Қайднома

Қидирув

Ҳакам босим остида бунинг сабаби нима?

Ҳакам босим остида бунинг сабаби нима?

  19.09.2018 06:38
  0
  688
Ҳакам босим остида бунинг сабаби нима?

Ҳамкасбим билан хизмат сафаридан қайтар эканмиз, йўловчи йигитнинг сўзлари диққатимизни тортди. У ўзини танимаган суҳбатдошига аниқловчи маълумот берарди: «Танимадингизми, Бозор ака? Азизбекман! Чортоқда футбол ўйнайдиган...».

Бу изоҳи суҳбатдошини қониқтирди, чоғи, йигит мамнун жилмайди. Кимдир бу кичик тафсилотга аҳамият қаратмас, балки. Бироқ Намангандаги мухлислик маданиятининг ижобий ва салбий жиҳатлари муҳокама қилинаётган бир паллада шу воқеани эслаш биз учун муҳим.

Ҳа, шундай. Футболни тушуниш ёки салгина яхши ўйнашнинг ўзи Наманганда алоҳида нуфуз ҳисобланади. Ўша йўловчи йигит, тахминимизча, Чортоқ туманининг юқори ҳудудидаги қишлоқлардан бирида яшайди ва марказда фаолият юритувчи клубда тўп суради.

Азизбекка қишлоғи қаҳрамонига айланиши учун шунинг ўзи етарли. Ҳа, Наманганда футболнинг обрўси шу қадар юксак. Айни чоғда мухлислик табиати ва стихияси ҳам ўзига хос.

Таъбир жоиз бўлса, «Навбаҳор» мухлислари билан тўлган стадион тўлқинланиб ётган, тошишга шай сув омбори кабидир. Бу издиҳомга нисбатан бепарво қараш ёки ножўя ҳаракат қилиш мутлақо мумкин эмас. Ҳакам, мураббий ва футболчиларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини минг-минглаб нигоҳлар синчковлик билан кузатиб боради.

Атайлаб йўл қўйилган хато ёки беписанд қилиқлар жиддий нигоҳлар хотирасидан ўчмайди. Дейлик, «Навбаҳор» вакили ўзи билмаган ҳолда, кетма-кет хато қилди. Тамом! Ўша заҳоти аччиқ, баданни тешиб юборадиган луқмалар янграйди: «Фалончихон, ўзингиздан кетманг, ҳа, қийшиқ оёқларингиздан...».

Қарабсизки, ўша футболчининг ўйини ўнгланади. Кўз ўнгингизда гўёки, мўъжиза рўй беради. Ҳакамлар ёки рақиб жамоа мураббийлари ва футболчиларига бундан ҳам ўткирроқ оҳангда босим ўтказилади. Умуман, босим санъати тобора сай-қалланиб, сурурли тус олмоқда. ХХ асрнинг 80-йиллари охирида шаклланган мазкур феномен жараён - футболимизнинг том маънодаги бахти.

Хайриятки, «Навбаҳор»даги инқироз даври шу ажиб ҳодисани сўндириб юбормади. Таъкидлаш жоизки, рақиб жамоа мухлислари ўтирадиган сектордан биз мулоҳаза юритаётган босим ўтказиш жараёни у қадар сезилмайди. Фақат тажрибали меҳмон мухлисларгина Наманган феноменининг моҳияти ва асов табиатини жуда яхши билишади.

14 сентябрь оқшомида ҳам ўйиндан сўнг, меҳмонларга оқ йўл тилаш чоғи, «Пахтакор»нинг 1-2 нафар ёш мухлиси «Машарипов гол урганда, «офсайд» йўқ эди. Сухандон гол урган футболчиларимизни эълон қилмади», - деб юборди беихтиёр. Саъдулла эса «Стоп! Олға!» деди сўз қўшиб бўлмас оҳангда.

Қойил қолиш керакки, зукко ва кўпни кўрган мухлислар вазиятни теран тушунишади. Улар футболимизнинг умумий муаммолари ва оғриқлари туфайли икки клуб тарафдорлари ўртасида зиддият келиб чиқишини асло истамайдилар. Шунинг учун ҳам бу сафар иккинчи даврадаги ўйинга нисбатан нохушлик кам кузатилди.

Ҳакамнинг босим остида қолиши эса, аввалдан маълум эди. Энди очиқ айтайлик, иккинчи давра якунлангач, ҳали сўнгги босқичга қуръа ташланмай туриб, 23-турда «Пахтакор»нинг Наманганга келиши, учрашув 14 сентябрь куни бўлишидан мухлислар хабар топишганди. Очиғи, ўшанда бу маълумотга ишонмадик. Йўқ, ҳаммаси тўғри чиқди.

Бизнинг айбимиз - қуръадан аввал шу мулоҳазаларни ёзмаганимиз. Ҳозир ёзишимиздан мақсад - кечроқ бўлса-да, бу хусусда жамоатчиликни огоҳлантириш ва энг асосийси, наманганлик мухлислардаги эътирозлар илдизини ўз исботини топган сирли прогнозларга боғлаш.

Наманганликлар бу баҳсни «Навбаҳор» шаштини синдиришга қаратилган уриниш сифатида баҳолашди. Ҳал қилувчи босқичнинг дастлабки турида «Навбаҳор»ни енгиш «Пахтакор» учун муҳим ҳисобланарди ва қуръа бунга йўл очди. Ўша жараёндан аввал тарқалган хабарларнинг тасдиқланиши Азиз Асимов зиммасига босим тушишини таъминлади.

Бошқача ифода этганда, 14 сентябрь оқшомидаги баҳс наманганлик мухлисларда уюштирилгандек таассурот уйғотди. ПФЛнинг бу ҳолатни тасодиф сифатида изоҳлаши бефойда. Қуръа жараёнида Омон Ғофуров ўрнида бирор машҳур футболчи қатнашганида ҳам бошқа масала эди. Демоқчимизки, ПФЛ йўқ жойдан ўзига муаммо яратмоқда, шубҳа-гумонлар туғдирмоқда...

Ёдингиздами, иккинчи давра доирасидаги учрашувда Наваф Шукруллоҳ ҳеч қандай босим сезмаганди. Наманганлик мухлислар 14 сентябрь оқшомида уни эслаб ўтиришди. Шундай қиёслаш, солиштириш имкони учун мутасаддиларга раҳмат. Шу хайрли иш яна бир бор такрорланса, кифоя эди - ҳаммаси силлиқ кечарди.

Ишончимиз комилки, футболимиз мутасаддиларига ҳам Намангандаги баҳс босим остида ўтиши аён эди. Афсуски, улар ўзларини билмасликка олишди ва яна бир бор хориждан ҳакам таклиф қилишни ортиқча кўришди. Боз устига, энг муҳим учрашувлардан бирини ва феномен муҳитни Эктор Купер кўрмади.

Гарчи узрли сабаблар айтилган бўлса-да, ташриф амалга ошмаганининг сабабига биров ишонмади. Гоҳо ҳақиқатлар қудратли стихия қаршисида ожиздир. Бу қудратли стихия ҳар доим ҳам меъёрни бузмайди, тилига ёки қўлига эрк бермайди. Тўлиб-тошиб турадиган қудрат моҳиятида юксак маданият мужассам.

Бу куч ҳақиқий устунликни олқишлашга қодир ва ўз вақтида олқишлаган ҳам. Қачонки, умумий муҳит қуюшқондан чиқса, асл сабабларни кўпроқ майдон ташқарисидаги ишлардан излаган маъқул. «Навбаҳор» ўйин услубини майдоннинг ҳолатига боғлаш - ёниб турган оловга мой сепиш билан баробар.

Тўғри, «Навбаҳор» ўйини такомиллашишга муҳтож. Савия борасида «лочинлар» ва «шерлар»ни солиштириш ҳам ноўрин. Лекин бу ҳол «Навбаҳор» пойтахтнинг етакчи жамоаларини енголмаслигини англатмайди, албатта.

«Атлетик» қандай иштиёқ ва хоҳиш эвазига «Реал» билан дуранг ўйнаган бўлса, «Навбаҳор» ҳам «Пахтакор»га қарши шундай кайфиятда майдонга тушаверади. Майдон ҳолати ҳақида ўринли эътироз билдирган Шота Арвеладзе шуни унутмаса, бас!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz