоки, ўша охирги саралашда мутасаддилар Самвел Бабаянга охиригача имконият берган бўлсаларда, ЖЧ-2018 квалификация баҳсларининг илк ўйинида терма жамоамизни майдонга Миржалол Қосимов туширган.

ФРАНЦИЯ-1998: БРАЗИЛИЯЛИК МУРАББИЙГАЧА ҲАММАСИ ҲАЛ БЎЛГАНДИ

Мураббийлар: Рустам Мирсодиқов, Вега Да Сильва.

«Дебютант» бўлишимизга қарамай, Хиросима-94 ва БАА-96ни кўриб қўйган ёш терма жамоамиз вакиллари (мухлисларимиз ҳам!) бу мусобақадан яхшигина умидвор эдилар. Хиросима-94даги ғалабамиздан сўнг шахсан ўзим каби минглаб ўзбекистонликлар «Биз Осиёда етакчи терма жамоалардан бўламиз», деб тахмин қилганимиз аниқ.

Лекин БААда ўтган Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизлигимиз, айниқса, гуруҳдаги 2-турда Япониядан 0:4 ҳисобида мағлуб бўлгач, сўнгги ўйинда аутсайдер саналган Сурияга ҳам ютқазиб (1:2) қўйишимиз бизнинг ҳафсаламизни анчагина пир қилганди ўшанда. Хуллас, дастлабки мундиал саралашлари ана шундай «қоришиқ» ўй-фикрлар ичида бошланган.

Саралашнинг илк босқичи Рустам Мирсодиқов шогирдлари учун анча енгил келган бўлсада, кейинги раунднинг илк икки учрашуви бизга Осиё қанақа қитъа эканлигини кўрсатиб қўйганди. 1997 йилнинг кузида ўтган меҳмондаги икки учрашувда футболчиларимиз аввалига Японияда 3:6, озгина ўтиб Жанубий Кореяда 1:2 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб қайтишган.

Кейинги тўртта ўйинда ҳам иккитагина очко ололган Рустам Мирсодиқов баҳслар якунига икки тур қолганда ўз вазифасидан озод этилган. Саралаш охирида футболчиларимизни майдонга бразилиялик Вега Да Сильва (дарвоқе, у ўша пайтда параллель равишда «Пахтакор» бош мураббийи бўлиб ишлаган) бошлаб тушган ва унинг бошқарувида вакилларимиз Тошкентда Қозоғистонни 4:0 ҳисобида ютиб, сўнгги турда меҳмонда БАА билан дуранг (0:0) ўйнашган.

Якунда гуруҳдаги 5та жамоа ичида зўрға 4-ўринга жойлашган миллий жамоамиз шу тариқа ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари шукуҳини татиб кўрди.

ЯПОНИЯ-Ж.КОРЕЯ-2002: БОРА МИЛУТИНОВИЧНИ ЕНГОЛМАГАН САЛЬКОВ

Мураббийлар: Владимир Сальков, Леонид Остроушко.

Миллий терма жамоамиз Ливанда ўтган 2000 йилги Осиё чемпионатида Японияга 1:8, Саудияга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлгач, бундай шармандагарчиликдан сўнг ростдан ҳам футболимизни тубдан ўзгартирмаса бўлмаслиги кўриниб қолганди. Натижада, мамлакатимиз футболи бошқарувига келган Бахтиёр Раҳимов чиндан ҳам тизимда янгича йўналиш билан ишлай бошлади.

Айниқса, миллий терма жамоа борасида кўп янгиликларга қўл урилди. Вақт оз бўлишига қарамай, қисқа муддатда мутлақо янгича терма жамоа шакллантирилганди. Аввалига россиялик таниқли мураббий Владимир Сальков билан шартнома имзоланди, унинг кўрсатмалари ўлароқ, бунга қўшимча ўзимизникилардан чиққан фикрлар билан болгариялик икки футболчи - Алексей Дионисиев ва Георгий Георгиев, россиялик Алексей Поляков, Олег Пашинин ва Владимир Маминов каби футболчилар билан уларнинг натурализацияси (миллий термамизга жалб этилиши) борасида келишувга эришилди.

Ўшанда миллий терма жамоамизни бошқарган Владимир Сальковнинг бутун саралаш давомида футболчиларимизнинг функционал тайёргарлигидан нолигани ҳали-ҳамон эсимда. Ашурматовни қўпол ўйинчи деб тинмай сўкарди, Марат Аҳмеров ҳақида ҳам жуда ёмон фикрлар билдирарди. Бир гал «Менга Илёс Зейтуллаевни олиб келишди, «Ювентус»да ўйнар эмиш, 55 дақиқада тили осилиб қоляпти-ку, бу боланинг!» деганди.

Биз - журналистлар томонидан берилган саволларга ҳам у аёвсиз жавоб қайтарарди. Қайсидир бир матбуот анжуманида «Ораларингда Темур Низаев деган журналист борми?» дея сўраб қолди. Ўша куни Темур ака пресс-конференцияга ташриф буюрмаган экан.

Орқа қаторлардан ҳам ҳеч қандай садо чиқмагач, Сальков ўриндиқларга бироз нигоҳини тикиб турди-да, «Яхшиямки, у бугун келмабди, ўзим билардим нима қилишни, агар у ташриф буюрганида», деганди ўшанда. Маълум бўлишича, Темур ака ўшанда «Правда Востока»да унга ёқмаган қандайдир мақола ёзган экан. Шунга қарамай, Сальков давридаги терма жамоада ҳам барибир имкониятлар бўлган.

Ўша циклда Осиё учун 2,5та йўлланма берилганди. Ҳал қилувчи гуруҳларнинг биридан Саудия ва Эрон етакчилигидаги термалар ўрин олган бўлса, иккинчисида биз билан бирга Хитой, БАА, Қатар ва Уммон жойлашганди.

Ўша саралашда Хитойга сербиялик (собиқ югославиялик) мураббий Бора Милутинович раҳбарлик қилган ва гуруҳдаги асосий рақибимиз саналган мазкур терма жамоани ортда қолдирсакгина, ЖЧ йўлланмасига эга чиқишимиз мумкин эди. Лекин якунда ундай бўлмади.

Биз сўнгги тур натижаларига кўра БААдан ҳам ортда қолиб кетиб, 3-ўринга жойлашдик ва худди кейинчалик Бабаянни йиқитгани каби «плей-офф»дан ҳам қуруқ қолдик. Саралашга бир тур қолганда бизда деярли имконият қолмаганди ва шу лаҳзаларда раҳбарият Владимир Сальковнинг жавобини берган, сўнгги турда Тошкентдаги Хитойга қарши ўйинда (1:0) жамоани майдонга унинг ёрдамчиси Леонид Остроушко олиб тушганди.

ГЕРМАНИЯ-2006: ТЕРМАМИЗ МУРАББИЙЛАР АЛМАШИНУВИ ГИРДОБИДА

Мураббийлар: Равшан Ҳайдаров, Юрген Геде, Боб Хоугтон.

2004 йили ёзда Хитойда ўтган Осиё чемпионатида миллий терма жамоамизга расман Равшан Ҳайдаров бош мураббий бўлсада, унинг асосий стратегиясини германиялик мутахассис Юрген Геде йўлга солаётгани ҳаммамиз учун ойдек равшан кўриниб турганди.

Немис мураббийининг терма жамоамизга олиб кирган фалсафаси мутасаддиларимизга анча ёқиб тушди, айниқса, ўша Хитойдаги мусобақадан сўнг бу ҳол янада ойдинлашди. ЖЧ саралашларининг ҳал қилувчи босқичи бошланиши арафасида Геде расман миллий терма жамоа бош мураббийи деб эълон қилинди.

Афсуски, немис мутахассиси учун дастлабки уч тур умуман омадсиз келди - ўз майдонимизда Саудия Арабистони билан зўр-базўр дуранг қайд этгач, меҳмонда Қувайт ва Жанубий Кореяга имконият бой берилди. Натижада, Гедега жавоб бериб юборилди.

Терма жамоа бошига яна Ҳайдаров қўйилди, бу гал унинг стратегик ёрдамчиси сифатида «Пахтакор» бош мураббийи Тачмурод Агамуродов ишга жалб қилинди. Ўша йиллари «Пахтакор» ростдан ҳам Осиё майдонларида етакчилардан эди, жамоа ўша Агамуродов бошчилигида ОЧЛ ярим финалига чиққани бежизга эмас.

Шунга қарамай, миллий футболчиларимиз бу жуфтлик қўл остида ҳам яна иккита муваффақиятсиз ўйин ўтказгач, сўнгги чора қўлланди - номи деярли таниқли бўлмаган, лекин англиялик Боб Хоугтон терма жамоага бош бўлди.

Ҳар не бўлганда ҳам, энг асосийси, Хоугтоннинг инглиз экани бизни хурсанд қиларди. Унинг олдида сўнгги чора ва ягона йўл - Тошкентдаги охирги тур баҳсида Қувайтни мағлуб этиш ва «плей-офф»га йўлланмани қўлга киритиш турарди.

Ўйин давомида 0:2 ҳисобида ортда бора туриб, якунда 3:2 ҳисобида зафар қучган ўша баҳсимиз футболимиз тарихидаги энг эсда қоларли ўйинлардан бири бўлиб қолди.

Кейин эса Баҳрайн «ҳангомалари» бошланганди. ФИФАнинг япониялик ҳакам хатоси билан биз 1:0га ютган ўйинни бекор қилиши, бу ҳолат ЎФФнинг халқаро ташкилот номига 3:0 ҳисобидаги ғалабани сўраб қилган мурожаати натижасида юз бергани...

Хуллас, қайта ўтказилган ўйинларда футболчиларимиз руҳияти умуман тушиб кетганди ва натижада Тошкентда 1:1 ва меҳмондаги 0:0дан сўнг футболчиларимиз бу галги мундиал билан ҳам жимгина хайрлашишди.

ЖАР-2010: ОСИЁНИНГ ЭНГ ЯХШИ МУРАББИЙИДАН МАҒЛУБИЯТЛАР

Мураббийлар: Рауф Инилеев, Миржалол Қосимов.

Қатарда ўтган Осиё ўйинларидаги ажойиб кўрсаткичлари сабаб олдинлари асосан ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимизни бошқарган Рауф Инилеев терма жамоа бош мураббийлигига кўтарилди.

Унинг олдидаги асосий тўсиқ, агар таъбир жоиз бўлса, «синов майдони» 2007 йилги Осиё чемпионати эди. Лекин кутилмаганда мазкур мусобақада Инилеевнинг йигитлари ҳақиқий «фурор» кўтаришди.

Аслида чорак финалда Саудия Арабистонига 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйган бўлсаларда, ўша ўйинда футболчиларимиз майдонда нималар қилиб ташлашгани кўпчиликнинг ёдида. Айниқса, ҳакам 1-бўлимда Максим Шацкихнинг 100 фоизлик голини ҳисобга олмаган ва ўйиндан сўнг бизнинг кийим алмаштириш хонамизга кириб, йигитлардан узр сўраганди.

Шу воқеалар натижаси ўлароқ, Рауф Инилеев 2007 йилда «Осиёнинг энг яхши мураббийи» номини қўлга киритди, Куала-Лумпурда унга тантанали равишда соврин топширилди.

Демак, биз энди Осиёнинг энг яхши мураббийи билан саралашга киришишимиз аниқ эди...

Бошида ҳаммаси рисоладагидек кетди (олдин ҳам, кейин ҳам шундай бўлган!). Биринчи босқичда Ливан, Сингапур каби термалар бизга деярли қаршилик кўрсата олишмади. Лекин ҳаммаси шундан кейин бошланди: асосий саралаш баҳсларида Инилеевнинг шогирдлари бирин-кетин иккита ўйинни бой беришди - Қатар - 0:3, Австралия - 0:1. Натижада - истеъфо.

«Саҳна»га Миржалол Қосимов таклиф этилди. Унинг терма жамоадаги дебют ўйинида кўрсатган натижасига ҳали-ҳамон қойил қоламан: Токиода Япония билан 1:1! Шунга қарамай, кейинги ўйинларда Қосимов ҳам ўзи кўзлаган натижага эриша олмади ва якунда Баҳрайнга 3-ўринни бой бериб, «плей-офф»дан ҳам қолиб кетди.

БРАЗИЛИЯ-2014: АБРАМОВНИНГ ХАТОСИ ҚОСИМОВНИНГ МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИГИ УЧУН ЕТАРЛИ БЎЛДИ

Мураббийлар: Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов

2011 йили Қатарда ўтган Осиё кубогига миллий терма жамоамизни Вадим Абрамов тайёрлади. Мана шу турнир ҳақида бироз фикрларимни билдирсам. Кўпчилик ўша мусобақани биз ҳозирча қитъа биринчилиги ярим финалига етиб борган, агар таъбир жоиз бўлса, миллий термамиз эришган энг юқори ютуқлардан деб эслайди. Менда эса бироз бошқача фикрлар бор.

Тўғри, 4-ўрин Абрамовники. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам борки, бизга ўша турнирда чорак финалда Иордания терма жамоаси рўбарў келганди. Гуруҳдан чиқиб олгандан кейин агар Япония, Жанубий Корея ёки Эронга ўхшаш терма жамоалар дуч келмаганида, ярим финалга етиб бориш, аслида, биз учун жуда оғир вазифа эмас.

Аксинча, ярим финалда Австралияга 0:6 ҳисобида мағлуб бўлишимиз жуда ёмон кўрсаткич эди, биз учун. Гуруҳда Қатар, Қувайт ва Хитойни, кейин Иорданияни ютган терма жамоамизнинг асл кучини Австралия амалда кўрсатиб қўйганди ўшанда. Тактика борасида Абрамов 100 фоизга ют-қазганди!

Бу мағлубиятдан ўзларига келолмаган вакилларимиз 3-ўрин учун бўлган ўйиннинг 1-бўлимидан сўнг ҳам 0:3 ҳисобида танаффусга чиқиб кетишгани умуман ортиқча эди. Иккита ўйинда ўтказиб юборилган 9та гол яна нимадан дарак бериши мумкин? Ўша учрашувнинг 2-бўлимида Гейнрих 2та тўп киритиб, ҳисобни 2:3га етказди, лекин бу билан терма жамоани оқлаб бўлмасди - поезд кетиб бўлганди.

Шу омилларга қарамай, Абрамов терма жамоада қолдирилди ва унинг бошчилигида ЖЧ саралашларини бошлаб юбордик.

Яна биринчи босқичдан деярли қийинчиликсиз ўтилди. Сўнгги ҳал қилувчи баҳслар. 1-тур. Тошкент. Ўзбекистон - Эрон. Ростдан ҳам ўша учрашувда ўйин борасида вакилларимиз Эронни тор-мор қилиб ташлашганди.

Лекин афсуски, футболда ҳамма нарсани ҳисоб белгилайди: сўнгги сонияларда «пахтакорчи» Андреевнинг қўпол хатосидан кейин меҳмонлар ўйиндаги ягона голни уриб, уйларига ўта қимматли бўлган 3 очкони олиб кетишди. Яна 100 фоиз тактик мағлубият!

Бу ўйиндан сўнг терма жамоа бошига қутқарувчи ўлароқ яна Миржалол Қосимов келди.

Айтиш мумкинки, айнан мана шу йилларда Қосимов қўл остида ўйнаган миллий терма жамоамиз ЖЧ ҳал қилувчи саралаш баҳслари доирасида ўзининг энг максимал очколарини жамғарган. Қосимов терма жамоа бошқарувида 7 ўйинда 14 очко тўплай олди (Қатар 5:1, 1:0, Эрон 1:0, Ливан 1:1, 1:0, Корея 2:2, 0:1).

Бунгача ҳам, бундан кейин ҳам ҳеч бир мураббий бундай натижага эриша олгани йўқ!

Афсуски, ЖЧ йўлланмаси учун сўнгги турда футболчиларимизга қандайдир иккита гол етишмади, ваҳоланки, миллий терма жамоамиз «Бун-ёдкор»ни ларзага келтириб, Қатарни 5:1га мағлуб этганди. «Плей-офф» баҳсларига ўта толиққан ва кайфиятсиз бир аҳволда киришган вакилларимиз иккита ўйинда ҳам Иордания қаршилигини синдира олишмади.

Кейинроқ Уругвай Иордания устидан меҳмонда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганини эшитиб, биз чиқа олмаганимизга хурсанд ҳам бўлдик, қайсидир маънода.

РОССИЯ-2018: САМВЕЛБАБАЯН ДАВРИ

Мураббийлар: Миржалол Қосимов, Самвел Бабаян.

2015 йили Австралияда ўтган Осиё кубогида Миржалол Қосимов шогирдлари анча мазмунли ўйин кўрсатишди. Гуруҳдан чиққач, чорак финалда бизга Жанубий Корея рўбарў келганди. Деярли 110 дақиқа тенгма-тенг курашган йигитларимиз Шуҳрат Муҳаммадиевнинг қўпол хатосидан сўнг гол ўтказиб юборишди. Яна озгина ўтиб иккинчи гол. Миржалол Қосимов ўз постида қолди.

2018 йилги ЖЧ саралашларини терма жамоамиз айнан унинг қўл остида бошлади. Дастлабки ўйинда меҳмонда Шимолий Кореяга ютқазиб қў-йишгач, мутасаддилар Қосимовни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига... Самвел Бабаянни тайинлашди. Ўшандаёқ умуман кутилмаган ва деярли ҳеч кимга ёқмаган қарор эди бу!

Янги ишга киришган Бабаян ўзининг шогирдлари билан бирин-кетин ғалабаларга эриша бошлади. Лекин бу ютуқлар охирги пайтларда анча заифлашиб қолган Баҳрайн, қитъада доимо кучсиз саналган Филиппин каби жамоалар устидан эришилган эди, холос. Асосий баҳслар ҳали олдинда эди, Бабаян бунақа шиддатли баҳсларни ҳали умрида кўрмаганди.

Аввалига ўз уйимизда Сурияни ва меҳмонда Қатарни минимал ҳисобда ютиб қўйгач, ҳаммамиз хурсанд эдик, ғафлатда эдик. Лекин ҳаммаси ўша лаҳзалардан бошланди. Яна уйда Эрон билан ва яна 0:1 ҳисобидаги мағлубият! Яна 6 очко учун ўйналадиган ўйин бой берилмоқда.

Айнан мазкур баҳслардан кейин ЎЗБЕКИСТОН футбол оммаси тушундики, бизга зўр мураббий керак ва Бабаян билан ҳеч қачон жаҳон чемпионатига бора олмаймиз.

Шунга қарамай, Самвел Бабаянга оз эмас, кўп эмас, нақд 7та ўйиндан иборат имконият қолдириб беришди. Натижа шу бўлдики, биз меҳмонда ўтказилган барча 4та ўйинни бой бердик: Эрон - 0:2, Сурия - 0:1, Хитой - 0:1, Жанубий Корея - 1:2. Йигитларимиз сафарлардан лоақал бир очко олиб кела олишмади. Ваҳоланки, бир ўйин нейтрал майдонда - Малайзияда ўтказилганди.

Сўнгги турда Тошкентда ўтган учрашувда Жанубий Кореяни ютолмаганимиз 20 йилдан бери ЖЧ йўлланмаси учун курашаётган миллий терма жамоамиз учун мантиқий хотима ясаб берди - биз ростдан ҳам ҳозирча Жанубий Кореядан кучсизмиз!

ХАЙР, РОССИЯ, АССАЛОМ, ҚАТАР!

Бу бўлимимизни аслида «Хайр, Бабаян, ассалом, Купер!» деб номласак ҳам нотўғри бўлмасди. Юқоридаги факт ва маълумотларга эътибор бергандирсиз, ЖЧ саралаш баҳсларида ҳеч қачон бир мураббий бутун бошли циклда терма жамоа бошида бўлмаган.

Яна бир қизиқ факт, терма жамоа мураббийлари асосан олдинги мусобақаларда эришган муваффақияти натижаси ўлароқ тайинланган. Масалан, 2004 йили Хитойда ўтган Осиё чемпионатидаги иштирокидан кейин Ҳайдаров-Геде жуфтлиги, 2006 йилги Осиё ўйинларидан сўнг Инилеев, Қатар-2011дан сўнг Вадим Абрамов терма жамоани жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига тайёрлаган.

Бунга қўшимча равишда Австралия-2015да Қосимов ҳам ёмон иштирок этмагани ва терма жамоа «рули»да қолганини таъкидлаш жоиз. Лекин шу 20 йилдаги 7та ҳаракат беҳуда кетган: барча саралашларда миллий терма жамоамиз муваффақиятсизликка юз тутди.

Ниҳоят, олдинлари ҳали бирор марта дуч келмаганимиз, янгича вариант амалда қўллаб кўрилмоқда: хориждан таниқли, тажрибали ва дунё даражасидаги мураббий олиб келинди. Унинг ёрдамчилари ҳам ўзи билан бирга келган чет эллик мутахассислар экани бизни қайсидир маънода анча хотиржам қилади.

Ҳар ҳолда, ҳаммамиз қўрқиб қолганимиз, ҳеч кимдан аниғини билиб бўлмайдиган, биз ишонмайдиган воқеалар энди кузатилмаса керак: миллий терма жамоага лойиқ футболчилар эркин танлаб олинади, коррупциянинг ҳиди келадиган воқеаларга ҳар ҳолда Эктор Купер яқинлашмайди, бизнингча.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz