Қайднома

Қидирув

«Фулхэм»нинг африкалик Хависи

«Фулхэм»нинг африкалик Хависи

  30.09.2018 06:13
  0
  576
«Фулхэм»нинг африкалик Хависи

2017 йилнинг ёзида Жан-Мишель Сери Испанияга парвоз қилиш учун чипта буюртма беришга ўзини шайлаб турганди. Аммо кимнингдир бахиллиги унинг орзуларини чилпарчин қилди.

Ўшапайт «Ницца»нингивуарликмиттиюлдузиграндларнингдоимийэътиборидатурганди. Бироқ тақдир уни камтарин, лекин ўзига яраша ўрни ва нуфузи бўлган жамоага йўллади.

Замонавий футбол талабларига тўла жавоб берадиган, чарчоқ нималигини билмайдиган, майдон марказини ўз изнига бўйсундира оладиган ярим ҳимоячини таҳлилчилар Н~Голо Канте ва Наби Кейтага қиёслашади. Жамоадошларини тўп билан таъминлаш борасида у доимо етакчилар сафида.

Жумладан, диагонал узатмалар бўйича аввалги мавсумда Европанинг фақат 3 футболчиси - Месси, Ди Мария ва Алексис Санчес Серидан юқорироқ кўрсаткич қайд этишганди. Франциялик мутахассислар унинг тимсолида Верраттини кўришмоқда.

Шу боис, Серига қизиқиш билдирган топ-клублар сони унга бефарқ бўлганлардан анча кўп: «Барселона», «Челси», «Арсенал», «Бавария», «Реал», «Ливерпуль»... Хуллас, «Порту» захирасининг «кўрки» номдорларга эмас, «Фулхэм»га насиб этди.

Табиийки, аввалига футболчи бу қисматни хушламай қабул қилди. Ахир «Барса»дек гранд уни ўз таркибига жалб этиш учун кўп ҳаракат қилганди, келишув эса тиришқоқ ярим ҳимоячи меҳнатининг муносиб тақдирланиши бўларди. 2012 йилда Ивуарнинг «АСЕК Мимозас» клубидан «Порту-Б»га келган футболчи мавсум давомида асосий таркибга ўта олмади.

Кейинги икки йилни «Пасуш де Феррейра»да ўтказиб, ниҳоят «Ницца» сафидан жой олди. Шундан кейин мухлислар кўнглидаги таажжуб ҳайратга айланди.

Чунки қаёқдандир пайдо бўлиб қолган «миттивой» илк мавсумдаёқ жамоанинг энг яхши ўйинчисига айланди! «Ницца» эса таркибдаги муаммо айнан Сери туфайли барҳам топади, деган ўй билан 1 млн. евродан воз кечди. Бироқ тез орада Жан-Мишелнинг «тозаловчи» эмаслиги аён бўлди.

Шунингдек, ивуарлик футболчи Африка вакиллари учун юзага келган стереотип - жисмонан бақувват, лекин фикрлашда заиф, деган фикрга барҳам берди. Тўп билан аъло даражада муомала қилиш, майдондаги вазиятга аниқ баҳо бериш - Жан-Мишелнинг устун жиҳати. Бу фазилатни у «Ницца»да маромига етказди.

Тўғри, ташқи кўринишидан Сери Клод Макелелени эслатади. Бироқ у бутун фаолияти давомида бошқа футболчига ўхшашга интилди. Шу боис, ундаги яратувчанликка бўлган қизиқиш ҳеч кимни ажаблантирмайди.

Жан-Мишель доимо Хавидан андоза олган, «Барса»нинг бефарқ эмаслиги ойдинлашгач, унинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Ахир унда Европа футболининг шуҳрат чўққисида турган Эрнандес ўрнини эгаллаш имконияти пайдо бўлганди!

«Мен узоқ вақт давомида Хавининг услубини ўргандим. У ҳар бир учрашувда ўйинга бақир-чақирлар билан эмас, балки тўпга муомала қилиш орқали босиқлик, осойишталик бахш этарди. У - дид билан тўп сурадиган ўйинчи. Ҳаракатлари оддий, лекин ақлли, ҳеч қачон тўпни йўқотиб қўймайди», - дейди Сери.

Ўзининг бўй борасидаги етишмовчилигини (168 см.) ҳам ярим ҳимоячи устунликка айлантирди: оғирлик марказининг нисбатан пастроқда эканлигидан унумли фойдаланган ҳолда, у зич қўриқланаётган ҳудудга бемалол кириб боради. Юксак техникаси эса қисқа вақт ичида тўпга мослашиб олиш имконини беради.

Бу хусусиятини футболчи қуйидагича изоҳлайди: «Африкада футболчилар муайян савияга эришгунга қадар ялангоёқ машқ қилишади, тўп билан кўпроқ муомалада бўлишади. Натижада ҳали бутса киймасданоқ юксак техникага эга бўламиз».

Сўнгги мавсумларнинг долзарб мавзуси - прессинг ва контрпрессинг. Бундай услубда тўпни йўқотиб қўйишдан чўчимайдиган, мураккаб вазиятда тўғри ечим топа оладиган футболчи ҳар қандай жамоа учун ноёб топилма! Айнан шу сабабли Сери ўта харидоргир бўлганди.

Якунда «Ницца» ғолиб чиқди. Кейинчалик француз клуби Жан-Мишель учун катта пул талаб қилди. Каталонияликлар бу баҳони кўтара олишмади. Оқибатда Сери сохта муҳаббати учун «Барса»дан хафа бўлди. Лекин тез орада трансфернинг амалга ошмай қолишига «Ницца» сабабчи бўлгани ойдинлашди.

Натижада Жан-Мишель кейинги мавсумни анча суст ўтказди. Тўғри, «забастовка» эълон қилмади, мураббийга ҳам заҳрини сочмади. Аммо деярли барча кўрсаткичлари пасайиб кетди. Бу эса нафақат футболчининг, балки жамоа натижаларига ҳам салбий таъсир этди - аввалги мавсумларда Сери туфайли кучли квартетдан тушмаган «Ницца» 8-ўрин билан кифояланди.

Тўғри, шу омадсиз мавсумда ҳам ярим ҳимоячи аниқ узатмалар борасида 90 фоизли натижа қайд этди, ҳар бир ўйинда ўртача 86 узатмани амалга ошириб, Верраттидан кейинги поғонани банд этди.

Бироқ бу паллада «Барселона» Серига эҳтиёж сезмай қолганди. Чунки Каталония клуби тўп назорати услубидан воз кечиб, асосий урғуни юлдузларнинг индивидуал маҳоратига қарата бошлаганди. Иньеста ва Паулиньо ўрни Артур ва Артуро Видаль билан тўлдирилди. Серининг трансфери мавзуси ўз-ўзидан ғойиб бўлди.

Айни пайтда Славиша Йокановичнинг «Фулхэм»и Чемпионшипда ўзининг қисқа узатмаларга асосланган услуби билан элита сари дадил одимлаётганди. АПЛга чиққанидан кейин замонавий жамоа ажойиб диспетчер эвазига таркибини кучайтирди. 35 млн. евро атрофида даромад олган «Ницца» келишувдан мамнун бўлганига шубҳа йўқ.

Франциядаги 3 йил ичида Серининг баҳоси бир неча ўн бараварга кўтарилди. Ваҳоланки, футболчи «Барса»га эмас, АПЛ дебютантига сотилди. Гарчи Англияга қайтган Андре Шюррле ҳам лондонликлар сафига қўшилган бўлсада, жорий мавсумда Африка вакили жамоанинг энг фойдали ўйинчиси бўлиши мумкин.

Янги мавсумни «Фулхэм» рисоладагидек бошлади - «Кристал Пэлас» ва «Тоттенхэм»дан енгилиб, «Бёрнли»ни таслим этди. «Брайтон» билан дурангга эришди. Дебютант учун ёмон эмас. Серининг марказдаги самараси сезиларли - узатмалар аниқлиги 85 фоиз. Фақат «Челси» (89), «Манчестер Сити» (89) ва «Ливерпуль» (87) натижалари юқорироқ.

Бунинг асосий сабаби шуки, «Фулхэм»нинг умумий узатмалари сони ҳам грандларникига қараганда озроқ. Серининг маҳорати эвазига «Фулхэм» элитада ҳам Чемпионшипдаги услубини бемалол намойиш этмоқда. Ҳужумларни поёнига етказиш борасида ҳам ишлар жойида - зарбалар сони бўйича 6, аниқ зарбалар борасида 3-ўринда бормоқда.

Ана шу аниқ зарбаларнинг бири Лондон клуби ноёб иқтидор соҳибига эга бўлганини исботлади: «Бёрнли»га қарши баҳснинг 4-дақиқасида тўпни дарвозадан 25 метр узоқликда қабул қилган Сери таъқибчини осонликча ортда қолдириб, Жо Харт дарвозасининг «тўққизлиги»ни забт этди. Мазкур гол август ойининг энг чиройли голи унвонига лойиқ топилди.

Футболчининг ўз фаолиятига муносабати хусусида тўхталадиган бўлсак, Жан-Мишель учун совринлардан кўра жамоага нечоғли керак эканлиги муҳимроқлигига амин бўламиз.

Ана шу жиҳатни «Фулхэм» тақдим этди, унинг услуби айнан Сери учун яратилгандек, гўё. Ҳа, «Челси»да Жоржиньо, «Ливерпул»да Кейта бор. Энди АПЛ яна бир ажойиб диспетчер - Жан-Мишель Серини ўз қучоғига олди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz