Қайднома

Қидирув

Пол Скоулз: «МЮ»га бир жуфтюлдуз керак»

Пол Скоулз: «МЮ»га бир жуфтюлдуз керак»

  24.10.2018 08:00
  0
  1048
Пол Скоулз: «МЮ»га бир жуфтюлдуз керак»

«МЮ» клуби ва Англия терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Пол Скоулз матбуотда унча кўп чиқиш қилмайди. Лекин устамон журналистлар вақти-вақти билан табиатан камсуқум афсонавий футболчидан ҳам фикр олишни эплашади. Хуллас, хорижлик ҳамкасбларимиз яқинда «буюк малласоч»ни интервью беришга кўндиришди ҳамда у аввало, ўзи ва «қизил иблислар», хусусан, собиқ жамоасининг ҳозирги ҳолати ҳақида атрофлича тўхталди. «Аслида болалигимдан дилимдагини тилимга чиқаришга одатланганман», - деди малласоч англиялик суҳбат бошида. Дарҳақиқат, у ҳеч қачон ўз ҳиссиётларини яширган эмас. Ҳозир ҳам шундай - кам гапиради, аммо андишадан мутлақо йироқ, ўйлаганини айтади, тамом: «Агар нимагадир баҳо беришни сўрашса, мамнуният билан шахсий фикримни билдираман. Бу тўғри ёки хатолиги мен учун муҳим эмас. Шунчаки, худди отам каби «МЮ»нинг ашаддий мухлисиман. У ҳар қандай вазиятда ҳам, суюкли жамоасининг уй ва сафар учрашувларига боради, бунга имкон топади. Қарангки, ўғлим ҳам бизга тортди - доимо автобусда жамоа ортидан қувгани-қувган. Баъзан у билан қайсидир ўйинни муҳокама қилишни хоҳлайман. Аммо ўғлим барча учрашувларни эслашга қийналади. Унинг ҳамроҳ дўстлари ҳам ажойиб. Дейлик, ҳаммалари кубок турнирига қуръа ташланишидан олдин «МЮ»га иложи борича олисроқ жойдаги жамоа рақиб бўлишини исташади. Тўғри, уларнинг хоҳиш-истаклари футболчиларникидан фарқ қилади. Умуман, мухлислар орасида улғайганим боисми, уларнинг табиатини чуқур ўрганганман. Вақтида отам ҳамроҳлигида қанчадан-қанча ўйинлар гувоҳига айландим. Мисол учун, «Олд Траффорд»да «Челси»га қарши кечган баҳс безорилар ўртасидаги муштлашув билан бошлангани эсимда. Ўшанда қаттиқ қўрқганимни ҳам тан оламан. Отам қўлимдан маҳкам тутганча мени хавфсиз жойга олиб ўтганди. Шошилинчда пойафзалимни йўқотиб қўйгандим...».

- Болалигингизда сиз билан стадионга келган дўстларингиз билан кўришиб турасизми?

- Йўқ. Кўпинча пайшанбадан душанба кунигача ичишдан тўхтамасдик. Баъзан ўйин арафасида тун бўйи кўнгилхушлик қилардик. Хуллас, стадионга бориш ва ортга қайтишда автобус ичида тинмай ичадиган мухлислар орасида эдим. Тез орада улар билан алоқани буткул узиш кераклигини тушундим. Ишчилар синфидан чиққан фанатлар табиати шунақа... Улар ҳозир ҳам катта гуруҳ бўлиб юрадилар. Футболчига эса бундай юриш мумкин эмас. Қисқаси, терма жамоадан илк марта чақирув олгач, бу «ботқоқ»ни тарк этишга аҳд қилдим. Бинобарин, ичкилик туфайли спорт формасини нисбатан йўқотгандим, вазним ҳам оғирлашиб қолганди. Муҳими, жамоадошларим ёрдами билан барча иллатлардан қутулдим. Фил ва Гари Невилл, Дэвид Бекхэм, Никки Батт каби йигитлар ажралмас дўстларимга айланишди. Кийиниш хонаси - янги муҳитга мослашиш учун энг қулай жой. Бизда кийиниш хонаси қироли бор эди - Бен Торнли. Ажойиб футболчи. Дарвоқе, у яқинда ўзининг автобиографик асарини чоп этди, бир ўқиб чиқсам, зарар қилмасди.

- Шундан буён кўп нарсалар ўзгарди. Жумладан, «МЮ» қиёфаси ҳам...

- Минғир-минғир қилиш табиатимга мутлақо тўғри келмайди. Биз ўйнаган пайтлар... Йўқ, бу даҳшат. Ҳаммаси ўзгариб кетди-я... Ҳозир жамоа янги футболчилар қўлида, уларнинг ўз йўллари бор. Ўйлашимча, ҳозирги ҳолатда «МЮ» бир жуфтгина халқаро миқёсдаги ўйинчига муҳтож.

- Қайси позициялар вакилларига?

- Ярим ҳимоя ва ҳужумни боғлайдиган моҳир футболчи керак.

- Лука Модричга ўхшаганими?

- Ҳа, чизиқларни боғловчи ва ўйинни назорат қиладиган ўйинчи зарур. У ўта тезкор бўлиши, узатмаларни аъло даражада уддалай олиши лозим.

- Яъни сизнинг услубингизда тўп суриши керак, шундайми?

- Бироз... Фаолиятим давомида худди шундай ўйнашга интилганман. Умуман, бу борада де Брюйне, Азар ва Давид Сильвани эътироф этишим мумкин. Жесси Лингард яқин келажакда шундай мақомга етиш имкониятига эга. Хуан Матада ҳам зарур хислатлар мавжуд, бироқ уни асосан қанотда ўйнатишяпти. Футболчи учун севимли позициясидан бошқа жойда тўп суриш нақадар азоблигини ўз тажрибамдан яхши биламан. Қандайдир ғойибона куч уни асл позициясига чорлаб туради, барибир. Аслида холис айтганда, «МЮ»нинг таркибида савияли ижрочилар етарли.

- Алексис Санчес ҳақида нима дея оласиз?

- Ноёб иқтидор соҳиби. Аммо ҳеч қачон «МЮ»га хос жиҳатини кўрмаганман. Санчес - худбин футболчи, фақат ўзини ўйлайди. Хуллас, у жамоа истаган ўйинчи эмас. Айниқса, трансферига сарфланган маблағни назарда тутсак, шундай. Тўғри, Алексисдан воз кечиш қийин. Назаримда, «МЮ» Санчесни битта мақсадда сотиб олгандек - уни «Сити» сафида кўрмаслик учун. Қисқаси, ҳозир «МЮ»га келган барча футболчиларнинг ўзига яраша муаммолари бор. Ҳаттоки, Лионель Месси ҳам жамоада ўз ўрнини топишга қийналарди...

- Моуриньо билан шахсан танишмисиз?

- Унчалик эмас. Унинг жамоаларига қарши тўп сурган пайтлар кўришганмиз, холос. Менга бу мураббийнинг чўрткесарлиги ёқарди ва уни ажойиб мутахассис сифатида билардим. Бироқ аввалги Жозедан асар ҳам қолмаган кўринади. Унинг ўрнини чўкаётган, ҳамманинг ҳафсаласини пир қилаётган кимса эгаллади, гўё. Қаранг, Моуриньо шогирдларидан тинмай нолимоқда, шунинг баробарида ўзини энг яхши мураббий сифатида мақташдан чарчамаяпти. Хўп, майли, лекин буни амалда исботласин! Мана, «МЮ» Жозе талаби билан икки нафар марказий ярим ҳимоячи харид қилди, аммо улар кутилган даражада ўйнай олмаяптилар-ку. Сен мураббийсан, демак, вазифанг битта - шогирдларинг самарали тўп суришларини таъминлаш!

- Чиндан ҳам, Погба учун кўп маблағ сарфланди. Унинг савияси харажат миқдорига мосми?

- Поль ҳозир неча ёшда? 25дами? Тан олиш керак, у ўйин давомида ажойиб финтларни намойиш этади, рақибларини алдаб ўтади, аниқ узатмалар беради. Лекин маълум муддатга чўзилган фаолликдан кейин ўзини йўқотиб, «мўъжиза»лар кўрсата бошлайди. Нима учун? Чунки 1-2 дақиқа олдин юксак маҳоратини кўз-кўз қилди, шунинг завқидан сармаст... Рақиб эса айни шу сусткашликдан унумли фойдаланади. Мисол керакми, Погба «Вулверхэмптон» билан баҳсда Фредни ажойиб тарзда тўп билан таъминлади ва голга сабабчи бўлди. Аммо кейинги вазиятда марказда тўпни йўқотиб қўйди. Оқибатда жамоа гол қўйиб юборди. Ана сизга юксак иқтидор соҳибининг «совға»си. Поль «Ювентус»да тажрибали ўйинчилар ёнида тўп сурарди, бизда эса унинг хатоларини тузатадиган ҳеч ким йўқ...

- Жамоа менежери ролида ишлашни хоҳлармидингиз?

- Нега энди йўқ дейишим керак? Ҳозирги менежер - амалдаги мураббий. Дейлик, сэр Алексда мураббийликдан кўра, менежерлик хислатлари кўпроқ эди. Тўғри, ҳозир ҳаммаси бошқачароқ. Нима бўлишидан қатъий назар, менга айнан шундай юмушлар маъқул келади.

- Қайси жамоалар ўйини кўпроқ ёқмоқда?

- «Реал», «Барселона», «Манчестер Сити», «Ливерпуль» клубларида ўйин сифати зўр. Лекин мен учун «Юнайтед» биринчи ўринда туради, барибир.

- Футболчилардан-чи, кимларни алоҳида эътироф этасиз?

- Модрич, Кроос, Месси. Лео айниқса, «Тоттенхэм»га қарши баҳсда фантастик футбол кўрсатди. Ўша учрашув мени «Ким кучлироқ - Месси ёки Роналду?» қабилидаги жумбоқ ҳақида бош қотиришга қайтарди.

- Хўш, қандай тўхтамга келдингиз?

- Месси кучлироқ кўринмоқда. Тўғри, Роналдуга ҳам гап йўқ.

 

- Аввалги Жозедан асар ҳам қолмаган кўринади. Унинг ўрнини чўкаётган, ҳамманинг ҳафсаласини пир қилаётган кимса эгаллади, гўё. Қаранг, Моуриньо шогирдларидан тинмай нолимоқда, шунинг баробарида ўзини энг яхши мураббий сифатида мақташдан чарчамаяпти. Хўп, майли, лекин буни амалда исботласин! Мана, «МЮ» Жозе талаби билан икки нафар марказий ярим ҳимоячи харид қилди, аммо улар кутилган даражада ўйнай олмаяптилар-ку. Сен мураббийсан, демак, вазифанг битта - шогирдларинг самарали тўп суришларини таъминлаш!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz