Қайднома

Қидирув

Барчаси ўта мураккаб…Дэвид Бекхэм турмуш ўртоғи билан ажрашишга яқинми?

Барчаси ўта мураккаб…Дэвид Бекхэм турмуш ўртоғи билан ажрашишга яқинми?

  03.11.2018 06:41
  0
  714
Барчаси ўта мураккаб…Дэвид Бекхэм турмуш ўртоғи билан ажрашишга яқинми?

Англия терма жамоаси собиқ сардорининг оиласида нотинчлик ҳукм сурмоқда. Нима бўлди? Ахир Бекхэм - Виктория Адамс жуфтлиги узоқ вақт футбол оламида энг идеали ҳисобланган эди-ку. Ҳар ҳолда, Дэвид ва Виктория ўртасидаги илиқ муносабатлар «мустаҳкам,  бахтиёр оила» бирикмасига синоним даражасига кўтарилганди. Наҳотки, уларнинг 19 йиллик турмушлари таназзулга учраган бўлса? Наҳотки, собиқ футболчи ва хонанда ўртасидаги муҳаббат қиссаси тугаса...?

ПОРТЛАГАН БОМБА ЭФФЕКТИ

Айни пайт MLS клуби - «Интер Майами» соҳиби саналган Англия терма жамоаси собиқ сардори Австралия телеканалларидан биридаги чиқишида оилавий муаммолардан азоб тортаётгани ҳақида сўз очди. 43 ёшли янги функционер жумладан, ўз никоҳини «мураккаб чалкашлик» сифатида «таърифлаб» оилани сақлаб қолиш йўлида турмуш ўртоғи билан кўп ишлашига тўғри келаётганини таъкидлади. Умуман, собиқ футболчи ошкора баёнот беришига қадар, яъни бир неча ой муқаддам ОАВда идеал жуфтлик оиласи оғир дамларни бошдан кечираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

The Sun нашри Бекхэм дўстларидан бирининг сўзларига таяниб маълум қилишича, унинг ўз оиласи ҳақида айтган гаплари портлаган бомба эффектини берган. Вақтида «МЮ» ва «Реал» ютуқларига катта ҳисса қўшган Дэвид атрофидаги кишиларнинг айтишларича, жуфтлик муносабатлари чиндан ҳам, бузилган. Дейлик, Бекхэм анчадан буён ҳамхонаси билан бирга яшамаяпти. Шундай бўлсада, Виктория хоним жамоатчилик нигоҳида ҳеч нарса бўлмагандек, ўзини ўта хотиржам тутаётганди. «Виктория эрининг ўша интервьюси ҳақида эшитиб, бирданига бўшашиб кетди, - деди Spice Girls гуруҳи собиқ хонандасининг танишларидан бири. - У Дэвид нега бундай ошкора баёнот берганини сира тушунмади ва ўзини хўрлангандек ҳис қилди».

ҚАЙҒУ УСТИГА ҚАЙҒУ

Бекхэмлар оиласи шаҳзода Гарри томонидан ташкиллаштирилган «Енгилмаслар ўйинлари» (ушбу мусобақада хизмат чоғи ногирон бўлиб қолган собиқ ҳарбийлар иштирок этишади)га фахрий меҳмон сифатида Сиднейга борганида, 3 нафар шахси номаълум киши жуфтликнинг Оксфордшир графлигида жойлашган кошонасини «шипириб» кетишга уринди. Фақат назорат хизмати вақтида полицияга хабар бергани туфайлигина ўғрилар дарҳол воқеа жойидан ғойиб бўлишди. Қисқаси, жиноятчилар ҳеч нарса олиб кетишолмади. Ушбу нохушлик ҳақидаги хабар табиийки, Дэвид ва Викторияни «шок» ҳолатига туширди. Тўғри, улар айни шу воқеа сабаб, қисқа фурсат умумий муаммолари ҳақида бош қотиришгандир. Виктория кўп ўтмай, Сиднейдан тўғри Германияга учди. Айтишларича, собиқ хонанда бу мамлакатдаги клиникалардан бирида даволанмоқда. У охирги вақтларда кузатилган воқеалар туфайли руҳий танг ҳолатда қолган ва ўзини имкон қадар тезроқ ўнглаб олмоқчи.

Бекхэм + Адамс: муносабатлар тарихи

Собиқ ярим ҳимоячи ўта машҳур гуруҳ вакили билан 1997 йили танишган. Ўшанда Дэвид 22 ёшда эди. Айтиш жоиз, Виктория ундан бир ёш катта. 1998 йилнинг январида футболчи хонанда қўлини сўрайди. Орадан  1,5 йил ўтиб, жуфтлик ўз муносабатларини никоҳ риштаси билан боғлайди. Оиланинг тўнғич фарзанди - Бруклин Жозеф ота-онасининг тўйидан аввал, яъни 1999 йилнинг мартида туғилган. Кейинчалик машҳур оила яна икки ўғил ва бир қиз ҳисобига кенгайди: Ромео Жеймс (2002 йил), Круз Дэвид (2005 йил), Харпер Севен (2011 йил). Дарвоқе, Бекхэм хонанда билан учраша бошлаганидан кейин аввалги шахсий агенти хизматларидан воз кечиб, барча ишларини маҳбубаси менежерига ишониб топширди. Натижада Дэвид янги «шакл»даги футболчи сифатида гавдаланди. Хуллас, у спорт олами вакиллари орасида биринчилардан бўлиб, ўзини шоу-бизнесга урди. Forbes журнали маълумотларига кўра, собиқ футболчи фаолиятлари якунланган энг сердаромад спорт юлдузлари рейтингида 2-ўринни эгаллаб турибди. Унинг йиллик даромади 65 миллион долларга тенг. Бекхэм шунингдек, жаҳоннинг энг бой ва таъсири кучли машҳур шахслар рўйхатидан ҳам жой олган (19-ўрин).

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz