Қайднома

Қидирув

Гвардиола vs Сарри vs Клоп АПЛда ким фаворит?

Гвардиола vs Сарри vs Клоп АПЛда ким фаворит?

  19.10.2018 05:45
  0
  393
Гвардиола vs Сарри vs Клоп АПЛда ким фаворит?

Англия грандларининг синхрон тарздаги старти ўзига хос таҳлил ўтказишга ундайди. Қаерлик футболчилар яхшироқ кўрсаткичга эгалар: улар Манчестерданми, Лондонданми ёки Ливерпулдан? АПЛдаги 8та турдан кейин, яъни Миллатлар лигаси ва ФИФА кунлари муносабати билан эълон қилинган танаффус арафасида бирданига учта жамоа 20тадан очко тўплаган. Шунга қарамай, қайси клуб мавсумни қолганлардан илдамроқ бошлаганини аниқлаш қизиқ-ку. Демак, ўзига хос солиштирув ўтказамиз. Ҳар бир номинациядаги устунлик учун - 3, иккинчи ўринга - 2, учинчи бўлганларга эса 1 баллдан берамиз. Якунда ҳосил бўлган рақамлар умумий фарқни кўрсатади.

Ҳужумкорлик кўрсаткичлари

Голлар бўйича «Манчестер Сити» ҳаммадан юқорида - 21та тўп. Кейинги ўринда «Челси» бормоқда - 18та гол. «Ливерпул»да эса самарали ҳужумлар сони кўпроқ - 15та. Янада чуқурроқ таҳлил қилинса, «қизил-лар»нинг зарбалар йўллаш бўйича ортда эканликлари ойдинлашади - 14,4. «Челси» бу борада ҳам иккинчи. «Манчестер Сити»нинг етакчилиги ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаслиги аниқ - бир ўйинда 21,8та аниқ зарба. Энди эса йўлланган зарбаларнинг фойдалилик коэффициентини ҳисоблаймиз, зеро аниқлик жуда муҳим.

Гвардиоланинг мерганлари 37 фоиз ҳолатда дарвозани аниқ нишонга олишади, Клопп шогирдларида - 42 фоиз, Сарри футболчиларида эса - 33 фоиз. Саволлар бўлса, Мората ва Жируга бериш мумкин. Жарима майдончаси ичида зарбалар коллекциясига эга ўйинчи йўқ, бу камчиликни Азарнинг ўзи сездирмасликка уринмоқда. Шунинг учун ҳам «Челси» ортда бормоқда, «Ливерпуль» эса Салоҳнинг ноаниқ ҳаракатлари туфайли голлари сонини ошира олмади. Етакчи аниқ, иккинчи ўринга эса ҳужум уюштиришни ўрганаётганларни жойлаштирамиз.

1-ўрин: «Манчестер Сити»; 2-ўрин: «Челси»; 3-ўрин: «Ливерпуль».

 

Ижрочилар ҳолати

Футболда рамзий жамоалар тузиш одат тусини олган - ҳаттоки, ФИФА ҳам шундай қилади. Аммо мазкур ҳолатда ўз савиясидан паст ўйин кўрсатаётганларни ажратиб кўрсатиш керак, чунки уларнинг юқори даражада эканликларини барча билади. «Сити»да АПЛ учрашувларини кўтаринки кайфиятда ўтказаётган ўн нафардан кўпроқ футболчи топилади. Хатолар ҳам учраб турибди - Маҳрезнинг «нуқта»дан зарба йўллашда адашгани шулар жумласидан.

«Ливерпул»да ван Дейкнинг ишлари яхши, Алиссон эса ҳам қутқаряпти, ҳам янглишяпти. Шунга қарамай, Милнер ва ҳужумкор учлик бор - Салоҳ ҳамда Фирмино янада кўпроқ гол уришлари мумкин эди, Мане эса ҳамма учрашувларда ҳам барқарорликка эришолмаяпти. «Челси»га Сарри келгач, ҳаттоки Фабрегасда ҳам футболга қизиқиш ортди. Кепа ўйинларнинг ярмини «қуруқ» ўтказди. Мудофаа чизиғига эътироз йўқ, Луис ва Алонсо ёрқин таассурот қолдиришмоқда. Ковачич - Жоржиньо тандеми жамоага тезда мослашишди, Канте ҳамда Азар эса ҳар доимгидек ажойиб ўйин кўрсатишмоқда. Агар «нима қила олишади» ва «нима қилишяпти» ўртасидан параллель чизиқ ўтказсак, ғолиб номи ўз-ўзидан ойдинлашади.

1-ўрин: «Челси»; 2-ўрин: «Манчестер Сити»; 3-ўрин: «Ливерпуль».

 

Ҳимоядаги ютуқ

Ўтказиб юборилган голларнинг камлиги бўйича «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» олдинда, «Челси» эса, қанчалик ғалати туюлмасин, бу борада «Вулверхэмптон» ҳамда «Лес-тер»дан ортда бормоқда. Чунки лондонликлар мудофаа чизиғида тартиб ўрнатгунча бироз вақт йўқотишди. Гвардиола ва Клопп жамоасида 3тадан ўтказиб юборилган тўп бор, Саррида эса - 5та. Рақибларига зарба йўллаш имкониятини бериш борасида ҳам фарқ кўринмоқда. Кепа қўриқлаётган дарвоза томон бир ўйиндан ўртача 10 марта зарба йўлланаётган бўлса, Эдерсонни рақиб ҳужумчилари ўртача 6-7 мартадан безовта қилишмоқда.

Ҳозирча ўртада турган «Ливерпуль» тўпни олиб қўйиш бўйича етакчи - Клоппнинг прессинги иш бермоқда. Аммо «қизиллар» тўпни эгаллаб олиш борасида «Манчестер Сити»дан ортда қолишмоқда. Бу ҳам мантиқан тўғри, зеро Хосеп ихтиёридаги футболчилар асосий вақтни олдинги чизиқда ўтказишади. Кепа ва Алиссон билан солиштирганда, Эдерсонга камроқ иш топилади, ваҳоланки, АПЛнинг қимматбаҳо меҳмонлари ҳам ҳар ўйинда 2,3тадан «сэйв» ижро этишмоқда. Демак, ушбу номинацияда ҳам ғолиб тайин.

1-ўрин: «Манчестер Сити»; 2-ўрин: «Ливерпуль»; 3-ўрин: «Челси».

 

Рақиблар савияси

Етакчиларни солиштириш ва баҳолаш жараёнида кўрсаткичларнинг қайси ўйинларда қўлга киритилганини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Рақиб имкониятларини қандай чамалаймиз? Демак, фаворитларга қарши баҳс юритган рақибларнинг 8та турдан сўнг турнир жадвалида қайси поғонани эгаллаб турганини ҳисоблаймиз ва кимда энг кам рақам аниқланса, ўша етакчи бўлади.

«Ливерпуль» «Манчестер Сити» ва «Челси» билан дуранг ўйнади. Айни пайт «жон» сақлаш ҳудудида бораётганлар билан беллашмади, аммо «Тоттенхэм»га рўбарў келишга улгурди - «ПСЖ»ни енгишдан аввал «Уэмбли»дан «шпорлар»ни мағлуб этганди. Клоппнинг рақиблари нисбатан жиддийроқ эди, «Манчестер Сити» ҳамда «Челси»нинг бу борадаги кўрсаткичлари эса деярли тенг. Фарқи - Саррининг рақиблари савияси бироз юқорироқ бўлган.

1-ўрин: «Ливерпуль»; 2-ўрин: «Челси»; 3-ўрин: «Манчестер Сити».

 

Тўп билан ишлаш маданияти

Бу пунктда устунлик ким томонида экани аён. Аммо «Манчестер Сити» стандартига ким яқинроқ борганини билиш қизиқ: «Челси»ми ёки «Ливерпуль? Эътиборлиси, ўйин ҳолатида ва стандарт вазиятлардан урилган голлар статистикаси ҳам бу саволга жавоб бериши мумкин. Клопп шогирдлари 7 марта ўйиндан, 6 марта стандарт ва пенальтилардан тўп киритишган, яна биттаси эса автогол сифатида қайд этилган. «Челси» футболчилари 4та стандартдан унумли фойдаланган бўлсалар, 1та автогол қайд этилган. Яна 13та гол ўйин ҳолатида урилган. Бу борада «Сити» етакчи - ўйиндан 16та, стандартдан 3та гол ва битта автогол.

Манчестерликларда тўпни эгаллаб туриш кўрсаткич юқори, «Челси» - иккинчи. Паслар аниқлиги бўйича учала жамоанинг кўрсаткичлари бир-бирига яқин. Узатмалар сонида эса тартиб ўзгаришсиз қолади - «Сити»дан кейин «аристократлар» боришмоқда. Яна бир қизиқарли ҳолат - «Челси» ва «Ливерпул»да ҳар икки қанот тенг ишлайди. «Манчестер Сити» футболчилари эса асосий эътиборни чап томонга қаратишади. Умумий ҳисобда эса Англиянинг амалдаги чемпиони ҳамон устун. Чунки манчестерликлар ҳал қилувчи паслар сони бўйича «қизиллар»ни бир ярим марталик тафовут билан ортда қолдиришган.

1-ўрин: «Манчестер Сити»; 2-ўрин: «Челси»; 3-ўрин: «Ливерпуль».

 

Мураббийлар меҳнати

Гвардиоланинг футбол ҳақида ҳамон тўлқинланиб гапираётгани, тактик деталларни ошкор этаётганда жилмайишини инобатга олсак, ушбу мутахассиснинг чўққида эканлиги бежиз эмаслигини тушунамиз. Клопп ва Сарри ҳам жуда яхши ишлашмоқда, айниқса, Маурицио. «Челси» устози асосий рақобатчиларининг ёқимтойига айланган - Гвардиола уни Англияга чорлади, Юрген эса мақтовларга кўмди. Шунингдек, Сарри «Челси»нинг футболга ёндашувини ўзгартирмоқда.

Ҳозирча ҳаммаси жойида. Де Лаурентис Сарри мавзусида ҳали кўп гапирса керак - улар Маурицио кетаётганда аразлашиб қолишган бўлса, Абрамович ҳамкорликнинг бошланишидан мамнун. Клоппнинг «Ливерпул»даги фаолияти ҳам барчани қониқтирмоқда, қолаверса, ёзда «Реал»га рад жавобини берди.

1-ўрин: «Челси»; 2-ўрин: «Манчестер Сити»; 3-ўрин: «Ливерпуль».

 

Хулоса

1-ўрин: «Манчестер Сити» - 14 балл; 2-ўрин: «Челси» - 13 балл; 3-ўрин: «Ливерпуль» - 9 балл.

Сарри қисқа вақт ичида «Челси»ни қайта шакллантирди, худди Гвардиола «шаҳарликлар»ни бир маромга келтиргани каби. Бугунги солиштирув якунида «Манчестер Сити» ғолиб чиқди, аммо рақобатчилар билан фарқ катта эмаслигини инобатга олиш даркор. Хосепнинг эътибори Чемпионлар Лигасига қаратилганда, жамоаси эса ҳар ҳафта фокуслар кўрсатишни такрорлашдан чарчаганда, кураш янада кескинлашади. Мазкур ҳолатда «Ливерпуль» футболчиларида ўзига хос мотивация борлиги ўз сўзини айтиши мумкин: клубга теккан «қарғиш»ни ечиш иштиёқи биринчи даражага чиқиши, шу тариқа тарихда илк бор АПЛ ғолибига айланиш хоҳиши устун келиши ҳеч гап эмас.

Ёки «Челси»ни олайлик. Саррини совринлар сари ундаш шартмас - фаолияти давомида улкан ютуқларга эришганича йўқ. «Аристократлар»­да эса рақобатчилари қайсидир жиҳатлар бўйича кучли бўлган пайтда ҳам чемпионликка эришиш тажрибаси бор. Маурицио татбиқ этган янгилик мағлубиятлар ва хатолар орқали синовдан ўтказилади, буни жамоа футболчилари ҳам таъкидлашмоқда. Аммо ҳозирча «Челси»нинг ишлари жойида, «Манчестер Сити»нинг ҳолати ҳам ҳар доимгидек яхши.

«Ливерпуль» эса, гарчи стартда муваффақиятга эришган бўлсада, нуқсонларга эга ва Клопп уларни бартараф этиш устида ишламоқда. Айтайлик, «қизиллар» битта тўп фар-қи билан олдинда бораётганда, бош-қа ҳисобни кўзлаб, оқибатда очколар йўқотишган.

Фаворитлар учун мавсум яхши бошланди, аммо уларнинг ортидан 18тадан очко тўплаган «Арсенал» ва «Тоттенхэм» келмоқда. Шунингдек, АПЛда «Борнмут» ҳамда «Манчестер Юнайтед» сингари кучсиз бўлмаган ўртамиёналар бор.

Умуман олганда, ҳаммада ҳам хато кузатилади. Ғалабалар серияси қайд этаётган «Арсенал» стартда Гвардиола ва Саррига ютқазди. Ҳаттоки, тўплар фарқи бўйича етакчи бўлиб турган «Манчестер Сити»да ҳам камчилик бор. Аммо барибир, фаворитларнинг кўплиги бўлажак чемпион билан боғлиқ баҳс-мунозараларни вужудга келтиради. АПЛда интрига сақланиб турибди, бу эса мухлису мутахассислар учун айни муддао!

Ўзгача бразилиялик ёки Коутиньо ниманинг ҳисобига зўр?

«Барселона» вакилига ўхшаш футболчиларни охирги вақтларда «хаёлот» сифатида таърифлашмоқда. Ўзи бразилиялик аксарият машҳур ўйинчиларнинг ҳаёт йўли драма чизгиларига тўла. Кимдир қашшоқликда ўтган болалигини эсласа, яна биров жиноятчилик юқори нуқтага чиққан ўлкада, безорилар даврасида улғайганини тилга олади. Коутиньода эса ҳаммаси бошқача...

Бўлажак футболчи Бразилиянинг қоқ юраги - Риода таниқли меъмор оиласида туғилган. Ёш Фелиппе болалигидан икки акаси ҳамроҳлигида футбол билан яхши шароитларда шуғулланган. Тўғри, у ҳам футбол киллери инстинктини аввалига кўчада ривожлантирган. Яъни вундеркинднинг ажойиб қобилиятлари яққол кўзга ташланишига қадар ҳаммаси оддий давом этган. Кейин воқеалар классик кўриниш олган - маҳаллий академия, «Васко Да Гама» кўриги ва катталар футболида дебют. Коутиньо Европага кўчиб ўтишни ҳам сира пайсалга солгани йўқ. Ўз олдига қўйган муайян мақсадларига эришгач, дарҳол янада юқорироқ марраларни кўзлади. Фелиппе шу тариқа «Интер» сафига қўшилди, кейин «Эспаньол»да ижара келишувини ўтади ва тез орада «Ливерпуль» либосига бурканди, якунда шов-шувли тарзда «Барселона» таркибини тўлдирди.

Муҳими, Коутиньо фаолиятининг ҳар бир босқичида бошқаларда йўқ қандайдир хислатларга эгалигини исботлади. Айни шу жиҳат Каталония клуби раҳбариятини унинг трансферига 130 млн. евро сарфлашга ундаган бўлса, ажабмас. Бразилиялик футболчи универсаллик бобида ҳам чакки эмас ва тахмин қилинганидек, ҳали клубда Андрес Иньеста функцияларини тўлиқ ўз зиммасига олса керак. Вазият яратиш, қулай тўп ошириш, зарба бериш учун вақтида қулай позицияга чиқиш — буларнинг барчаси ҳозирнинг ўзида Коутиньо қўлидан келади. Фелиппенинг ўйин услуби Nike ижодкорларини шунчалик илҳомлантирмоқдаки, улар Phantom VSN номини олган янги бутса модели яратишди. Компания охирги марта янги моделни 2014 йили айнан Андрес Иньеста билан тақдим этганди. Ҳа, кўринишидан, янги «хаёлот» вақти келди, чоғи...

Коутиньога хос ўйин футбол симуляторида ҳар лаҳзада кузатилиши мумкин. Лекин алоҳида эътиборга олиш керак, бразилиялик «хаёлот» барчасини реал ҳаёт - катта футболда уддаламоқда. Унинг турли йўналишлар бўйича кўрсаткичлари чиндан ҳам, ҳавас уйғотади. Мана, Instat дастури ёрдамида олинган энг муҳим кўрсаткичларга эътибор қаратинг (ЧЛ гуруҳ босқичи 1-турида ПСВга қарши кечган ўйинда):

1. 81 дақиқа давомида 100тадан ортиқ фаол ҳаракат (94та уриниши — омадли). Дейлик, ўша ўйинда 3та гол урган Лионель Месси ҳам худди шундай кўрсаткич қайд этди, фарқи шуки, аргентиналик майдонда тўлиқ вақт ўйнади ва унда омадли уринишлар сони Каталония клубида «10-рақам» миссиясини бажараётган Фелиппеникидан озроқ.

2. Тўғри, Instatнинг умумий баҳоси бўйича Месси олдинда, барибир. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, ахир у голланд клуби дарвозасини 3 бора ишғол қилди. Хуллас, Коутиньо умумий баҳо жадвалида 3-ўринни банд этди. Коутиньонинг айниқса, узатмалари сони диққатни тортади. Биринчидан, у қойилмақом аниқлик кўрсатди (80та узатмадан 75таси аниқ). Иккинчидан, 60та ҳолатда тўп ҳужумга йўлантирилган. Бу 75 фоиз демакдир. Қисқаси, Коутиньо аллақачон ҳужум ижодкори ролига мослашиб улгурди.

Фелиппе майдонда ақл бовар қилмас даражада катта масофа босиб ўтишга қодир. Замонавий футболда позицион ҳужумлар орқали олдинга интиладиган жамоалар тобора камаймоқда. Чунончи, ақлга таяниб ҳаракатланиш ва тезкорлик биринчи ўринга чиқди. Бразилиялик эса бу борада беназир ҳисобланади. Унинг «Барса»да алмаштирилмас ўйинчи мақомини мустаҳкамлаётганини шу факторга боғлаш мумкин. Дейлик, 26 ёшли ярим ҳимоячи жорий йил Бразилия терма жамоасининг ҳар бир ўйинида бошланғич таркибдан жой олди.

Ортиқча индивидуал ҳаракатлар бразилияликларга хос, бироқ Коутиньони бундай ўйинчилар сирасига қўшиш ноўрин. Бунга Instat хулосалари далил. У шунинг баробарида яккама-якка курашларда ҳам чакки эмас. Яна ПСВга қарши кечган ўша ўйиндан мисол: футболчи ҳужум ҳаракатлари жараёнида рақиб вакиллари билан 9 марта якка-якка курашга киришди ва улардан деярли ярмида устун келди. Эътиборга молик ҳолат шуки, ЖЧ-2018даги омадсизликдан кейин Бразилия терма жамоаси сезиларли даражада ўзгарди. Лекин Коутиньо ҳамон ўз жойида.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz