Қайднома

Қидирув

Мбаппе нега айнан «ПСЖ»га ўтган, трансфер қандай амалга оширилганди

Мбаппе нега айнан «ПСЖ»га ўтган, трансфер қандай амалга оширилганди

  12.11.2018 15:44
  0
  499
Мбаппе нега айнан «ПСЖ»га ўтган, трансфер қандай амалга оширилганди

L~Equipe нашри Football Leaks ҳисоботига таяниб, Килиан Мбаппенинг 2017 йил ёзда «Монако»дан «ПСЖ»га ўтиши билан боғлиқ маълумотларни чоп этди. Мавсум-2016|2017 тугагач, ёш футболчи «Монако»дан маошини бирданига 16 баравар ошириб, 8 миллион еврога етказишни талаб қилган. Қисқаси, у бу борада Радамель Фалькао билан тенглашишни хоҳлаган. Бироқ клуб сўровни рад этган ва 20 июль куни Килиан трансфери бўйича «Реал» билан келишиб олган. Шартлашувга мувофиқ, мадридликлар «Монако»га 180 миллион евро тўлашлари, шундан 30 миллиони бонус шаклида бўлиши керак эди. Кейинчалик умумий қиймат 214 миллион еврога етган. Чунончи, «Реал» футболчининг трансферига боғлиқ солиқ тўловларини ҳам ўз зиммасига олган. Охир-оқибат, Мбаппе «Реал» сафига қўшилишни истамай, «ПСЖ»ни танлаган. Гап шундаки, айнан парижликлар Килианнинг барча талабларини бажаришга ваъда беришган. Биринчидан, Мбаппе шартнома тузгани учун 5 миллион евро миқдорида бонус олишни хоҳлаган, иккинчидан, йилига 10 миллион евролик маош сўраган. Тўғри, томонлар якунда 7 миллионга тенг йиллик маош хусусида келишиб олишган. Шунингдек, қийматни йилдан-йилга ошириб, 12 миллионга етказишни белгилаб қўйишган.

Қўшимча қилинишича, Мбаппенинг баъзи шартлари қисман инобатга олинмаган. Дейлик, у «Олтин тўп»ни қўлга киритган тақдирда «ПСЖ»нинг энг кўп маош олувчи футболчиси бўлишни истаган. Клуб эса бунинг ўрнига 500 минг евро миқдорида мукофот ваъда қилган. Бундан ташқари, Мбаппе йилига 50 соат шахсий самолётдан бепул фойдаланиш ҳуқуқини талаб этган, аммо бунинг ўрнига ҳайдовчи ва қўриқчи харажати учун 30 минг евро олган. Football Leaks хулосасига кўра, «ПСЖ»нинг Мбаппени дастлаб ижара келишуви бўйича олгани сабаби тайин - молиявий «Фэйр-плей» қоидаларини четлаб ўтиш. Чунки жамоа Неймар учун «Барселона»га 222 миллион евро тўлаганди. Эътиборлиси, парижликлар шу ҳаракат билан 30 миллион евро иқтисод қилишган.

Football Leaks «ПСЖ» билан боғлиқ яна бир можароли фактни ошкор қилди. Таъкидланишича, парижликлар клуб академиясига футболчи танлаш жараёнида унинг ирқига аҳамият қаратишган. Дейлик, махсус анкетада болаларнинг келиб чиқиши ҳақида маълумот ёзиладиган бандда турли вариантлар кўрсатилган: француз, мағриблик, африкалик, ҳинду... Хуллас, жамоа африкалик болаларни академияга қабул қилмаслик йўлини қидирган эмиш. Боиси, уларнинг туғилган санасига боғлиқ маълумотларга ишонч йўқолган. Франция қонунларига кўра, фуқароларни ирқий жиҳатдан ажратиш тақиқланади. Диққатни тортадиган томони, «ПСЖ» раҳбарияти 2013-2018 йиллар оралиғида болалар ирқига ҳам қаралганини тан олди. «Ҳа, авваллари болаларни танлаб олишда бундай ишлар кузатилган. Скаутлар анкетада футболчилар ирқини ҳам кўрсатишарди. Зеро, скаутлик хизмати раҳбари шуни талаб қилган. Раҳбарият барчасидан хабар топгач, алоҳида суриштирув олиб бориб, бунга чек қўйди. Эндиликда клуб академиясига қабул жараёнида болалар ирқига қаралмайди. Клуб фаолиятининг асоси — ирқий камситилишга қарши курашиш» - бу «ПСЖ»нинг айбловга нисбатан берган рамий баёноти мазмуни.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz