Қайднома

Қидирув

Рекорд ва антирекордлар омухтаси

Рекорд ва антирекордлар омухтаси

  16.11.2018 05:27
  0
  595
Рекорд ва антирекордлар омухтаси

Оралиқ марра яқинлашгани сари беллашувлар қизғинлигининг ортиб бориши ҳисобот ҳафтасида ўз ифодасини топди. Уларнинг натижалари эса бир қатор рекордлар ва антирекордлар қайд этилишига олиб келди.

 Англия. Қувлашмачоқ давом этмоқда

12-турнинг марказий учрашуви Манчестерда бўлиб ўтди. Шаҳар дербисида турнир пешқадами - «Ман Сити» азалий рақиби «МЮ»ни қабул қилди. Фаворит сифатида майдонга тушган мезбонлар фаоллик эвазига 12-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Погбасиз ўйнашга мажбур бўлган меҳмонлар эса жиддийроқ ҳужумлар уюштиришни ҳам уддалай олишмади. Танаффусдан кейин Серхио Агуэро «иблислар» дарвозасига 2-голни урди. Фақат шундан кейингина Моуриньо Ромелу Лукакуни майдонга туширишни лозим топди. Бельгиялик ҳужумчи шу заҳоти ҳужумга отланиб, тўпга илк тегиниши билан пенальти ишлади. Мартиалнинг аниқ зарбасидан сўнг ҳисобдаги фарқ қисқариб, баҳс янада қизиди. Бироқ мувозанатни тиклаш учун вақт етарли бўлсада, меҳмонлар бунга эриша олмадилар. Аксинча, 75-дақиқада майдонга тушган Гюндоган ўйин тақдирини ҳал қилган 3-голни амалга оширди. Эътиборлиси, сўнгги гол 44 узатмадан кейин вужудга келди. Бу охирги 3,5 йил ичидаги энг узоқ узатмалар серияси эди.

Энг яқин таъқибчилардан бири - «Ливерпуль» «Энфилд»да «Фулхэм»ни осонликча таслим этди. Аммо «Челси» ўз уйида «Эвертон» қаршилигини синдира олмади ва нурсиз дурангдан сўнг 3-ўринга тушиб қолди. Лондон дербисида «Кристал Пэлас»дан катта қийинчилик билан (1:0) устун келган «Тоттенхэм» квартетдаги мавқеини мустаҳкамлаб олди. «Арсенал» эса ўз майдонида «Вулверхэмптон» билан очколарни бўлишишга мажбур бўлди. Аниқроғи, Мхитаряннинг аниқ зарбаси эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Дарвоқе, «Челси» бу турда зафар қучмаган бўлсада, «аристократлар»нинг италиялик устози Маурицио Сарри ажойиб рекорд соҳибига айланди - унинг шогирдлари 12 учрашувда бирор марта мағлубиятга учрамадилар.

 

Испания. «Камп-Ноу» сенсацияси

Ла Лига етакчисининг ўз уйидаги «Бетис»га қарши баҳси очиқ жанг руҳида ўтди - томонлар ҳимояни батамом унутиб, нуқул олға интилишди. Бу борада меҳмонлар омадлироқ чиқишди ва танаффусга 2та гол урган ҳолда йўл олишди. Жароҳатдан фориғ бўлган Месси жавоб тўпини киритгач, вазият ўзгарадигандек туюлганди. Аммо тез орада тер Штегеннинг қўпол хатоси туфайли меҳмонлар яна фарқни оширишди. Артуро Видалнинг аниқ зарбаси яна мухлисларда умид уйғотди. Бироқ «Бетис» 4-марта тер Штегенни доғда қолдирди. Қўшимча вақт якунида Месси урган гол эса ўйин тақдирини ўзгартира олмади. Мағлубият мезбонларга 2та антирекордни «ҳадя» этди: «Барса» 2003 йилдан бери илк бора «Камп-Ноу»да 4та гол ўтказиб юборди, сўнгги 20 йил ичида биринчи марта қаторасига 10та ўйинда ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди.

«Реал» эса бу турни сюрпризсиз ўтказиб, Вигода «Сельта» устидан ишончли (4:2) ғалабага эришди. Асосий таъқибчилар - «Севилья» ҳамда «Эспаньол» қарама-қаршилиги майдон эгаларининг иродали зафари билан якун топгач, улар ўзаро ўрин алмашиб олишди. «Атлетико» бильбаолик номдошини, «Алавес» эса «Уэска»ни тор-мор этиб, кейинги поғоналарни банд этишди.

 

Германия. Марказий баҳсдаги  ҳайратомуз Ғалаба

Дортмунднинг «Боруссия»си ва Мюнхеннинг «Бавария»си ўртасидаги баҳс ҳар жиҳатдан турнинг асосий қарама-қаршилиги эди. Боиси, дортмундликлар мавсумни муваффақиятли бошлаб, ҳақли равишда етакчига айланиб олишди. «Бавария» эса барқарор ўйнай олмаяпти. Лекин истаган пайтида хоҳлаган рақибини енгишга қодир. Хуллас, баҳс ўзига бўлган кучли қизиқишни тўла оқлади - 81000дан кўпроқ мухлис бевосита стадионда 5та гол гувоҳи бўлишди. Биринчи бўлим меҳмонларнинг минимал устунлиги билан якунланди. Бироқ танаффусдан кейин пешқадам ташаббусни ўз қўлига олди ва тез орада мувозанатни тиклади - жарима майдончаси ичида ўзига нисбатан қўполлик ишлатгани учун Марко Ройс Мануэль Нойерни жазолади. Аммо мезбонлар голни нишонлаб улгурмасларидан, «Бавария» яна олдинга чиқиб олди. Яъни Левандовски «дубл»га эришди. Шундан кейин майдон эгалари босимни оширишди, хавфли вазиятлар кўпая бошлади. Натижада Ройс 2-марта ҳисобни тенглаштирди, захирадан ўйинга қўшилган Пако Алькасер эса сўнгги нуқтани қўйди.

Мёнхенгладбахнинг «Боруссия»си Бременда «Вер­дер»га имкон бермади. Жамоа тўпурари Плеа «хет-трик»­ка эришиб, тўпурарлар сафида бормоқда.

 

Италия. От айланиб, ҚозиҒини топмоҚда

Ҳисобот тури натижаларидан кейин «А» серия турнир жадвали мантиқий кўринишга эга бўлди - юқори 6 ўринни Италия футболининг атоқли вакиллари эгалладилар. Бевосита ўйинларга келсак, биринчи бўлимни бой берган «Наполи» Генуядан иродали ғалаба (2:1) билан қайтди ва 2-ўринга кўтарилиб олди. «Интер» эса Бергамода «Аталанта»га имкониятни бой берди - 1:4. Пешқадамни қабул қилган «Милан» ҳам бу турда очко ололмади. Тўғри, агар Игуаин пенальтидан унумли фойдалана олганида, натижа ўзгача кўриниш олиши ҳам ҳеч гап эмасди. Лекин Манжукич ва Роналдунинг голлари жавобсиз қолиб кетди.

 

Франция. ТаъҚибчилар ўрин алмашишди

Навбатдаги тур совринли ўринлардан умидини узмаганлар учун омадсиз келди. «ПСЖ» бундан мустасно, албатта. Турни очиб берган «Лилль» «Страсбург» баҳсида томонлар нурсиз дурангга рози бўлишди. «Монпелье» «Анже»дан кичик ҳисобда енгилди. «Лион» ҳам биринчи бўлимдан кейин «Генгам»га имкониятни бой бераётганди. Лекин танаффусдан кейин Мемфис Депайнинг маҳорати эвазига муҳим 3 очкога эга бўлди. Голландиялик ҳужумчи икки гол билан чекланиб қолмасдан, 2та самарали узатмани ҳам ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Якуний ҳисоб - 2:4.

Мавсумни омадсиз ўтказаётган «Монако» бу турда ҳам ўз мухлисларини ранжитиши аввалдан маълум эди - аутсайдер майдонига ташриф буюрган «ПСЖ» ортиқча қийинчиликсиз 4та жавобсиз гол урди, Эдинсон Кавани «хет-трик»ка эришди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz