Қайднома

Қидирув

Алессандро Неста: «Ўз йўлимдан борсам, бас»

Алессандро Неста: «Ўз йўлимдан борсам, бас»

  25.09.2018 06:03
  0
  715
Алессандро Неста: «Ўз йўлимдан борсам, бас»

Италия миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси Алессандро Неста ҳозирда камтарин «Перуджа»га устозлик қилмоқда.

Ёш мутахассис Radio Radioга берган интервьюсида Умбрия ҳудудидадаги илк тажрибаси, «Милан» ва «Лацио»га оид долзарб мавзулар хусусида фикр билдирди.

«ПЕРУДЖА»ДАГИ ИШИ

- Мураббийлик соҳасида чинакам старт олиш учун муносиб клуб танладим, менимча. Айни ҳолатда «Перуджа»ни бошқариш асносида мураббийлик тажрибамни бемалол оширишим мумкин.

«ЛАЦИО»ГА МУНОСАБАТ

- Шахсий фикримча, римликлар кучли тўртликдан жой олишга қодирлар. Бунга ўтган мавсум ҳам гувоҳ бўлдик. Жорий чемпионат бошидаги нисбий омадсизликни ноқулай тақвимга боғлаш мумкин. Ачерби ва де Врей? Уларнинг асли қандай савияга эга эканликларини вақт кўрсатади. «Лацио»га устозлик қилиш?

Аввало, «Перуджа»да самарали ишлашим, қимматли тажриба тўплашим лозим. «Лацио» - буюк жамоа. Албатта, шундай клубни бошқаришга муносиб даражада малака тўплашни истайман. Менимча, «Лацио»дек жамоани бошқариш кўпчилик учун орзу бўлса керак.

«МИЛАН»ГА ЎТИШ...

- Бу ҳақда кўп гапирганман. «Лацио»дан кетиш ўзим учун ҳам, тиффозилар учун ҳам оғир бўлганди. Янги жамоада дастлабки 2 ой давомида роса қийналганим эсимда. Муҳими, профессионал спортчи эканлигимни унутмай, қаттиқ ишладим.

Ҳа, кейинроқ «Лацио»га қайтишим учун имконият туғилди, аммо «Милан» қўйиб юбормади. Боз устига, Рим клубининг нияти жиддий эмасдек туюлганди...

АВВАЛГИ МУРАББИЙЛИК ФАОЛИЯТИ

Майамида ўзимни жуда енгил ҳис этдим - самарали давр ва рисоладагидек иш. Оилам ҳам Америка муҳитига тезда мослашиб олди. Мана, энди Италияга жиддий режалар билан қайтдим.

Сафдошларимдан Гаттузо ва Инзаги топ-клубларда ишлашга улгуришди. Умуман, бошида АҚШда ишлаб кўрганимдан асло афсусланмайман. Профессионал маҳоратимни ошириш асносида босқичма-босқич ўз йўлимни яратсам, бас.

ИТАЛИЯ ТЕРМАСИ МУАММОЛАРИ

- Авлодлар алмашуви доимо оғриқли кечади. Тан олиш керак, бизнинг авлод ҳозирги таркиб вакилларидан кучлироқ эди. Айни пайтдаги асосий масала - ёшлар сектори, мураббийлик мактабларига сармоялар киритиш, соҳани ривожлантириш. Чунончи, миллий жамоага топ-мураббий керак.

13-РАҚАМЛИ ФУТБОЛКА

- Кўплаб ҳимоячилар мен туфайли «13»ни танлашаётгани қувонарли ҳол. Демак, чакки ўйнамаганман, меҳнатим бесамар кетмаган, майдонда ўз вазифамни талабга мувофиқ уддалаганман. Ҳозир ўзим Романьоли мухлисиман.

Бу йигит ҳам «лациале», лекин «Милан»да тўп сурмоқда. Ўйлайманки, Алессио келажакда юлдузлар қаторидан жой олади, фақат халқаро тажриба тўпласа бўлди...

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz