Қайднома

Қидирув

Муросасиз, аммо мароқли муносабат

Муросасиз, аммо мароқли муносабат

  26.09.2018 06:13
  0
  562
Муросасиз, аммо мароқли муносабат

Мураббийлар, жамоалар ва ўйинчилар ўртасида шаклланган ўзига хос муносабатлар замонавий футболнинг томошабоплигини таъминловчи муҳим омиллардан ҳисобланади. «Эль-класико» наинки Ла-лига, балки жаҳон футбол айвонидаги энг машҳур ва нодир «интрига»дир.

Маълум муддат Хосеп Гвардиола ва Жозе Моуриньо, Лионель Месси ва Криштиану Роналду бу оташин «интрига» мақомини юксалтириб, унга етарлича сайқал беришди. Хуллас, шаклланган муносабат футболда рақобатнинг алоҳида тури саналади.

Суперлиганинг сара олтилигидан жой олган жамоаларнинг ўзаро баҳслари миллий чемпионатимизда ҳам шу каби муносабатлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Мухлислар нутқида «тарафкашлик» ибораси ёрдамида ифода этиладиган бундай жараён сабаб, Суперлига элитасида кураш анча қизимоқда,  муросасизлик уфуриб турибди.

Дейлик, «Пахтакор» мухлислари «Навбаҳор»га қарши баҳс бошланишини интиқлик билан кутиб ўтиришар экан, муттасил равишда «Металлург» - «Локомотив» учрашуви натижасига қизиқишди. Улар бекободликлар «темирйўлчилар» билан жангда лоақал дуранг қайд этишларидан умидвор бўлишди...

«Бухоро»нинг «Бунёдкор» майдонида анчайин бўш ўйнагани аксарият мухлисларни бироз таажжублантирди. Ижтимоий тармоқларда ҳаттоки, «Мавсум аввалидаги «Бухоро» қани!?» қабилида савол - хитоблар кўпайди.

Фақат кам сонли мухлисларгина бу ҳисоб алдамчи эканлиги, «Металлург» таркиб жиҳатидан ўзига нисбатан кучли «Локомотив»га қандай жиддий қаршилик кўрсатган бўлса, «Бухоро» ҳам «шерлар» майдонида шундай муросасиз курашишини тахмин қилишди. Охир-оқибат, шу тахмин ўзини оқлади.

Ҳар ҳолда, Улуғбек Бақоев шогирдлари ўтган турга қараганда, яхшироқ тўп суришди, шижоатлироқ кўринишди. Уларнинг мағлубиятга учрашгани эса бошқа масала. Тўғри, бўш ўйнаган жамоа кейинги баҳсда фаолликка интилиши табиий ҳол. Лекин «Бухоро»нинг пойтахтдаги икки хил ўйини ва икки баҳсга фарқли муносабатини фақат шу сабаб билан изоҳлаш ноўрин.

Истаймизми-йўқ, «Бухоро» руҳияти ва ички муносабатида «Бунёдкор» ҳамда «Пахтакор»га нисабатан алоҳида-алоҳида ёндашув мавжуд. Бор гап шуки, мазкур ёндашувнинг биринчиси позитив, иккинчиси агрессив характерга эга. Албатта, бунинг учун ҳеч ким «Бухоро»ни ортиқча айбламайди.

Аксинча, шундай муносабатларнинг мустаҳкамланиши, анъанага айланиши футболимизни тараққиёт сари етаклайди, Суперлига обрўсини оширади, ҳозирги формат миллий чемпионатимиз учун зарур эканлигини тасдиқлайди. Фақат бу муносабатлар спорт тамойилларидан четга чиқмаса, ҳалол рақобат меъёрлари бузилмаса, бас.

Хайрулло Ҳамидов «Шальке» - «Бавария» баҳсини шарҳлаш давомида мюнхенликларнинг «Ювентус» ва «Реал»га нисбатан рақиб сифатидаги муносабатлари турлича эканлигини таъкидлади. Туринга позитив, Мадридга эса агрессив қараш. Шарҳ-ловчи «агрессив» сўзини қўштирноқ ичида ўзбекона қилиб, «қир-пичоқ» шаклида ифодалади.

Шу маънода «Бухоро»нинг «Пахтакор»га, «Металлург»нинг «Локомотив»га муносабатидан ёруғ жиҳатларни изламоқ даркор. Майли, совринли ўринлар учун курашмайдиган Бекобод клуби «Пахтакор»га кўмаклашиш мақсадида «шерлар»нинг рақиблари билан аёвсиз рақобатлашаверсин.

Қарама-қарши мақсадни кўзлаган «Бухоро» ҳаракатлари ҳам ҳалол рақобатнинг ёрқин намунаси бўлиб кўнгилларни шодлантирсин. Қарабсизки, шу муносабатлар натижасида «Бухоро» ва «Металлург» ўртасида ҳам кутилмаган кескин рақобат юзага келади. Таъбир жоиз бўлса, бунда очколар эмас, балки муносабатлар шон-шарафи учун кураш боради.

«Пахтакор»нинг Бухорога ташрифи қандай кечиши ҳозирданоқ мухлисларда катта қизиқиш ўйғотмоқда. «Бухоро»нинг пойтахтдаги иккинчи ўйини мухлислар қалбига шундай чўғ солиб қўйди. Демак, футболчиларни «пишитиб» тоблайдиган, мухлисларни эса стадионларга чорлайдиган сурурбахш, суронли учрашувлар ҳали олдинда.

Такрор таъкидлаймиз, «Локомотив» ва «Пахтакор» ўртасидаги чемпионлик кураши «олови»га «Бухоро» ҳамда «Металлург» очиқдан-очиқ мой қуйиб турибди. «Бунёдкор» ва «Навбаҳор» эса бу рақобатда оралиқ масофани ушламоқда. Бошқача айтганда, пайт пойламоқда.

Сезилиб турибдики, «қалдирғочлар» ҳамда «лочинлар» учун «Пахтакор» ва «Локомотив»нинг ўзаро баҳслари натижаси жуда-жуда аҳамиятли. Бўлажак «Пойтахт дербиси»да қайсидир жамоа, барибир, очко йўқотади, боз устига, дерби икки раунддан иборат.

Шунинг учун «Бунёдкор» гарчи сўнгги турда имкониятни бой берган бўлсада, совринли ўринлар, ҳаттоки, чемпионлик унвонига эга бўлишдан ҳозирча умид узмайди. Миржалол Қосимов ҳам олимпия терма жамоасини бошқаришга муносиб эканини исботлашиш мақсадида барча рақибларни енгиш учун астойдил изланса, ажабмас.

Зеро, «Бунёдкор»нинг ғалабаларигина унинг рейтингини мустаҳкамлайди. Аксинча ҳолатда футбол жамоатчилиги таниқли мутахассиснинг олимпиячиларимиз бошқарувида бўлишига ишончсизлик билдириши мумкин. ЖЧ-2014 саралаш циклидан сўнг бироз нуфузини йўқотган ва камтарона таркибли «Бунёдкор» билан аввалги обрўсини тиклаётган Миржалол Қосимов буни асло истамайди, албатта.

Агар унда биз кутган муносабат баралла бўй ростласа, бундан фақат футболимиз ютади. Зеро, Миржалол Қосимовга хос ўз «мен»ини намойиш этиш Суперлигадаги рақобатни янада оловлантиради, миллий ва олимпия терма жамоалари аъзолари ўйинларини кучайтиради.

Ҳа, муросасиз, аммо мароқли муносабатлар еврофутболда бўлгани каби Суперлигамизни безатади ва уни салбий маънодаги тарафкашлик иллатидан тозалайди.

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz