Қайднома

Қидирув

Роман БАБАЕВ: «Реал»ни мағлуб этганимиз билан фахрланамиз»

Роман БАБАЕВ: «Реал»ни мағлуб этганимиз билан фахрланамиз»

  13.10.2018 08:25
  0
  434
Роман БАБАЕВ: «Реал»ни мағлуб этганимиз билан фахрланамиз»

Ўтган ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири сифатида ЦСКА (Москва)нинг «Реал Мадрид» устидан ғалаба қозонганини (1:0) кўрсатиш мумкин. Мазкур учрашувдан сўнг «армиячилар» клуби бош директори Роман Бабаев championat.com журналистларига интервью берди.

- Биринчи навбатда, Влашич ҳақида сўрамоқчиман. Ҳозир унинг ҳолати кўпчиликка маъқул келмоқда. Уни танлаб катта фойда кўриш мумкинлигини кутганмидингиз?

- Тахминлар бўлган, чунки селекционерлар бу футболининг сифатларидан бохабар эдилар. Влашични ижарага олишга ишончимиз комил эмасди, аммо таслим бўлмадик. Қийин ўтган музокаралардан сўнг ишни якунига етказдик.

- ЦСКА Николани бир мавсумдан кўпроқ муддатга олиб қолиш чораларини кўрадими?

- Ҳозир бир нима дейиш мушкул. Шундай бўлишини ўзимиз ҳам хоҳлаймиз. Влашични ЦСКАга қўйиб юборишгани учун «Эвертон» раҳбариятидан миннатдормиз. Ҳозир имкониятлар ҳақида гапириш қийин. Ҳаммаси ливерпулликларга боғлиқ. Аммо уриниб кўрамиз, гаплашамиз.

- Трансферлар ойнаси ёпилганидан кейин ЦСКА харидларига баҳо бериш учун бироз вақт кераклигини айтгандингиз. «Қироллик клуби» мағлуб этилгач, қайта шакллантириш жараёни муваффақиятли якунланганига ишониш мумкинми?

- Жўжалар кузда саналади. «Реал»ни таслим этганимиз билан фахрланамиз. Бу ғалаба тарихга киради. Ушбу ютуқ кечагина Мадрид клуби ўйинларини телевизор орқали томоша қилиб ўтирган ёшлар томонидан қўлга киритилгани янада қувонарли. Улар кучли рақибга қарши ишончли тўп суришди. Аммо якуний хулоса чиқаришга эрта. Ҳозирча янги футболчиларнинг ҳаммаси яхши ўйнамоқда.

- Ишқибозлар трибуналардаги зиналарни банд этишгани сабаб УЕФА ЦСКАга қарши иш очди. Бу қанчалик хавфли?

- Жуда бўрттириб юборишмоқда. Афсуски, шу каби ҳолат ўйиндан-ўйинга кузатилмоқда. Бу ўта қўпол қоидабузарлик эмас, Европанинг бошқа стадионларида ҳам кузатилади. Гап трибуналарга кириш ёки ташқарига чиқиш чоғида зиналарда узоқ вақт туриб қолаётган ишқибозлар ҳақида бормоқда. Мазкур ҳолатда кичик тирбандлик юзага келади. УЕФА буни хавфли ҳисоблаб, унга эътибор қаратмоқда. Бироқ бу рўй бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг энг енгили. Асосийси, ЦСКАни фантастик тарзда қўллаб-қувватлашгани, «Лужники»ни тўлдириб ўтиришгани, жиддий тартиббузарликлардан тийилишгани учун мухлислардан миннатдормиз.

- Аксарият ишқибозлар трибуналарни тарк этиш жараёни чўзилиб кетганидан шикоят қилишди. Бунга сабаб нима? Нега жаҳон чемпионатида яратилган қулайликлар бу сафар ҳам такрорланмади?

- Вазият шундай тус олганидан хафамиз. Ҳуқуқ-тартибот органи вакиллари, РПЛ хавфсизлик бўлими раҳбарлари билан гаплашдик. Нима учун мундиалдагидек енгиллик яратилмаганини муҳокама қилдик. Кимнидир айбдор сифатида кўрсатмоқчимасман. Бу Москва шаҳри ва «Лужники» стадиони маъмурияти эмас, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ваколатига киради. Сабабларни аниқлаштириб, кейинги учрашувларда бундай ҳолат такрорланмаслигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.
Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz