Қайднома

Қидирув

Нохуш серия, ноқулай рақиб, ёш масаласи… ёхуд яна терма жамоамизга оид маълумотлар

Нохуш серия, ноқулай рақиб, ёш масаласи… ёхуд яна терма жамоамизга оид маълумотлар

  25.09.2018 00:31
  0
  2064
Нохуш серия, ноқулай рақиб, ёш масаласи… ёхуд яна терма жамоамизга оид маълумотлар

Икки ҳафта олдин миллий жамоамиз янги бош мураббий Эктор Купер бошчилигида навбатдаги ўртоқлик ўйинларини ўтказди. 22 августдан бошланган ўқув-машғулот йиғинида 30 нафар футболчи иштирок этди.

Сурия ва Эронга қарши баҳсларда шулардан 24 нафари майдонга туширилди. Жароҳат сабаб Азиз Ҳайдаров йиғинни эрта якунлаганди. Икки дарвозабон - Муроджон Зуҳуров ва Санжар Қувватов, ҳимоячилар Мурод Холмуҳаммедов, Шуҳрат Муҳаммадиев, ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Гадоев машғулотлар билан чекланишди.

Аргентиналик мутахассиснинг дебюти дуранг билан бошланди. Сурия терма жамоасига қарши баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Иккинчи учрашувда эса Эрон термасига 0:1 ҳисобида имконият бой берилди. Мазкур икки ўйин, таркиблар ва яна баъзи ҳолатлар бўйича статистик маълумотларга юзланамиз.

ЭРОННИ ТОШКЕНТДА МАҒЛУБ ЭТИШ...

2011 йилдан Эрон термасига таниқли португалиялик мутахассис Карлуш Кейруш бош мураббий бўлганидан кейинги даврда мамлакатимиз бош жамоаси Тошкентда бу жамоа билан 4 марта тўқнаш келди. Аламлиси, ҳар 4 ўйинда эронликлар бир хил - 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Кейруш Эронга келгунига қадар 2009 йилда ҳам пойтахтимизда яна бир ўртоқлик ўйини ўтказилганди.

Ўша баҳсда Миржалол Қосимов бошчилигидаги термамиз Али Дайи устозлигидаги жамоа билан нурсиз дуранг қайд этганди. Умумий статистикага юзланадиган бўлсак, Эрон термасига қарши ўтказилган 10 ўйинда ҳисобимизда 1 ғалаба, 1 дуранг ва 8 мағлубият мавжуд. Тўплар нисбати - 2:13.

Шу ўринда савол туғилади? Миллий жамоамизнинг ўз майдонидаги учрашувларида «девор»лар ҳам ёрдам бера олмайдиган ягона рақиби Эронми? Жамоамиз иштирокидаги ўйинларни таҳлил этганимизда, қитъа етакчиларига қарши баҳсларда муаммолар етарлича экан.

Эрондан ташқари, Жанубий Корея термасига қарши Тошкентда ўтган 4 ўйинда 3 дуранг ва 1 мағлубият, БААга қарши 4 ўйинда 1 дуранг ва 3 мағлубият, Япония билан 3 ўйинда 2 дуранг ва 1 мағлубият жамоамизнинг нохуш статистикаси бўлиб турибди.

Умумий учрашувлар статистикаси бўйича Жанубий Кореяни 14 ўйиндан бери мағлуб эта олмаяпмиз. Жамоамиз тарихидаги ягона ютуқ узоқ 1994 йилги Осиё ўйинлари ярим финалида қайд этилган. Бу ғалаба қозона олмаслик борасида энг узоқ сериямиз бўлиб турибди.

ЭРОН ТЕРМА ЖАМОАСИГА ҚАРШИ ЎЙИНЛАР

Сана                     Ўйин мақоми                     Учрашув                    Ҳисоб

11.09.2018            Ўртоқлик                      ЎЗБЕКИСТОН - Эрон             0:1

19.05.2018            Ўртоқлик                      Эрон - ЎЗБЕКИСТОН             1:0

12.06.2017            ЖЧ саралаши                Эрон - ЎЗБЕКИСТОН             2:0

06.10.2016            ЖЧ саралаши                ЎЗБЕКИСТОН - Эрон             0:1

11.06.2015            Ўртоқлик                      ЎЗБЕКИСТОН - Эрон             0:1

14.11.2012            ЖЧ саралаши                Эрон - ЎЗБЕКИСТОН             0:1

03.06.2012            ЖЧ саралаши                ЎЗБЕКИСТОН - Эрон             0:1

05.09.2009            Ўртоқлик                      ЎЗБЕКИСТОН - Эрон             0:0

11.07.2007            Осиё кубоги                  Эрон - ЎЗБЕКИСТОН             2:1

14.12.1998            Осиё ўйинлари              Эрон - ЎЗБЕКИСТОН             4:0

ҒАЛАБАСИЗ СЕРИЯ 10 ЎЙИНГА ЕТДИ

Минг афсуски, термамизнинг сўнгги йиллардаги натижалари пасайиб бормоқда. Купер жамоани қабул қилгунга қадар вакилларимиз ғалаба қозона олмаслик борасидаги серияни янгилаб бўлишганди.

Ортга назар ташласак, бунгача миллий жамоамизнинг узоқ ғалаба қозона олмаган даври 2008 йилда қайд этилганди. Ўшанда термамиз кетма-кет 7 ўйинда ғалаба нималигини билмаган. Бу галгиси, кўриб турганингиздек, 10 ўйинга етди.

ТЕРМА ЖАМОАМИЗНИНГ ҒАЛАБАСИЗ СЕРИЯСИ

Сана                Ҳисоб      Қаерда        Рақиб

12.06.2017        0:2            Меҳмон       Эрон

31.08.2017        0:1            Меҳмон       Хитой

05.09.2017        0:0            Уй                Ж.Корея

14.11.2017        0:1            Меҳмон       БАА

23.03.2018        1:1            Меҳмон       Сенегал

27.03.2018        0:2            Меҳмон       Марокаш

19.05.2018        0:1            Меҳмон       Эрон

08.06.2018        0:3            Меҳмон       Уругвай

06.09.2018        1:1            Уй                Сурия

11.09.2018             0:1           Уй           Эрон

ЎРТАЧА ЁШ БОРАСИДА ЯНА «УЛҒАЙДИК»

Статистикага назар солсак, миллий жамоамизнинг ортда қолган 269 ўйинида майдонга тушган футболчиларнинг ўртача ёши 26,1ни ташкил этмоқда. Эктор Купер Сурия термасига қарши баҳсда майдонга туширган футболчиларнинг ўртача ёши 28,1ни ташкил этган бўлса, Эрон билан ўйинда бу кўрсаткич 27,6га тенг бўлди.

2018 йил ҳисобидан ўтказилган учрашувларда жамоа анча ёшарганди. Мисол тариқасида 23 март куни Сенегалга қарши баҳсда ўртача ёш 27,2; 27 мартда Марокашга қарши 25,2; 19 май Эронга қарши 22,2 ва 8 июнда Уругвайга қарши 23,8га тенг бўлди.

Бир ўйинда ўртача энг ёш жамоамиз 2002 йил 21 августда Озарбайжон термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушган экан. Ўшанда жамоа ўртача ёши 22,1га тенг бўлган. Шу йил май ойида Эронга қарши Теҳронда бўлиб ўтган баҳсда Темур Кападзе устозлигида термамизнинг ўртача ёши 22,2га тенг бўлган.

Энг ёши улуғ жамоамиз Самвел Бабаян бошчилигида жаҳон чемпионати саралаши доирасида сафарда Хитойга қарши тўп сурган: 2017 йил 31 август, ўртача ёш - 29.

ЎРТАЧА ЭНГ ЁШ ТАРКИБ ЎТКАЗГАН ЎЙИН СТАТИСТИКАСИ:

Халқаро ўртоқлик учрашуви

ОЗАРБАЙЖОН - ЎЗБЕКИСТОН - 2:0 (1:0)

21.08.2002. Боку. 7000 томошабин.

Ҳакам: Мунис Абдуллаев (Озарбайжон)

Голлар: Самир Алиев (40), Фаррух Исмоилов (80).

Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Бахтиёр Ашурматов (Рашид Ғофуров, 85), Асрор Алиқулов, Максим Усмонов, Сергей Лушан, Илёс Зейтуллаев, Александр Гейнрих (Темур Кападзе, 68), Сервер Жепаров (Алексей Николаев, 55), Анвар Солиев (Виталий Жалилов, 63), Владислав Кирьян (Элдор Магдеев, 83), Шуҳрат Мирхолдиршоев (Юрий Никитков, 46).

 

ЎРТАЧА ЭНГ ЁШИ КАТТА ТАРКИБ ЎТКАЗГАН ЎЙИН СТАТИСТИКАСИ:

ЖЧ-2018 саралаши

ХИТОЙ - ЎЗБЕКИСТОН - 1:0 (0:0)

31.08.2017. Ухань. 51666 томошабин.

Ҳакам: Кришанта Делей Перейра (Шри Ланка)

Гол: Гао Линь (85-пен.).

Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Егор Кримец, Марат Бикмаев (Сардор Мирзаев, 79), Анзур Исмоилов, Сервер Жепаров (Александр Гейнрих, 86), Одил Аҳмедов, Игорь Сергеев (Азиз Ҳайдаров, 67), Отабек Шукуров, Виталий Денисов, Ислом Тўхтахўжаев, Элдор Шомуродов.

Мазкур 2 учрашувни солиштирсак, Нестеров, Жепаров ва Гейнрих ҳар икки ўйинда ҳам иштирок этганлигига гувоҳ бўласиз.

ТАРКИБЛАР ТАФОВУТИ

Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида майдонга тушган футболчилар борасида мухлисларимиз яхшигина маълумотга эгалар. Россия Премьер-лигасида фаолият юритаётган Виталий Денисов «Крилья Советов», Элдор Шомуродов «Ростов»дан ташқари, Осиё жамоалари шарафини ҳимоя қилаётган айрим футболчиларимиз легионер мақомидалар.

Эрон термасида португалиялик Кейрушнинг фаолият юритиши натижасида ҳар жабҳада ўсиш кузатилди. Айни дамда ФИФА рейтингида 33-ўринда бораётган жамоанинг 2010 йилги ҳолатига назар солсак, эронликлар 66-поғонада бўлишган. Етти йилдан ошиқ давр мобайнида бу мутахассис жамоани рейтингда Осиёда биринчи ўринга олиб чиқди.

Ўз футболчиларини асосан Европага жўнатаётган форслар сешанба куни бўлиб ўтган баҳсда Тошкентга олиб келган 25 футболчисининг 14 нафари легионер эди.

Улар - дарвозабон: Амир Обидзода (1993, «Маритиму», Португалия), ҳимоячилар: Рамин Ризоян (1990, «Остенде», Бельгия), Мажид Ҳусайни (1996, «Трабзонспор», Туркия), Муртазо Пуралиганжи (1992, «Эйпен», Бельгия), Милод Муҳаммади (1993, «Ахмат», Россия), Садег Муҳаррами (1996, «Динамо Загреб», Хорватия), ярим ҳимоячилар: Сайид Изатуллоҳи (1996, «Рединг», Англия), Умид Иброҳими (1987, «Ал-Аҳли», Қатар), Саман Ҳоддос (1993, «Амьен», Франция), Воҳид Амири (1988, «Трабзонспор», Туркия), Алиризо Жаҳонбахш (1993, «Брайтон», Англия), Али Гулизода (1996, «Шарлеруа», Бельгия), Меҳди Тарими (1992, «Ал-Гарафа», Қатар), Карим Ансорифад (1990, «Олимпиакос», Греция).

Шунингдек, мазкур ўйинга чақирилмаган Кавеҳ Ризойи (1992, «Брюгге», Бельгия), Умид Норафкан (1997, «Шарлеруа», Бельгия), Сардор Азмун (1995, «Рубин», Россия)лар ҳам исталган вақтда жамоа­ни кучайтиришлари мумкин. Футболчилар ёшига эътибор қаратинг, энг катта ёшдаги Умид Иброҳими 1987 йилда туғилган. Воҳид Амири эса 1988 йилда таваллуд топган.

Қолган барча футболчилар 21дан 28 ёшгача. Эътиборимизни тортган жиҳат шуки, 2012 йили Эронда бўлиб ўтган 16 ёшгача ўсмирлар чемпионатида мамлакатимиз ўсмирлари ўз тарихида илк марта Осиё чемпионига айланишган ва ўша турнирда Эронни ярим финалда мағлубиятга учратишганди.

Буни қарангки, форсларнинг ўша таркибидан ҳозир 4 нафари Мажид Ҳуссайни, Садег Муҳаррами, Сайид Изатуллоҳи, Али Гулизода ўсишга эришиб, Европа жамоаларида тўп суришмоқда. Бизнинг чемпионлар эса ҳозирча...

Январь ойида жамоамизга асосий рақиб бўладиган Япония термаси таркиб жиҳатидан Эрондан ҳам устунроқ. «Кунчиқар юрт» вакилларининг бу йилги таркибини ўрганиб чиққанимизда, Европада 17 нафар футболчиси фаолият олиб бораётганини аниқладик.

Германия Бундеслигасида 7, Англия Премь-ер-лигасида 3, Испания Примерасида 2, Франция олий дивизионида 1, Португалия ва Голландияда 2 нафардан футболчи рўйхатдан ўтган. Уларнинг аксарияти яқинда бошланган чемпионатда жамоалари таркибидан муқим ўрин олишган.

Шундай экан, биз ҳам Эктор Купернинг термамиздаги фаолиятига омад тилаб, яқин йилларда футболчиларимизнинг Европа жамоалари таркибидан жой олишларига ўз ҳиссасини қўшишидан умидвормиз.

Бахтиёр ШИРИНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz