Қайднома

Қидирув

Тажриба – тараққиёт тиргаги ёхуд қариб қуюлмас футболчилар ҳақида

Тажриба – тараққиёт тиргаги ёхуд қариб қуюлмас футболчилар ҳақида

  15.10.2018 11:12
  0
  769
Тажриба – тараққиёт тиргаги ёхуд қариб қуюлмас футболчилар ҳақида

Ўз вақтида тотал футболни кашф этиш билан дунёни ўзига қаратган Голландияда янги анъана бўй кўрсатмоқда. Одатда, юлдузлар фаровон келажакни таъминлаш мақсадида фаолиятнинг сўнгги босқичини Яқин Шарқ, Хитой, Туркия ёки МЛСда ўтказадилар. Голландия чемпионати эса бундай имкониятлардан йироқ. Шундай бўлсада, охирги пайтда бир қатор номдор футболчилар айнан шу ерда яшил майдон билан хайрлашишни маъқул кўришмоқда. Балки бу қалб амридир, эҳтимол, уларда ортиқча даромадга эҳтиёж қолмагандир ёки бу юлдузлар шунчаки шинам майдонларда футболдан чинакам завқ олиш учун шундай қилишаётгандир? Лекин нима бўлганда ҳам, уларнинг курашга чанқоқ эканликлари, савиялари эса талаб даражасида эканига шубҳа йўқ. Мана, Робин ван Персининг ҳаракатлари эвазига «Фейеноорд» сўнгги дақиқаларда «Витесс»дан 3 очкони «юлиб» олди. 90-дақиқада эса ҳужумчи майдондан четлатилди. Демоқчимизки, эҳтирослар ҳарорати ҳам рисоладагидек. Эътиборингизга ван Перси ва унга ўхшаган олийжаноб «қария»ларнинг бугунги фаолияти ҳақидаги ҳикояни ҳавола этишни лозим топдик.

 

ЭДУАРДО (36 ёш, «Витесс»)

Тажрибали дарвозабон 2009 йилда Португалия терма жамоаси сафида илк бор майдонга тушиб, ватани шарафини 36 марта ҳимоя қилган. Лекин клуб миқёсида фақат «Брага»да узоқроқ тўп сурди. Кейин «Женоа»да омадини синаб кўрди, Туркияда ўйнади ва кутилмаганда Загребнинг «Динамо»си таркибидан жой олди. Фахрийлар сафига қўшилиш арафасида Эдуардо «Челси»нинг тажрибали захира посбонига айланди. «Витесс» эса таниш-билишлар кўмагида уни Лондон клубидан ижарага олди. Португалиялик дарвозабон Голландияда зерикиб қолаётгани йўқ, тенгдошлари каби захирага «михланган» ҳам эмас. Қисқаси, иштиёқ билан тўп сурмоқда.

РОБИН ВАН ПЕРСИ (35 ёш, «Фейеноорд»)

Ёш жиҳатидан Эредивизиянинг 4-«қария»си. Уни қария дейишга тил бормайди., чунки ҳанузгача чаққонлик ва тезкорлигини йўқотмаган. Ҳар ҳолда, Голландия чемпионати талабларини тўла бажаришни ўрнига қўймоқда. Жумладан, янги мавсумнинг 7 учрашувида у мунтазам майдонга тушиб, 6та гол урди. Унинг «Фейеноорд»и эса 16 очко билан 3-ўринда бормоқда.

КЛАС-ЯН ХУНТЕЛАР (35 ёш, «Аякс»)

Голландия гранди фахрийлар тажрибасидан самарали фойдаланишни «Фейеноорд»дан аввалроқ бошлади. Ҳа, Клас-Ян «Аякс» тарбияланувчиси эмас, гарчи маҳоратини айнан Амстердамда маромига етказган бўлса ҳам. «Аякс»га келгунига қадар у мамлакатнинг бир қатор ўсмирлар ва ёшлар жамоаларида сабоқ олди. Ниҳоят, «Херенвен»дан гранд сафига ўтиб, парвозни бошлади, «Реал»дан кейин эса ортга қайтиш босқичига навбат етиб келди - аввал «Милан», кейин «Шальке»... Жорий мавсумда Хунтелар ҳам Робин каби 7 учрашувда 6та гол урди. Айтганча, бу икки «қария» ҳамкорликда «лолалар юрти» термасига 178 беллашувда 92та гол совға қилишган. Чинакам афсоналарга хос натижа!

УРБИ ЭМАНУЭЛЬСОН (32 ёш, «УТРЕХТ»)

Ўз вақтида бу қанот ўйинчиси келажаги порлоқ ёшлар сафида бўлган, тез орада топ-клубга «учирма» бўлиши тахмин қилинганди. Бироқ номаълум сабабларга кўра умид рўёбга чиқмади. Балки у 2011 йилда «Аякс»ни «Милан»га алмаштириб, танловда хатога йўл қўйгандир, Италия юксалишнинг навбатдаги поғонаси бўлишига ишонгандир? Амалда футболчи ўсишдан тўхтаб қолди. «Фулхэм», «Рома», «Аталанта» ҳамда «Верона»даги уринишлар эса самара бермади, ҳатто Урбининг ишсиз қолган пайтлари ҳам бўлди. Ёқимсиз саёҳат унинг «Шеффилд Уэнсдей»дан «Утрехт»га ўтиши билан якун топди.

ДУШАН ТАДИЧ (29 ёш, «Аякс»)

Бу футболчи кексаликни тан оладиганлар тоифасидан эмас. Аммо Голландия мезонларига кўра, маҳаллий чемпионат учун ёши сал ўтиб қолган. Гарчи юлдуз мақомида бўлишига қарамасдан, Тадични ўз маҳоратидан тўла-тўкис фойдалана олмаганлар тоифасидан десак, хато бўлмайди. «Войводина»да сабоқ олган серб «Твенте»да ўйинни ташкил этиш, тезкорлик, ностандарт ечимлар, чиройли голлар ва самарали узатмалар жавобгарлигини ўз зиммасига олиб, чинакам ҳукмдорга айланди. Натижада 2014 йилда «Саутгемптон» 14 млн. эвазига уни ўз сафига қўшиб олди.

Мутахассислар Душаннинг янада юксакроққа кўтарилишини башорат қилишганди. Бироқ футболчининг ёши 29га чиққанди. Айни шу паллада «Аякс»дан келган таклиф Тадичга Голландияда берган ваъдасини эслатди - Душан айнан Эредивизияда юлдузлик чўққисига кўтарилишни орзу қилганди. Дарҳақиқат, сербиялик футболчи Амстердамда чинакам юлдузга хос ўйнамоқда: ички чемпионатда 4та гол ва 2та самарали узатма, ЕЧЛ саралашида 3та гол ва шунча ассист!

АЛЕКСАНДР БЮТТНЕР (29 ёш, «Витесс»)

Англия чемпиони! Футболчи савиясини биргина шу жумла кўрсата олади. Таажжубки, 2012 йилда Бюттнер тўғридан-тўғри «Витесс»дан «МЮ»га парвоз қилди - «Аякс», ПСВ ёки «Фейеноорд»дан эмас. Балки у топ-клуб талабини қондира олмагандир, балки Манчестерга ноқулай пайтда ташриф буюргандир? Қизиғи, Бюттнернинг кейинги қарори ҳам жуда ажабланарли бўлди: «МЮ»дан Москва «Динамо»сига! Кейин йўл-йўлакай «Андерлехт»да тин олиб, қадрдон Арнемга етиб келди. Тўғри, ҳозир Александр - «Витесс» етакчиларидан бири. Лекин барқарорлик бобида мақтана олмайди. Эҳтимол, аввалги ва ҳозирги ўйин савиялари ўртасидаги сезиларли тафовут унинг доимо юлдуз даражасида тўп суришига тўсқинлик қилаётгандир? Нима бўлганда ҳам, арнемликлар ундан хафа эмаслар.

ТОМАШ НЕЦИД (29 ёш, «Ден Хааг»)

Бу қаҳрамонимиз ҳам чемпион. Фақат АПЛда эмас, РПЛда. Ҳа, Томашнинг ёрқин дамлари ЦСКАда ўтди. Ҳозир бу олис ўтмишдек, футболчи аллақачон кексалик маррасидан ўтгандек туюлади. Аслида эса Нецид энди 30га яқинлашди. ЦСКАдан кейин у 2015 йилда «Зволле»га ўтди, «Бурсаспор», «Легия» ва «Славия»га сайр қилди. Ниҳоят, ёзда Голландияга иккинчи марта йўл олди. Чехиялик футболчи «Ден Хааг» таркибида 4 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига 1та гол ва 2та самарали узатма ёзиб қўйди. Чакки эмас.

Албатта, ёш жиҳатидан Эредивизия қитъанинг навқирон чемпионатларидан бири. Лекин сўнгги пайтларда унинг вакиллари орасида тажрибали футболчиларнинг кўпайиб бораётгани аниқ. Бу эса мусобақага бўлган қизиқишни оширмоқда - мухлислар учун ҳеч ким танимайдиган 18 ёшли йигитчаларнинг тартибсиз югур-югурларидан кўра суюкли футболчилар беллашувини кузатиш мароқлироқ, албатта. Қолаверса, голландияликлар энди Тадич ва Хунтелар каби юлдузларни ўз жамоаларида сақлаб қолишга интилмоқдалар. Уларнинг бебаҳо тажрибаси соҳиби билан биргаликда пуллаб юборилаётганини изланувчан юрт вакиллари тушуниб етдилар. Ҳа, тажрибага таяниб амалга оширилган иш албатта ўз самарасини бермай қолмайди. Қисқаси, тажриба - тараққиёт тиргаги!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz