Қайднома

Қидирув

Виталий Денисов “Локо”дан ўзи нега кетганди...?

Виталий Денисов “Локо”дан ўзи нега кетганди...?

  10.10.2018 00:43
  0
  437
Виталий Денисов “Локо”дан ўзи нега кетганди...?

Яқиндагина Самаранинг «Крилья Советов» клуби сафига қўшилган ҳам-юртимиз Виталий Денисов ўтган ҳафта, яъни «Динамо» (Москва)га қарши кечган ўйиндан олдин «Матч ТВ» канали расмий сайтига интервью берди. Терма жамоамиз ҳимоячиси суҳбат жараёнида янги жамоадаги ишлари хусусида тўхталиш баробарида «Локомотив»дан кетиши сабаблари юзасидан берилган саволларга ҳам жавоб қайтарди.

- «Рубин» билан учрашув (9-тур) қайдномасига киритилмадингиз. Нима учун?

- «Краснодар» билан олдинги ўйин арафасида, яъни машғулотда бироз жароҳатлангандим. Ҳозир эса ҳеч нарса безовта қилмаяпти. Умумий жамоа машғулотида «Динамо»га қарши баҳсга жиддий тайёргарлик кўряпман. Ўйнашга тайёрман, лекин ҳаммаси бош мураббий қарорига боғлиқ (ҳамюртимиз бу учрашувда 70 дақиқа ўйнади ва жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди).

- Самара клуби сафидаги илк ўйинларингизни қандай баҳолайсиз?

- Дебютим «Енисей» билан баҳсга тўғри келди ва унда ўзимни кўрсатолмадим. Тўғриси, жамоа ўйинига бирданига киришиб кетолмадим. «Анжи» билан учрашувда эса аъло даражада ҳаракатландим, менимча. Лекин афсуски, клуб ҳаммамиз хоҳлаган ўринда бормаяпти. Баъзан очиқчасига омад юз ўгиряпти, гоҳида ўзимиз суст кўриняпмиз. Ҳаттоки, ёш болаларга хос хатолар кузатилмоқда. Аммо ишонаманки, жамоа вазиятни ўнглай олади.

- Андрей Тихоновнинг истеъфога чиқиши кутилганмиди?

- Бундай дейиш қийин. Ҳа, жамоа хавфли зонада турибди. Лекин иккинчи томондан, футболчиларга Андрей Валерьевич билан ишлаш маъқул тушаётганди. Футболда мураббийнинг ишдан бўшаши оддий ҳолат. Қарорни раҳбарият қабул қилади, футболчилар эса бунга кўнишлари керак. Муҳими, бизда Тихонов билан илиқ муносабатлар сақланиб қолди. Энди янги мураббий Миодраг Божович қўл остида тайёргарлик кўряпмиз. У билан «Локомотив»да бирга ишлаганман ва ўшанда ҳеч қандай муаммо чиқмаганди. Божовичнинг «Крилья»ни анчадан буён кузатаётгани кўриниб турибди. «Динамо» билан ўйинда тажовузкорроқ ўйнаш кераклигини уқтирмоқда. Албатта, бир кун ичида тактика бўйича ниманидир ўзгартириш қийин. Миодраг - жуда жиддий инсон, тўғри, жойида ҳазиллашишни ҳам қотиради.

- «Локомотив»даги ҳамкорликдан у билан боғлиқ қандай хотиралар қолган?

- Эсимда, машғулот пайти ким биландир гаплашиб тургандим. Шунда Миодраг ёнимизга келди ва нимадир деди. Кейин гапим тугашини кутди ва якунда нима деганини такрорлашимни сўради. Шунда унинг гапларини сўзма-сўз айтиб бердим. Мураббий эса «Баракалла», дедию, нари кетди. Орадан 2 кун ўтиб, яна шу ҳолат. Мен яна унинг сўзларини битта қолдирмай такрорладим. Ахийри мураббий тан берди: «Бўлди, бошқа ёнингга келмайман...».  У менга ишонганди.

- Ҳозир «Локо»да вазият чакки эмас, лекин жамоа чемпионлик мақомини ҳимоя қила олармикан...?

- Кўпчилик Юрий Сёмин истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида гапиряпти. Бундай миш-мишларга ҳар доим дуч келиш мумкин. Негадир жамоа мавсум бошида омадсизликка йўлиқди. Ҳар ҳолда, чемпион жамоанинг янги мавсумга бирданига киришиб кетиши оғир кечди. Худди «Крилья» каби «Локо»га ҳам вақт керак. «Темирйўлчилар» 2та фронтда кураш олиб боришаётганини унутмаслик керак. Умуман, еврокубокларда Россиянинг барча клубларига мухлислик қиламан.

- «Локомотив» раҳбарияти билан шартномани узайтириш бўйича узоқ вақт музокара олиб бордингиз ва якунда «1}1» кўринишида келушувга келдингиз. Аммо чемпионат бошланган пайт кутилмаганда, «Крилья Советов» сафига қўшилдингиз...

- Барчасини тушунтиришга уриниб кўраман. Аслида олдимда «Локо»да фаолиятимни давом эттиришдан ташқари, бошқа клубга ўтиш варианти ҳам бор эди. Аммо номини айтмайман. «Локо» раҳбарияти билан гаплашгач, клубда қолишга қарор қилдим. Ахир «темирйўлчилар» сафида 5 йил тўп сурдим. Хуллас, «Локомотив» мен учун шунчаки, қуруқ ном эмас. Янги шартномада мураккаб бандлари йўқ эди. Ўтган йили жароҳат туфайли асосий таркибдаги ўрнимни йўқотиб қўйдим. Лекин клуб тиббий ходимларига катта раҳмат, уларнинг ёрдамлари билан тезда тикланиб, майдонга қайтдим. Гарчи 100 фоиз тайёр бўлмасам-да, «Спартак» билан ўйинда таркибга киритилдим. Якуний ҳисоб биз учун ижобий бўлди, мен эса ҳаммасини янгитдан бошламоқчи эдим. Кейин «Локомотив»нинг барча йиғинларида иштирок этдим. Аммо чемпионат старт олгач, захирада қолиб кетдим. Табиийки, бу ҳолат ўзимга ёқмади, зеро, доимо ўйнашни хоҳлайман. Мен учун захира ўриндиғида футболчиларнинг майдонда қандай тер тўкишаётганини кузатиш мушкул. Хуллас, вазият ўзгармагач, агентимга мурожаат қилдим. Орадан кўп ўтмай, «Крилья Советов» таклиф билан чиқаётганидан хабар топдим. Шунда раҳбарлар билан гаплашдим, улар кетишимга қарши эмасликларини билдиришди. Оддий айтганда, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида янги клубга йўл олдим.

- Келажагингиз борасида Юрий Сёмин билан суҳбатлашдингизми?

- Бош мураббий Михаил Лисов фойдасига қарор чиқарди. Биз ақлли кишилармиз ва ҳаммасига тайёр туришимиз керак. Мавсумлар оралиғида тинчгина ишлагандим. Ўша вақт Юрий Павлович менинг хизматларимга эҳтиёж сезади, деб ўйлагандим.

- Айтиш мумкинки, Лисов рақобатда сиздан устун келди.

- Қўшилмайман. Лекин бу шахсий фикрим. Қайтараман, таркибни мураббий тузади. Сёмин билан ўртамизда тушунмовчилик бормиди? Йўқ. Доимо ўзаро яхши муносабатда бўлганмиз.

- «Крилья» билан шартномангиз биринчи давра охиригача мўлжалланди. Ундан кейин-чи?

- Билмайман. Ҳаёт кўрсатади.

- Ҳазм қилиш қийин: кечагина чемпион эдингиз, бугун эса чемпионатда «жон» сақлаш учун курашаётган жамоадасиз. Балки «Локо»да қолганингизда, ЧЛда ўйнармидингиз...

- Ёки ЧЛ баҳсларида ҳам захирада ўтирардим... Ўтмиш билан яшаш яхши эмас. Ҳамиша реал ҳолатдан келиб чиқиб, иш тутишга ҳаракат қиламан. Тўғри, кетганимдан афсус чекмаганимни айтсам, ёлғон гапирган бўламан. Ахир «Крилья Сове-тов»га кўчиб ўтишим осон кечмади. Қолаверса, клуб пастда юрибди. Аммо мен учун ўйин амалиёти муҳимроқ. Ўйлайманки, бу ерга келиб, тўғри йўл танладим. Асосий мақсадим - майдонга тушиш ва жамоага ёрдам бериш.

- Самарада бошқача ўйин кўрсатишга тўғри келаётгандир... Ахир «Крилья» таркиб бўйича «Локо»га нисбатан кучсиз.

- Аввало, мураббий кўрсатмаларини бажараман. Иккинчидан, янги жамоадошларим билан тезда тил топишдим. Турли вазиятларни муҳокама қиляпмиз. Ҳозир икки клубни ўзаро таққослашни хоҳламайман, негаки, ҳаммамиз Россия Премьер-лигаси ўйинчиларимиз. Тўғри, «Локо»да Ведран Чорлука мени яхши тушунарди, зўр ҳамкорлик қилардик, аммо бу ерда Тарас Бурлак билан ҳам ёмон ўйнаётганим йўқ.

- Ҳайратланарли томони шуки, Самарада стадионга Москвадагига нисбатан кўпроқ мухлис келади.

- Бу ерда чиройли арена қурилиб фойдаланишга топширилди. Қолаверса, маҳаллий аҳоли футболни жуда севади. Шундай экан, ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Уй учрашувларини 15-20 минг мухлис кузатяпти - бу ажойиб. Мухлислар билан лиқ трибуналар остида тўп суришга нима етсин?

- Тарасов билан тақирбош ҳолатда суратга тушганингиз роса муҳокама қилинди. Қизиқ, сочингизни нега тагидан олдириб ташладингиз?

- Бу ҳам бир воқеа. Испанияда йиғин олиб бораётгандик. Тарасов ҳар куни мендан сўрарди: «Қачон кал бўласан?» Хуллас, сўрайвериб, жонимга тегди ва нуқта қўйдим: «Тўйингдан кейин сочимни тўлиқ олдириб ташлайман». Хуллас, Дима февраль ойида оила қурди. Орадан кўп ўтмай, яқин танишим қўнғироқ қилиб, уйига чақирди. Борсам, Дима хотини билан ўтирибди. Менга шу заҳоти ваъдамни эслатди. Бошқа баҳона қолмаганди. Қисқаси, сочимни олдириб ташлашимга тўғри келди. Ҳозир бунинг учун ундан миннатдорман. Чунки айни қиёфам кўпроқ ёқяпти. Энди сочимни худди Торники сингари ўстирмасам керак. Қолаверса, «Марвел»даги Тор ҳам сочини калталаштирган-ку.

- Ҳаётингизда қачондир гаров боғлаганмисиз?

- Албатта. Мана, яқиндагина Саша Соболёв билан виртуал футболда баҳслашдик. Мен «Ювентус»ни танладим, у «Ливерпул»ни. Ютқазган киши 12 шиша газли сув олиб келарди. Якунда мен ютдим. «Локомотив»да эса тез-тез ЧЛ ўйинлари натижасига пул тикардик. Масалан, ўйин натижасини топган киши 1000 рубль оларди. Лекин камдан-кам ҳолатда натижани тўғри топганман. Айтганча, шу мавзуда яна бир воқеа: шахсий агентим ҳали ҳам менга телефон олиб бергани йўқ. У билан бир неча йил олдин ЧЛ ўйини хусусида гаров боғлагандик. Ютсам, менга iPhone олиб беришини айтганди. Мабодо ютқазганимда, унга android берардим. Хуллас, ўшанда ютганман, бироқ ютуқни ҳали олганим йўқ. Энди Москвага борсам, агентимга буни эслатаман, албатта.

- Тор ҳақида ўзингиз гапирдингиз. Бу интернетда мемга айланиб кетганди...

- Ҳа. Интернетда бўлмағур нарсаларни ёзишади. Ўзи мени Торга ўхшатишгани жуда қизиқ. Кимдир бу мавзуда коллаж яратган. Биринчи бор кўрганимда, роса кулгандим. Жамоадошларимга ҳам ҳазиллашиш учун мавзу топилганди. Боз устига, ўшанда «Зенит»га қарши учрашувимиз бор эди: Халк Торга қарши. Умуман олганда, қизиқ...

- Турли маросимларда иштирок этишни хуш кўрасиз. Энг эсда қоларлиси қайси?

- Ҳамиша мухлислар талабини бажаришга интиламан. Лекин тўйларда кам қатнашаман. Бир сафар фанатлар тўйга чақиришди. Қарангки, келинчак «темирйўлчилар»га мухлислик қилувчи бўлажак турмуш ўртоғига «сюр-приз» улашмоқчи бўлган экан. Рад этолмадим ва тўйга бориб, икки ёшни самимий табрикладим...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz