Қайднома

Қидирув

Икки мураббий – икки хил тажриба

Икки мураббий – икки хил тажриба

  08.10.2018 06:39
  0
  391
Икки мураббий – икки хил тажриба

Pepsi Суперлига баҳслари айни авж палласига кирди. Ҳар бир очконинг қадри баланд. Тўғрисини айтсам, бундай шиддатга тўла марказий учрашувларга аввалги йилларда икки-уч марта гувоҳ бўлардик.

Энди эса жорий мавсумнинг ўзида тўрт, беш маротаба кўриб турибмиз. Бунинг учун ПФЛга раҳмат айтсак арзийди. Ҳозир миллий чемпионатимизда рўй бераётган воқеалар хусусида фикр юритмоқчи эмасман, зеро бу ҳақда матбуотда ўз ишининг усталари кўп ва хўп ёзишмоқда.

Келинг, бугунги кунда молиявий ва бошқа қийинчиликларни бошдан кечираётган «Бунёдкор» ва «Насаф» клубларига тўхталсак. Суперлига ҳақида гап борар экан, бу жамоаларга бефарқ бўлолмаймиз.

Шу ўринда савол туғилади: ҳар иккисида вазият деярли бир хил, молиявий ёки таркиб билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Шундай экан, нима учун «Бунёдкор» чемпионлик учун курашмоқда-ю, «Насаф» «жон» сақлаш ҳудудида юрибди?

Мавриди келганда мазкур клубларнинг бош муррабийларига тўхталсам. Миржалол Қосимов ва Рўзиқул Бердиев юртимиздаги энг етук мутахассислардан. Вақтида футболчи сифатида қатор ютуқларга эришган ва буни муррабийлик соҳасида ҳам исботлаган камсонли мураббийлар.

Қосимов ўзи учун бегона бўлмаган «Бунёдкор»ни ўтган мавсум ўртасида қабул қилиб олган вақтда жамоа таркибида қарийб тажрибали футболчилар йўқ, борлари ҳам жароҳат олганди. Клуб ўзининг ривожланиш стратегиясини ўзгартирган, асосан академиясига таяниб иш кўраётганди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда.

Аксарият мухлисларда «Қосимов асосан тажрибали футболчилар билан ишлаган бўлса, ёшларни шуғуллантиришда муаммоларга йўлиқмасмикан?» қабилидаги гумон пайдо бўлди.

Миржалол Қўшоқович матбуот анжуманида бу мавзуда қуйидагича фикр билдирди: «Футболчи 20 ёшдан ўтдими, демак у ёш бола эмас. Ахир ҳаммаси уйланадиган ёшга тўлди». Хуллас, катта тажриба, билим ва психологик маҳорат эвазига «Бунёдкор»ни 13-ўриндан 4-поғонага, шунингдек, кубок финалига олиб чиқди.

Жорий мавсум бошида жамоани саккиз нафар футболчи тарк этиши муррабийни асло ташвишлантирмади. Чунки ўтган йили барчасини инобатга олиб, келажакка замин ҳозирлаб улгурган, шогирдларини ҳам шунга яраша тайёрлаганди. Қайд этилаётган натижалар кўрсатиб турибди. Ёмон эмас.

Энди Қосимовдан кам бўлмаган шароитларда ишлаётган, ОЧЛ-2918да Осиё клубларига қарши шогирдларини муносиб тайёрлаган Рўзиқул Бердиев ҳақида. Клубдаги муаммолар ўтган мавсум бошланганди. Шунга қарамай, жамоа чемпионатни юқори савияда тугатди.

Бердиев ёшлар билан ишлаш орқали барчага ўрнак бўла оладиган муррабий. Унинг «Насаф» жамоаси учун қилган хизматлари таҳсинга лойиқ. Лекин у мавжуд қийинчиликларга жамоани ва ўзини руҳан тайёрлай билмади. Голбан, Черан, Лукич каби етакчилар таркибни тарк этиши ортиқчалик қилди.

Ҳозирги «Насаф» ўтган мавсум Лушан бошқарган «Бунёдкор»ни эслатяпти. Бу билан Бердиевни ранжитмоқчи эмасман. «Аждарлар» у билан бир қатор ютуқларга эришишди, совринли ўринларни эгаллашди. Лекин Қосимовдаги бой тажриба Бердиевга етишмади, чоғи.

Тўғри, у бир неча мавсум Анатолий Демьяненконинг олдида тажриба тўплади, буни ҳам тан олиш керак. Менимча, «Насаф»даги шунча йиллик ёрқин фаолиятдан сўнг клубни тарк этиш вақти етди. Бир кун келиб қайтар балки, худди Қосимов сингари.

Таклифим - бирорта ёш тоифасидаги термани Рўзиқул Бердиевга топшириш керак. Зеро у ёшлар билан ишлаш бўйича Ўзбекистоннинг етакчи мураббийларидан бири ҳисобланади. Келажакдаги фаолияти учун ҳам унга халқаро тажриба зарур.

Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳар икки муррабийнинг фаолиятига омад тилаган ҳолда айтаманки, улар қайси жамоада ишлашмасин, ҳали кўп йиллар давомида ўзбек футболи ривожига ўзларининг беминнат ҳиссаларини қўшиб, мухлислар қалбида чуқур из қолдиришади.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, Тошкент шаҳри


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz