Қайднома

Қидирув

Бутун АПЛни ҳайратга солган «Уотфорд» ва клуб бош мураббийи Хави Грасияга назар

Бутун АПЛни ҳайратга солган «Уотфорд» ва клуб бош мураббийи Хави Грасияга назар

  19.09.2018 00:22
  0
  553
Бутун АПЛни ҳайратга солган «Уотфорд» ва клуб бош мураббийи Хави Грасияга назар

Камтарингина жамоа жорий мавсум бошида каттагина «тўполон» чиқаришга улгурди. Дунёнинг энг рақобатбардош биринчилиги - АПЛда 4та тур ортда қолгач, «Уотфорт» турнир жадвалининг 3та етакчисидан бири бўлиб турганди.

Яна 100 фоизли натижа билан «Ливерпуль» ҳамда «Челси»дек наҳанглар қаторида! «Манчестер Сити», «Тоттенхэм», «Арсенал», «МЮ» эса орқада, қойилмисиз?

Кўпчилик таркиб ва тарих нуқтаи назаридан оддий саналган жамоанинг ушбу ҳавас уйғотувчи стартини бош мураббий Хави Грасия билан боғламоқда. «Футбол» ҳафтаномаси журналистлари ҳам «Уотфорд» натижаларидан ҳайратланиб, жамоа ва испаниялик мутахассис йўлига назар ташлашди.

ГРАСИЯДАН ОЛДИН...

«Уотфорд» хўжайинлари шу йил январь ойи охирида жамоа бош мураббийи Марку Сильвани истеъфога чиқаришди. Аслида «қовоқарилар» унинг бошқарувида мавсумни жуда тетик бошлаб, бир неча ёрқин ғалабаларни қўлга киритишганди. «Уотфорд» шунинг эвазига турнир жадвалида маълум муддат ҳаттоки, ЧЛ йўлланмасини тортиқ этадиган поғоналарга яқин жойда юрди.

Бироқ декабрь ойи Сильва жамоаси учун ҳақиқий «қулаш» даври бўлди. Яъни уотфордликлар қисқа муддат ичида кетма-кет 4та ўйинни бой беришди ва 5-поғонани 10-ўрин билан алмашишди. Натижада ОАВда мақтовлар тўхтади, танқидлар бошланди. Боз устига, жамоа омадсизлигига португалиялик мураббийнинг «Эвертон» билан музокара бошлаганию, Ливерпулга кўчиб ўтишни режалаштираётгани сабаб эканлиги ҳақида гап-сўзлар урчиди.

Ўша вақт Сильванинг ўзи барчасини сафсатага йўйган, хабарларни қатъий оҳангда инкор этганди. Қисқаси, у жамоасининг муваффақиятсизлиги бундай миш-мишларга боғлиқ эмаслигини таъкидлади. Аммо «Уотфорд» раҳбарияти бунга ишонмади ва мураббий билан алоқани узди.

Қарангки, Сильва май ойига келиб, «Эвертон» бошқарувини қўлга олди, барибир. Демакки, уотфордликлар бежиз кескин чора кўришмаган. «Клуб раҳбарияти Сильвани бош мураббий лавозимига та-йинлаб, тўғри қарорга келганди - бунга шубҳа йўқ.

Агарда у АПЛдаги асосий рақобатчиларимиздан бири эътиборига тушмаганида ёки шундай тақдирда ҳам, ливерпулликлар билан алоқа ўрнатмаганида, ўзаро ҳамкорликни давом эттирардик. Бошқарув кенгашининг хулосасига кўра, «Эвертон»нинг таклифи Сильвани чалғитган, унинг ишга ёндашувига салбий таъсир кўрсатган.

Бунинг оқибатида жамоанинг натижалари ёмонлашди. Табиийки, «Уотфорда»нинг узоқ муддатга мўлжалланган режасини хавф остида қолдиролмаймиз», — дейилганди клуб расмий баёнотида. Гарчи Сильва салмоқли сабаб туфайли истеъфога чиқарилган бўлсада, бу қарорга кучли эътирозлар ҳам янгради.

Мисол учун, ҳозирда спорт журналисти, таҳлилчи сифатида ишлаётган Англия футболи юлдузларидан бири Гари Линекер клуб вакиллари устидан очиқ-ойдин кулди: «Мутлақо бемаъни қарор. Менимча, «Уотфорд» бироз сабр қилиши керак эди.

Ахир озгина омадсизлик туфайли истиқболли мураббийни ҳайдаш - телбалик. Ҳали кўрасизлар, энди бошқа бирор клуб Марку Сильвани тезда ўз томонига оғдиради, «Уотфорд» эса иқтидори нисбатан паст мутахассисга юзланади...».

«ИҚТИДОРИ НИСБАТАН ПАСТ»

Гари Линекер бир томондан ҳақ бўлиб чиқди: «Уотфорд» раҳбарияти умумий ҳолатни тўғрилаш миссиясини Хави Грасия - Қозоннинг «Рубин» жамоасидан шармандали тарзда истеъфога чиққан испан мутахассиси зиммасига юклади. Татаристонда унга катта умид боғлаб, трансферлар бозорида фаол иш олиб боришганди.

Ҳар ҳолда, қозонликлар Грасия талабларидан келиб чиқиб, 40 млн. евро сарфлашганди. Шу тариқа «Рубин» таркибига Алекс Сонг ва Максим Лестьен каби тайёр ва истиқболли футболчилар қўшилишди. Бироқ қимматбаҳо харидлар амалда ҳеч қандай самара бергани йўқ.

Чунончи, Грасия жамоадаги ярим йиллик фаолияти мобайнида ихтиёридаги футболчиларнинг кучли хусусиятларидан қандай фойдаланиш йўлини тополмади ёки тушунмади. Қолаверса, у ишончли ҳимояни шакллантиролмади. Ҳар ҳолда, Қурбон Бердиев даврида клуб белгисига айланган кучли орқа чизиқ ўтмиш хотиралари бўлиб қолди.

Аниқроқ айтсак, Грасия марказий ҳимояда асосан Сам-брано -  Санчес жуфтлигига таянди. Лекин иккиси ҳам ишончни оқлагани йўқ ва «Рубин» ҳар қачонгидан кўп гол қўйиб юборишга одатланди. Муҳими, испаниялик мутахассис Қозондаги хатоларини бошқа жамоада тўғрилашга киришди.

Яъни Грасия «Уотфорд» бошқарувига тайинланганидан кейин биринчи навбатда, жамоа ҳимоя қўрғонини мустаҳкамлашга эътибор қаратди. У шунинг баробарида орқа чизиқ ваколатини нисбатан оширди. Бунинг учун 3 нафар ҳимоячи билан ўйнаш усули - 3-5-2 тактик чизмаси танланди.

«Қовоқарилар» янги услубни ўзлаштиришгани сайин жамоанинг ҳужум ҳаракатидаги устунлиги ортиб борди. Бинобарин, қанот ҳимоячилари вингер ролини бажариб, бутун майдон бўйлаб эркин ҳаракатлана бошлашди. Тўғри, бунда Холебас ўз зонасини ёпишга улгурарди, аммо Деулофеу тез-тез олдинда қолиб кетарди. Айнан шу ҳолат янги тактиканинг энг салбий томони эди.

Грасия эса изланишдан тўхтамади ва камчиликни бартараф этиш йўлини топди. Яъни мураббий Деулофеуга қўшимча куч сифатида Мариаппани қўйди, бунда рақиб ҳужумга ўтган паллада марказий ҳимоя таянч ҳудудига силжийди. Испан мураббийи ҳужумга ҳам баъзи янгиликларни киритди.

Хусусан, «Уотфорд» битта ўйин давомида вазиятга қараб, икки нафар ҳужумчи ёки ягона ўткир форвардга таянишни ўзлаштирди. Одатда ҳужумда «тиғ» ролини Дини бажарарди, унга эса орқароқда тўп сурувчи Ришарлисон яқиндан кўмаклашарди. Ўйиннинг айни шу чизмаси тез орада самара бера бошлади: жамоа февраль ойида 3та ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди.

Бироқ шундан ке-йин яна пасайиш кузатилди. Тўғри, бунисида Грасияни айблашга асос йўқ эди. Чунки чемпионатнинг баҳорги қисмида «Уотфорд»нинг нақ 11 нафар футболчиси сафдан четда қолди. Оқибатда мураббий асосан захира вакилларини таркибга қўшди, клуб финишга катта қийинчилик билан етиб келди. Якуний натижа - 14-ўрин.

ИСТИҚБОЛ ҚАНДАЙ?

Янги мавсум «Уотфорд» учун рекорд билан бошланди. Аниқроқ айтсак, жамоа ўз тарихида илк марта чемпионат стартида кетма-кет 4та ғалаба қайд этди. «Қовоқарилар»нинг бу серия давомида «Тоттенхэм»ни таслим этишгани алоҳида ўрин тутади.

«Албатта, ҳозир жуда хурсандман. АПЛда ижобий натижага эришиш жуда мушкуллиги ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, бизнинг муваффақиятимизда ҳам алоҳида сири йўқ. Энг асосийси - чин юракдан ишлаш. Мана, футболчилар ҳозир мавсумолди йиғинларида бажарилган катта ҳажмдаги ишлар учун муносиб мукофот олишмоқда. Бор гап шу», — деди Хави Грасия «шпорлар»га қарши кечган ўйиндан сўнг.

Кўплаб экспертлар эса ҳозирдан испан мутахассиси тактика бобида беназир эканлигини эътироф этишмоқда. Барчаси тушунарли ва ҳаққоний. Ахир унинг севимли тактик чизмаси Англия заминида натижа бермоқда. Лекин бу ҳам энг муҳими эмас.

Асосийси, испаниялик мутахассис Ришарлисон ўрнига муносиб ворис топа олди - Роберто Перейра. Аргентиналик футболчи янги мавсумни чиндан ҳам, жуда яхши бошлади. Ҳар ҳолда, у 3та гол уришга улгурди. Шунингдек, голкипер Бен Фостер трансфери омадли чиққанини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Очиғи, бошида бу келишув жуда ғалати кўринган ва мухлисларда ҳақли саволларни юзага келтирганди. Ахир гап 35 ёшли фахрий ҳақида кетмоқда. Қолаверса, англиялик дарвозабон аввалги мавсум «Вест Бромвич»да ўта омадсиз ўйнади - 37та ўйинда майдонга тушиб, 55та гол қўйиб юборди, клуби эса якунда АПЛ билан хайрлашди.

Қарангки, Фостер «Уотфорд» сафига қўшилиб, бир уринишда асосий таркибдан мустаҳкам жой олди. Қисқаси, камтарин жамоанинг ёрқин старти сабабчиларидан бири айнан шу фахрий кипердир. Унинг дарвоза ҳудудидаги ишончли ҳаракатлари, кетма-кет «сэйв»лари жамоага жуда қўл келмоқда.

Фостер айниқса, «Кристал Пэлас»га қарши баҳсда кўп жонбозлик кўрсатди. Лекин жамоа ҳимоясига нисбатан муайян саволлар бор, барибир. Дейлик, уотфордликлар «Тоттенхэм» билан баҳсда серияли хатоларга йўл қўйишдики, барчаси Дукуренинг автоголига олиб келди.

Яна ҳужумчиларни баралла мақташ ўринсиз, гарчи ўша Дини охирги ўйинда «шпорлар» дарвозасини ишғол қилиб, қаҳрамонлардан бирига айланган бўлсада. Шуларни ҳисобга олсак, «Уотфорд»ни еврокубоклар йўлланмаларига яққол даъвогар сифатида кўрсатишга ҳали эрта.

Ҳа, Хави Грасия жамоаси «Тоттенхэм» мисолида илк жиддий синовдан шараф билан ўтди, аммо бу бошланиши, холос. АПЛнинг сентябрь ойи тақвимига қарасак, «қовоқарилар» «Манчестер Юнайтед» олдида ожиз қолишди. Энди Лондонда оғир 2та баҳс («Фулхэм» ва «Арсенал» билан) кутиб турибди.

Шу ўйинлардан кейингина «Уотфорд»нинг жорий мавсумдаги истиқболига аниқроқ баҳо бериш мумкиндир. Эҳтимол, «қовоқарилар» «Бернли»нинг ўтган чемпионатдаги қаҳрамонлигини такрорлашга уриниб кўришар...

C.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz