Қайднома

Қидирув

Миллий кубок ёхуд 1992 йилдаги 1-Ўзбекистон кубоги ҳақида

Миллий кубок ёхуд 1992 йилдаги 1-Ўзбекистон кубоги ҳақида

  02.11.2018 01:55
  0
  755
Миллий кубок ёхуд 1992 йилдаги 1-Ўзбекистон кубоги ҳақида

Ўзбекистон кубогининг илк соҳиби 1992 йил 25 октябрь куни Самарқандда аниқланган. Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев навбатдаги финал арафасида ўз каналида биринчи мавсум доирасидаги ўша ҳал қилувчи баҳсга тўхталиб, бир қатор қизиқарли маълумотларни тортиқ этди. Ўйлаймизки, улар кўпчиликни етарлича қизиқтиради, албатта.

Энг ажабланарли томони, айнан финал баҳси белгиланган куни Ўзбекистон терма жамоаси Марказий Осиё кубоги турнири доирасида Ашхабодда майдонга тушган. Ўшанда журналистлар кубок финали нега 25 октябрь кунига қўйилгани ҳақида савол беришганида, ЎФФ вакиллари ва миллий жамоа бош мураббийи Рустам Акрамовнинг фикрлари қарама-қарши оҳангда янграганди. Яъни федерациядагилар бош мураббий ҳеч қандай эътироз билдирмаганини айтиб, терма жамоамиз финалчи клублар - «Навбаҳор» ва «Темирйўлчи» («Қўқон-1912») вакилларисиз ҳам туркманларни енга олишини таъкидлашган. Ваҳоланки, Наманган жамоасидан 3 нафар футболчи - Улуғбек Рўзимов, Азамат Абдураимов ва Рустам Забиров, «Темирйўлчи»дан эса Рустам Абдуллаев миллий жамоа йиғинларига мунтазам чақирилардилар. Рустам Акрамов аксинча, федерация кубок финали муддати масаласида унинг фикри билан қизиқмаганини билдирганди. Дарвоқе, бош жамоамиз Ашхабоддан мағлубият билан қайтганди.

Хўш, нима учун шундай бўлган? Кубок финалини бошқа куни ташкиллаштиришнинг иложи йўқмиди? Асосий савол шу. Аслида кубок финалини аввалига август ойига белгилашган. Режага мувофиқ, ўйин «Пахтакор» стадионида ўтказилиши лозим эди. Бироқ хавфсизликни таъминлаш юзасидан финални бошқа муддатга кўчиришади. Аниқроқ айтсак, махсус хизмат вакиллари «Пахтакор» стадионининг ҳукумат биноларига яқинлигидан чўчишган. «Пахтакор» клуби айни шу сабаб туфайли чемпионатнинг иккинчи даврасида рақибларини бошқа стадионда қабул қилишга мажбур бўлганди. Қисқаси, клуб ноябрь ойига қадар Қибрайда ўйнаган. Умуман, ЎФФ 25 октябрни финал учун энг маъқул сана сифатида кўрсатган. Чунончи, раҳбарият чемпионат тақвимини ўзгартиришни иложсиз,  деб ҳисоблаган.

Айтиш жоиз, финалнинг кўчирилиши яна бир муаммони юзага келтирганди. Қўқонликлар ҳал қилувчи ўйиндан олдин ўз майдонларида «Орол»ни қабул қилишлари лозим эди. Жамоанинг 4 нафар асосий футболчиси сариқ карточкалар лимити боис, бу ўйинда майдонга тушолмасди: дарвозабон - Наримон Осмонов, ярим ҳимоячилар - Степан Атоян, Шуҳрат Раҳмонқулов ва ҳужумчи - Рустам Абдуллаев. Ўша пайт регламентда 2та учрашувга келмаган жамоани дисквалификация қилиш ҳақида банд йўқ эди. Хуллас, молиявий қийинчиликларга дуч келган «Орол» Косонсой ва Қўқондаги ўйинларга ташриф буюрмайди. «Темирйўлчи» раҳбарияти ҳаттоки, нукусликларга ажойиб таклиф билан чиқади. Яъни қўқонликлар ўз ҳисобларидан «Орол»га махсус вагон ажратадиган бўлишади. Бироқ «Орол» таклифни рад этади, барибир. Тахминларга кўра, «Орол»ни водий сафаридан бош тортишга «Навбаҳор» раҳбарияти кўндирган эмиш. Зеро, шундай тақдирда «Темирйўлчи»нинг 4 нафар асосий ўйинчиси финалда майдонга тушолмасди. Тўғри, якунда Қўқон раҳбарияти федерацияга мурожаат қилиб, сариқ карточкалари лимити тўлган футболчиларнинг финалда ўйнашларига рухсат берилишини сўраган. Бунда клуб асосларни ҳам келтиради:

- Финал белгиланган дастлабки сана вақти ушбу футболчилар дисквалификацияга учрамагандилар.

- Агар «Орол» ўйинга ташриф буюрганида, бу футболчилар дисквалификациядан халос бўлардилар.

ЎФФ қўқонликлар кўрсатган шу 2та омилни ўринли баҳолаб, 4 нафар футболчининг финалда майдонга тушишига рухсат беради. Натижага келсак, «Навбаҳор» пенальтилар серияси орқали ғалаба қозонади, барибир.

Ўзбекистон кубоги-1992 финали

«НАВБАҲОР» (Наманган) - «ТЕМИРЙЎЛЧИ» (Қўқон) - 0:0

Пенальтилар бўйича - 6:5

25 октябрь. Самарқанд. «Динамо» стадиони. 7000 томошабин.

Бош ҳакам: Г.Имомов.

«Навбаҳор»: Башкевич, Давлетов, Клочков, Рўзимов, Келдиев, Арслонов, Скрипник (Сакаев, 50), Иванов, Раҳмонов (Байрамов, 50), А.Абдураимов, Забиров.

«Темирйўлчи»: Осмонов,Дитрих,Голованов, Рахматулин, Агеев, Атоян, Нурматов, Раҳмонқулов, Ирисбеков (Ни, 102), Алиев, Абдуллаев.  

Пенальтини аниқ амалга оширганлар: Забиров, Келдиев, А.Абдураимов, Клочков, Арслонов, Раҳмонов - Абдуллаев, Алиев, Голованов, Нурматов, Осмонов.

Пенальтидан фойдаланолмаганлар: Башкевич, Давлетов - Рахматулин, Атоян, Агеев.

Четлатишлар: Рўзимов (86) - Раҳмонқулов (86).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz