Қайднома

Қидирув

Ханс-Йоахим Ватцке: «Биз бизнесмен эмасмиз»

Ханс-Йоахим Ватцке: «Биз бизнесмен эмасмиз»

  17.11.2018 04:23
  0
  599
 Ханс-Йоахим Ватцке: «Биз бизнесмен эмасмиз»

10 ноябрь куни «Немис класико»си бўлиб ўтди. Унда Дортмунднинг «Боруссия» клуби «Бавария» устидан зафар қучди. Мана, бир неча йиллик танаффусдан кейин бундай тўқнашувда «Боруссия»нинг қўли баланд келмоқда. 11-турдан сўнг дортмундликлар турнир жадвалида пешқадамлик қилишмоқда, улар «Бавария»дан 7 очко кўп жамғаришган. Бунақаси анчадан буён кузатилмаётганди. «Класико»дан кейин Bild наш­ри «Боруссия» бош директори Ханс-Йоахим Ватцкенинг фикрлари билан қизиқди.

«Бавария» устидан қозонилган ғалаба ҳақида

- Бу ўйиндаги дуранг энг ёмон натижа бўларди. Муҳими, мазкур учрашув немис футболининг ҳақиқий рекламасига айланди. Бундай учрашув Англияда ҳам, Испанияда ҳам кузатилмайди.

«Бавария» ҳақида

- Учрашувда жамоамиз 100 фоиз имкониятини ишга солишини исботлади. Жорий мавсум Бундеслига олдингидан кучли. «Аугсбург» ва «Вердер» каби жамоалар буни исботлаб бўлишди. Масалан, «Бавария» «Фрайбург» билан дуранг ўйнади. Икки йил олдин буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Аммо биз хотиржамликка берилмаслигимиз лозим. Чемпионатимизда «Бавария»дек жамоа бор экан, кураш охирги тургача давом этади.

Марко Ройс ва Пако

Алькасер ҳақида

- Люсьен Фавр бошиданоқ Марко Ройсни «ўнлик» позициясида туширишни режалаштирганди. Бу эса ўз натижасини берди. Пако - ҳақиқий профессионал. Биз шундай ҳужумчига кўпдан буён муҳтож эдик.

Марио Гётце ҳақида

- Жамоамиз катта ва мураббийимиз барча футболчиларга ўйнаш учун имкон бермоқда. Марио Дортмунднинг бир бўлаги ва ўзимизнинг тарбияланувчимиз. Гётцедек футболчилар мен учун муҳим. У билан доимий равишда мулоқот қиламан. Охирги ҳафталарда у тинмай меҳнат қилди ва «Бавария»га қарши учрашувда асосий таркибдан жой олди. Марио олдинги савиясига чиқиб олишга яқин. Гётце майдондаги бир нечта позиция­ларни ёпа оладиган футболчи. Мисол учун, «Бавария»га қарши учрашувда ҳужум чизиғида ўйнади.

Гётценинг янги шартномаси ҳақида

- Биз бизнесмен эмасмиз ва ўзимиз учун муҳим бўлган футболчиларнинг сотувидан пул ишлаб олишни мақсад қилмаймиз. Яқинда янги шартнома борасида музокараларни бошлаймиз. Умуман олганда, вақтимиз етарли.

Себастьян Кель ва Маттиас Заммер ҳақида

- Қайсидир паллада клубга янгилик олиб кириб, жамоа ривожланиши учун янги импульс беришингизга тўғри келади. Шу ёзда ниманидир ўзгартириш керак, деб ҳисобладим ва мақсадим йўлида астойдил ишладим. Якунда Себастьян Кель ва Маттиас Заммерни янги лавозимларга таклиф қилдик. Улар олдин шу клуб шарафини ҳимоя қилишган ва «Боруссия»нинг ўсишида ёрдам беришга тайёрлар. Себастьян «Боруссия»нинг лицензиялаш бўлими бошлиғи бўлди. Заммер эса клуб маслаҳатчиси лавозимида ишлайди.

Люсьен Фавр ҳақида

- У ажойиб мураббий. Баъзан бу мутахассис билан ишлаш қийин кечади. Лекин унинг мияси янги ғояларга тўла. Фавр ўйиннинг барча деталларини синчиклаб ўрганади. Баъзан «Олдин бизда нега шундай мураббий бўлмаган?» деб ўйланиб қоламан. Футболчилар ҳам у билан мулоқот қилишни ёқтиришади.

Асосий таъқибчи ҳақида

- «Боруссия» (Менхенгладбах) кучли жамоа. Улар жорий мавсум ажойиб футбол намойиш қилишмоқда. Тўғрисини айтсам, ўтган турда «Вердер» бу жамоага муносиб қаршилик кўрсатади, деб ўйлагандим. Лекин ундай бўлмади. Менхенгладбахнинг биздан устун тарафи - уларда «инглиз ҳафтаси» йўқ, ҳафтада фақат битта ўйин ўтказишади. Шу боис ҳам бор эътиборларини бемалол Бундеслигага қаратишлари мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz