Қайднома

Қидирув

Хазонларни супурди футбол шамоли

Хазонларни супурди футбол шамоли

  01.11.2018 07:38
  0
  797
Хазонларни супурди футбол шамоли

Очиғи, сўнгги пайтларда футболимиз турли «сценарий»лар ҳақидаги гап-сўзлардан чарчаганди. Кимдан бирор муҳим ўйин тўғрисида фикр сўрасангиз, «Ака, бу махсус сценарий-ку, нима қиласиз, бошингизни қотириб!» - дейди пинак бузмай.

«Истиқлол» стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финалидан аввал ҳам бот-бот шундай гап-сўзлар, хулоса-тахминлар янгради. Ҳаттоки, агар саркашлик қилиб, «Пахтакор»га бой бермаса, ўйин охирроғида АГМК футболчиларидан бири майдондан четлатилиши билан боғлиқ гаплар ҳам тилларга кўчди тушкун кайфият аро.

Хуллас, қайта-қайта таъкидландики, финалда «Пахтакор» ғалаба қозонади: «Бу - режалаштирилган сценарий! Чемпионлик учун курашда ҳозирча «Локомотив»га имкониятни бой бераётган «Пахтакор» учун кубокни ютиш ҳаёт-мамот  масаласи....».

Кўриниб турибдики, мухлисларда «шерлар» иштирокидаги ўйинлар ҳаққонийлигига нисбатан ишонч буткул йўқолиб кетганди. Шундай вазиятда «Пахтакор» - «Локомотив» учрашуви кўплаб пессимистик қарашга эга мухлислар кўзини очди. АГМКнинг Ўзбекистон кубоги финалида ғолиб чиқиши эса, футболимиздан ҳафсаласи пир бўлаёзган мухлисларда яна умид уйғотди.

«Пахтакор» мухлисларига ҳар қанча оғир ботмасин, бир ҳақиқатни тан олмасдан иложимиз йўқ: Фарғонадаги финал таъсирида футболимизда ўйинларга қизиқиш, «интрига»га ишонч мустаҳкамланди. Кубок финалида «Пахтакор» ҳаққоний ғалаба қозонганида ҳам, ўша «сценарий»ларга алоқадор миш-мишлар тегирмонига сув қуйиларди, барибир.

Бошқача айтганда, «Пахтакор»нинг ҳалол ғалабасига кўпчилик ишонмасди. Шу маънода айтсак, бу сафарги кубок финали аввало, футболимиз осмонида ишонч байроғини ҳилпиратган баҳс сифатида тарихда қолди. Албатта, финал ва ғалаба - АГМК учун алоҳида тарихий воқеа. Олмалиқ аҳли бу дамларни узоқ кутди.

Жамоа раҳбарияти ҳам бирор соврин ютиш умидида анча-мунча тажрибали мураббийлар ва истеъдодли футболчиларни Олмалиққа чорлашдан чарчамади. Охир-оқибат, ўша умидлар Бахтиёр Ашурматов бошчилигида рўёбга чиқди. Ашурматовнинг ўзи ҳам мураббий сифатидаги орзуларига етиш учун бир неча жамоада салоҳиятини синаб кўрганди.

Аслида унинг имкониятлари «Гулистон»да иш бошлаганидаёқ «ярқ» этиб кўзга ташланганди. Афсуски, кўпчиликка маълум сабаблар боис, мураббий ўйлаган режаларини амалга оширолмаганди. Мана, ниҳоят, Бахтиёр Ашурматовнинг манглайида қуёш порлади. Фарғонада эсган кучли шамол Шота Арвеладзе эмас, балки унинг мураббийлик тақдирини шарафлади.

Ҳа, адолатнинг бўйсунмас шамоли гоҳо шундай эсади ва унинг шиддати инсон истаган адолатсиз «сценарий»ларни учириб юборади. Шундай кезда беихтиёр хитоб қиласан киши: «Адолат шамоли, тўхтамай эс ва футболимиз майдонларини тўпланиб ётган хазонлардан тозала! Адолат офтоби, футболимиз осмонида мудом порлаб тур ва қорон-ғулик чўкаётган тонгларни ёрит!»

Бугун АГМК либосидаги бир неча футболчи тақдиридаги ёруғликни алоҳида қайд этсак арзийди. Ёдингиздами, Ойбек Қиличев бундан 5-6 йил аввал ҳозирги Икром Алибоев каби келажаги порлоқ футболчи саналар ва олимпия терма жамоасида Вадим Абрамов кўпроқ унинг ҳаракатларига асосланиб, ўйин режасини тузарди.

Биргина хато сабаб, Лондон-2012га боролмаган ўша таркибда Зоҳир Пиримов ва Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров ҳам тўп суришарди. Вадим Абрамов фаолиятида юз берган нохушликлар кейинчалик ушбу истеъдодли йигитлар тақдирига ҳам қандайдир соя солди, яъни объектив ва субъектив сабабларга кўра, уларнинг ўйинида пасайиш кузатилди.

Қисқаси, ўша олимпия термасининг аксарият футболчилари миллий жамоа эшикларини очишолмади. Бироқ бу ҳол улардаги истеъдод, потенциал тупроққа кўмилганини англатмасди, албатта. Бир кун шу футболчилар елкасига ҳам шамол тегиши керак эди. Ўша шамол 28 октябрь куни Фарғонада улар томон эсди, «Мен борман!» - дея ҳали сўниб улгурмаган истеъдод гулханларини гуриллатди. Қойил!

Луиз Фелипе Сколаридек жаҳонга машҳур мураббий ишончини қозонган, «Динамо» (Киев)дан чорлов олган Камолиддин Мурзоев истеъдоди ҳам шундай олқиш ва сов-ринга муносиб! Роман Абдулов финал баҳсининг 67-дақиқасида мисли кўрилмаган «сэйв» ижро этмаганида, воқеалар қандай ривожланишини ҳозир ҳеч ким аниқ айтолмайди. У Эктор Купер ишончини оқлади.

Азамат Исроилов, Лутфулла Тўраев, Жасур Ҳасанов хусусида ёзишнинг ўзи ортиқча. Улар қандай футболчи эканликларини мухлислар жуда яхши билишади. Легионерлар масаласида ҳам шунга яқин таъриф. Нима бўлганда ҳам, Бахтиёр Ашурматовга яна бир офарин. У Олмалиқда ўзига хос жамоа туза билди.

АГМКнинг кубок соҳибига айланиши - АПЛда «Лестер»нинг чемпион бўлишидек гап. Демоқчимизки, АГМКнинг кубок финалида устун келиши шу қадар ишончсиз эди ва кутилмаган ҳодиса сифатида барчани ажаблантирди, ҳайратлантирди, қувонтирди.

Эсланг, АГМК кубок ярим финалида «Бунёдкор»ни енгган пайт кўпчилик ҳал қилувчи баҳсда «Пахтакор»га «ем» тайёрланаётгани ҳақида сўзлаганди истеҳзо билан. Шота Арвеладзе ҳам балки шундай ўйлагандир. Буниси энди бизга қоронғу. Ҳар ҳолда, у «Пахтакор» анъаналарини бузиб, ажойиб майдонда қандай енгилиш мумкинлигини кўрсатиб қўймоқда.

Кубок финали бошланғич таркиби «Пахтакор» анъаналарига мутлақо зид эканлиги, грузиялик мутахассис эса бу хусусда ўйламаётгани, жамоа қиёфаси шу тахлит аста-секин йўқолиб бораётгани жуда ачинарлидир. Мухлислар кўз ўнгида содир бўлаётган мазкур нохуш воқелик «Пахтакор» мутасаддиларини ҳам сергаклантиради, деб умид қиламиз.

Умид узмайлик. Муҳими - умидворлик! Зеро, АГМКнинг тантанаси -  шу туйғу намойишидир! Муҳтарам мухлис! Биз аслида нав-батдаги «Эль-класико» хусусида ҳам алоҳида тўхталишни режалаштиргандик. Лекин ўйин якунлангач, бу фикримиздан қайтдик. Ўзингиз билганингиздек, No comment!

Муҳаммад Вали, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz