Қайднома

Қидирув

InterFUBOL лауреатлари: Арвеладзе ва Базерра ойнинг энг яхшилари бўлишди

InterFUBOL лауреатлари: Арвеладзе ва Базерра ойнинг энг яхшилари бўлишди

  09.10.2018 04:34
  0
  576
InterFUBOL лауреатлари: Арвеладзе ва Базерра ойнинг энг яхшилари бўлишди

Кузнинг дастлабки ойида бош жамоамиз Эктор Купер бош мураббийлигидаги илк йиғинни ўтказди, Pepsi Суперлиганинг иккинчи босқичи старт олди, Ўзбекистон кубоги финалчилари аниқланди. Термамизнинг ўйинидан кўпчилик қониқмаган бўлсада, миллий чемпионат ва кубок баҳслари анча шиддатли кечди. Табиийки, сентябрнинг энг яхшиларини аниқлашда ҳам айнан ички мусобақалардаги иштирок инобатга олинди. Эътиборлиси, ой лауреатлари рўйхатининг футболчилар ва мураббийларга аталган қисмида хорижликлар ғолиб чиқишди.

Суперлига ва кубок баҳсларида ғолибликка асосий даъвогар саналган «Пахтакор» дастлабки режаларини амалга ошириб улгурди - жамоа Ўзбекистон кубоги-2018 чорак ва ярим финал баҳсларида зафар қучиб, ҳал қилувчи ўйин йўлланмасини қўлга киритди. Шунингдек, «шерлар»нинг чемпионатдаги иштироклари ҳам ёмон чиқмаяпти. Албатта, эришилаётган ютуқларда жамоа етакчиларидан бирига айланиб улгурган Тиаго Безерранинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Тезкор ярим ҳимоячи ҳар бир учрашувни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, шерикларини ғалаба сари ундамоқда. Бразилиялик легионер сентябрь ойида 4та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол ва 1та самарали узатма муаллифига айланди. Шу боис ой лауреатлари рўйхатида биринчи ўрин айнан Безеррага насиб қилди.

Гарчи АГМК Суперлига иккинчи босқичини қуйи олтиликда бошлаган, 23-турда ўз майдонида «Нефт-чи»га ютқазиб қўйган бўлсада, жамоанинг Ўзбекистон кубоги баҳсларидаги юриши мақтовга лойиқ. Олмалиқ клубининг ҳам ўз етакчиси бор - Жасур Ҳасановларнинг каттаси. Ўз вақтида миллий термамиз таркибидаги ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган вингер ҳамон самарали тўп сурмоқда. Ҳар ҳолда, унинг меҳнатлари самараси ўлароқ, АГМК ўзини анча ўнглаб олди. Ҳасанов сентябрда 4та учрашув ўтказиб, 1тадан гол ва ассист муаллифи бўлди. Натижада ойнинг энг яхшиларидан бирига айланди.

Футболчилар рейтингининг учинчи поғонасини «Нефтчи» ҳимоячисига ажратдик. Эътиборлиси, фарғоналиклар биринчи босқичдан фарқли равишда, ҳал қилувчи раундга ўзгача кайфият билан кириб келишди. Жамоа 23-24-турларда ғалаба қозонди. АГМК ва «Насаф»га қарши кечган баҳсларда «Нефтчи»нинг мудофаа чизиғи ишончли ўйин кўрсатди. Айниқса, бу борада Аваз Ўлмасалиевнинг ҳаракатларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Олмалиқда ўтган беллашувда мудофаа чизиғи мустаҳкамлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган футболчи Қарши клуби билан бўлган баҳсда битта гол уриб, бир марта шеригини самарали узатма билан таъминлади. Афсуски, ўша учрашувда Ўлмасалиев жароҳат олди. Аммо бунгача қайд этган натижаси лауреатлар рўйхатидан жой эгаллаши учун етарли бўлди.

Шунингдек, сентябрь ойида Драган Черан («Пахтакор»), Икром Алибоев («Локомотив»), Игорь Голбан («Навбаҳор»), Шерзод Ҳакимов  («Нефтчи»), Зафар Полвонов (АГМК) каби футболчилар ҳам анча ёрқин ўйин кўрсатиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишди.

Мураббийлар ҳақида гапирсак, албатта, «Пахтакор» билан юқори натижаларга эришаётган Шота Арвеладзенинг хизматларини алоҳида эътироф этиш даркор. Суперлигада чемпионликка асосий даъвогар ҳисобланган «шерлар» Ўзбекис­тон кубоги баҳсларида «Локомотив» ва «Қўқон-1912» каби ноқулай рақиблар тўсиғидан ўтиб, финал йўлланмасини қўлга киритишди. Қайд этилган кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, сентябрь ойининг энг яхши мураббийи номига грузиялик мутахассис лойиқ кўрилди. Умумий рўйхатга назар солсангиз, Арвеладзе очколари сонини 9тага етказиб, Илҳом Мўминжонов ҳамда Миржалол Қосимовга яқинлашиб олганини кўришингиз мумкин.

Сентябрнинг яна бир қаҳрамон мураббийларидан бирига айланган Бахтиёр Ашурматов бу сафар иккинчи ўринни эгаллади. Ушбу мутахассиснинг бугунги рўйхатдан жой олишига, биринчи навбатда, олмалиқликларнинг ўз тарихларида илк маротаба Ўзбекистон кубоги финали йўлланмасини қўлга киритишгани сабаб бўлди. Умуман, АГМКнинг бугунги кунда кўрсатаётган ўйинлари ёмон чиқмаяпти. Такрорлаймиз, гарчи жамоа Суперлига иккинчи босқичи дастлабки ўйинида «Нефтчи»га имкониятни бой берган бўлсада, кейинчалик «Сўғдиёна»ни енгди. Кубок баҳсларида эса «Машъал» ҳамда «Бун-ёдкор» клублари мағлуб этилди. Албатта, эришилган ютуқларда Ашурматовнинг улуши катта.

Учинчи поғонани «Нефтчи» устози Баҳром Ҳайдаровга ажратдик. Чунки Фарғонанинг бош жамоаси иккинчи босқични анча яхши бошлади, кетма-кет иккита ўйинда ғалаба қозониб, сентябрда қуйи олтиликдаги сўнгги ўринни, бир муддат тарк этди. Умуман олганда, «Нефтчи»нинг ўйинида ижобий жиҳатлар кўзга ташланмоқда, футболчиларда ғалабага иштиёқ пайдо бўлгани сезилмоқда. Албатта, мураккаб аҳволда ўйинчиларни руҳлантириш осон эмас. Ҳайдаров эса буни ажойиб тарзда уддаламоқда. Агар жамоа кейинги учрашувларда шу барқарорликни йўқотмаса, тез орада Про-лигага тушиб кетиш хавфидан халос бўлиши турган гап.

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

 

№      Футболчи                        Ўйин     Дақиқа      Гол     Ассист  

 

1.       Тиаго Безерра                 4           345            4          1

2.       Жасур Ҳасанов                4           353            1          1

3.       Аваз Ўлмасалиев             2           176            1          1

 

Футболчилар

Январь

1. Одил Ҳамробеков («Насаф»)

2. Жасур Яхшибоев («Пахтакор»)

3. Акром Комилов («Бунёдкор»)

Февраль

1. Игнатий Нестеров («Локомотив»)

2. Игорь Голбан («Насаф»)

3. Икром Алибоев («Локомотив»)

Март

1. Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»)

2. Ботирали Эргашев («Навбаҳор»)

3. Суҳроб Нуруллоев («Металлург»)

Апрель

1. Элдор Суюнов («Пахтакор»)

2. Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор»)

3. Арслонмурот Аманов («Бухоро»)

Май

1. Азиз Турғунбоев («Навбаҳор»)

2. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

3. Сардор Собирхўжаев («Бун-ёдкор»)

Июнь

Лауреатлар аниқланмаган.

Июль

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор»)

3. Дарко Станоевич («Навбаҳор»)

Август

1. Икром Алибоев («Локомотив»)

2. Жаҳонгир Меҳмонов («Навбаҳор»)

3. Ислом Исоқжонов («Металлург»)

Сентябрь

1. Тиаго Безерра («Пахтакор»)

2. Жасур Ҳасанов (АГМК)

3. Аваз Ўлмасалиев («Нефтчи»)

------------------------------------------

Мураббийлар

Январь

1. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-23)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Февраль

Лауреатлар аниқланмаган.

Март

1. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

2. Андрей Шипилов («Металлург»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Апрель

1. Улуғбек Бақоев («Бухоро»)

2. Сергей Лушан («Сўғдиёна»)

3. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

Май

1. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

Июнь

Лауреатлар аниқланмаган.

Июль

1. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Август

1. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

2. Андрей Шипилов («Металлург»)

3. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

Сентябрь

1. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

2. Бахтиёр Ашурматов (АГМК)

3. Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи»)

 

Умумий натижа

Мураббийлар

1. Илҳом Мўминжонов - 12 очко

2. Миржалол Қосимов - 11 очко

3. Шота Арвеладзе - 9 очко

4. Андрей Шипилов - 6 очко

5-6. Равшан Ҳайдаров - 5 очко

5-6. Улуғбек Бақоев - 5 очко

7. Андрей Фёдоров - 4 очко

8-10. Рўзиқул Бердиев - 3 очко

8-10. Сергей Лушан - 3 очко

8-10. Бахтиёр Ашурматов - 3 очко

11. Баҳром Ҳайдаров - 1 очко

Футболчилар

1-2. Жавлон Иброҳимов - 6 очко

1-2. Икром Алибоев - 6 очко

3-9. Одил Ҳамробеков - 5 очко

3-9. Игнатий Нестеров - 5 очко

3-9. Хуршид Ғиёсов - 5 очко

3-9. Элдор Суюнов - 5 очко

3-9. Азиз Турғунбоев - 5 очко

3-9. Марат Бикмаев - 5 очко

3-9. Тиаго Безерра - 5 очко

10-15. Жасур Яхшибоев - 3 очко

10-15. Игорь Голбан - 3 очко

10-15. Ботирали Эргашев - 3 очко

10-15. Жалолиддин Машарипов - 3 очко

10-15. Жаҳонгир Меҳмонов - 3 очко

10-15. Жасур Ҳасанов - 3 очко

16-22. Акром Комилов - 1 очко

16-22. Суҳроб Нуруллоев - 1 очко

16-22. Арслонмурот Аманов - 1 очко

16-22. Сардор Собирхўжаев - 1 очко

16-22. Дарко Станоевич - 1 очко

16-22. Ислом Исоқжонов - 1 очко

16-22. Аваз Ўлмасалиев - 1 очко

------------------------------------------------

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

 

Ўткир Умаров


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz