Қайднома

Қидирув

Клопп учун ҳар бир ходим муҳим

Клопп учун ҳар бир ходим муҳим

  27.10.2018 09:50
  0
  406
Клопп учун ҳар бир ходим муҳим

Юрген Клопп дарҳақиқат, «Ливерпуль» тизимида ишлаётган барча-барчани ниҳоятда қадрлайди. Ҳар ҳолда, немис мутахассиси охирги кунлар Мелвудда жуда кўплаб фидойи ва сидқидилдан ишлайдиган одамларни учратганини бот-бот тилга олмоқда. «Қизиллар» устози JOEга берган интервьюсида ҳам шу мазмунда гапирди: «Клуб ходимларининг майдондаги муваффақиятларга қанчалик катта ҳисса қўшаётганларини аниқ ифодалаб беришим жуда мушкул. Катта ишонч билан таъкидлайманки, Мелвудда чинакам аҳил ва профессионал жамоа йиғилган ва ҳар бир ходимнинг клуб натижаларидаги улуши беқиёс». Хўш, Клопп ўз интервьюсида яна қайси ҳолатларга тўхталди?

- Шахсан ўзим 100 фоиз жамоавий ўйинчиман. Дейлик, бўш вақтда футбол ёки теннис ўйнашни таклиф этишса, биринчисини танлайман, барибир. Негаки, доимо атрофимда дўстларим туришларини, қайсидир юмушни улар билан бирга бажаришни хоҳлайман. Оддий айтганда, каттами ёки кичик ишнинг бир қисмига айланишдан ўзгача ҳузурланаман.

- Қувонтирадиган томони, Мелвудда ҳар куни кўтаринки руҳни яққол сезиш мумкин. Зеро, ҳар бир ходим ишга яхши кайфиятда келади. Умумий муҳитнинг яхлит манзараси муҳим ва бунда ишчилар гуруҳининг тутган ўрни катта.

- Ҳа, жамоага доир қарорларни ҳамиша бир киши қабул қилади. Мисол учун, кўпинча якуний сўз менда қолади. Лекин қарор қабул қилишда ўз ишларининг чин устаси саналган ходимларимиз томонидан тақдим этилган маълумотларга асосланаман, албатта.

- Ўйлашимча, кучли хусусиятларимдан бири - бу соғлом фикрлаш қобилияти. Йўқ, ўта ақлли эмасман, лекин ўзим учун зарур жиҳатларни биламан. Қолаверса, ҳаётда барча йўналишларда ҳаммасини билиш мумкин эмас.

- Айрим масалаларни мендан бир неча марта яхшироқ тушунадиган ва эффектли ҳал қила оладиган кишилар бор, шунинг учун уларни клуб тизимига таклиф этганмиз. Ўз кучим ва билимимга тўлиқ ишонаман, табиатан шундайман, лекин мукаммал инсон эмаслигимни ҳам тан оламан. Умуман, кимдир мени тўлиқ шаклланган киши сифатида қабул қилмаса керак. Демоқчиманки, қайсидир ҳолатни тушунмасам ёки муаммони ҳал этишга ақлим етмаса, ўз соҳасининг билимдонидан бемалол тегишли маслаҳат сўрашим мумкин.

- Ишончим комил, клуб равнақи ва қабул қилинган лойиҳамизни амалга ошириш учун энг яхши мутахассисларни жалб этганмиз. Олдин ҳам айтгандим, бу ерга келганимдан кейин барчасини кескин ўзгартиришга эҳтиёж сезганим йўқ.

- Аввало, Англия футбол жамоалари, айниқса, «Ливерпуль» тузилмасини тушунишни хоҳлагандим. Ҳа, вақт ўтиши билан айрим жаҳатларни бироз ўзгартирдик. Ўйлайманки, иш унуми ва сифатини маълум даражада оширдик. Бундан беҳад ғурурланаман.

- Ҳозирги ишимда менга энг кўп ёқадиган томони нима? Бу - яхши инсонлар қуршовида фаолият юритаётганим. Ишонинг, ажойиб муҳитда ишлаш - роҳат ва бундан ҳаётингиз мазмунан бойийди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz