Қайднома

Қидирув

Элдор Суюнов: «Ўзим учун тўғриман ва ҳамиша гапимга жавоб бераман»

Элдор Суюнов: «Ўзим учун тўғриман ва ҳамиша гапимга жавоб бераман»

  03.10.2018 00:21
  0
  774
Элдор Суюнов: «Ўзим учун тўғриман ва ҳамиша гапимга жавоб бераман»

Pepsi Суперлигада ғалвирни сувдан кўтарадиган фурсат етиб келмоқда. Кучли олтиликда чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш кескин кечяпти. Қуйи олтиликда эса клублар кучлилар сафидаги ўринларини сақлаб қолиш учун курашишмоқда.

Ўзбекистон кубоги ярим финалига етиб келган жамоаларга икки баробар қийин бўляпти - бир ҳафтада иккита ўйин. Биринчи босқич якунларига кўра, энг яқин таъқибчиси «Локомотив»ни етти очкога ортда қолдирган «Пахтакор» энди «олтин очколар» ҳисоб-китобига кўра иккинчи босқичда ўзи таъқиб этувчи ролини бажаряпти.

«Шерлар» айнан карвонбоши «Локомотив»дан уч очко кам жамғаришган. Учинчи ўриндан жой олган «Навбаҳор»да ҳам худди Шота Арвеладзе шогирдларида бўлгани каби 21 очко бор. 17 очкога эга «Бунёдкор»да ҳам ҳали чемпионлик учун имконият сақланиб қолган.

Суперлига доирасида «Бухоро» жамоаси мағлуб этилган (2:1) учрашувдан сўнг тажрибали посбон Элдор Суюновдан интервью олдик.

- Элдор, аввало, ғалаба муборак бўлсин. Лекин жамоа анча қийналди...

- Ҳа, «Бухоро»га қарши кечган учрашув охирги ўйинларда бўлгани каби қийин ўтди. Чунки ҳар бир очконинг қадри жуда баланд. Қолаверса, «Локомотив» билан бўлиб ўтган учрашувдаги йирик ҳисобли ғалабадан сўнг эйфорияга берилмаслигимиз талаб этилганди.

Диққат-эътиборни бир жойга жамлаб, чалғимасдан, ўйинга пухта тайёргарлик кўришимиз кераклигини мураббийлар уқтиришганди. Айнан шу томондан учрашув биз учун қийин кечди.

Бевосита ўйинга келсак, баҳс давомида тўпни ўз назоратимиз остида ушлаб турдик. Агар тоза урилган голимиз инобатга олинганида, якуний ҳисоб мутлақо бошқача кўриниш олиши мумкин эди.

- Кубок ўйинини эсладингиз. «Локомотив» билан учрашувда қайд этилган йирик ҳисобдаги ғалабага қандай таъриф берган бўлардингиз?

- Учрашувда йирик ҳисоб қайд этилган бўлсада, у биз учун осон кечмади. Ўзига яраша мураккаб баҳс бўлди. Ўйин дербига хос шиддат билан бошланди. Лекин «Локомотив» футболчисига кўрсатилган қизил карточкадан сўнг биз бемалол ўйнаҳаракат қилдик. Майдонда бир киши кам бўлиб қолган меҳмонлар эса ҳужум қилишдан тўхташмади.

- Ўйин олдидан бу даражада осон ғалабага эришамиз, деб ўйламагансизлар, тўғрими?

- Мен осон ғалабага эришдик, демаган бўлардим. Ҳар томонлама қийин ўйин ўтказдик.

- Бир киши кўп ўйнаганинглар, барибир, ёрдам берган. Ёки ўша оқшом «Пахтакор»га аталганмиди?

- Иккита тенг кучли жамоалар ўйинида томонларнинг бирида сон жиҳатидан устунлик юзага келганда, бу яққол билинади. Тан олиш керак, бир киши кўп ўйнаганимиз бизга катта устунлик берди. Аммо барибир, ғалабага бўлган чанқоқлик, хоҳиш уч очкони қўлга киритишимизда асосий омил бўлди, дея оламан.

- Ўзбекистон кубогининг битта ўйиндан иборат бўлаётганига фикрингиз қандай?

- Фикрим ижобий. Бу кейинги босқичга чиқиш йўлидаги кескинликни оширади. Учрашув кутилганидан ҳам қизиқарли, курашларга бой тарзда кечади. Йўл қўйилган хатони тўғрилаб бўлмайди. Чунки жавоб учрашуви йўқ. «Уй-сафар» тизимида эса вазиятни ўнглаш мумкин.

- Аввалги турда «Навбаҳор»га қарши кечган ўйин шунчаки драма бўлди. Дарвозаларга жами олтита тўп киритилди. Охирги марта қачон ўз дарвозангиздан учта гол ўтказиб юборгандингиз?

- Жуда ҳам эсда қоларли кун бўлганди. Чунки «Насаф» таркибидаги сўнгги ўйинимда ўз дарвозамдан учта гол ўтказиб юборганман. Ёдингизда бўлса, «Бунёдкор»га қарши майдонга тушгандик. Ўшанда «Насаф» мухлислари «Аждарлар» сафидаги сўнгги ўйини бўлгани учун атайин учта гол қўйиб юборди», деб туҳмат ҳам қилишганди.

Биласизми, учта гол қўйиб юборганим эмас, шу гап-сўзлар менга жуда оғир ботганди. Майли, ҳамманинг ўзига инсоф берсин. Мен ўзим учун тўғриман ва қаерда бўлмасин, гапларимга жавоб бераман.

- Суперлиганинг янгича кўринишда ўтказилаётганига муносабатингиз қандай? Биринчи даврадан кейин «Пахтакор» пешқадам эди. Очколар олиб ташланганидан кейин жамоангиз иккинчи босқичда учинчи ўринга тушиб қолди.

Шунча меҳнат эвазига келган очколарнинг нолга тенглаштирилиши, барибир, алам қилади. Тўғрими?

- Нима ҳам дердим. Суперлига регламенти олдиндан тузиб чиқилган. Ҳамма айбни янги тизимга ағдариш нотўғри. Шундай бўлишига ўзимиз айбдормиз. Аксарият ўйинларда очко йўқотдик. Лекин кейинги йилни оладиган бўлсак, менимча, олтин очко тизими бу нотўғри.

Нега? Чунки биринчи босқич охирларида ўткинчи ўйинлар кўп бўлади. Бу менинг шахсий фикрим.

- Шота Арвеладзе қаттиққўл мураббийми?

- Жавобни бироз бошқачароқ бермоқчиман. Арвеладзе жуда кучли мураббий. Ўз ўрнида талабчан ва ишининг профессионали. Олийжаноб, яхши фазилатларга эга инсон. Ундан ҳаётда ҳам, футболда ҳам ўрганадиган жиҳатлар, хислатлар кўп.

Қолаверса, яхши дўст ҳам. Керак пайтда ҳазил-мутойибани ҳам жойига қўяди.

- «Пахтакор»да жазолаш тизими борми?

- Ҳа, бор ва бу жараён ўта жиддий назоратда бўлади. Тартиб-интизом биринчи ўринга қўйилган. Акс ҳолда, жамоадан ижобий натижа кутиш ҳам ноўрин.

- Дарвозабонлар мураббийи ҳақида нима дея оласиз?

- Катта тажрибага эга дарвозабон эканлиги шундоққина кўриниб турибди. Машғулотларда қунт билан ўрганяпмиз.

- Миллий терма жамоамизнинг Сурия ва Эронга қарши ўтказган ўйинлари ҳақида фикрингиз қандай?

- Янги мураббийнинг илк ўйинлари. Ҳозир Купер ўзбек футболи билан яқиндан танишиш даврида. Эндигина иккита учрашув ўтказилди. Ҳозирдан хулоса чиқариш нотўғри. Суперлига ўйинларини кузатяпти, ўрганяпти.

Январь ойида ўтказиладиган Осиё кубоги ҳам Эктор Куперга танишиш учун хизмат қилади. Унинг олдига қўйилган асосий вазифа - бу терма жамоамизни ЖЧ-2022 финал босқичига олиб чиқиш. Шу мақсадга етиш учун барчамиз бирлашишимиз керак.

- Ана шу иккита ўйинда Эктор Купер фалсафасини тушуниб етдингларми?

- Терма жамоамизнинг у бошчилик қилган ва ҳозирча ягона бўлиб турган биринчи йиғинида асосан ҳимоя ҳақида гаплашдик, шу асосда машғулотлар ўтказдик. Фақат битта йиғин бўлиб ўтгани учун тўлиқ тушуниб етмадик, деб ўйлайман.

Бунинг учун ҳам вақт керак. Ўтказиладиган ўйинларда турли тактикалар синаб кўрилади.

- Куперни ҳимоявий ўйин тарафдори, дея танқид қилаётганлар кўп учраяпти. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?

- Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бўлади. Шу боис ҳам бу мураббий ҳимоявий тактикада ўйнатар экан, бошқаси ҳужумни яхши кўрар экан, деб танқид, муҳокама қилиш нотўғри ва айни пайтда ноўрин. Танқид терма жамоа ёки клубнинг натижасига қараб қилинади.

Эътиборли жиҳати шундаки, исталган тактикада ҳам ижобий натижага эришса бўлади. Буни Эрон терма жамоаси амалда исботлади. Кам гол уриб ҳам метин ҳимояси эвазига ЖЧ-2018 финал босқичида иштирок этди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутасаддилари бош мураббийни таклиф қилишдан олдин номзодларнинг жамоаларни қандай ўйин услубида ўйнатишини яхшигина ўрганиб чиқишган.

Табиийки, бизга кўпроқ шу мутахассис тушади деб Эктор Купер номзодида тўхташган. Одатда, хориждан мураббий чақирилганда ҳамма жиҳатлари инобатга олинади.

- Элдор, «Пахтакор»да узоқ йиллар ўйнаш истагидамисиз ёки бошқа режалар ҳам борми?

- «Пахтакор»дек жамоада ўйнаётганимдан бахтиёрман. Насиб қилса, яна кўп йиллар бу жамоа шарафини ҳимоя қилмоқчиман. Агар имконият юзага келса, хорижда ҳам фаолият юритган бўлардим.

- Эшитишимизга қараганда, «Насаф» клубида ўйнаб юрган кезларингиз хориж жамоасидан таклиф тушган экан. Нима учун ўшанда бу трансфер амалга ошмай қолганди?

- Тўғри айтдингиз, таклиф бўлган. Буни тасдиқлайман. Афсуски, ўша пайт жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлгандим. Сўнгра операциядан кейинги тикланиш жараёнидан ўтдим. Табиийки, бу таклифга ўз-ўзидан ижобий жавоб беришнинг иложи йўқ эди.

- Сиз учун қадрдон бўлган мутахассис Денис Иванков терма жамоада ишлаяпти. Бу мураббий сизнинг дарвозабон сифатида шаклланишингизда алоҳида ўрин тутади, тўғрими?

- Худди шундай. Денис Иванков футболчи бўлиб етишишимга сабабчи бўлган инсонлардан бири. Дарвозабон сифатида шаклланишимга беминнат ҳисса қўшган.

Бу мураббий билан миллий терма жамоада ишлаётганимдан бениҳоя хурсандман. Ҳали ўрганадиган жиҳатларим кўп.

- Мактабда неча баҳога ўқигансиз? Қайси фанлар ёқарди ва аксинча, маъқул келмагани ҳам борми?

- Тўғрисини айтсам, мактабда ўрта баҳога ўқиганман. География ва тарих фанлари жуда ҳам ёқарди. Ёқмаган фаннинг эса ўзи бўлмаган.

- Европа Чемпионлар Лигаси ўйинларини кузатиб боряпсизми? Қайси жамоага мухлислик қиляпсиз?

- Албатта. Бу нуфузли мусобақани кўпчилик қатори катта қизиқиш билан кузатяпман. «Ливерпуль» ва «Реал» клубларига мухлислик қиляпман. Менимча, «Ливерпуль» бу мавсум АПЛда ҳам, ЕЧЛда ҳам яхши натижага эриша олади. Юрген Клопп кучли жамоа шакллантира олди.

- Адашмасам, бобонгиз Рўзи Нурматов журналист бўлганлар. Қонда борлиги суҳбатлашишингиз ва фикрлашингиздан маълум. Айтинг-чи, сизда бобо касбини танлаш учун имконият бўлганми?

- Дарҳақиқат, бобом журналист бўлганлар. Узоқ йиллар Қашқадарё вилояти газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаганлар. Лекин менда журналист бўлиш истаги юзага келмаган. Аммо бу соҳага жуда ҳам қизиқаман.

Журналистика исталган тармоқни юқорига кўтаришда муҳим ўрин тутади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz