Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон ОТЖ бош мураббийи бўлишга номзод хорижлик мураббийлар рўйхати маълум

Ўзбекистон ОТЖ бош мураббийи бўлишга номзод хорижлик мураббийлар рўйхати маълум

  13.11.2018 13:50
  0
  712

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакат олимпия терма жамоаси бош мураббийи бўлишга номзодлар билан музокараларни давом эттирмоқда.

Ташкилот биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Tribuna.uz`га маълум қилишича, ушбу лавозим учун фақат хорижлик мураббий варианти кўриб чиқилмоқда. Хусусан, италиялик Массимо Фиччаденти, испаниялик Хуан Санчес Македа, хорватиялик Ненад Грачан ва сербиялик Любинко Друлович номзодлар қисқа рўйхатидан жой олган.

Айни пайтда музокаралар якуний босқичга кирган бўлиб, рўйхатдагилар орасидан хорватиялик 56 ёшли мутахассис Ненад Грачан фаворит номзод бўлиб турибди. Бунда унинг бошқа даъвогарларга қараганда ёшлар билан ишлаш борасида кўпроқ тажрибага эгалиги муҳим роль ўйнамоқда. Жумладан, у 2013 йилдан буён Хорватия U-21 терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаб келяпти.

Грачан футболчи сифатида Хорватия ва Испания клубларида 300 га яқин ўйинларда майдонга тушган. 1984 йилда Югославия олимпия терма жамоаси билан Лос Анжелес Олимпиадасида бронза медалига эга чиққан. Мураббийлик фаолиятини 1995 йилда бошлаб, Хорватия ва Словения клубларини бошқарган, 2013 йил октябридан то ҳозирга қадар, юқорида таъкидланганидек, Хорватия ёшлар терма жамоасига устозлик қилиб келмоқда. Унинг мураббийлигида хорватлар 15 йил ичида илк марта 21 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионати финал босқичига йўл олишди, бу йўлда 10 та ўйиннинг 8 тасида ғалаба қозониб, 6 жамоа ичидан биринчи ўринни эгаллашди. Жамоа бунга қадар 7 марта Евро-U-21 саралашидан ўта олмай келган эди. Хорватия иштирокидаги навбатдаги чемпионат 2019 йил ёзида Италияда бўлиб ўтади.

Янги бош мураббий жамоани 2019 йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралашига тайёрлай бошлайди. Ўтган ҳафта квалификацион раундга қуръа ташланган, унга кўра Ўзбекистон ОТЖ Ҳиндистон, Тожикистон ва Покистон олимпиячилари билан бирга «F» гуруҳидан ўрин олганди. Саралашдан ўтган жамоалар 2020 йил 8-26 январь оралиғида Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

Таиланддаги Осиё чемпионатида 16 та жамоа иштирок этади, 1-3 ўринни қўлга киритган термалар Токио-2020 олимпиадасида қатнашиш имконига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги қитъа биринчилиги ҳар 2 йилда бир марта ўтказилади, икки мусобақанинг бири Олимпиада йўлланмаси соҳибларига ойдинлик киритади. Ўзбекистон олимпия термаси турнирнинг амалдаги чемпиони саналади. Шу йил бошида Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги жамоа Хитойда ўтган чемпионатда бош совринни қўлга киритган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳозирга қадар Олимпиада финал босқичида иштирок этмаган.


Манба: tribuna.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz