Қайднома

Қидирув

Навбатдаги харидор - энг бадавлат чех

Навбатдаги харидор - энг бадавлат чех

  02.11.2018 08:36
  0
  573
Навбатдаги харидор - энг бадавлат чех

«Челси»га реал харидор бор - чехиялик ишбилармон Петр Келлнер «аристократлар»нинг янги соҳибига айланиши мумкин. Бу ҳақда Tyden нашри хабар тарқатди. У футбол бизнесига жиддий қизиқмоқда ва яқин кунларда «Челси»ни сотиб олиш борасида музокара жараёнининг илк босқичига киришиши мумкин. Таъкидланишича, Келлнер «Челси» соҳиби Роман Абрамович билан яқин муносабатда. Умуман, Келлнер Чехиянинг энг бадавлат фуқароси ҳисобланади (бойлиги 15,5 млрд. долларга баҳоланмоқда). Айтганча, олдинроқ Абрамович «Челси»ни чамаси 3 млрд. фунт стерлингга сотиши мумкинлиги айтилганди.

Петр Келлнер ҳақида нималарни билиш керак? Асосий маълумот шуки, «Челси»ни харид қилишга қизиқиб қолган ва яқин орада бу масала бўйича амалий ҳаракатни бошлаши кутилаётган чех Чехиянинг энг давлатманд кишисидир. Англиялик таҳлилчилар клубни 4 млрд. фунтга баҳолашмоқда. Гап-сўзларга қараганда, Абрамович сиёсий санкциялар туфайли «Челси»ни сотишга мойил. Дейлик, бу йил Буюк Британия ҳукумати россиялик миллиардер визаси муддатини узайтиришдан бош тортди. Натижада Роман Аркадьевич шошилинч тарзда Исроил фуқаролигини қабул қилди. Қисқаси, Абрамович Британия томони санкция қўллашидан хавфсирамоқда, шунинг учун мамлакат ҳудудидаги мулкларини сотиш ҳақида бош қотирмоқда.

Петр Келлнерга келсак, у 1964 йилнинг 20 май куни собиқ Чехиянинг ГДР чегарасига яқин  ҳудудида туғилган. Прага олий мактабининг Саноат иқтисодиёти йўналишида таҳсил олган. Кейинчалик маълум муддат «Стройимпорт» ҳукумат корпорациясида ишлагач, кутилмаганда, киностудияда продюсер ассистенти лавозимини эгаллаган. Келлнер ҳаттоки, «Хизматкорлар вақти» фильмида эпизодик роль ҳам ўйнаган.

Forbes журнали чехиялик тадбиркор бойлигини 13,3 млрд. долларга баҳоламоқда. Таққослаш учун айтсак, Абрамовичнинг бойлиги камроқ - 10,8 млрд. Келлнер айниқса, ўтган асрнинг 90-йиллари приватизацион келишувлар ортидан бойлик тўплаган. Ишбилармон томонидан тузилган жамғармалар 100 минг ваучер тўплаган ва якунда улар Россиянинг нақ 130та компанияси акциялари билан алмаштирилган. Келлнер ҳаттоки, «Газпром»нинг қимматли қоғозларига ҳам эга. Чехиялик тадбиркор 1998 йилги молиявий инқироз пайти 500 млн. доллар йўқотгач, Россиядан кетганди.

Петр россияликлар билан ҳамкорлик қилишдан олдин Чехияда PPF (биринчи приватизацион жамғарма) гуруҳи асосчиларидан бири сифатида кўзга ташланган эди. 2002 йили тузилган Home Credit банки ва маиший техника савдоси билан шуғулланувчи «Эльдорадо» дўконлар тармоғи айнан шу бошқарма измига ўтганди, Чехия суғурта компанияси ҳам. Умуман, 90-йиллар бошида PPFга нақ 202та компания сармоя тиккан.

Келлнер ва Абрамовични қалин дўстлик ришталари боғлаб туради. Мисол учун, улар «Стэмфорд Бриж»да доимо бирга ўтиришади - шахсий ўриндиқлари ёнма-ён жойлашган. Петр шунингдек, турмуш ўртоғи - Рената билан ҳамкорликда Келлнерлар оиласи хайрия жамғармаси (The Kellner Family Foundation)га ҳам асос солган. Буниси таълим ва фан йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Хусусан, жамғарма Россияда Home Credit Bank воситасида мактабни битирган, бироқ оғир молиявий ҳолат туфайли институтларга киролмаган  иқтидорли ўқувчиларга ёрдам берувчи лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этган.

P.S.: айрим хабарларга кўра, Абрамович «Челси»ни чехиялик дўстига сотиши мумкинлигини инкор этишга улгурибди. Бироқ...

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz