Қайднома

Қидирув

Ўзгача бразилиялик ёки Коутиньо ниманинг ҳисобига зўр?

Ўзгача бразилиялик ёки Коутиньо ниманинг ҳисобига зўр?

  20.10.2018 03:00
  0
  501
Ўзгача бразилиялик ёки Коутиньо ниманинг ҳисобига зўр?

«Барселона» вакилига ўхшаш футболчиларни охирги вақтларда «хаёлот» сифатида таърифлашмоқда. Ўзи бразилиялик аксарият машҳур ўйинчиларнинг ҳаёт йўли драма чизгиларига тўла. Кимдир қашшоқликда ўтган болалигини эсласа, яна биров жиноятчилик юқори нуқтага чиққан ўлкада, безорилар даврасида улғайганини тилга олади. Коутиньода эса ҳаммаси бошқача...

Бўлажак футболчи Бразилиянинг қоқ юраги - Риода таниқли меъмор оиласида туғилган. Ёш Фелиппе болалигидан икки акаси ҳамроҳлигида футбол билан яхши шароитларда шуғулланган. Тўғри, у ҳам футбол киллери инстинктини аввалига кўчада ривожлантирган. Яъни вундеркинднинг ажойиб қобилиятлари яққол кўзга ташланишига қадар ҳаммаси оддий давом этган. Кейин воқеалар классик кўриниш олган - маҳаллий академия, «Васко Да Гама» кўриги ва катталар футболида дебют. Коутиньо Европага кўчиб ўтишни ҳам сира пайсалга солгани йўқ. Ўз олдига қўйган муайян мақсадларига эришгач, дарҳол янада юқорироқ марраларни кўзлади. Фелиппе шу тариқа «Интер» сафига қўшилди, кейин «Эспаньол»да ижара келишувини ўтади ва тез орада «Ливерпуль» либосига бурканди, якунда шов-шувли тарзда «Барселона» таркибини тўлдирди.

Муҳими, Коутиньо фаолиятининг ҳар бир босқичида бошқаларда йўқ қандайдир хислатларга эгалигини исботлади. Айни шу жиҳат Каталония клуби раҳбариятини унинг трансферига 130 млн. евро сарфлашга ундаган бўлса, ажабмас. Бразилиялик футболчи универсаллик бобида ҳам чакки эмас ва тахмин қилинганидек, ҳали клубда Андрес Иньеста функцияларини тўлиқ ўз зиммасига олса керак. Вазият яратиш, қулай тўп ошириш, зарба бериш учун вақтида қулай позицияга чиқиш — буларнинг барчаси ҳозирнинг ўзида Коутиньо қўлидан келади. Фелиппенинг ўйин услуби Nike ижодкорларини шунчалик илҳомлантирмоқдаки, улар Phantom VSN номини олган янги бутса модели яратишди. Компания охирги марта янги моделни 2014 йили айнан Андрес Иньеста билан тақдим этганди. Ҳа, кўринишидан, янги «хаёлот» вақти келди, чоғи...

Коутиньога хос ўйин футбол симуляторида ҳар лаҳзада кузатилиши мумкин. Лекин алоҳида эътиборга олиш керак, бразилиялик «хаёлот» барчасини реал ҳаёт - катта футболда уддаламоқда. Унинг турли йўналишлар бўйича кўрсаткичлари чиндан ҳам, ҳавас уйғотади. Мана, Instat дастури ёрдамида олинган энг муҳим кўрсаткичларга эътибор қаратинг (ЧЛ гуруҳ босқичи 1-турида ПСВга қарши кечган ўйинда):

1. 81 дақиқа давомида 100тадан ортиқ фаол ҳаракат (94та уриниши — омадли). Дейлик, ўша ўйинда 3та гол урган Лионель Месси ҳам худди шундай кўрсаткич қайд этди, фарқи шуки, аргентиналик майдонда тўлиқ вақт ўйнади ва унда омадли уринишлар сони Каталония клубида «10-рақам» миссиясини бажараётган Фелиппеникидан озроқ.

2. Тўғри, Instatнинг умумий баҳоси бўйича Месси олдинда, барибир. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, ахир у голланд клуби дарвозасини 3 бора ишғол қилди. Хуллас, Коутиньо умумий баҳо жадвалида 3-ўринни банд этди. Коутиньонинг айниқса, узатмалари сони диққатни тортади. Биринчидан, у қойилмақом аниқлик кўрсатди (80та узатмадан 75таси аниқ). Иккинчидан, 60та ҳолатда тўп ҳужумга йўлантирилган. Бу 75 фоиз демакдир. Қисқаси, Коутиньо аллақачон ҳужум ижодкори ролига мослашиб улгурди.

Фелиппе майдонда ақл бовар қилмас даражада катта масофа босиб ўтишга қодир. Замонавий футболда позицион ҳужумлар орқали олдинга интиладиган жамоалар тобора камаймоқда. Чунончи, ақлга таяниб ҳаракатланиш ва тезкорлик биринчи ўринга чиқди. Бразилиялик эса бу борада беназир ҳисобланади. Унинг «Барса»да алмаштирилмас ўйинчи мақомини мустаҳкамлаётганини шу факторга боғлаш мумкин. Дейлик, 26 ёшли ярим ҳимоячи жорий йил Бразилия терма жамоасининг ҳар бир ўйинида бошланғич таркибдан жой олди.

Ортиқча индивидуал ҳаракатлар бразилияликларга хос, бироқ Коутиньони бундай ўйинчилар сирасига қўшиш ноўрин. Бунга Instat хулосалари далил. У шунинг баробарида яккама-якка курашларда ҳам чакки эмас. Яна ПСВга қарши кечган ўша ўйиндан мисол: футболчи ҳужум ҳаракатлари жараёнида рақиб вакиллари билан 9 марта якка-якка курашга киришди ва улардан деярли ярмида устун келди. Эътиборга молик ҳолат шуки, ЖЧ-2018даги омадсизликдан кейин Бразилия терма жамоаси сезиларли даражада ўзгарди. Лекин Коутиньо ҳамон ўз жойида.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz