Қайднома

Қидирув

Япониялик «Ницше» ёки Хасебе намунали оилапарвар футболчи

Япониялик «Ницше» ёки Хасебе намунали оилапарвар футболчи

  28.10.2018 07:44
  0
  569
Япониялик «Ницше» ёки Хасебе намунали оилапарвар футболчи

Осиё кубоги-2019 мусобақаси тобора яқинлашаётган пайтда Ўзбекистон термасининг турнирдаги гуруҳдошлари фаолиятига назар ташлаш хоҳиши пайдо бўлади. Рақиб жамоалар таркиби, уларнинг салоҳияти кўпчиликни қизиқтириши табиий. Айниқса, вакилларимиз жойлашган квартет фаворити - японлар сафида кучли ижрочилар йиғилгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо бугунги ҳикоямиз қаҳрамони ЖЧ-2018дан сўнг «самурайлар» бош жамоасидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Бироқ аксарият юлдузларнинг фикри ўзгариб, уларда асосий термага қайтиш истаги туғилиши футболда тез-тез кузатилади. Шундай экан, Макото Хасебе сингари японларнинг етук футболчиларидан бирининг тарихига назар ташлаш асло зиён қилмайди.

Япония термаси Россияда ўтказилган мундиалда ажабтовур менталитети, ёрқин, тартибли ва тезкор ўйини билан маҳаллий мухлисларда ёрқин таассурот қолдирди.

Макото Хасебенинг майдон марказидаги ишончли ўйини «кунчиқар юрт» вакилларининг 1|8 финалгача йўл олишлари, ушбу босқичда Бельгияга муносиб кураш тақдим этишларида асосий омиллардан бири бўлди. Гаку Шибасаки билан жуфтликда ҳаракат қилган тажрибали япон футболчиси ўйинлар пайти рақибдан тўпни олиб қўйиб, қисқа паслар ёрдамида тезкор ҳужумлар бошлаш салоҳияти борлигини кўрсатишдан ташқари, японларга хос шарқона доноликнинг ҳақиқий сиймосига айланди.

Фалсафий бестселлер муаллифи

Хасебе - «самурайлар» етакчиси, шунингдек, футбол мезонлари бўйича айтганда, жуда эътиборга лойиқ шахс. 10 йилдан буён Бундеслигада тўп сураётган япон футболчисининг ўз юртида ёзган асари ҳақиқий бестселлерга айланди. «Айнтрахт» ярим ҳимоячиси ушбу китобни ёзиш жараёнида ҳаммуаллифга ҳам эҳтиёж сезмади - муқаддимадан тортиб хотимагача интеллектуал салоҳиятдан бебаҳра қолмаган 34 ёшли Макотонинг ўзига тегишли.

Футболчилар орасида китоб ўқиши билан мақтанадиганлари кўп эмас - улар ичида германиялик файласуф Фридрих Ницшени севимли муаллифи сифатида кўрсатадиганлари янада камроқ бўлса керак. Бир неча йиллардан буён фалсафага қизиқадиган Хасебенинг таъкидлашича, айнан шу соҳанинг энг етук намоёндаларидан бири бўлган Ницшенинг мулоҳазалари ва хулосалари уни китоб ёзишга ундаган.

Макотонинг қаламига мансуб асар «Қалб интизоми: ғалабанинг 56та одати» деб номланади. Ўзига хос фалсафий аҳамият касб этган мазкур китобни нафақат Япониядаги дўконларда бажонидил сотиб олишади, балки унга хориждан ҳам буюртмалар келиб тушмоқда.

Футбол - Хасебенинг ҳаёти

«Вольфсбург»да Эдин Жеко ва Графите билан елкама-елка тўп суриб, Германия чемпионлигини нишонлаган Хасебе оддий ҳаётда жуда оғир-босиқ, сермулоҳаза. Макотони моддий бойликлар қизиқтирмайди - у жуда камтарона кийинади, автомобиллари ҳам ўта қимматбаҳо эмас, бошқа одамлар билан суҳбатлашаётганда юқори интеллект соҳиби эканлигини айтиб мақтанмайди.

- Футбол - менинг ҳаётим. Ушбу спорт турига ошно тутинган илк кезларимдан бошлаб, бу ишга максимум куч сарфлаб, имкон қадар энг яхшилардан бири бўлишга интилганман. Футбол - умримнинг асоси. Футбол ҳаётимдаги энг қимматбаҳо нарсадир. Футбол сабаб тўғри овқатланиш, ухлаш вақти ва ўз ўрнида ҳордиқ чиқаришга жиддий эътибор қаратаман, - деганди Хасебе интервьюларининг бирида.

- Унинг китоблари дунё юзини кўргунга қадар футболчилар орасида бундай тарихга эга бўлганлари йўқ эди. Мазкур асар Макотонинг ҳаёт ақидалари, фалсафасидан сўзлайди. Мени энг кўп ҳайрон қолдирадиган жиҳат шундаки, Хасебе уззукун тартиб-интизомга бир хилда амал қилади, - деганди китоб бош муҳаррири.

«Вольфсбург» тарихига дастлабки япон футболчиси сифатида кирган Макото ҳеч қачон тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаган, спиртли ичимликлардан йироқ юрган, диванда ётишдан кўра, пол устида ухлашни афзал билган. Россия мундиалидан сўнг миллий жамоадаги фаолиятига якун ясаган тажрибали япон футболчисига ўз юртидаги кўплаб болалар тақлид қилишади.

Мураббийлар унгаишонишмаганди

Эътиборли томони шундаки, Макотонинг биринчи мураббийи бир сафар журналистларга интервью бериш чоғида Хасебенинг тенгдошлари орасида юксак иқтидори билан ажралиб турмаслиги, аммо унинг ишга ёндашуви кўпчиликнинг диққатини тортишини таъкидлаганди. Қаҳрамонимиз нималарга қодирлигини айнан яшил майдонда кўрсатар, деярли хатоларга йўл қўймас, ҳақиқий футбол энергетикасини намойиш этарди. Шунингдек, мураббийи Япониянинг машҳур клубларидан бири - «Ред Даймондс» вакиллари Хасебенинг ўйинини томоша қилиш учун ташриф буюришганда, шогирдининг салоҳиятига ишонмаганини тан олди.

Бундеслига «олтин»ининг обрўли соҳиби

Файласуф Макото Германияда ҳақиқий синовга дуч келди - ўша кезлари «Вольфсбург»ни халқ орасида «Темир Феликс» номи билан танилган, оғир юкламалари ва қатъий тартибни ёқтириши орқали обрў орттирган мутахассис Феликс Магат бошқарарди. Хасебенинг айтишича, бу мураббийнинг машғулотлари ўта оғир ўтар, шуғулланиш жараёнидан сўнг футболчилар юриш у ёқда турсин, ҳатто баъзида оёқларини кўтара олмай қолишарди. Аммо япониялик футболчи ортга назар ташларкан, Магат билан ишлаш жараёнида орттирилган тажриба унинг ўйинни ҳис қилишига ижобий таъсир ўтказганини тан олди.

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиси Шинжи Кагава, «Лестер» таркибида Англия чемпионлигини нишонлаган Шинжи Оказаки, «Саутгемптон» ҳимоя чизиғининг ҳақиқий таянчи бўлган Мая Йошида Хасебега нисбатан машҳурроқ саналишади. Бироқ жорий йил ёзида ўтказилган жаҳон чемпионатида миллий жамоа сардорлик боғичи айнан Макотога ишониб топширилди. Унинг терма ва ҳам-юртлари орасидаги обрў-эътибори катта, шунга қарамай, Хасебе «самурайлар» бош жамоасини тарк этишга куч топа билди. Қаҳрамонимиз 12 йил мобайнида ўз ватани учун сидқидил меҳнат қилди, энди эса бироз тин олиб, асосий эътиборини сокин ишларга қаратмоқчи.

- Япония термаси шарафини ҳимоя қилиб ўтказган вақтим билан фахрланаман. Ушбу давр қалбимга муҳрланиб қолади, ҳаммаси ажойиб тарзда ўтди. Буни ҳеч нарсага алишмаган бўлардим, - дейди Хасебе.

Намунали оилапарвар

- Мени келажакда нима кутаётганини билмайман. Катта эҳтимол билан асосий вақтимни китоб ёзишга қаратаман. Уйга - Японияга қайтганимда, омма орасида имкон қадар камроқ кўриниш беришга интиламан, чунки шахсимга катта эътибор қаратишларини хоҳламайман, - деганди тажрибали ярим ҳимоячи ўтган жаҳон чемпионати пайти журналистларга интервью бераркан. - Иложи борича кичик нарсаларга ҳам қониқиш ҳосил қилишга интиламан. Шунингдек, кўпроқ вақтимни оилам даврасида, айниқса, суюкли бувижонимнинг ёнида ўтказишни ёқтираман.

Ҳозирга қадар Макото Япония миллий жамоаси либосида 114та ўйинда майдонга тушиб, рақиб дарвозасини 2 марта ишғол қилган. Россияга ташриф буюриб, фаолиятидаги учинчи мундиалда қатнашган таянч ярим ҳимоячиси ҳали бутсаларини михга илиш ҳақида ўйламаяпти - унинг «Айнт-рахт»даги ўйинлари чакки чиқмаяпти. Ҳаттоки, клубдаги мураббийи уни ҳимоя чизиғига мослаштириб, Эван Н`Дики ҳамда Давид Абраҳамга шерик қилмоқда. Вазият тақозо этганда, Хасебе ярим ҳимояга ўтиб, Германия жамоасининг ўрта чизиғида улкан тажрибасини ишга солмоқда.

 

МАКОТО ХАСЕБЕ

Туғилган санаси: 1984 йил 18 январь (34 ёш)

Туғилган жойи: Фудзиэда, Япония

Бўйи:180 см.

Вазни:72 кг.

Амплуаси: таянч ярим ҳимоячиси

Рақами: 20

Фаолияти давомида «Урава Ред Даймондс» (Япония, 2002—2007, 149та ўйин, 12та гол), «Вольфсбург» (Германия, 2008—2013, 135та ўйин, 5та гол), «Нюрнберг» (Германия, 2013—2014, 15та ўйин) каби клубларда тўп сурган. 2014 йилдан ҳозирга қадар Франкфуртнинг «Айнтрахт» жамоасида ўйнамоқда (87та ўйин, 2та гол)

2006-2018 йиллар мобайнида Япония миллий жамоасида 114та ўйин ўтказиб, иккита гол урган


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz