Қайднома

Қидирув

Зоҳир Пиримов: «Бизга ишонишмагани фойдамизга ишлади»

Зоҳир Пиримов: «Бизга ишонишмагани фойдамизга ишлади»

  31.10.2018 09:36
  0
  567
Зоҳир Пиримов: «Бизга ишонишмагани фойдамизга ишлади»

Пойтахт вилоятининг АГМК жамоаси тарихида янги саҳифа очилди. Олмалиқликлар ўз тарихларида илк бор Ўзбекистон кубоги соҳибига айланишди. Улар «Истиқлол» стадионида кечган финал учрашувини ҳали узоқ вақт эслаб юришади. Ахир ҳал қилувчи баҳсда «Пахтакор» ишончли тарзда  мағлубиятга учратилди. Бундай бўлишини ҳаттоки, АГМК раҳбарлари, мураббийлари ва футболчилари ҳам кутишмаганди. Тўғри, ғалабага умид ва ишонч бўлади, барибир. Лекин финалда бундай ҳисоб қайд этилишини ҳеч ким кутмаганди, очиғи. Хуллас, ўз тарихида илк бор финалга чиққан АГМК мамлакат кубогини қўлга киритган 8-клубга айланди. Олмалиқликларга қадар «Пахтакор» (11 марта), «Бунёдкор» (4), «Навбаҳор» (3), «Локомотив» (3), «Нефтчи» (2), «Насаф» (1) ва «Дўстлик» (1) жамоалари Ўзбекистон биллур соврини соҳибига айланганди. АГМК устози Бахтиёр Ашурматов учун эса ушбу учрашув бош мураббий сифатидаги илк финал бўлди. Хуллас, битта ўйинда бир нечта тарихий воқеликлар кузатилди. АГМК энди кубок турнири ғолиби сифатида келаси мавсум ОЧЛда иштирок этади. Аниқроғи, ягона баҳсдан иборат саралашнинг «плей-офф» босқичларида ўз имкониятини синаб кўради. Биз Фарғонадаги ўйин якунлангач, АГМКнинг 3-голи муаллифи Зоҳир Пиримов таассуротлари билан қизиқдик.

- Зоҳир, аввало, ғалаба муборак. Кўпчилик жамоангиз ғалаба қозонишига ишонмаганди. Ижобий натижада энг муҳим омил сифатида нимани кўрсатган бўлардингиз?

- Табрик учун раҳмат. Ҳозир жуда ҳаяжондаман. Жамоамизнинг ҳар бир аъзоси худди шундай ҳолатда. Бутун вужудимизни кўтаринки кайфият чулғаб олган. Тўғри айтдингиз, АГМКнинг кубок ютишига ишонч жуда паст эди. Билмадим, айни шундай қараш фойдамизга хизмат қилгандир. Муҳими, майдонда бир жамоа - бир тан бўлиб ҳаракатландик, охиригача курашдик. Бу кўплаб жамоадошларим учун биринчи финал эди. Айримлар учун охиргиси ҳамдир, балки. Шуларни инобатга олган ҳолда, боримизни бердик. Менимча, натижа шундай ёндашув ортидан келди.  

- Бошқача айтганда, ғалабага умид бор эди, лекин бундай якунни кутмагандинглар, тўғрими?

- Агар ўзимизга ишонмасак, майдонга тушишимизнинг ҳожати йўқ. Тўғри, «Пахтакор» кучли жамоа. Аммо енгилмас даражада эмас. Ҳаммаси майдонда ҳал қилинарди, амалда шундай бўлди. Қисқаси, кучли ирода ва характер кўрсата олдик.

- Ўйин учун қандай тактика танланган эди? Мураббий майдонга тушишинглардан аввал қандай кўрсатмалар берди?

- Яхши ҳимояланиб, тезда қарши ҳужумга чиқишимиз керак эди. Мураббийнинг бу борадаги кўрсатмаларини яхши бажардик, деб ўйлайман.

- Сизларга омад ҳам кулиб боқди, бу фикрга қўшиласизми?

- Қайсидир маънода, ҳа. Ахир омадсиз иш битмайди. Лекин умумий қараганда, катта ҳажмда ишни бажардик. Ҳар бир чизиқда мукаммал ўйнашга ҳаракат қилдик.

- Танаффус чоғи АГМК кийиниш хонасида қандай суҳбат бўлди?

- Мураббийимиз биринчи бўлим суръатини туширмаслигимизни уқтирди. Яна бир жиҳат шуки, ўйин давомида хатолардан имкон қадар қочдик. Зеро, «Пахтакор» хатоларни кечирадиган жамоа эмас.

- Бу шахсан сиз учун фаолиятингиздаги энг муҳим ўйин ва ғалабами?

- Худди шундай. Мана, биринчи жиддий совринни қўлга киритдим. Ўйлайманки, бу охиргиси бўлиб қолмайди. Биз биргаликда тарих яратдик ва энди муваффақиятимиз тасодифий эмаслигини исботлашга ҳаракат қиламиз.   

- Сўнгги дақиқаларда урган голингиз ва ғалабани айнан кимга бағишладингиз?

- Ғалаба аввало, бизни ҳар бир ўйинда ёлғизлатиб қўймаган мухлисларимизга тегишли. Улар ҳар қандай шароитда жамоамизни қўллаб-қувватлаб келишяпти. Фарғонага ҳам Олмалиқдан юзлаб мухлислар келишди. Қолаверса, аксарият  маҳаллий ишқибозлар бизни олқишлаб туришди. Голимни эса ота-онамга бағишлайман. Зеро, футболчи сифатида шаклланишимда уларнинг ҳиссалари катта. Агар вақтида менга кучли эътибор қаратишмаганида, бугунги совринни қўлга киритиш қаёқда эди... Ўйиндан кейиноқ уйга қўнғироқ қилиб, уларни табрикладим, қувончимни баҳам кўрдим.

- Агар АГМК Суперлига баҳсларида ҳам финалдаги каби иштиёқ кўрсатганида, ҳозир биринчи олтиталикда ўйнардинглар, тўғрими?

- Эҳтимол. Аммо чемпионат ва кубок ўйинларини бир-бири билан таққослаш ноўрин. Муайян битта ўйинга максимал даражада тайёргарлик кўриш мумкин. Бир неча ой давом этадиган чемпионат эса, умуман бош-қача ёндашув талаб этади. Балки Бахтиёр Ашурматов мавсум аввалида бош мураббий ролига тайинланганида ва ҳозирги таркиб ўша пайт шаклланганида, бемалол кучли олтиликка кирармидик...

- Демоқчисизки, ҳозирги муваффақиятда бош мураббийнинг ҳиссаси катта.

- Шундай. Бахтиёр ака футболчиларда ўз кучларига ишонч ҳиссини уйғота олди. Таркибимизда тажрибали футболчилар борлиги ҳам ғалабамиз омилларидан биридир. 

- Қизиқ, АГМК ОЧЛда иштирок этишга нечоғли тайёр?

- Ҳозир биринчи навбатда, Суперлиганинг қолган ўйинларига эътибор қа-ратишимиз керак. Менимча, ОЧЛга тайёргарлик кўриш учун вақт етарли.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz