Қайднома

Қидирув

Келишилмаган бойкот

Келишилмаган бойкот

  07.11.2018 08:04
  0
  641
Келишилмаган бойкот

Мулоҳазаларимиз аввалида бир маълумотга эътиборингизни тортмоқчимиз: Про-лига 32-туридан ўрин олган «Лабса» - «Локомотив БФК» учрашувини 27 нафар мухлис томоша қилибди. Йўқ, сиз хато ўқимадингиз, биз нотўғри ёзмадик: айнан 27 нафар! Статистик маълумотларда шу рақам қайд этилган.

Про-лиганинг яна бир қанча баҳслари қайдномасига назар ташласангиз, томошабинлар сони, нари борса, 70-80 нафар бўлганини кўрасиз. Фактлар ўжар ва уларни тан олишга мажбурмиз. Икки маҳалла, ҳаттоки, синф ўртасидаги ўйинда ҳам томошабинлар сони бундан ортиқ бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Сулоламиз вакиллари ҳозир расман Маматвалиев ёки Қўймуродов фамилиясини танлашади. Вақти-вақти билан шу икки фамилия остидаги набираларнинг дўстона учрашуви ўтказилади.

Табиийки, қариндош-уруғлар ва таниш-билишлардаги қизиқиш сабаб, бир сулола доирасида кетадиган саркаш баҳсларнинг томошабинлари сони Про-лига жамоалари ҳавас қиладиган даражада ошиб кетади. Бошқача айтганда, халқимиз футболни яхши кўради ва бу хулоса - барчага аён аксиома.

Хўш, бу ҳолда нима учун Суперлига ва Про-лига учрашувларини томоша қиладиган мухлислар сони тобора камайиб кетмоқда? Қишлоғимиз Пешқўрғонда «Бозорбоши» ва «Узункўча» жамоалари куч синашса, ҳеч қандай рекламасиз 1000 нафардан зиёд киши 22-мактаб стадионига тўпланади.

Икки маҳалла ўртасидаги баҳснинг қайси жиҳати томошабинларни қизиқтиради? Гарчи «интрига» мавжуд бўлсада, «Пахтакор» - «Навбаҳор» учрашувини пойтахтлик мухлислар нима сабабдан эътиборсиз қолдиришди? Улкан стадионда бир ҳовуч мухлисни кўриш нақадар аянчли?! Футболимизга нима бўляпти ўзи? Мухлислар нега Суперлиганинг марказий ўйинларини ҳам стадионда томоша қилишга қизиқмай қўйишди?

Жорий мавсумнинг якуний қисмига келиб, стадионларга томошабинлар ташрифи камайиши чемпионат форматининг ўзгариши билан боғлиқми? Аввалги мавсумларда пойтахт стадионлари томошабинлар билан тўлиб-тошганмиди? Суперлиганинг «Олтин очко» қоидаси таъсирида ўтказилаётган ҳал қилувчи босқичида «интрига» яққол кўриниб турган учрашувлар сони томошабинларни қизиқтирмайдиган даражада озми? Хусусан, ўтган мавсумга солиштирсак, бу нисбат қандай кўриниш олади?

Ўйлаймизки, зукко мухлисларда юқоридаги саволларнинг адолатли жавоблари мавжуд. Аниқроғи, саволларнинг ўзида ҳаққоний жавоблар бўй ростлаб турибди. «Интрига»га бой ўйинлар бу мавсум ҳар қачонгидан кўп кузатилаётгани - инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Бунинг учун «Пахтакор» ва «Навбаҳор» мавсум давомида ўзаро 4 маротаба учрашганини эслаш кифоя. Айнан «Олтин очко» қоидаси сабаб, «Навбаҳор» учинчи даврада Суперлига ҳавосини бироз янгилади.

Аслида ҳам, чемпионат форматини ўзгартиришдан бош мақсад футболимизнинг биқиқ муҳитида ўзгача ҳаво юзага келишини таъминлаш эди. Фикримизча, кўзланган мақсадга қисман эришилди, яъни пойтахт жамоаларининг ошкора «гегемония»сига «Навбаҳор» бирмунча халақит берди. Агар «лочинлар» ички муҳитида муаммолар туғилмаганида, бу «халақит»нинг кучи яққол сезиларди.

Афсуски, уйнинг гапи ҳар доим ҳам кўчага тўғри келавермайди. Балки шунинг учундир жамоа Бекободда «Металлург» устидан ғалаба қозонолмади ва ўзи учун ўта зарур 3 очкони йўқотди. Албатта, «Металлург» ҳам анойи жамоалардан ҳисобланмайди. Бекободликлар Суперлиганинг якуний босқичидаги икки тўқнашувда «Нав­баҳор»дан қимматли 5 очкони ўзлаштиришди.

Чакки эмас-а?! Бекободликларнинг бу иши қайси жамоани кўпроқ завқлантирди? Ҳа, ўлманг, «Пахтакор»ни! «Навбаҳор» дейлик, «Металлург»дан 6 очко тортиб олганида, турнир жадвалидаги вазият ҳозир қандай бўларди? Изоҳга ҳожат йўқ! Шу маънода «Пахтакор» рақобатчилари «жиғига тегиб» туриши учун Суперлигага «Металлург» керак.

«Навбаҳор» эса ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун наинки «Пахтакор» билан тенгма-тенг курашиши, балки «Металлург»ни 6 очкодан маҳрум қилиши шарт эди. Шу ишни уддаламадими, демак, айб жамоанинг ўзида. «Металлург» айнан «Пахтакор» фойдаси учун «Локомотив»дан ҳам очко тортиб олишга астойдил уринди. Мазкур мақсад йўлида «темирйўлчилар»ни роса қийнади. Андрей Фёдоров шогирдлари Жавоҳир Илёсов дарвозасига аранг бир бора тўп йўллашгани фикримиз исботидир.

Хуллас, «Металлург» - «интрига»га бой бир неча учрашувлар сабабчиси. Жамоанинг «Пахтакор» манфаатлари йўлидаги қаҳрамонлиги - Суперлигадаги «интрига»лар манбаи. Бундан кўз юмолмаймиз. Аммо «шерлар»га «текин очколар» туҳфа қилишини ҳам унутолмаймиз. Унутиш мумкин эмас ижтимоий тармоқларда футбол «тил»и билан исботланган бундай кўр-кўрона келишувчанликни!

Бундай ёндашув олдида «Металлург»нинг юқорида тилга олинган фойдалари - Суперлига учун зарур «интрига»ларни юзага келтиришдаги хизматлари кўзга кўринмайди. Шу келишувчанлик боис, мухлис биз тушунтирмоқчи бўлаётган, гўё мувозанат сақлаётгандек туюлса-да, моҳиятан адолатсиз тарозини жаҳл билан улоқтириб юборади ва «шерлар» шаънига холис-нохолис сўзларни айтаверади.

Муҳтарам мухлис! Ниҳоят, муаммолар калаваси учини топдик. Демоқчимизки, Суперлигадаги бугунги вазият кўп жиҳатдан «Пахтакор» ва «Металлург» муносабатларига алоқадор. Тўғри, аввалги мавсумларда ҳам мухлисларнинг стадионларга ташрифи оғриқли муаммо саналарди. Бироқ бу мавсум бошида вазият анча яхшиланганди.

«Бухоро» - «Пахтакор» учрашувидан сўнг мезбонларнинг жуда оғир молиявий жазоланиши эса ижобий ўзгаришларни издан чиқарди. Агар «Қўқон-1912» кучли олтиликка кирганида, «Пахтакор»нинг аҳволи танг бўлиши сезилиб қолгач, мавсум ўртасида «Олтин очко» қоидасини бекор қилиш масаласи кўтарилди ҳатто...

ПФЛнинг бу таклифи жамоатчиликнинг жиддий қаршилигига учрагач, «Металлург» кучли олтиликка кирди. Кирдими ёки киритилдими? Шунга шароит яратилдими? Суперлига баҳс­ларида стадионларга томошабинлар ташрифи камайишининг бош сабаби шу саволларнинг адолатли жавобида мужассам.

Биз бу ўринда пойтахт жамоаларидан бири ортиқчалиги масаласи бемаврид кўтарилгани хусусида тўхталмаяпмиз. Мухлислар камлиги муаммоси чемпионат формати билан эмас, балки ишончнинг йўқолгани билан изоҳланади.

Таъбир жоиз бўлса, футболимиз муҳитида мухлисларнинг Суперлигага нисбатан «келишилмаган бойкот»и ҳукм сурмоқда. Суперлига айни чоғда мухлисларнинг аёвсиз, аммо адолатли санкциясидан азобланмоқда.

Қаранг, тоғларнинг мухлиси бўлган тракторчи Нормат учун формат аҳамиятсиз экан... 

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz