Қайднома

Қидирув

Бу легионер Италиядан ёхуд "саёҳатчи" италиялик футболчилар туғрисида

Бу легионер Италиядан ёхуд "саёҳатчи" италиялик футболчилар туғрисида

  06.11.2018 07:36
  0
  844
Бу легионер Италиядан ёхуд

Итальянлар одатда ўз юртларини узоқ муддатга ташлаб кетишни ёқтиришмайди. Чегара ортида уларга мўътадил иқлим, одатий таомлар, тентакнамо-дўстона муҳит ва бошқа кўплаб жиҳатлар етишмайди. Футболчилар ҳам бундан мустасно эмас, зеро «А» серия ривожланиш учун кўплаб имкониятларни беради. Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2006даги ғолиб терма таркибида бирор-бир легионер бўлмаган, муваффақиятсиз якун топган Швецияга қарши баҳсда эса атиги уч нафар хориж клубида фаолият юритаётган футболчи «заявка»га киритилганди. Шунга қарамай, бошқа мамлакатда ўйнаётган итальянлар мавзуси кенг кўламли ва асосийси, хилма-хил. Улар орасида бутсасини михга илишга шайланаётган юлдузлар ҳам, ҳақиқий маҳоратини Италия ташқарисида кўрсатишга эришганлар ҳам бор. Айрим биографиялар экзотика шинавандаларига ёқиши тайин. Бугунги мақолада айнан шундай легионерлар ҳақида сўз боради.

Сан-Марино - 29 футболчи

Рўйхатнинг бошида ҳар тарафини Италия ўраб турган митти давлат тўғри келишини ким тахмин қилганди? Бу ердаги легионерлар сони шартли кўрсатилган, ахир Сан-маринолик ҳар бир фуқаро этник итальян ҳисобланади.

 

Швейцария - 27 футболчи

Бу ерда ҳам ҳайратланарли ҳеч нима йўқ. Швейцариянинг жанубий қисмида хусусан, Луганода асосан итальянлар яшашади. Мазкур шаҳар номи билан аталувчи жамоа эса мамлакат Суперлигасида қатнашади. Луганоликлар бошланғич таркибида ўнлаб итальянча фамилияли футболчиларни кўриш мумкин.

 

Мальта - 24 футболчи

Италияга қўшни оролда фаолиятни якунлаш - ажойиб ғоя. Масалан, Фабрицио Микколи худди шундай йўл тутган. Аммо ҳозир Мальтада бундай савиядаги ўйинчи йўқ.

 

Германия - 23 футболчи

Даниэль Калижури (30 ёш, ярим ҳимоячи, «Шальке»), Винченцо Грифо (25 ёш, ҳимоячи, «Хоффенхайм»), Жулио Донати (28 ёш, ҳимоячи, «Майнц»), Лука Кальдирола (27 ёш, ҳимоячи, «Вердер»)

Минтақавий лигаларда кўпчиликка таниш итальянлар бисёр (одатда, уларнинг аксарияти муҳожирлар фарзанди ҳисобланади). Юқорида номи келтирилган футболчилар эса биринчи Бундеслигада кўплаб ўйинлар ўтказишган. Кальдироланинг биографияси қизиқарли: «Интер» тарбияланувчиси қадрдон клубида асосий таркибга киролмагач, «Брешия» орқали «Вердер»га йўл олди ва ҳақиқий салоҳиятини кўрсатди (тўғри, ўтган мавсум жароҳатлар туфайли муаммоларга йўлиқди). Калижури эса Германия заминида туғилган, отаси - итальян, онаси - немис, аммо доимо Италия термасида ўйнашни орзу қилган. Ҳаттоки, «скуадра адзурра»дан таклиф ҳам олган.

 

Испания - 14 футболчи

Кристиано Пиччини (25 ёш, ҳимоячи, «Валенсия»), Никола Сансоне (26 ёш, ҳужумчи, «Вильярреал»), Даниэле Бонера (37 ёш, ҳимоячи, «Вильярреал»), Даниэле Верде (22 ёш, ҳужумчи, «Вальядолид»), Самуэле Лонго (26 ёш, ҳужумчи, «Уэска»), Марко Боррьелло (36 ёш, ҳужумчи, «Ибица»)

Ёши ўтиб қолганига қарамай, ҳамон яшил майдонда жавлон ураётган Даниэле Бонерани «Милан» мухлислар яхши эслашади. Гўзаллик шайдоси бўлган Марко Борьелло эса учинчи дивизионда қатнашадиган «Ибица»ни танлади. Ўз навбатида, икки нафар ўнг қанот футболчиларига ҳам эътибор қаратсак: «Рома»нинг иқтидорли тарбияланувчиси, шартномаси ҳамон «жалоросси»га тегишли Верде ҳамда «А» серияда бор-йўғи битта тўлиқ мавсумни (2013|2014, «Ливорно») ўтказган Пиччини. Кристиано Лиссабоннинг «Спортинг» клубида очилмаган қирраларини кўрсатиб, ЧЛда ҳам ёрқин ўйинлар намойиш этгач, «Валенсия» уни сотиб олганди.

 

Англия - 12 футболчи

Жоржиньо (26 ёш, ярим ҳимоячи, «Челси»), Давиде Заппакоста (26 ёш, ҳимоячи, «Челси»), Эмерсон (24 ёш, ҳимоячи, «Челси»), Маттео Дармиан (28 ёш, ҳимоячи, «МЮ»), Маноло Габбьядини (26 ёш, ҳужумчи, «Саутгемптон»), Анжело Огбонна (30 ёш, ҳимоячи, «Вест Хэм»), Адам Мазина (24 ёш, ҳимоячи, «Уотфорд»), Стефано Окака (29 ёш, ҳужумчи, «Уотфорд»), Вито Манноне (30 ёш, дарвозабон, «Рэдинг»)

Сўнгги пайтларда италиялик мураббийларни таклиф этаётган «Челси»да ушбу мамлакат вакилларининг борлиги табиий ҳол. АПЛда асли келиб чиқиши бошқа юртдан бўлган итальянлар кўп: Эмерсон ва Жоржиньо Бразилияда, Мазина - Марокашда туғилишган, Огбонна ва Окаканинг ота-онаси эса нигериялик.

 

Руминия - 6 футболчи

Италиялик мураббийлар (Вальтер Зенга, Дарио Бонетти, Николо Наполи) ушбу мамлакатга тез-тез бориб туришади. Ҳозир бундай мутахассислар фақат бир нафар - Дэвис Манжа Крайованинг «Университата» клубини бошқармоқда.

 

Франция - 6 футболчи

Жанлуижи Буффон (40 ёш, дарвозабон, «ПСЖ»), Марко Верратти (25 ёш, ярим ҳимоячи, «ПСЖ»), Пьетро Пеллегри (17 ёш, ҳужумчи, «Монако»), Антонио Баррека (23 ёш, ҳимоячи, «Монако»), Андреа Ражи (34 ёш, ҳимоячи, «Монако»), Марио Балотелли (28 ёш, ҳужумчи, «Ницца»)

Энг юлдузли гуруҳ, десак муболаға бўлмас: Буффондан тортиб, термага қайтган Балотеллигача. Бу ерда бўлажак юлдуз - «Женоа» тарбияланувчиси Пеллегри ҳам бор. У катталар даражасидаги дастлабки голини Тоттининг хайрлашув ўйинида урганди. Пьетронинг «Монако»даги фаолияти жароҳатлар туфайли бироз тўхтаб қолганди, аммо ёш футболчи жорий мавсум «Бордо» дарвозасини ишғол қилишга эришди. Монегаскларнинг олдинги чизиғида рақобат кучли (Фалькао, Йоветич), бироқ бу клубнинг ёшлар билан қандай ишлашини билганимиз учун генуялик вундеркиндни кузатишда давом этамиз. Аста-секин асосий таркиб ўйинчисига айланган чап қанот ҳимоячиси Барреканинг салоҳияти ҳам чаккимас.

 

Португалия - 4 футболчи

Стефано Стураро (25 ёш, ярим ҳимоячи, «Спортинг»), Эмилиано Вивиано (32 ёш, дарвозабон, «Спортинг»)

«Спортингчилар» бирданига икки нафар тажрибали ва обрўли итальянни таклиф қилишди. Бу футболчилар ҳозирча дебют қилишмади, Стураро эса Европа Лигаси «заявка»сидан четда ҳам қолди. Вазиятга изоҳ беришларини кутамиз - сўнгги пайтларда «Спортинг»да рўй бераётган воқеаларни тушуниш қийин бўлмоқда.

 

Голландия - 4 футболчи

Жанлука Скамакка (19 ёш, ҳужумчи, «Зволле»)

Икки мамлакат «маҳсулоти» саналган Скамакка Голландия чемпионатида тажриба орттиради: у «Рома» ва ПСВ мактабида таҳсил олган, ҳозир эса «Сассуоло»га тегишли. Жанлука Евро-U19да ўзини кўрсатди, Италия финалгача етиб борди, истедодли ҳужумчи асосий таркибда ўйнаб, иккита тўп киритди. Ажойиб финт ва голлар муаллифига айланаётган бу йигитчани «янги Ибрагимович» деб аташмоқда.

 

Хитой - 3 футболчи

Эдер (31 ёш, ҳужумчи, «Жиангсу Сунин»), Грациано Пелле (33 ёш, ҳужумчи, «Шандон Лунэнг»), Габриэль Палетта (32 ёш, ҳимоячи, «Жиангсу Сунин»)

Энг кўп маош оладиган футболчилар рейтинги жуда қизиқарли. Бу сафар рўйхатнинг энг юқори қисмига Месси, Неймар ва Роналдуни жойлаштиришди. Қизиғи, 7-8-ўринларни айни пайт Хитойда тўп сураётган Грациано Пелле ҳамда Эдер эгаллашди: бу футболчилар мос равишда йилига 14 ва 13 миллион евро ишлаб топишмоқда. Рейтингдаги аниқлик бўйича тортишиш мумкин (афтидан, 17,5 миллион маош оладиган Килиан Мбаппени унутишган кўринади), бироқ номи тилга олинган италиялик футболчиларнинг мотивацияси тушунарли - Италияда бундай маошни ҳатто Игуаин ва Дибала ҳам олмайди.

 

Туркия - 3 футболчи

Алессио Черчи (31 ёш, ҳужумчи, «Анқарагужу»), Стефано Наполеони (32 ёш, ҳужумчи, «Башакшехир»)

Черчи - Иммобиле жуфтлиги қандай ўйин кўрсатгани ёдингиздами? Чиро «А» сериянинг энг яхши тўпурари мақомига эришган бир паллада, Алессио Туркия Суперлигасининг янги вакили таркибини кучайтиришга қарор қилди. Биринчи ўйинидаёқ захирадан майдонга тушган Черчи самарали узатма муаллифига айланди. Аммо ушбу чемпионат унинг номи ва иқтидорига мосмикан? Наполеонини эса Италияда кўпчилик танимаса керак: у фаолияти давомида фақат хорижда тўп сурди («Видзев», «Левадиакос», «Атромитос», «Башакшехир»).

 

Россия - 2 футболчи

Клаудио Маркизио (32 ёш, ярим ҳимоячи, «Зенит»), Сальваторе Боккетти (31 ёш, «Спартак»)

«Зенит» италияликларсиз яшолмайди: Санкт-Петербург жамоаси Манчини ва Кришито кетгач, ёзги трансферлар ойнасида «Ювентус»ни қўққисдан тарк этган Маркизиони ўз сафига қўшиб олди. Эътиборга молик, аммо таваккалга тенг трансфер: Клаудио жароҳатлар сабаб формасини тамоман йўқотган. Шунга қарамай, энди асосий таркибдаги жой кафолатланган. Боккетти эса 8 йилдан буён Россияда - дастлаб «Рубин»да тўп сурди, 2,5 йилдан кейин эса «Спартак»ка ўтди. Унинг клубдаги позицияси мустаҳкам, боз устига, «қизил-оқлар»га бошқа бир италиялик - Массимо Каррера бош мураббийлик қилаётганди. Аммо бир неча кун олдин Каррера лавозимини тарк этди.

 

Греция - 2 футболчи

Федерико Македа (27 ёш, ҳужумчи, «Панатинаикос»)

«Панатинаикос» аввалгидек эмас (ўтган мавсум 11-ўрин, жорий мавсумни эса «-6» очко билан бошлади) ва Македа ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. «МЮ»да келажаги порлоқ дея эътироф этилган ҳужумчи ёшлар термасида дебют қилишда ёш бўйича рекорд ўрнатганди. Аммо миллий жамоага киришни эплолмади, сўнгги йилларда эса умуман, радарлардан йўқолиб қолди: Чемпионшипда ўйнади, «Новара» таркибида «В» серияда икки мавсум ўтказди ва ниҳоят, эркин агент сифатида Грецияга кўчди.

 

Канада - 2 футболчи

Себастьян Жовинко (31 ёш, ҳужумчи, «Торонто»), Маттео Манкозу (33 ёш, ҳужумчи, «Монреаль Импакт»)

«Тезкор чумоли» «А» серияни эрта тарк этди, шунга қарамай, МЛСда обрўли юлдузлардан бири саналади: лигада ҳаммадан кўп маош олади, барча муҳим ўйинларда қатнашади, фойдали голларни уради, статистикаси ҳам яхши (ўтган мавсум - 16Қ6, жорий мавсум - 10Қ7).

 

Эстония - 2 футболчи

Максимилиано Уже (26 ёш, ҳимоячи, «Нимме Калью»)

Оригиналлар вақти келди. Уженинг отаси италиялик, онаси украиналик, «Интер» тарбияланувчиси, беш йилдан буён Болтиқбўйида тўп сурмоқда: дастлаб Литванинг «Судува» клубида ўйнади, ҳозир эса Эстонияда. Айни пайт италиялик журналист Анжело Палмери ташкил қилган «Румо Кальчо» жамоаси Эстониянинг энг қуйи лигаларидан бирида ўйнамоқда - унинг сафида беш нафар итальян футболчиси бор. Аммо уларни бугунги рўйхатга киритмадик.

 

Ҳиндистон - 1 футболчи

Мауро Боэркьо (29 ёш, дарвозабон, «Нерока ФК»)

Фаолиятини география дарсида қўллаш мумкин бўлган футболчилар ҳам бор. Боэркьо - «Бари» тарбияланувчиси, Италияда «С» сериягача кўтарила олган, холос. Юлдузлик даражасига етишолмаслигини англаган голкипер дунё кезишга қарор қилди. 2015 йили узоқ Океанияга - Вануату оролига борди, маҳаллий «Амикаль» клуби таркибида чемпионатда ғолиб чиқди, ўша минтақанинг Чемпионлар Лигасида ўйнади. Бир йилдан сўнг Мауро Мальтага кўчиб ўтди, яна бир йилдан кейин эса ороллардан воз кечиб, Мўғулистонга йўл олди - «Улан-Батор Сити» сафида кубок соҳибига айланди. Дашту биёбонлардан зериккач, Боэркьо ярим йил Мальдивда тўп сурди. Ҳозир эса Ҳиндистон биринчи лигасида фаолият юритмоқда.

 

Польша - 2 футболчи

Кристиан Паскуато (29 лет, ҳужумчи, «Легия»)

«Ювентус» тарбияланувчисининг фаолияти ижара асосида ўйнаш билан ўтди: уни 11 марта турли клубларга вақтинчалик беришди, улар орасида «Крилья Советов» ҳам бор. Ҳозир Паскуато тўлақонли шартномага эга, бироқ сермаҳсуллик бобида мақтана олмайди: ўтган мавсум бор-йўғи иккита гол урди.

 

Соломон ороллари - 1 футболчи

Фабрицио Праттико (28 ёш, дарвозабон, «Вестерн Юнайтед»)

Бу кипер ҳақиқий романтик бўлса керак. Акс ҳолда, икки марта Соломон ороллари клубига келармиди? «Вестерн Юнайтед»даги икки уринишдан ташқари, ярим йил Исландия иккинчи дивизионидаги фаолият ҳам бор - Праттико футбол ўйнаш учун бир-бирига ўхшамайдиган орол мамлакатларни атайин танлагандек, гўё. Худди Боэркьо сингари Океанияда миллий совринга эга чиқди. Италиялик дарвозабонлар - ҳаттоки, Тинч океанида ҳам машҳурликка эришган брендга ўхшайди.

Шунингдек:

Австрия - 4 футболчи;

Словения - 3 футболчи;

Швеция, Бельгия, Шотландия - 2 футболчи;

Дания, Венгрия, Болгария, Албания, Кипр, Исроил, Люксембург, Гибралтар, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия - 1 футболчи.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz