Қайднома

Қидирув

Кўрпаси калта футбол

Кўрпаси калта футбол

  21.11.2018 04:41
  0
  1254
Кўрпаси калта футбол

Аввало, сарлавҳа учун узр! Футболимиздаги ҳозирги аҳволни ифодалаш учун бундан маъқулроқ иборалар бирикмаси тополмадик. Мавсум якунланаётган бир паллада воқеаликка реал назар ташламасак бўлмайди. Бинобарин, ҳар гал муҳим халқаро учрашувлар ва турнирлар арафасида футболчиларимизга кўтаринки кайфият бағишлаш, уларни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида керагидан ортиқ мақтов сўзларни ёзганмиз. ЎФАнинг янгиланишлар сари ташлаган дастлабки қадамларини ҳам баралла олқишладик. У дамлар ортда қолди. Бугун вазият бутунлай бошқача. Футболимиз айни чоғда бир қатор муаммолар қаршисида довдираб турибди ва бу хусусда ёзмаслик - гуноҳ...

Қорақалпоғистонлик фаоллар билан учрашув чоғи муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бир жумла қайта-қайта таъкидланди: «Шунчаки, томошабин бўлманглар!» «Томошага бунчалар ўчсан!» деганди ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов ҳасрат билан. Мавжуд муаммолардан кўз юмган матбуот таназзулга маҳкум. Шундай экан, ҳар қайси журналист ва ношир ўз имконияти даражасида футболимиздаги муаммоларни ёритиши, бу борадаги таклиф-мулоҳазаларини билдириши даркор. Оғриқларни шу тариқа аста-секин даволаш мумкин. Ҳа, аста-секин! Чунки қолган ишга қор ҳам, ёмғир ҳам, дўл ҳам ёғиб бўлди аллақачон. Совуқдан дийдираган кўрпаси калта футболимиз исинолмай жони ҳалак: бошини ёпай деса, оёғи очилади, оёғини ёпса, боши...

Майли, ҳақиқат аччиқ бўлади. У ҳаммамизни ҳар ишни вақтида бажаришга ўргатади. Танқидларга чидамаслик, асл ҳолатни ўзгача ҳолатда изоҳлашга уриниш охир-оқибат, футболимизни фожиага етаклайди. Мавсум ўртасида «олтин очко» қоидасидан воз кечиш таклифи билан чиққан Омон Ғофуровда жамоатчиликни алдовчи расмий изоҳ ва яширин мақсад бор эди. Энди айтса бўлаверади, ўшанда минглаб мухлислар ЎФА ва ПФЛга нисбатан «бойкот» эълон қилишга ҳозирлангандилар. Хайриятки, мутасаддилар эс-ҳушларини йиғиб, сўнгги қадамни ташлашдан ўзларини тийдилар.

«Андижон»нинг Суперлигага қайтиши водий футболи учун қанчалик аҳамиятли саналса, «Нефтчи»нинг инқирози шу қадар аламлидир. Қувончнинг татимагани, чинакам шодликка айланмагани шуки, «Истиқлол» мағлубиятдан норози. Қувонаётганларни олқишлаётган пайт норозилардан «Ўзи нима гап?» деб сўраш - мутасаддилар зиммасидаги вазифа. «Истиқлол»нинг ҳолатини одатий мағлубият алами, «Йиқилган курашга тўймас» маъносида тушуниш - ҳақиқатдан кўз юмиш демакдир. Бироқ мутасаддилар кўришни истамасалар ҳам, ҳақиқат имкон топиб сўзлайверади. Ана, бир тараф «Пахтакор» анъаналарини бузган ва унинг ўйинчиларини тортиб олган клуб сифатида қоралайдиган, иккинчи тараф футболимизни янгилаган жамоа сифатида оқлайдиган «Бунёдкор»нинг ҳолига ачинасан, киши. Ўтмиш учун «қалдирғочлар»нинг бугунги навқирон авлоди товон тўлайди, шекилли. ЎФА хоҳлаганида, жамоа шу аҳволга тушмасди, «Навбаҳор» ҳам бронза медали учун астойдил курашарди. «Лочинлар» бировнинг қайғуси ортидан енгиллашган иш учун қандай қувонадилар?! «Бронза» ҳақиқий кураш орқали қўлга киритилганида, Наманган чинакам зафар садоларига кўмиларди. Шундай бўлмаяптими, билаверингки, футболимизнинг кўрпаси калта.

Дарвоқе, ички муаммолар туфайли қийноқ азобини тортаётган фақат ўзбек футболигина эмас. Европа Миллатлар Лигаси турниридаги ўйин­лардан ҳам кўриниб турибдики, Германия ва Италия футболини биздагига ўхшаш қандайдир тушунарсиз муҳит безовта қилмоқда. Неча йилдирки, немис футболида барчани ўз измига бўйсундириб келган «Бавария»нинг ҳолсизланиши истаймизми-йўқ, Лёв жамоасининг ҳам параллель муваффақиятсизлигига замин яратаётган бўлса, ажабмас. Тўғри, немислар сўнгги ўртоқлик ўйинида Россия термаси устидан ишончли ҳисоб билан устун келишди, аммо амалдаги жаҳон чемпионлари бўлмиш французларнинг кутилмаганда, голландларга таслим бўлишлари Лёвнинг умидларини чиппакка чиқарди. Пировардида «Қудратли «немис машинаси», дея улуғланадиган бундестим «В» лигаси сари шўнғиди.

Ички муҳитдаги англашмовчиликларнинг яна бир қурбони бўлмиш Италия термаси ҳам омадсизликлар гирдобидан чиқишга нечоғли уринмасин, худди биздаги каби ўз вақтида ечими топилмаган кичик муаммолар сабабли бир нуқтада тўлғониб туришдан ўзга чора тополмаяпти. Ваҳоланки, Роберто Манчини шогирд­лари таркибида Криштиану Роналдудек етакчиси бўлмаган Португалия термасини қадрдон стадионларида енгишлари шарт эди. Эҳтимолки, айнан шу ғалаба қизиққон италияликларга кейинги ўйинларда куч-қудрат бахш этарди. Аммо бу юз бермади, нохуш серия чўзилди. Ўхшашликни қарангки, юқорида биз тилга олган терма жамоаларнинг омадсизликларида «Бунёдкор»нинг қисмати яширингандек. «Бавария»нинг кераксиз пайт кучсизланиши, «Милан» ва «Интер» каби грандларнинг ҳамон ўз йўлини тополмаётгани Суперлигамиздаги ҳолатни эслатиб юбораётгандек, гўё. Фақат фарқи шундаки, «Бавария», «Милан» ёки «Интер» ҳеч қачон «Бунёдкор»даги каби ноқулай вазиятга тушиб қолмайди ва уларнинг ФИФА томонидан очко олиб ташлаш кўринишида жазоланиши деярли учрамайди. Чунки бу жамоаларда футболчилар билан тузилажак битимлар сўнгги нуқтасигача аниқ ва равшан. Бу борада асло хатога йўл қўйилмайди ва бордию, муаммо юзага келган тақдирда ҳам, оғриқли саволларга вақтида, пайсалга солмай жавоб излаб, таҳликали вазиятдан тезда чиқиб кетиш ҳақида бош қотирилади. Демоқчимизки, «қалдирғочлар» раҳбарияти ҳам Сергей Симоненко борасида тезда қарор қабул қилиб, футболчини даъводан қайтара олганида эди, бугун бунчалар маҳзун кўринмасди. Демакки, бу ҳам ўз йўлига бир сабоқ. Клубларимиз келгусида йўл қўймаслиги шарт бўлган сабоқ! Акс ҳолда, футболимиз кўрпаси ўша-ўша калталигича қолаверади...

Давоми бор. Мазкур мулоҳазали мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 20 ноябрдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz