Қайднома

Қидирув

Championat.asia нашри ходимларининг аккредитациялари бекор қилинди

Championat.asia нашри ходимларининг аккредитациялари бекор қилинди

  30.10.2018 12:13
  0
  448
Championat.asia нашри ходимларининг аккредитациялари бекор қилинди

2018 йил – ўзбек футболи тарихида ислоҳотлар, янгиликлар йили сифатида тарихда қолмоқда. Йил аввалидан буён миллий чемпионатимиз савиясини кўтариш, Ўзбекистон чемпионатига бўлган қизиқишни ошириш, клублар ва умуман, ўзбек футболи инфратузилмасини яхшилаш мақсадида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, миллий чемпионатимиз Суперлигага ўзгартирилди. Тарихда илк марта Ўзбекистон чемпионати – титул ҳомийга эга бўлди ва чемпионат PEPSI Суперлигаси дея ном олди. Илгаргидан фарқли ўлароқ, жорий йилдан эътиборан деярли барча ўйинлар ТВ орқали намойиш этилмоқда. Стадионларда мухлислар учун кўплаб қулайликлар яратилди. Ўйин ташкилотчилиги масаласида олдинга қадам ташланди.

Барча ислоҳотлар ҳам бир зумда эмас, балки секин-аста ўз самарасини бериши барчага маълум. Шундай бир даврда бутун ўзбек футболи жамоатчилги бирлашиб, миллий футболимизни кўтаришга уринаётган пайтда чемпионат ўйинларини ёритиб келаётган нашрлардан бири – championat.asia сайти айрим ноҳақликларга йўл қўйиб, жамоатчиликнинг фикрини салбий томонга оғишига сабаб бўлмоқда.

Тарқатаётган маълумотнинг ҳаққонийлигига тўла ишончи ҳосил қилиб ўтирмасдан, фақат тўлиқ асосга эга фактларни тақдим этиш ва умумжорий нормаларга, журналистик этикага риоя қилиш ўрнига мазкур сайтнинг бир қатор вакиллари ўз мақолаларида ЎзПФЛ, унинг ходимлари ва ўтказилаётган тадбирлар иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари, қарашлари ва касбий обрўсини беҳурмат қилаётгани кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда. 

Профессионал футбол лигаси миллий чемпионатимиз ва кубок учрашувларини ёритиб борадиган барча ОАВ ишини хурмат қилгани боисдан championat.asia сайтининг давомий мақола ва турли ижтимоий тармоқлардаги ноўрин чиқишларига муносабат билдирмай келаётган эди. Лекин ушбу нашр вакиллари чегарадан чиқишда давом этаверганликлари сабаб ЎзПФЛ мазкур сайт ходимларининг Ўзбекистон чемпионати ва кубогини бевосита воқеа жойидан ёритиб бориш имконини берадиган аккредитацияларини бекор қилишга қарор қилди. 

ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган тадбирларда ОАВ ходимларини аккредитациядан ўтказиш тартибига кўра, Аккредитациядан ўтган ОАВ ва уларнинг вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига қуйидагилар киради: 

ЎзПФЛ, унинг ходимлари ва Ўтказилаётган Тадбир иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари, қарашлари ва касбий обрўсини ҳурмат қилиш;

Тарқатаётган маълумотнинг ҳаққонийлигига тўла ишончи ҳосил қилиш, фақат тўлиқ асосга эга фактларни тақдим этиши, фактларга асосланмаган, ёлғон маълумотларни тарқатмаслик, умумжорий нормаларга, журналистик этикага риоя қилиш, негатив характерга эга маълумотларни тарқатмаслик, ЎзПФЛ, ЎзПФЛ вакиллари ва Тадбир иштирокчиларини асоссиз ва исботсиз танқид қилмаслик;  

Тадбир ёритилаётганда Тадбирнинг расмий номини тақдим этиш. 

Шу аснода аккредитациядан маҳрум қилиш, мазкур Қоидалар ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидан келиб чиққан ҳолда, тегишли ОАВга ҳам, ОАВнинг алоҳида ходимига нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. 

ОАВ ходими, у чоп этган маълумотлар, сюжетлар ва бошқа ахборий ҳужжатларда ЎзПФЛ фаолияти, Тадбирлар ҳақида нотўғри ва бузиб кўрсатилган маълумотлар чоп этилган тақдирда, бошқа ҳолатларда эса мазкур Қоидалар ва Тадбир ўтказилаётган жойдаги аҳлоқ ва тартиб-интизом қоидаларига риоя қилмаганида аккредитациядан маҳрум қилиниши мумкин.

ОАВ, унда бир неча бор ЎзПФЛ фаолияти, Тадбирлар тўғрисида нотўғри ва бузиб кўрсатилган маълумотлар, сюжетлар ва бошқа ахборий ҳужжатлар чоп этилган тақдирда аккредитациядан маҳрум этилиши кўрсатиб ўтилган.

Юқоридаги сабабларни инобатга олган ҳолда Профессионал футбол лигаси championat.asia нашри ходимларининг аккредитацияларини бекор қилди.  

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси барча турдаги нашрларнинг иш фаолиятини қадрлайди ва уларнинг ўзбек футболи ривожи йўлидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Жумладан, sports.uz, stadion.uz, uff.uz, daryo.uz, kun.uz сайтлари, UzReport TV ва Sport TV телеканаллари, “Интерфутбол”, “Футбол Экспресс” газеталари, Turon 24 ахборот агентлиги ва бошқа кўплаб нашрлар футбол мухлисларига холис маълумот етказишда давом этишмоқда. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирамиз ва миллий футболимиз ривожи йўлида ўз танлаган йўлидан оғишмай, ишқибозларимизни асосли ва фойдали репортаж ва мақолалар билан хушнуд этиб боришлари тарафдори эканлигимизни маълум қиламиз.


Манба: www.pfl.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz