Қайднома

Қидирув

Маррада – Мадагаскар

Маррада – Мадагаскар

  29.10.2018 01:41
  0
  593
Маррада – Мадагаскар

Африка кубогининг навбатдаги ўйинлари келгуси йили ўтказилади. Мазкур турнирда бирданига иккита ўзгариш кузатилади. Биринчидан, мусобақа аввалгидек қишда эмас, балки ёзда бўлиб ўтади. Иккинчидан, иштирокчилар сони 16тадан 24тагача оширилади. Қатнашчиларнинг кўпайиши - замонавий футболда урф бўлган ҳолат. Европа чемпионатида ҳам қитъанинг энг сара 24 жамоаси қатнашмоқда. Осиё ҳам шу йўлдан бормоқда ва 2019 йилнинг январь ойида БААда ўтказиладиган ОКда шунча жамоа иштирок этади. Энди африкаликлар ҳам шундай амалиётни қўллашни афзал билишмоқда.

* Квалификация босқичи жуда оддий. 12та гуруҳнинг ҳар бирида 4тадан жамоа куч синашади. Энг яхши иккита иштирокчи турнирнинг финал босқичига йўлланма олади. Мусобақа мезбони - Камерун термаси ҳам барча қатори саралашда қатнашади, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳал қилувчи босқичда қатнашади. Шунчаки, у билан бирга гуруҳдан яна битта жамоа чиқади. Саралашнинг шаффоф ўтиши бўйича саволлар туғилмаслиги керак, зеро Малави ва Комор ороллари термалари Камерун ҳамда Марокаш жамоаларига жиддий рақобат туғдиришлари жуда қийин.

* Демак, камерунликларнинг Африка кубогида қатнашишлари аниқ. Улардан кейин финал босқичида қатнашадиган яна бир жамоанинг номи ҳам маълум - Мадагаскар термаси. Спорт ва бошқа тармоқларда ушбу мамлакатнинг довруғи у қадар катта эмас, кўпчилик бу давлат номини 2005 йили ишланган қувноқ мультфильм орқали таниган бўлса, ажабмас. Футбол ҳақида гап борганда, Мадагаскар Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олган, аммо бу воқеа шубҳали сабаб туфайли рўй берганди: маҳаллий чемпионатдаги ўйинларнинг бирида 149:0 ҳисоби қайд этилган, бироқ ютқазган жамоа барча голларни ўз дарвозасига йўллаганди (шу тариқа ҳакамликка эътироз билдирилган). Оқибатда, бу каби норозилик қимматга тушиб, мағлуб жамоа бош мураббийи ва тўрт ўйинчиси уч йилга футболдан четлаштирилган.

* Бугунги Мадагаскар термаси ўз тарихида илк марта Африка кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Эътиборлиси, бу ишни финишга икки тур қолганда амалга оширди: ўз гуруҳида Судан (3:1) ва Экваториал Гвинеяни (1:0, 1:0) мағлубиятга учратиб, Сенегал билан дуранг (2:2) ўйнади. Мадагаскар миллий жамоаси таркибидан асосан Франциянинг қуйи лигаларида тўп сурадиган футболчилар жой олишган. Мисол учун, 22 кишилик рўйхатнинг тенг ярми Францияда фаолият юритади. Икки ўйинчи Бельгиянинг «Шарлеруа» ва «Антверпен»идан, яна бири эса «Сьон»нинг захира жамоасида ўйнайди. Қолганлар Мадагаскар, Жазоир, ЖАР, Миср, Саудия Арабистони ҳамда Таиланд чемпионатларида тўп суришади.

* Африка кубоги баҳсларида ишлайдиган шарҳловчилар мадагаскарликлар иштирокидаги ўйинларда анча қийналишлари турган гап. Ҳар қандай ҳолатда ҳам фамилияларни талаффуз қилишни машқ қилишса, зиён бўлмасди. Чунки Мадагаскар термасида Рандрианасоло, Разаканантенайна, Илаймахаритра, Андриамирадо, Рандриамбололона, Ракотохарималала ва шунга ўхшаш номларни учратиш мумкин. Жамоа бош мураббийи - 50 ёшли Николя Дюпуи Мадагаскар футболи тарихига кириши тайин. Ушбу мутахассис ҳақида аввал эшитмагандирсиз, чунки у бунга қадар Франциянинг тўртинчи дивизионида қатнашадиган «Изер» клубида ишлаган.

* Жорий йилнинг сентябрида нохуш воқеа кузатилди - «Махамасина» стадионида ўтказилган Мадагаскар ва Сенегал термалари ўртасидаги учрашув пайти содир бўлган тиқилинч оқибатида 40 нафар ишқибоз жабр кўрди, бир киши вафот этди. Мухлислар оқими катталиги (стадион 22 минг томошабинни ўз бағрига сиғдиради) ҳамда ташкилотчиликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги сабабли шундай қайғули ҳодиса рўй берган. Натижада Мадагаскар футбол ассоциацияси 10 минг доллар миқдорида жаримага тортилди, стадион эса «учта ўйин ёки уч ой»га дисквалификация қилинди. Эндиликда жамоа уй учрашувларини «Вонтоворона»да ўтказмоқда. Африка кубоги-2019 йўлланмаси ҳам айнан шу аренада қўлга киритилди. Умид қиламизки, Мадагаскар термаси иштирокидаги келгуси учрашувлари қурбонларсиз ўтади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz